Қайднома

Қидирув

Алишер Никимбаев: «БАА термаси билан ўйин келишилмаганди…»

Алишер Никимбаев: «БАА термаси билан ўйин келишилмаганди…»

  12.02.2020 04:25
  0
  403
Алишер Никимбаев: «БАА термаси билан ўйин келишилмаганди…»

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги обуначиларидан тушган таклифга кўра, «Футболиум» канали орқали ҳар ой бир марта онлайн-конференция уюштиришини маълум қилди. Ўзига хос мулоқотнинг дастлабкиси жуда қизғин кечганини таъкидлаш жоиз. Зеро, Никимбаев футболимизга тааллуқли турли саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

- Сизнингча, Олимпиада саралаши доирасида Ўзбекистон ва БАА термалари ўртасида кечган баҳс (2:3) келишилганмиди?

- Буни 100 фоиз тасдиқлай олмайман, аммо шахсий фикрим - ўша ўйин келишилмаганди. Ғалаба баҳоси шунчалар баланд эдики, федерация ёки терма жамоа раҳбарияти бунга ботина олишига ишониш қийин. Ўшанда мураббий хатоси туфайли ютқазгандик.

- Сўнгги йилларда жамоаларимизнинг халқаро майдондаги иштирокидан келиб чиқсак, вакилларимизга охиригача курашиш учун нима етишмаяпти, сизнингча?

- Ҳар бир омадсизликнинг ўзига яраша сабаблари бўлади. Бироқ умумий омилларни ҳам топиш мумкин. Уларнинг энг асосийси - мураббий кадрлар. Узоқ йиллар мобайнида ўтказилган курслар ва лицензия олган мураббийларнинг сони билан ўзимизни алдаб юрдик. Аммо якунда сон сифатга кўчмади. Нафақат клублар ёки термалар, балки болалар мактабларидаги мураббийларни ҳам назарда тутяпман. Мураббийлар тайёрлаш тизими, унинг назарий қисми қайта кўриб чиқилиши лозим. Бунинг учун ЎФАга янги техник директор керак. Бугунги кунда Ўзбекистонда бундай мутахассислар йўқ (масалан, Усмон Тошев Тожикистон термасини бошқаряпти). Ягона чора - хориждан обрўли мутахассис жалб этиш. Бошқа бир муаммо - футбол клублари ва мактаблардаги маъмурий раҳбарлар даражасининг пастлиги. Шу тариқа молиялаштириш, воситаларни сарфлаш, даромад орт­тиришда муаммолар вужудга келмоқда.

- Осиё кубоги-2027ни Ўзбекистонда ўтказиш имконияти қандай? Қайси жиҳатларда тайёргарлик кўриш керак? Минимал талаблар қандай? ЎФА ушбу масалаларни ҳал эта оладими?

- Осиё кубогига мезбонлик қилиш учун 8та стадионга эга бўлиш лозим. Ўз навбатида, уларнинг энг кичиги 20 минг мухлисга мўлжалланиши, очилиш ва финал ўйинлари учун танланган аренага 40 мингдан кўпроқ томошабин сиғиши керак. Мавжуд 3-4та стадионни реконструкция қилмай, камида битта янги арена қурмай туриб, ушбу талабларни бажариш қийин. Бироқ иложсиз ишнинг ўзи йўқ. Агар астойдил ҳаракат қилинса, 7 йилдан кейинги турнир учун ҳаммасини тайёрлаш мумкин.

- Осиёдаги клублар турнири формати ҳақида қандай фикрдасиз? Нимани ўзгартириш керак, деб ҳисоблайсиз?

- Агар ОЧЛнинг ҳозирги форматини назарда тутаётган бўлсангиз, у мени деярли қониқтиради. Ягона ўзгартириш киритиш имкони берилса, чорак финалдан эътиборан «Шарқ» ва «Ғарб» жамоаларининг умумий қуръасини қайтарган бўлардим. Хабарингиз бордир, 2021 йилдан формат бироз ўзгаради - гуруҳ босқичида 40та жамоа қатнашади ва бу мазкур босқичнинг аҳамиятини оширади. Яъни иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар етарлича очко тўпласагина кейинги раундга чиқади. Мазкур ҳолатда ҳал қилувчи турда қайси жамоаларнинг тўқнаш келиши ҳам аҳамиятли бўлади. ОФК қандайдир сиёсий масалаларни ҳал қилиш йўлида ОЧЛга зиён келтирмоқда. ОФК кубоги ҳақида-ку гапиришга ҳожат йўқ. Ушбу мусобақанинг ҳозирги формати кулгили (хатоларни бирма-бир санашга кўп вақт кетади), лекин янги формат ҳақида гап-сўз йўқ.

- Россияда тўп сураётган Элдор Шомуродов ва бошқа легионерларимизнинг келажагига қандай қарайсиз? Уларда ушбу лигада тўп суриш орқали европалик скаутлар назарига тушиш имконияти борми?

- Аслида, скаутлар эътиборини қозониш учун Россия чемпионатида ўйнаш шарт эмас. Масалан, 2013 йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин Ўзбекистон термасининг икки нафар футболчисини Европа клублари кўрикка таклиф қилганди. Шундай экан, футболчиларимиз учун Россия чемпионатидаги иштирок шунчаки, ўзларини янги босқичга тайёрлаш имкониятини беради, холос. Шомуродов бундан унумли фойдаланмоқда, жисмоний жиҳатдан ўсишга эришди. Бу эса Европа клубларидан талабнинг кескин ортишига сабаб бўлди. Демоқчиманки, «кўҳна қитъа»дагилар Элдорни аввал ҳам билишган, «Бунёдкор» вақтида Чехия ва Швейцариядан таклиф олган, аммо энди Шомуродовга қизиқаётган жамоаларнинг даражаси ҳам сезиларли ошди. Шунга қарамай, ҳужумчимизнинг Европага кетиши унчалик аниқ эмасдек. Ўз вақтида Денисов ҳам жиддий таклифлар олганди, аммо «Локомотив»даги шартнома туфайли унинг трансфери амалга ошмаганди. Худди шундай ҳолат Шомуродов ва бошқа футболчиларимиз билан ҳам кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. Боз устига, агент­ларнинг трансферларга таъсирини тўғри баҳолаш даркор.

- Коронавирус сабабли ОЧЛ ўйин­ларининг бошқа муддатга қолдирилиши ўйинлар натижасига таъсир кўрсатиши мумкинми? Ўзбе­кистон клуби ушбу турнирда жиддийроқ кўрсаткичга умид қила оладими?

- Коронавирус ўйинлар натижасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатолмайди. Бироқ учрашувларнинг нейтрал мамлакатларга кўчирилиши аҳамиятли, албатта. Мезбонлик факторини ҳеч ким бекор қилмаган. Шуни назарда тутсак, Хитой клубларининг янги мавсумдаги натижалари ёмонлашиши мумкин. «Пахтакор»га келсак, жамоанинг камида гуруҳдан чиқишини кутяпман. Лекин чорак финалдан уёғига ўтолмаса керак. Бу фикрим хато чиқиши ва «Пахтакор» яна лоақал ярим финалга йўл олишини жуда хоҳлайман.

- Алишер ака, келгусида Ўзбекистонда ишлаш ниятингиз борми? Балки таклифлар ҳам бордир?

- Ўзбекистонда ишлаш истаги доим бўлган ва ҳозир ҳам бор. Ҳамма гап унинг қачон рўй беришида. Нега ҳозир ўзимизда ишламаяпман? Бу саволга бир нечта аниқ жавоблар мавжуд. Биринчидан, айни пайт ишим бор, мени ҳурмат қилишади, қадрлашади. Ўзбекистондаги клублар билан норасмий ҳамкорлик ўрнатишим тақиқланган пайтларда ҳам шундай таклифлар билдирилган. Баъзида ЎФА ходимлари ҳамкасбларимга мен билан мулоқот қилишни ҳам тақиқлашган ҳоллар кузатилди. Мабодо кимдир ижтимоий тармоқдаги постимга «лайк» босса, раҳбарларидан танбеҳ эшитган. Буларнинг бари ортда қолди, ЎФАга янги одамлар келди, аммо уларнинг ўз жамоаси бор. Ҳозирча бу жамоада ўз жо­йимни кўрмаяпман.

- Ўзбек футболининг бугунги кундаги энг катта 3та муаммосини санаб ўтсангиз.

- Футболимизда муаммолар бис­ёр. Биринчи навбатда, мутахассислар танқислиги ёки айримларнинг ўз лавозимларига мос эмасликларини таъкидламоқчиман. Иккинчи катта муаммо - болалар футболини молиялаштириш принципининг эскирганлиги. Учинчи муаммо - жамоалардан дарҳол натижа талаб қилиш...

- 2005 йили Баҳрайн термасига қарши ўйиннинг қайта ўтказилишига сиз сабабчи бўлганингиз айтилади. 1:0 ҳисобидаги ғалабага қарамай, техник ҳисоб ёки такрорий ўйин бўйича ариза топширган экансиз. Ўшанда аслида нима бўлганди?

- Ўша учрашув пайти стадионда бўлганман ва Тошимицу Йошиданинг техник хатосига қарамай, барча натижадан мамнун эди. ЎФФ (ҳозирги ЎФА) нега норозилик билдирган? ФИФАга йўлланган хатнинг ташаббускори мен эмасдим. Аксинча, бунга қарши чиққанман. Ўшанда ЎФФ раҳбарлари ФИФА ижроий қўмитасининг ўша пайтдаги вакили Вячеслав Колосковдан бу борада маслаҳат олишни сўрашган. У шикоят хати ёзишни тавсия қилгач, буни ЎФФга айтганман. Ушбу масалада айбдорга чиқишим - «футбол атрофидагилар»нинг гапи. 15 йилдирки, емаган сомсага пул тўлаяпман. Мазкур масалада менга бошқа саволлар берилмаслигига умид ҳам қилмаяпман. Дарвоқе, ўшанда футболчилар ҳам ҳайрон бўлишган, шикоят ёзиш нотўғри эканлигини таъкидлашганди.

- Келишилган ўйинлар мавзуси: сизнингча, айни пайт уларнинг сони камайганми?

- Ўйлашимча, келишилган ўйинлар сони камаймаган. Бундай учрашувларни камайтириш учун уларни ташкил этаётганларга қарши кураш олиб бориш лозим. Бу борадаги фактларни барчага ошкор этган ҳолда, жазо қўллаш керак. Аслида нима қилиняпти? Илҳом Мўминжонов қандайдир исботларсиз жазоланди. Бўлдими? Биринчи лига форматининг ўзи жамоаларга «келишувлар»ни амалга ошириш имкониятини берарди. Турнирга молиявий манбаси ҳаминқадар бўлган бир кунлик клублар қўйилди. Албатта, буларнинг бари ЎФАнинг аввалги раҳбарияти даврида рўй берди. Янги мутасаддиларнинг келишилган ўйинларга қарши қандай курашишини бу йил билиб оламиз.

- Агар сиздан сўрашса, Ўзбекистон миллий жамоаси мураббийлигига кимни тавсия қилардингиз ва нима учун?

- Даставвал, терма жамоанинг ривожи, ўйин услуби, мақсад ва вазифаларига аниқлик киритиб олишни маслаҳат берардим. Шундан кейингина мураббий танлаш осонлашади. Менга қолса, ҳужумкор футболга мойил Испания ёхуд Голландиядан мураббий қидириб кўрардим. Ёки шунга ўхшаш услубга яқинлар (масалан, Лаудруп)ни танлардим. Мазкур ҳолатда асло машҳур номлар ёки эски даврларда натижаларга эришганлар ортидан қувмасдим. Асосий эътибор ўйин услуби ва ишлаш принципига қаратилиши лозим. Энг асосийси, мураббий ишига ҳеч ким аралашмаслиги керак, албатта. Катта эҳтимолки, Купер билан буни таъминлашнинг имкони бўлмаган.

- Келгуси йилдан Ўзбекистонда букмекерлик идоралари фаолиятига рухсат берилишига қандай қарайсиз?

- Бу ҳақда олдин ҳам ёзганман, яна такрорлайман. Ўзбекистонда букмекерлик идораларининг очилиши келишилган ўйинлар сонига катта таъсир кўрсатмайди. Ўз футболчилари орқали ўйинларга Россия ёки бошқа хориж мамлакатларидаги конторалар орқали пул тикканлар бу ишни кейинчалик ҳам давом эттиришади. Кичик эҳтимол, кимдир Ўзбекистонда ноқонуний пул тикишни амалга оширса, бунда ҳаммаси ҳуқуқ-тартибот органларининг тезкорлигига боғлиқ бўлиб қолади. Ушбу схемалар қанчалик фош этилса, келишилган ўйинларни шунчалик тез йўқотиш имкони туғилади. Шунчаки, букмекерлик идораларининг мамлакатда бор-йўқлиги «келишувлар» сонига таъсир кўрсатмаслигини тушуниш лозим. Фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хусусан, солиқчилар билан ҳамкорликда астойдил ишлаб, жазо қўллаш ошкора амалга оширилса, бу иллатни йўқотиш мумкин. Ўз-ўзидан, Ўзбекистонда букмекерликнинг легаллаштирилиши солиқ ва бошқа тўловлар бўйича молиявий фойда келтириши турган гап.

- Суперлига-2020 қуръа ташлаш маросимини кўрдингизми? ПФЛ ходимларининг профессионал эмасликлари ҳақида нима дейсиз?

- Қуръани кўрмадим. У ерда айнан қандай нопрофессионал ҳаракат кузатилганини билмайман. Шуниси аниқ, анъанавий тарзда Бергер жадвалига риоя қилинган, натижада «Андижон» қаторасига 3та ўйин - 13, 14 ва 15-турларни уйида, ўз навбатида, «Қизилқум» худди шу турлардаги учрашувларни сафарда ўтказиши кўриниб турибди...

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz