Қайднома

Қидирув

Обид Жўрабоев: «Охиригача «Навбаҳор»да қолмоқчиман»

Обид Жўрабоев: «Охиригача «Навбаҳор»да қолмоқчиман»

  14.02.2020 03:12
  0
  210
Обид Жўрабоев: «Охиригача «Навбаҳор»да қолмоқчиман»

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бу йил ўтган мавсумдаги таркиби ўзагини деярли сақлаб қолди. Зеро, жамоа олдига катта вазифалар қўйилмоқда. Биламизки, футболда барқарор таркиб муҳим ўрин тутади. Хабарингиз бор, наманганликлар айни пайт Туркия йиғинини давом эттиришмоқда. Яқинда янги мавсумда ҳам «Навбаҳор»да тўп суриши аниқ бўлган тажрибали ҳимоячи Обид Жўрабоев билан боғланиб, унинг ўқув-машғулотлари хусусидаги фикрларига қизиқдик.

Туркия йиғин ҳақида

- Янги мавсумда жамоамиз олдига қўйилган вазифа - ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш. Албатта, мақсадга эришиш йўлида қаттиқ ишлашимиз керак. Айниқса, мавсумолди йиғинларида. Мана, Туркияда табиий майдонларда шуғулланиш баробарида кучли спарринг-рақибларга қарши майдонга тушяпмиз. Умид қиламанки, ҳозирги ишларимиз янги мавсумда ўз самарасини беради, албатта. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб, менга янги мавсумда ҳам имконият беришга қарор қилиб, жамоада олиб қолган клуб раҳбарияти, жумладан, бош мураббий Андрей Канчельскисга миннатдорчилик билдираман. Бу йил билдирилган ишончни оқлаш учун бор имкониятларни ишга соламан. Айтиш мумкинки, ўтган мавсум «иккинчи ёшлик»ни бошдан кечирдим. Бунда мураббийлар штаби, айниқса, Андрей Канчельскиснинг роли катта. Зеро, у менга имконият бериб, иқтидоримга ишонди. Шунинг баробарида машғулотларда астойдил ишлашга ундади. Натижада ўз кучимга нисбатан ишончим ортди ва мавсум давомида спорт формасини тўлиқ тиклаб олдим.

Устозлари ҳақида

- Фаолиятим давомида кўплаб мураббийлар машғулотларида қатнашдим. Тушунарлики, ҳар бир мутахассис муайян фалсафа ва ўйин услубларига эга. Умуман, ҳар кимдан қандайдир янги нарса ўрганиш мумкин. Дейлик, ўтган мавсум россиялик Андрей Канчельскис қўл остида мароқ билан шуғулландим. Андрей Антанасович ўз устимда қанча кўп ишласам, майдонга шунча кўп туширишини айтганди. Унинг айтганларига амал қилдим, ўз навбатида, мураббий ҳам менга имкон бериши ҳақидаги гапларини унутмади. Умуман олганда, Канчельскис машғулотларни европача услубда олиб боради. Унинг футболчилик даврида Валерий Лобановский ва Алекс Фергюсондек буюк мэтрлардан сабоқ олгани шундоқ сезилиб туради.   

Кумирлари ҳақида

- Ёшлигимдан ҳимояда ўйнаганман. Шунинг учун бўлса керак, кўпроқ Даврон Файзиев ва Бахтиёр Ашурматовга ҳавас қилардим. Улар вақтида мамлакатимиздаги энг кучли ҳимоячилар саналишган. Тўғриси, ҳар иккисининг энг оғир вазиятларда ҳам совуққонлик билан ҳаракатланишидан лол қолардим.

Жамоа таркиби ҳақида

- Жамоамизнинг ўтган йилги таркиби ўзаги сақлаб қолинди. Қолаверса, сафимизга янги кучлар ҳам қўшилди. Худо хоҳласа, айни пайт шакллантирилаётган таркиб билан олдимизга қўйилган вазифаларни уддалаймиз. Асосийси - ният ва шунга яраша ҳаракат. Қайси соҳада бўлмасин, юқорига интилган киши ўз мақсадига етади. Албатта, жамоа етакчилари қаторида ёш футболчиларни олға ундашга ҳаракат қиламан, улардан ёрдамимни аямайман. Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад йўлида бирлашсак, мухлисларимизга қувонч улашиш миссиясини яхши уддалаймиз.

Умуман олганда, футболчилик фаолиятимни «Навбаҳор»да якунлашни ният қилганман - охирига қадар Наманган клубида қолмоқчиман. Ўз ўрнида мухлислардан жамоа­мизни янги мавсумда ҳам муносиб қўллаб-қувватлаб туришларини сўрайман. Бу биз учун жуда муҳим. Бахтимизга барча мухлисларимиз соғ-саломат бўлишсин, «Навбаҳор»ни олға бошлашдан чарчашмасин.

 

маълумот учун

Обид ЖЎРАБОЕВ

Туғилган санаси ва манзили: 1986 йил 17 февраль, Чортоқ шаҳри

Биринчи мураббийи: Комилжон Абдубоев

Амплуа бўйича: ҳимоячи (Намангандаги 15-сонли футбол мактаб-интернати тарбияланувчиси)

Ўйнаган жамоалари: «Хоразм» - 2010; «Локомотив» - 2010; «Қизилқум» - 2011; «Шўртан» - 2012-2013, 2017; АГМК|«Олмалиқ» - 2013-2014, 2015; «Бунёдкор» - 2015; «Навбаҳор» - 2016, 2019-...; «Андижон» - 2016; «Истиқлол» - 2018

Оилали, 2 нафар фарзанд (Бунёдбек ва Ҳаётбек)нинг отаси

***

Айтганча, "Навбаҳор" 2020 йилги мавсум учун қуйидаги футболчиларни рўйхатдан ўтказди.  Бу ерда клубнинг икки тарбияланувчиси билан 5 йиллик шартномалар имзоланган. Бошқа клублардан қўшиб олинган футболчилар эса Наманган жамоаси билан бир йиллик келишувга эришган. Навбаҳор фақатгина Ислом Рашидхоновни сотиб олиш учун Насаф билан трансфер шартномасини келишиб олган, қолган футболчилар эркин агент мақомида клубга келиб қўшилган.

Иван Соловьев (Россия) — 2020, декабрь
Руслан Болов (Россия) — 2020, декабрь (Беларус)
Азим Аҳмедов — 2020, декабрь
Ислом Исоқжонов — 2020, декабрь (Металлург)
Хуршид Мухторов — 2020, декабрь (Насаф)
Ислом Рашидхонов — 2020, декабрь (Насаф)
Сардор Теляков — 2020, декабрь (Истиқлол)
Анвар Ҳожимирзаев — 2020, декабрь (Истиқлол)
Жавлон Ибраҳимов — 2020, декабрь (Сувон)
Ҳусайн Эргашбоев — 2024, декабрь
Ислом Абдуллахонов — 2024, декабрь


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz