Қайднома

Қидирув

Финт туфайли «сариқ». Нима?

Финт туфайли «сариқ». Нима?

  14.02.2020 09:28
  0
  626
Финт туфайли «сариқ». Нима?

«БУНДАЙ ҲАКАМЛАРНИ КЎРИШГА КЎЗИМ ЙЎҚ». Бутун еврофутбол Неймарнинг финт ортидан олган сариқ карточкасини роса муҳокама қилмоқда. Жуда ғалати «сариқ». Лига 1нинг 22-туридан ўрин олган «Пари Сен-Жермен» ва «Монпелье» ўртасидаги учрашувда нафақат Париж клуби футболчилари, балки мухлисларда ҳам эътироз келтириб чиқарган вазият рўй берди. «ПСЖ» етакчиси Неймар ўз маҳоратини намойиш этишга чоғланиб, ўта томошабоп финт ишлатди - тўпни икки оёғи ёрдамида ўз олдига ташлаш асносида бир неча ҳимоячиларни шунчаки, чув туширди. Бироқ бош ҳакам бу ҳаракатни рақибга нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолаб, бразилиялик юлдузни сариқ карточка билан «сийлади».

 

Нима, бунақаси тақиқланганми?

Ҳамма савол бермоқда - «Неймар нега жазоланди?» Ўзи бразилиялик ҳужумчи чиндан ҳам, масхараомуз финт ишлатдими? Воқеа тафсилотларига келсак, Неймар учрашувнинг 37-дақиқасида бурчак байроқчаси олдида тўп билан нозик ҳаракатни амалга оширди. Аниқроғи, у «камалак» номли финтни кўрсатишга уринди. У шу тариқа тўп рақибдан майдон ташқарисига чиқиб кетишини таъминлади, бироқ шу онда бош ҳакам Жером Брисар «адолат» ўрнатиш учун ўртага тушди. Оддий ифода этсак, француз рефериси Неймар ижросидаги «ҳунар»ни рақибга нисбатан ҳурматсизлик ёки ҳақорат ўрнида баҳолаб, унга сариқ карточка кўрсатди-қўйди.

Кейинчалик трибунаости биносида бу борадаги гап-сўзлар авж олди. Хусусан, Неймар кийиниш хонаси томон илдам қадам босар экан, баланд овозда жамоадоши Марко Верраттига ҳеч нарсани тушунмаганини айтди. Брисар эса футболчилар суҳбатини эшитиб, бразилияликни яна бир бора тинчланишга даъват этди. Неймар эса бунга жавобан ҳакамни ҳақоратлади. Хуллас, у энди дисквалификация қилиниши мумкин. Бразилиялик юлдуз учрашув тугагач, «Инстаграм»даги саҳифаси орқали ҳам ҳужумга ўтди. У ўз сурати остига шундай ёзди: «Ҳайронман. Ахир шунчаки, ўйнаяпман, холос».

Мухлислар реакцияси

Париж клуби фанатлари трибуналарда Неймар финтини кучли олқиш остида қабул қилишди, ўйин тугагач эса, ижтимоий тармоқларда Брисар қарорини истеҳзо билан изоҳлай бошлашди. Айримлар ҳаттоки, ҳакам бразилияликни сочининг ранги туфайли огоҳлантиргани ҳақида ёзишди: 

- Жуда кулгули. Тасаввур қилинг, сизни қайсидир соҳада тажрибали мутахассис бўлганингиз учун жазолашса, нима қилардингиз? Месси ёки Криштиану билан ҳам шунақаси рўй бериши мумкинми? Менимча, йўқ.

- Францияга хуш келибсизлар. Одамлари ўзларини энг яхши, деб билувчи, аммо инсонларни ҳаммадан ортиқ кўролмайдиганлар мамлакатига...

- Неймар юксак маҳорати учун сариқ карточка олди. Уни соч турмаги туфайли жазолашганида ҳам, буни тушунардим, аммо чиройли финтлар ўйиннинг ажралмас қисми-ку.

- Ҳалигача ҳеч ким нега Неймар оёғини синдирмагани - катта жумбоқ. Рақибини жароҳатлашга уринадиган ва уни шунчаки, таҳқирлашни хоҳлайдиган яхши футболчи ўртасида жуда нозик чегара бор.

- Қизиқ, одамлар Роналдиньони финтлар қироли сифатида эслашади, бироқ Неймар қандайдир шунга ўхшаш нотабиий алдамчи ҳаракатни амалга оширишга уринса, ҳакам барчасини спортга тўғри келмайдиган иллат сифатида баҳолайди. Бу рефери томонидан соф иккиюзламачилик, холос.

- Бундай ҳакамларни кўришга кўзим йўқ. Неймар шундай фантастик қобилиятга эгалиги учун айбдор эмас-ку.

- Неймарнинг ҳалигача шундай ўлик лигада ўйнашига тўғри келмоқда. Унга ачинаман.

- Футболчига сочлари ранги туфайли сариқ карточка берилди. Ҳаммаси тушунарли...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz