Қайднома

Қидирув

Альваро Негредо: «Баъзан омад келади, баъзида эса йўқ»

Альваро Негредо: «Баъзан омад келади, баъзида эса йўқ»

  13.02.2020 04:31
  0
  401
Альваро Негредо: «Баъзан омад келади, баъзида эса йўқ»

Испания термасининг собиқ ҳужумчиси Альваро Негредо FourFourTwo нашрига берган интервьюсида фаолиятининг барча босқичлари ҳақида гапирди. У 9та турли клубларда тўп суришга улгурган: «Райо Вальекано», «Альмерия», Мадрид «Реал»и, «Севилья», «Манчестер Сити», «Валенсия», «Мидлсбро», «Бешиктош». Ҳозирда эса Дубайнинг «Ал-Наср» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

- Сўнгги икки йилни «Ал-Наср» сафида ўтказдингиз. БААда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Бу ердаги ҳаёт мутлақо ўзгача. Дубай аввал яшаган шаҳарларимнинг ҳеч бирига ўхшамайди. Аммо тафовут катталигига қарамай, оилам ушбу мамлакатда яшаётганидан мамнун. Об-ҳаво чиндан ҳам яхши, одамлари самимий. Клуб мени ҳурмат қилишини чин дилдан сезаман, ўзим ҳам жамоани яхши кўраман. БААда яшаш жуда қулай.

- Болалигингизда қайси клубга ишқибозлик қилгансиз?

- Албатта, «Райо Вальекано»га. Оила аъзоларим Вальекасда туғилишган. Бу унчалик бадавлат бўлмаган туман, Мадриднинг камтарона ҳудуди. Ўйинларга акаларим ва дўст­ларим билан борардик, жамоа фан-клубига яқин жойда ўтирардик. Отам бирорта ҳам учрашувни ўтказиб юбормасди, ҳозир ҳам шундай. Тез орада ўзим ҳам мазкур клубнинг асосий жамоаси таркибига қўшилдим ва яқинларим бундан ғурурланишди. Ўшанда эндигина 19 ёшга тўлгандим.

- Кейин сизга Мадриднинг «Реал» клуби қизиқиш билдирди...

- Ҳа, «Реал»нинг иккинчи жамоасига ўтдим ва «асосий»га киришга умид қилдим. Бироқ у ерда кучли футболчилар жуда кўп эди. Умуман, бизнинг таркибдагилар ҳам иқтидорли эдилар: Хуан Мата, Фелипе Луис, Хави Гарсия, Борха Валеро, Роберто Сольдадо ва Альваро Арбелоа - кейин­чалик барчалари ўз салоҳиятларини бутун дунёга кўрсатдилар. Шунга қарамай, «Реал» сафида ўсишга эришиш бизга насиб қилмади. Ростини айтсам, қуйи дивизионларда фаолият юритишдан ранжимадим. Ҳар доим футбол ўйнашни ёқтирганман, ахир бу спорт турининг ҳақиқий фанатиман. Акаларим ҳам, дарвоқе, шу даражада тўп суришган. Ҳозир ҳам қуйи лигаларга муносабатим яхшилигича қолган. Масалан, Footters компаниясига инвестиция киритаман. Улар қуйи дивизионлар - Сегунда «Б» ва Терсера ўйинларини трансляция қилишади. Кичик клубларни қўллаб-қувватлаш керак, деб ҳисоблайман, ахир у ерда ҳам бошқа мухлислар сингари футболни жуда севадиган одамлар бор.

- 2007 йили олдинга қадам ташладингиз - Ла Лигада қатнашаётган «Альмерия» сафига қўшилдингиз.

- Ҳа, бу ўша пайт тўғри қарор бўлганди, зеро Мадриднинг «Реал»ида нақ 7 нафар ҳужумчи бор эди. Ёшим 22да бўлганлиги сабабли, бошқаларнинг ўйинини томоша қилиб ўтириш эмас, ўзим майдонга тушишни хоҳлаганман. Юқори даражада ўйнашга қодир эканлигимни исботлаганман. Дастлабки мавсумдаёқ 13та гол урдим, кейингисида эса - 19та. Ла Лигада барқарорликка эришиб, рақиблар дарвозасини мунтазам ишғол қила олишим мумкинлигини ҳамма кўрган.

- Шундан сўнг «Реал» сизни 5 млн. еврога қайта сотиб олди, аммо икки ойдан кейин яна «Галактикос» сафини тарк этдингиз. Нега?

- Қайтдим, лекин клубдаги муаммоларим ҳамон сақланиб қолганди. Рақобат жуда кучли эди. Ўша пайтдаги жамоа бош мураббийи Мануэль Пеллегрини менга тўғрисини айтди, бошқа клубда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишим аниқлигини таъкидлади. У пайтлари мени ўз сафида кўришни хоҳловчи жамоалар бисёр эди, чунки Испания термасидан жой олишга асосий номзодлардан бири ҳисобланардим. Яна бошқалар ўйинини кузатиб, вақтни беҳуда ўтказишни истамадим.

- «Севилья» сизнинг трансферингиз учун нақд 15 млн. евро тўлади.

- Таъбир жоиз бўлса, фаолиятимнинг энг ёрқин дамларини айнан «Севилья»да ўтказдим. Ғаройиб ҳиссиётларни бошдан кечирдим, чиройли футбол кўрсатдим. Миллий жамоа­дан доимий таклифларга эга бўлдим, Украина ва Польшада ўтказилган Евро-2012да қатнашдим, термамиз билан муваффақиятни бирга нишонладим. Шунингдек, «Севилья» таркибида Копа дель Рейда ажойиб ўйинлар ўтказдим, финалда Мадрид «Атлетико»сини мағлубиятга учратдик. Бу фаолиятимдаги илк соврин эди. Тўғри, у пайтлари бошланғич таркибнинг доимий аъзоси эмасдим: Фредди Кануте ва Луис Фабиано борлиги сабабли кучли рақобат юзага келганди. «Севилья»нинг уй стадиони - «Рамон Санчес Писхуан»га ишқим тушдим. У ердаги муҳит ажойи­б эди, айниқса, «Бетис»га қарши кечадиган дербилар пайти трибуналардаги шовқин қулоқни қоматга келтирарди. Бу дуэль - Испаниядаги энг яхшиларидан бири. «Райо Валь­екано» ўйинларида ҳам худди шундай атмосфера бўлишини хоҳлагандим.

- «Севилья» таркибида икки марта Сарра соврини (энг яхши испан-тўпурарларга топширилади)га эга бўлгансиз. Мазкур ютуқлар натижасида кейинчалик «Манчес­тер Сити» сафига қўшилдингиз. Анг­лияда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Танловингиздан афсусланмадингизми?

- Манчестер - ажойиб, у ерда оилам билан ўзимизни бахтиёр ҳис қилдик. Ушбу шаҳарда ўзингизни хотиржам ва қулай сезасиз, гарчи мунтазам ёмғир ёғиб турса ҳам. Бундай ёғингарчиликка авваллари ҳеч қачон дуч келмагандим (кулади). Клубда Пабло Сабалета, Давид Сильва ҳамда Серхио Агуэро билан яқин дўст эдик. Ушбу футболчиларнинг ҳаммаси мени шаҳарда илиқ кутиб олишди, шунингдек, бошқа клубда ўйнаётган эски қадрдоним Хуан Мата ҳам. «Манчестер Сити» таркибида Премьер-лига ва Лига кубогида муваффақият қозондим. Ўйлашимча, бу жамоада бошланиши ёмон кечмади. Кўп маротаба рақиблар дарвозасини иш-ғо­л қилдим - илк мавсумимда 23та гол урдим, буларнинг барини январгача амалга ошириб улгургандим. Агуэро, Сильва ҳамда Яя Туре билан ёнма-ён тўп суриш ишимни енгиллатарди. Аммо февралда нохуш воқеа содир бўлди - елкамдан жароҳат олдим, бунинг оқибатида ҳаётим оғирлашди. Мураббийлар мени захирага ўтқизиб, бошқа форвардлар хизматидан фойдалана бошлашди. Албатта, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмадим, лекин ҳозир ҳам ўшанда «Манчестер Сити»ни танлаб тўғри қарор чиқарганман, деб ҳисоблайман. Мен энг кучли лиганинг энг кучли клубида ўйнаганман.

- Нега бир йилдан кейиноқ «Валенсия»га кетдингиз?

- Майдонга кўпроқ тушишни хоҳладим. Дастлаб ижара асосида «Валенсия»да ўйнадим, аммо бу ҳол окт­ябрь ўрталаригача чўзилди, холос. Бир вақтнинг ўзида ҳам жамоада, ҳам усиз эдим. Ўзингизга ишончингиз ортиши, энг яхши ўйинингизни кўрсатишингиз учун барқарорлик керак. Мураббийимизнинг тактикаси ҳақида бир-икки оғиз гап айтгандим, у мени таркибга киритмай қўйди. Клубда рўй бераётган воқеалар оддий ҳолат эмасди. «Валенсия»даги вазият мураккаб эди, бир йилда уч мартадан мураббий алмашарди. Қайсидир паллада клубни Гари Невилл бошқарди. У менга ишонч билдирди, ушбу мутахассис қўл остида жуда кўп ўйинлар ўтказдим. Бироқ Гарининг бу жамоадаги фаолияти оғир даврга тўғри келди. У ва укаси Филл ажойиб йигитлар, ҳақиқий профессионал, шунчаки, клубга нотўғри пайтда ташриф буюришганди. Ўйлашимча, ҳар қандай мураббий ўша пайт клубга келганида, вазиятни ўзгартиришга қийналарди. Даҳшатли давр. Агар жамоа ғалаба қозонмаса, биринчи навбатда ишини йўқотадиган одам - бу мураббий. Гари билан худди шундай ҳолат кузатилди.

- Испания клубидаги муаммолар Англияга қайтиб, камтарона «Мидлсбро» сафига қўшилишингизга сабаб бўлдими?

- У пайтлари «Мидлсбро»ни испаниялик мураббий бошқарарди, таркибда ҳам испаниялик футболчилар кўпчиликни ташкил этарди. Ўзим хоҳлаган муҳитга тушиб қолдим, десам бўлаверади. Мидлсбро - унчалик катта шаҳар эмас, лекин ёқимли, одамлари самимий. Клубни эса бемалол оилавий, шинам деб аташ мумкин. У ерда ўзимни яхши ҳис қилардим. Бир мавсум давомида ўнлаб голлар урдим, гўёки, АПЛдаги ўрнимизни сақлаб қоладигандек туюлганди, бироқ мавсум якунида асосий вазифани бажара олмай, Чемпионшипга тушиб кетдик. Жамоа учун жуда қайғургандим ўшанда.

- Мидлсбронинг машҳур таоми - пармодан татиб кўрганмидингиз?

- Ҳа, албатта! Тўғри, бу профессионал футболчи учун энг яхши таом деёлмайман (кулади). Аммо уни бир неча марта истеъмол қилганман, менга ёққан. Лекин доимий таомномамга уни киритмаганман.

- Кейинчалик фаолиятингизда Туркиядаги давр бошланди - «Бешиктош»да тўп сурдингиз.

- Ушбу мамлакат, биринчи навбатда, ўзгача мухлислари билан ажралиб туради. «Бешиктош»нинг аксарият ўйинларида кузатиладиган шовқин фаолиятимда кам кузатилган. Таъбир жоиз бўлса, бундай овозли эффектларни аввал ҳеч қаерда эшитмагандим. (Кулади). Бу клубни севмасликнинг иложи йўқ эди, бундай қўллаб-қувватлаш - ўзгача ҳолат. Ишқибозлар ҳаттоки, мен ҳақимда махсус туркча қўшиқ ҳам тайёрлашганди. Бундай мададга кўплаб голларим билан жавоб берганман. Туркияда ўтказган давримни фао­лиятимнинг энг ёрқин дамлари қаторига киритсам бўлаверади. Ажойиб клуб, фантастик даражадаги қўллаб-қувватлаш. У ерда тўп сурганимдан хурсандман. Аслида умумий фаолиятимдан ҳам қониққанман. Ҳеч қачон чиқарган қарорларим, клуб танловларидан афсусланмаганман. Баъзан омадингиз келади, баъзида эса йўқ. Аммо анчадан буён жаҳон майдонларида тўп суряпман. Ҳамма футболчиларга ҳам мендек омад кулиб боқмаган. Ҳаётимда рўй берган воқеалардан мамнунман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz