Қайднома

Қидирув

«Насиба»дан қочиб бўлмас...

«Насиба»дан қочиб бўлмас...

  13.02.2020 07:45
  0
  431
«Насиба»дан қочиб бўлмас...

Испанияда 1та ўйин давомида бир футболчи икки марта майдондан четлаштирилди. Аввалига қўполлиги, кейин жанжал келтириб чиқаргани учун. Қанақасига? Гап шундаки, биринчи қизил карточка VAR аралашуви билан бекор қилинди ва футболчи майдонга қайтарилди. Бироқ «насиба»си экан, у тез орада яна «қизил» олди, барибир. Қуйидаги мақоласи айнан шу ҳақда...

Испания Сегундаси (иккинчи дивизион)нинг навбатдаги турида «Фуэнлабрада» клуби ўз майдонида «Жирона»га қарши ўйнади. Бу жамоалар турнир жадвалида ёнма-ён бормоқда ва ҳар иккиси Примеро йўлланмасини тортиқ этадиган «плей-офф» раундига қўшилиш учун курашмоқда. Шу нуқтаи назардан қарасак, ўйин жуда муҳим эди. Қаранг­ки, ҳар икки рақиб учун аҳамияти катта баҳсда кам кузатиладиган ҳолат рўй берди. Иккинчи бўлим ярмига яқинлашган паллада меҳмон жамоа - «Жирона» ўша машҳур Крис-тиан Стуани урган гол эвазига 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Кейин мезбонлар ярим ҳимоячиси Маркес Креспо Кристобаль тажовузкор ҳаракатлангани туфайли қизил карточка олди. У чиндан ҳам, оёғини баланд кўтарганча рақибига ножоиз пешвоз чиққанди. Хуллас, футболчи айбини тан олиб, оҳиста кийиниш хонасига йўл олди. Бу вақтда эса VAR тизими ўртага тушиб, реферига вазият видеотакрорини қайта кўриб чиқишни тавсия этди. Натижада ҳакам экранга термулганча вазиятга бошқача баҳо берди. Яъни қарорини ўзгартирди - «қизил»ни «сариқ»қа алмаштиришни лозим топди. Кристобаль бу орада аллақачон ки­йиниш хонасига кириб кетишга улгурганди. Шу тариқа уни трибунаости биносидан ортга қайтаришга тўғри келди.

Энг қизиғи, ўйинга хоҳламайгина қайтган Кристобаль шу заҳоти рақиб билан яна тўқнашиб кетди. Ажабланадиган томони, яна биринчи вазиятда жабрланган ўша  футболчи билан. Қолаверса, бу сафар майдонда озгина жанжал ҳам кўтарди. Оқибатда ҳакам Кристобалга иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, уни майдондан қайта четлаштирди. Энди шубҳасиз, соф виждон билан. Асосий факт шуки, Кристобаль VAR тизимининг «амнистия»сидан кейин майдонда атиги 16 сония (!) ҳаракатланди, холос. Ҳа, тақдирдан қочиб қутулишнинг иложи йўқ...

Якунда «Фуэнлабрада» 0:1 ҳисобини ўзгартиролмади. Эътиборли жиҳати, Ла Лига раҳбарияти бу воқеа видеоролигини ижтимоий тармоққа жойлаштиришни тақиқлаб қўйган бўлсада, ҳаммаси турли сайт­ларга чиқиб кетди. Кристобалга келсак, унинг жамоага панд берганини ёшлиги ёки тажрибасизлигига йўйиб бўлмайди. Зеро, бу футболчи 35 ёшда. Қолаверса, у фаолияти давомида турли мамлакатлар чемпионатларида тўп суриб, кўп нарсаларни кўрган. Ҳар ҳолда, Кристобалнинг меҳнат дафтарчасида Украина, Кипр, Греция, Янги Зеландия ва ҳаттоки, Индонезия клублари номи бор. «Фуэнлабрада» сафига эса 2016 йили қўшилган. Унинг рақиби - Алекс Гранель эса унча таниқли эмас, лекин «Жирона» билан Примеро ҳавосидан баҳра олган (2014 йилдан буён шу клубда ўйнамоқда). «Фуэнлабрада» айни пайт Сегунда турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди.

А.Ҳамидов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz