Қайднома

Қидирув

Маҳаллийлаштириш масаласи ҳақида "гаплашамиз"...

Маҳаллийлаштириш масаласи ҳақида "гаплашамиз"...

  14.02.2020 06:16
  0
  465
Маҳаллийлаштириш масаласи ҳақида

Ўзбек футболида рўй бераётган воқеалар, жамоаларимиз қайд этаётган натижалардан яхши хабардорсиз. Бир томонда, олимпиячиларимизнинг Токио Олимпиадаси йўлланмасини бой беришгани таъбимизни хира қилган бўлса, бошқа томондан, иккита клубимизнинг Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқолмагани кайфиятимизни бироз туширди. Нега «бироз»? Боиси, улар гуруҳ босқичига йўлланма олган тақдирда ҳам, кучли клублар қаршисида яна ожиз қолиши кундек равшан эди.

«Локомотив»нинг сўнгги ўйинини кўрганлар сезишди, Тожикистоннинг «Истиқлол»и кейинги босқичда қатнашишга ҳақлироқдек кўринди. «Бунёдкор» эса, ҳарқалай, ўйин томонлама «Ал-Айн»га мағлуб бўлмади. «Қалдирғочлар» кучли рақибга қарши муносиб кураш олиб боришди. Ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасман. Мени, биринчи навбатда, футболчиларимизнинг тез таслим бўлишаётгани, бу эса уларнинг руҳиятига йилдан-йилга сингиб бораётгани ҳавотирга солмоқда.

Биласизми, негадир «Йиқилган курашга тўймас» ибораси ўзимизга қарши ишлаётгандек таассурот уй-ғонмоқда. Аслида, ота-боболаримиз мағлуб бўлган тақдирда ҳам, йиқилган жойидан туриб, яна курашни давом эттирганлар. Бир қарашда, европаликлар ва кучли клубларда тўп сурган футболчиларда курашувчанлик ҳисси юқори эканлигига бир неча маротаба гувоҳ бўлганмиз. Бу одат хорижлик мураббийларга ҳам хос эканини Шота Арвеладзе мисолида кўрдик.

«Пахтакор» ўтган мавсум ОЧЛда гуруҳдан чиқа олмаган бўлсада, ҳар бир баҳсда шиддатли футбол намо-йиш эта олди. Дастлабки турда «Персеполис» майдонида аввал дарвозасидан гол олиб чиққанига қарамай, мураккаб вазиятдан чиқиб кетди. Собиқ сардор ва айни пайт мураббийлик қилаётган Хави бошчилигидаги «Ал-Садд» билан учрашувда икки бор ҳисобда ортда бораётиб, якунда дурангга имзо чекди. Сафарда «Ал-Аҳли» Омар ал Соманинг голи эвазига 77-дақиқада ҳисобни очди. Сўнг Игорь Сергеев ўртадаги мувозанатни тиклади. Барибир, рақибда характер кучлилик қилди ва кейинги босқичга йўл олди.

Қисқаси, грузиялик мутахассис шогирдлари онгига курашувчанлик ҳиссини сингдирди. Демак, ўзбек футболидаги мавжуд муаммони ҳал қилишда европалик футболчиларнинг ёрдами керак. Кимни назарда тутаётганимни сезгандирсиз? Дарҳол Драган Черанни маҳаллийлаштириш зарур. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, тегишли тартиб-қоидалари бор. Қонунга кўра, мамлакатимизда тўп сураётган хориж фуқароси камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилган бўлиши керак. Жорий йил Черан учун ўзбек заминидаги тўртинчисидир. Бундан кўринадики, уни ҳозир маҳаллийлаштириш имконсиз. Хўш, бу борада футболчининг ўзи нима дейди?

- Улар ҳали ҳам бу ғоядан воз кечишгани йўқ. Аммо ФИФА қоидаси бўйича, сиз ўша мамлакатда камида 5 йил истиқомат қилган бўлишингиз керак. Паспортни эртагаёқ олишим мумкин, бироқ ФИФА қоидасини четлаб ўтолмайман. Ўзбекистонда тўп сураётганимга 3,5 йил бўлди. Эктор Купер мени терма жамоада кўрмоқчи эди. Янги мураббий ҳам шу фикрда. Бироқ мен бу мамлакат паспортини олганимда, 34га тўлган бўламан, бу ёшда термага фойдам тегармикан?

Ҳа, Чераннинг гапларида ҳам жон бор. Аминманки, у 35 ёшда ҳам термамизга фойда келтира олади. Унинг ақлли ва ноодатий қарорлари рақибни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Бизда эса бундай футболчилар кам. Шунингдек, Драган таслим бўлишни истамайди. Айнан шу характери жамоамиздаги футболчилар руҳиятига ижобий таъсир қилиши турган гап. Эҳтимол, кейинчалик унинг жисмоний ҳолати талабга жавоб бермас, аммо шунда ҳам у миллий жамоамизга керак. Футболимиз афсонаси Миржалол Қосимов ўз вақтида тезлиги билан мақтана олмаган, бироқ ўйинни бошқариши ва стандарт вазиятлардан моҳирона фойдаланиши орқали фойда келтирган.

Яна бир вариант - Игорь Голбан. Россиялик футблчи юртимизга 2015 йили келган. Унинг биринчи жамоаси «Қўқон-1912» бўлган. Кейинчалик у «Навбаҳор» ва «Насаф»да барқарор ўйин намойиш этди. Ҳозир ҳам «лочинлар» шарафини ҳимоя қилаётган Голбан термамизда ўйнашга қарши эмас. Унинг стандарт вазиятлардаги фаоллиги, етакчиликни қўлга олиши барча жамоаларига фойда келтирган. Боз устига, Игорнинг бош жамоамиз устози Вадим Абрамов билан алоқалари яхши. Гавдасидан унумли фойдаланиши, яккама-якка курашлардаги чаққон ҳаракатлари кучли жамоалар билан ўйинларда қўл келади. Бу мавсум унинг учун юртимиздаги бешинчисидир. Демак, Голбанни маҳаллийлаштириш вақти етди.

Умуман олганда, хорижлик футболчиларнинг миллий жамоамизда тўп суриши биз учун янгилик ҳисобланмайди. Бундан бир неча йиллар олдин, 21 аср бошларида ўзбек футболида маҳаллийлаштириш авж олганди. Ўзбекистон термаси олдига 2002 йилги жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш вазифаси қўйилганди. Мақсаднинг ўта жиддийлигини инобатга олган федерация раҳбарияти четдан мураббий олиб келишга қарор қилди. Кўп ўтмай, россиялик мутахассис Владимир Сальков миллий жамоамиз бош мураббийи этиб тайинланди. Энди унга вазифани бажариш учун, аввало, яхши футболчилар керак эди. Албатта, ўзимизда ҳар доим моҳир ўйинчилар етарли бўлган, бироқ ҳал қилувчи паллада кўпинча оқсаганмиз.

Натижада, ЎФФ раҳбарияти четдан футболчиларни таклиф этиб, уларни «ўзбеклаштирди». Булар - Алексей Поляков, Владимир Маминов(суратда), Олег Пашинин, Алексей Дионисиев, Георгий Георгиев ва Руслан Агаларов. Ушбу футболчилар орасида энг кўп ёдда қолгани Олег Пашинин билан Владимир Маминов бўлса керак.

Бири марказий ҳимояда, иккинчиси ярим ҳимояда анча яхши ўйин кўрсатганди. Бироқ афсуски, якунда барибир, асосий вазифа бажарилмади: жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолдик. Ўшанда Бора Милутинович бошчилигидаги Хитой «улоқ»-ни илиб кетганди. БАА терма жамоа­си иккинчи ўрин билан «плей-офф»га йўл олган, биз эса учинчи ўринни эгаллаб, гуруҳда қолиб кетгандик. Шунга қарамай, Владимир Маминов мухлисларда ижобий таассурот қолдирди.

Алексей Поляковни эса Сальковга Миржалол Қосимов тавсия қилгани ҳақида гаплар юради. Буни дарвозабоннинг ўзи ҳам тасдиқлаганди: «Ўзбекистон миллий жамоасидан ўрин олишимда Миржалол Қосимовнинг ҳиссаси катта».

Болгариялик Георгиев ва Дионисевлар термамиз либосида қисқа вақт тўп суришган бўлсада, кучли жиҳатларини кўрсата олишган. Лекин маълум сабабларга кўра, кейинчалик миллий жамоада бошқа кўриниш бермадилар.

Демак, бизда маҳаллийлаштириш тажрибаси етарли. Эндиликда бундан унумли фойдаланиб, хорижлик сара футболчиларни Ўзбекистон термасига жалб қилсак, уларнинг юқори мақсадларимизни амалга оширишда фойдалари тегишига шубҳа йўқ.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz