Қайднома

Қидирув

Самвел Бабаян "масаласи" ва Хитой чемпионати нима бўлади?

Самвел Бабаян "масаласи" ва Хитой чемпионати нима бўлади?

  13.02.2020 01:24
  0
  933
Самвел Бабаян

Биласиз, коронавирус даҳшати Хитойга ҳар томондан кучли таҳдид солмоқда. Хусусан, спорт мусобақалари қолдирилмоқда. Еврофутболда танилган бир қатор фахрий юлдузларни жамлаган Хитой Суперлигаси нима бўлади? Мавсум қачон бошланади, жамоалар қандай тайёргарлик кўрмоқда, мўмай даромад эвазига Чин юртига йўл олган легионерлар стартга қадар қочиб кетишмайдими? Россиянинг sport24 сайти шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида 2019 йил якунида «Чанчун Ятай» клуби бошқарувини қўлга олган ҳамюртимиз Самвел Бабаян билан алоқага чиқди. Эслатма, Самвел Вячеславович Ўзбекистон миллий жамоасидан истеъфога чиқарилгач, орада маълум муддат Юрмаланинг «Спартак» клубида ҳам ишлаганди. Қуйида Бабаяннинг турли масалалар юзасидан билдирган фикрлари билан танишишингиз мумкин.

— Хитойликлар менга илк марта 2017 йили таклиф билан мурожаат қилишганди. Бироқ ўша вақт Ўзбекистон миллий жамоасини бошқараётган ва ватанпарварлик, юрт олдидаги масъулият ҳамда ғурур туфайли чақирувга ижобий жавоб беролмасдим. Зеро, бизда Россия мезбонлик қилган жаҳон чемпионатига чиқиш учун яхшигина имконият бор эди. Орадан маълум вақт ўтгач, «Чанчун Ятай»дан яна қўнғироқ қилишди. Эҳтимол, Хитой термасига қарши баҳсларда яхши ўйнаганимиз таъсир қилгандир: меҳмонда 0:1 ҳисобида ютқазган бўлсак, ўз майдонимизда ғалаба қозонганмиз - 2:0. Хитойликларнинг ўзлари кейинчалик шу ҳақда гапиришди.

«Чанчун Ятай» 2018 йили Хитой биринчи лигасига тушиб кетган, лекин клубда амбиция жуда баланд. Жамоа олдига юқорига қайтиш вазифаси қўйилган. Қисқаси, Суперлига йўлланмасини қўлга киритиши керак. Тўғри, «Чанчун» ўтган мавсум қуйи лигада 5-ўрин билан чекланди. Хуллас, ҳаракатлардан ҳеч нарса чиқмагач, клуб раҳбарияти яна менинг номзодимга қайтган.

Янги мавсумнинг қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас. Аввалига биринчи дивизион ўйинларини март ойи бошида бошлаш режалаштирилаётганди, бироқ коронавирус тарқалиши оқибатида старт номаълум муддатга қолдирилди. Айни пайт жамоа билан Туркияда йиғин олиб боряпмиз. Тайёргарлик кўриш баробаридан янги маълумотларни кутяпмиз. Албатта, юзага келган ҳолат иштиёққа бироз зарба бўлди. Зеро, ҳозир жамоани қандай тайёрлаш, қайси йўналиш устида ишлаш ва максимал юкламаларни қачон беришни билмаяпмиз.

Янгиликларни кузатиб боряпмиз. Албатта, мамлакат ичида нима бўлаётганини билишимиз жуда муҳим. Тушунишимча, вирусга боғлиқ ҳолат жуда ёқимсиз ва жиддий. Лекин ҳамкасбларимизнинг айтишларича, ҳаммаси назорат остига олинган, давлат миқёсида керакли чоралар қўлланилмоқда. Шунга қарамай, хавотир бор, барибир. Клубимизда ҳам эҳтиёт чоралар кўрилмоқда, тиббий штабимиз барчаси билан шуғулланмоқда.

Биз мамлакатдан 21 январь куни чиқиб кетгандик, яъни Хитой тақвими бўйича янги йил киришидан олдин. Ўшанда бу қадар саросима йўқ эди, бир-икки вазиятни инобатга олмаганда. Энди эса ҳаммаси ўзгариб кетди. Агар байрамгача мамлакатда атиги 10 фоиз киши ниқобда юрган бўлса, ҳозир деярли ҳамманинг юзида ҳимоя воситасини кўриш мумкин. Ёқимсиз манзара.

Коронавирус шартномалар тузилишига таъсир қилмайди. Барча футболчилар - профессионал. Улар агар шартномага имзо чекишса, клуб хавф­сизлик чораларини кўришини яхши билишади. Дейлик, биз билан музокара бошлаган бирор ўйинчи ушбу масалани ўртага ташлагани йўқ. Йигитлар айни пайт йиғинга келишган ва биз ўз ишимизни бажаряпмиз. Умуман, Хитойнинг ўзида ўта жиддий чораларга қўл урилмоқда. Ҳар ҳолда, гап қудратли мамлакат ҳақида бормоқда, халқни ҳимоя қилиш ва вирусга қарши кураш йўлида ҳукамат даражасида кенг кўламли ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бугун эрталаб умумий йиғилишда клуб шифокори шифо топган одамлар сони анча ортганини маълум қилди. Демакки, қандайдир вакциналар топишган. Шундай экан, умид қиламиз, яқин вақтлар ичида ҳаммаси бартараф этилади. Ҳар ҳолда, маҳаллий йигитлар барчасига катта ишонч билан қарашмоқда.

Бизда легионерлардан биргина Сержиньо бор. Неманья Пейчинович ва Ричайро Живкович олдинроқ кетишганди. Сержиньони эса яқинда Япониянинг «Кашима Антлерс» клубидан сотиб олдик. Бу жамоа ўтган йили Осиё Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганди. Лимит бўйича ихтиёримизда яна 2та бўш ўрин бор ва айни пайт қайси позицияларни шакллантириш устида ўйлаяпмиз. Собиқ иттифоқ ҳудудидан футболчи чақиришимиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Дарвоқе, шогирдим Одил Аҳмедов анчадан буён Хитойда ўйнамоқда. Иккимиз тез-тез қўнғироқлашиб турибмиз. Бунда маҳаллий Хитойдаги фалсафа, анъаналар, маҳаллий менталитет хусусида гаплашамиз. Зеро, унда бу масалаларда катта тажрибаси бор - 3 йилдан буён шу мамлакатда яшаяпти. Хуллас, Одил менга кўплаб маълумотларни тақдим этди. Мана, яқинда Хитой клубларининг ОЧЛ доирасидаги ўйинлари кейинроқ муддатга қолдирилганини айтди. Унинг клуби Австралияга йўл олиши керак эди, бироқ чегарани ёпиб қўйишибди. Оқибатда «Шанхай СИПГ» йўналишни ўзгартириб, йиғин учун БААга йўл олди ва мавсум стартини кутмоқда. Оддий айтганда, коронавирус туфайли ОЧЛ ҳам қолдирилди, лекин бу фақат «Шарқ» минтақасидаги баъзи клубларга тегишли.

Хитойда янги мавсум аслида 20 февраль куни бошланиши керак эди, бироқ старт номаълум муддатга қолдирилди. Расмий сабаб оддий: «Мухлислар, ОАВ вакиллари, футболчилар, мураббийлар, футбол клублари ходимлари ва соҳа мутасаддилари саломатлигини таъминлаш». Умуман, коронавирус ўчоғи - Ухан шаҳри ҳозир «карантин» ҳолатида, кўплаб мамлакатлар Хитой учун чегарани ёпмоқда, ўз фуқароларини Чин юртидан эвакуация қилмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz