Қайднома

Қидирув

14 олигарх. «Пахтакор»лар футболимизни қутқара оладими?

14 олигарх. «Пахтакор»лар футболимизни қутқара оладими?

  13.02.2020 22:26
  0
  399
14 олигарх. «Пахтакор»лар футболимизни қутқара оладими?

Ўзбекистонда футболни ривожлантириш ҳақида гап кетганда, аввало, клубларимиз хусусий бўлиши кераклиги айтилади. Бу албатта, жуда яхши қадам, бу орқали камида, биринчидан, давлат томонидан бевосита ва билвосита футболга сарфланаётган харажатлар камаяди. Иккинчидан, футбол хўжалигида ишлатилаётган пулларнинг ҳақиқий эгаси борлигидан, сарф-харажатлар самарали амалга оширилади, қисман бўлса-да. Назорат пайдо бўлади.

Тўғри-да, ҳозир пул берувчи бошқа – масалан, халқ, уни тақсимловчи бошқа – масалан, давлат корхонаси директори. Уни сарфловчи, яна бошқа – масалан, футбол клуби раҳбари бўлгач, ўртада жуда катта пуллар «йўқолиб» кетишига шароит кўпроқ.

Хўп, айтайлик, «Пахтакор»ни хусусий клуб дейишмоқда. Унинг хўжайини катта тадбиркор, клубга пул тикиб, клубни ривожлантиришга интиляпти. «Пахтакор» бошқарув борасида ҳам, таркиб, натижалар борасида ҳам бошқалардан бир бош баланд бўлиб бораётгани ҳам шундан, зеро мен масалан, сўнгги уч йилда «Пахтакор» кўп пул сарфладими ёки «Локомотив»ми, аниқ айтолмайман. Менимча, бу ерда кўпроқ, аниқ белгиланган рельсда, «Локомотив» эмас, «Пахтакор» кетаётганидир, ким билади.

Бу ҳолатга қараб туриб, қанийди, Суперлигадаги 14 клубни 14 олигарх сотиб олса-да, ажойиб рақобат остида чемпионатимизни кузатсак, дейиш ҳам мумкин. Ростдан ҳам, агар шундай бўлса, Суперлига янаям кучаяр, яхши легионерлар келар, футболнинг сифати ҳам ошиб, маҳаллий футболчилар савияси ҳам ошар, терма жамоа ҳам ҳозиргидан анча кўп салоҳиятли номзодларга эга бўларди, тўғрими? Демак, футболимиздаги ечим клубларнинг хусусийлаштирилиши, яъни қаердандир 14 олигархнинг топилиши экан-да, шу қадар осонми?

Йўқ. 14 олигарх футболимизни нари борса Хитой Лигасига ўхшатиб қўйиши мумкин, холос. Бу шунчаки клубларни, рақобатни, футболчиларни вақтинчалик ривожлантириши мумкин, лекин футболнинг тараққиётида қадамлардан бири бўлади. Эртага 14 олигарх футболдан зерикиб, клубларни молиялаштиришни тўхтатса ёки камайтирса, яна муаммога қайтиб қолаверамиз. Сабаби, масалан, европалик олигархларнинг футболдан зерикмаслигига бошқа омиллар ҳам таъсир қилади. Сабаби, профессионал клуб деганда, хусусий чўнтакдан пул оладиган эмас, ўзи футболда даромад қиладиган клубларни тушунишимиз лозим. Бусиз клуб ҳеч қачон чинакамига профессионал бўла олмайди.

Футбол даромадлари деганда асосан, қуйидаги йўналишларни кўриб чиқишимиз мумкин:

Трансляциялар орқали келадиган даромад. Профессионал Лига ўз мусобақасини, яъни маҳсулотини телевидениега сотади. Келган тушум эса, иштирокчи клублар ўртасида тақсимланади. Бу сумма клубнинг футбол даромадларида яхшигина қисмини ташкил қилади. Matchday даромадлари. Ўйин кунлари клуб стадионга чипта сотишдан, шунингдек, стадион атрофидаги магазинлар, овқатланиш шохобчалари орқали, ўйин куни ташриф буюрган мухлислардан даромад қилади. Йилдан-йилга бу йўналишга эътибор катталашиб, жами даромадлардаги Matchday’ларнинг улуши ортиб бормоқда. Айнан шу мақсадда стадионлар қайта қуриляпти, ҳатто «Реал» ва «Барселона» ўз ўйингоҳларини ва унинг атрофини реконструкция қилишмоқчи. Трансферлардаги мусбат фарқлар. Клублар футболчи сотиш ва сотиб олиш орқали, қандайдир бозор иштирокчиси бўлишади ва шу орқали ҳам яхшигина даромад қилишлари мумкин. Асосан топ-клублар эмас, Франция, Нидерландия ёки Португалия клублари кўп футболчилар учун топ-клубларга трамплин вазифасини бажаради ва шу орқали даромадга эга бўлади. Титул ҳомийлар, брендлар, маркетинг. Клуб ҳам қайсидир маънода бренд ҳисобланади ва айтайлик, турли компаниялар билан кийинтириш, хизмат кўрсатиш хизматлари борасида шартномалар қилиш орқали даромад олиш ёки либосидаги ёзувни, стадион номини, клуб атрибуткаларини сотиб ҳам молиявий тушум қилиш мумкин. Бу йўналиш футболнинг ўзидан кўра, маркетинг ходимларининг малакаси орқали амалга ошса-да, футбол даромадлари ҳисобланади, чунки, бу даромадлар ҳам клубнинг муваффақиятлари, унинг мавжуд бўлиши билан бевосита боғлиқ ҳолда кўпаяди ёки камаяди.

Яъни, футбол даромадлари бевосита ёки билвосита ўша клубнинг футбол фаолияти билан боғлиқ. Айнан мана шу клубнинг борлиги, ўйнаётгани ёки ўйнамаётгани, қандай ўйнаётгани, қандай бошқарилаётганига боғлиқ ҳолда, клуб эгасининг даромад миқдори ошади ёки камайиб боради. Баъзи клубларимиз бор, масалан, «Қўқон 1912»нинг ҳам ўзини ўзи таъминлаши айтилади. Клуб қошида қанақадир тўқимачилик цехлари очилган ва ундан келадиган даромад билан клуб харажатлари қоплаб борилади. Аммо бу билан Қўқон жамоаси профессионал клубга айланиб қолмайди, ўша даромадлар жамоа мавжуд бўлсаям, бўлмасаям, ишлаб, даромад қилаверади. Айтайлик, агар цех фақат «Қўқон 1912» либосларини сотиб, клубни таъминлаётган бўлганида бошқа гап.

Энди «Пахтакор» мисолида юқоридаги бандлар бўйича кўриб чиқамиз. Трансляциялардан даромад келиши имконсиз. Бизда «Спорт» телеканали мусобақани ПФЛдан сотиб олиши ўрнига, аксинча, ПФЛ телеканалга пул тўласа керак. Агар ОЧЛда охирги босқичларгача борилса, балки қандайдир сумма келиши мумкин, лекин бу жуда оз миқдорда бўлади.

Ўйин кунларидаги даромадлар ҳақида ҳам ижобий ҳолат йўқ – «Пахтакор» стадионига 20 ўйинда 10 мингдан мухлис 50 минг сўмдан чипта олиб кирсаям, бир йилда жами 10 миллиард сўм бўлади ва бу Дердийўқнинг трансферини тўлиқ қоплашга ҳам етмайди. Ҳали бу стадион харажатлари, ИИВга тўланадиган пулларни эътиборга олинмаган ҳолда.

«Пахтакор» Ўзбекистондаги аксарият юлдузларни йиғиб олганини эътиборга олсак, трансферларда ҳам мусбат фарқ вужудга келишига ишониб бўлмайди.

Демак, аслини олганда, «Пахтакор» хусусий клуб сифатида бошқа жамоаларимиздан фақат маблағларнинг манбаси нуқтайи назаридан фарқ қилади, холос. 14 олигарх келиб, Ўзбекистонда 14та «Пахтакор» пайдо бўлиши ҳам, шунчаки, харажатлар ёки маошлар пойгасини юзага келтиради. Олигархлар футболдан даромад олиш эмас, ўз клубларига пул тикиш бўйича мусобақалашадилар, холос. Юқорида айтилганидек, бу қайсидир маънода футбол сифатини, рақобатни ошириши, жамоаларни кучайтириши мумкин, аммо тизим барибир оқсайверади.

Бу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳам бор. Агар футболимизда 14 «Пахтакор» бўлса, мамлакатимиздаги юқори малакали футболчилар 14 бой клуб учун камлик қилади. Ўз ўзидан футболчи ўз иқтидоридан кўра кўпроқ пул топа бошлайди. Россия ёки бошқа кучли лигаларни орзу қилиш, ҳаракат қилиш йўқолади. Эсингизда бўлса, бир пайтлар футболчилар бошқа чемпионатга ёки клубга ўтишдан кўра «Бунёдкор»нинг ўринбосарлари таркибида юришни афзал билганди. Ёки Россияни олинг, «Зенит»даги маошлар А Сериянинг аксарият клубларидан анча баланд, Италия чемпионатидаги савия эса Россия чемпионатидагидан юқори. Ёки Хитой клублари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу номутаносиблик натижасида ҳеч қайси россиялик футболчи ўз савиясидаги Европа клубига боришни истамайди, чунки маоши икки баробар камайишини яхши билади.

Эътибор беринг, УЕФА Fair Play дастури асосида, футбол харажатларини текширмоқда, даромадлардан ортиқча сарфланаётган пуллардан футболни асрашга ҳаракат қилмоқда. Қизиғ-а, УЕФА футболга кириб келишидан қўрқаётган ҳолатни биз футболимизни қутқаради, деб ўйламоқдамиз.

Ечим йўқ. Қандай қилиш кераклигини билмайман. Бу тақдир. Бу вазият биз туғилмасимиздан олдинги воқеаларнинг оқибатидир.

Келинг, ғарбда ва бизда футболнинг ривожланиш босқичларини қарайлик, юз йил олдинга қайтайлик. У ерда хусусий клублар қачон пайдо бўлган? Футбол ҳаваскор эканида. Оддий одамлар озгинадан пул ташлашиб, футбол клубига асос солишган – харажатлар жуда кам, клубни молиялаш жуда камчиқим бўлган. Футбол тизими ҳам, унинг харажатлари ҳам, табиий равишда, клублар билан бирга ривожланиб борган. Клублар даромадига мос равишда харажатлар ҳам кўпайиб борган, демак, клубни ушлаб туриш у қадар қийин бўлмаган.

Айтайлик, ҳозир Ўзбекистонда ҳаваскорлар ўртасида чемпионат ташкил қилинса, бемалол, хусусий клублар пайдо бўлади, чунки бундай клубларни ушлаб туриш осон, ойлик-маошлар ҳам шарт эмас, харажатлар оз. Кейин бу чемпионатга қизиқиш орта бошлайди, одамлар томоша қилиш учун келиб, чипта сотиб олади. Қанчадир даромад келиб, бу пулларни клуб эгалари ўша ҳаваскорларга тақсимлаб бера бошлайди.

Европада футбол айнан мана шундан бугунги ҳолатга келди. Бизда эса, аксинча, футбол ижтимоий ҳодиса эди. Собиқ иттифоқдаги ҳар қандай клуб шаҳар ҳокимлиги ёки комсомол кенгашининг мажлиси ёрдамида ташкил топган. Харажатлар эса, шаҳар бюджети ёки бирор заводнинг даромадидан бириктирилган. Тамом. Футбол орқали даромад қилиш дарди ҳеч қайси клубда бўлмаган.

Албатта, ҳар икки йўналишда ҳам кучли футбол клублари пайдо бўлган, улардан бири яхши, униси ёмон демоқчи эмасман. Фарқ шундаки, 90-йиллардан кейин улар бизнинг тизимга эмас, биз уларнинг тизимига ўтдик. Юз йиллик пойдевор бизда эмас энди, уларда бўлди, собиқ иттифоқ клублари эса, ҳаммасини нолдан бошлашларига тўғри келарди. Агар бутун дунё футболи ижтимоийликка қадам қўйганида, биз эмас улар қийналишарди. Масалан, «Вест Ҳэм» раҳбари Лондон шаҳар ҳокимиятига кириб, «биз ҳам шу шаҳар жамоасимиз, бизгаям пул ажратиб беринг» деб, тушунтира олмай, ўлиб кетарди. Ҳозир эса, биз, футбол орқали даромад ҳам қилиш мумкинлигини клубларга тушунтира олмаймиз. Шунақа.

Ўша пайтлардан ҳаммасини нолдан бошлаш, яъни давлат пулларини футболдан тортиб олиш орқали, ғарбнинг юз йиллик ҳолатига қайтиш, аслида, мантиқан тўғри қарор бўларди. Барча клубларни ўз аравасини тортувчи ҳаваксор жамоаларга айлантириб қўйиш кифоя эди. Футбол ўзига яраша савияли бўлган, мухлислар оқими ҳозиргидан анча юқори бўлган, демак ўшанда жамоаларимиз қисқа вақтда ўз хўжалигига эга бўлган хусусий клубларга айланиб олишлари у қадар қийин кечмасди, назаримда. Балким шу тариқа, ўтган ўттиз йилда биз қандайдир даражадаги хусусий футбол тизимига эга бўлардик ҳам. Лекин ҳеч қаерда ундай бўлмади, бўлмасди ҳам, чунки раҳбарлар иқтисодий муносабатлардаги бу ўзгаришлар футболга ҳам таъсир қилишини исташмади. Футбол аҳолини қайсидир маънода чалғитиш, мамлакатдаги кўп ишлар тўғри йўлда эканини кўрсатиш учун бир ойнадек туюлар, иқтисодий тизим ўзгарган бўлса-да, давлат футболга пул сарфлашда давом этарди. Бу эса, табиийки, инвесторларни ортга суради.

Ана энди, бугунги шароитда хусусий клубларнинг табиий йўл билан пайдо бўлишини кутиш қийин, ўша ўттиз йил олдинги инвестор бугун Суперлигадан клуб сотиб оладиган бўлса, жуда катта пул йўқотади. Ҳеч қайси пункт бўйича футбол даромадларига эга бўлмаган ҳолда, ҳар йили камида ўн миллиарддан ҳавога пул сарфлашга мажбур.

Ҳа, 14 олигарх футболимизни ҳозиргидан яхши қилади. Агар олимпиадага бир ғалаба, жаҳон чемпионатига бир гол етмай турган бўлса, бу қадамни ҳам бир куни босиб ўтишимизга ишонаман. Клубларимиз Осиёда рақобат кўрсатишни шу йилдан бошлаши ҳам ҳеч гап эмас.

Аммо профессионал футбол клуби дегани, футболга пул сарфлайдиган эмас, футболдан пул топадиган клубдир. Биз ҳар бир клубимиз номига «профессионал» номини қўйиб олиб, йилига миллиардлаб сарфлашни бас қилишимиз керак. Майли, ҳаваскор жамоага айлансин, барибир ҳозир ҳам профессионал эмас, майли, футболчилар пулсиз қолсин, шунда ўз устида кўпроқ ишлаши, табиий равишда скаутлик фаолиятлари ривожланиб, турли мамлакатларда легионерларга айланишлари мумкин. Иқтидори ками эса, футболдан кетади, бошқа касб эгасига айланади, таксичилик қилади – ахир кўчага чиқинг, ҳамма соҳанинг «мағлублари» кўчада такси қилиб юрибди. Футболнинг шохи борми? Майли.

«Перезагрузка» қилмасдан, футболни вақтинчалик пулсиз қолдирмасдан туриб, орзудаги футбол тизимига ва муносабатларига эриша олмаймиз. Майли, бу узоқ муддат талаб қилсин, бир муддат футбол ўйини йўқлик тубига сингиб ҳам кетсин, лекин қачондир чинакамига ҳақиқий футболга эришиш учун бошқа йўл йўқ.  

Акс ҳолда, клубларимизга миллиардларни сарфлайдиган ҳақиқий инвесторлар чиқиши учун футболимиз иқтисодий жиҳатидан жозибадор бўлиши керак. Футболимиз иқтисодий жиҳатдан жозибадор бўлиши учун эса, унинг ичидаги муносабат шакллари, эгалик туйғуси ўзгариши, яъни улар хусусий бўлиши лозим.

Товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухум?

Қаҳрамон Асланов


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz