Қайднома

Қидирув

Можаро нечоғли жиддий

Можаро нечоғли жиддий

  14.02.2020 07:37
  0
  252
Можаро нечоғли жиддий

Охирги кунларда Лионель Мессининг «Барселона»дан кетиши ҳақидаги хабарлар кўпайганидан кўпайди. Бунга Лео ва клуб техник директори Эрик Абидаль ўртасида юзага келган можаро сабабдир. Умуман, аргентиналик юлдузга клуб раҳбариятининг позицияси ёқмаётган экан. Айтишларича, у бош мураббий курсисида эски қадрдони Хавини кўрмоқчи...

Ҳаммаси Месси «Инстаграм»да «Барселона» техник директори Эрик Абидалнинг бош мураббий Эрнесто Вальверде истеъфоси юзасидан берган баёнотига муносабат билдиришидан бошланди. Ўзи Лионель медиа оламида камдан-кам ҳолда, очиқ «уруш» очади. Абидалнинг ўша баёнотига келсак, у футболчиларни талаб даражасида ишламаганликда айблаганди: «Ўйинларни кузатаман, албатта. Лекин биринчи навбатда, натижага эмас, балки унинг қандай юзага келишига қарайман. Яъни тактика ва футболчиларнинг ишга ёндашувига эътибор қаратаман. Оддий айтганда, бирор майда жиҳатни ҳам назардан қочирмасликка ҳаракат қиламан. Хулосам шуки, кўплаб ўйинчилар мураббийдан нафақат норози эдилар, балки талаб даражасида ҳам ишламадилар. Яна жамоанинг ички муҳитида ҳам муаммолар борлиги сезилди. Яъни мураббий ва футболчилар ўртасидаги муносабат яхши эмасди. Шунингдек, яна баъзи ҳолатлар борки, уларни собиқ футболчи сифатида ҳис қиламан. Барчасини назарда тутиб, клуб раҳбариятига тезроқ қарор чиқариш лозимлигини айтдим».

Месси эса бу баёнотни яхши қабул қилмади. «Тўғрисини айтганда, аслида бундай масалалар билан шуғулланишни ёқтирмайман. Лекин ўйлашимча, ҳар ким ўз вазифаси ва қарорларига жавоб бериши керак. Футболчилар майдонда юз бераётган воқаларга жавобгар саналишади ва ишимиз юришмаса, буни дарҳол ўзимиз сезамиз. Ходимлар, масъул кишилар эса спорт масалалари билан шуғулланиш баробарида қабул қилган қарорлари оқибатига жавоб беришлари керак. Бордию, кимгадир эътирозлари бўлса, аниқ номларни айтишсин. Акс ҳолда, айблов ҳаммага тегишли бўлади - унга дахлдор ва дахли йўқларга... Шуниси ёқмаяпти», - деб ёзди Месси.
***
Айтганча, «Барса» ҳужумчиси Лионель Месси бир ойда 8,3 миллион евро топмоқда. Бу унинг жаҳонда энг кўп маош олувчи футболчи эканлигини англатади. L~Equipe эълон қилган рейтингнинг иккинчи поғонасида «Ювентус» аъзоси Криштиану Роналду қайд этилди. Португалиялик бир ойда 4,5 миллион евро олади. Кучли учликка Неймар (3 миллион евро) якун ясади.

Мураббийлар рўйхатида эса биринчи ўрин 49 ёшли Диего Симеонега тегишли. «Атлетико» устози йилига 43,6 миллион евро топади. «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиоланинг йиллик улуши 23,28 миллионга тенг ва у иккинчи ўринда. Кейинги ўринларда Юрген Клопп («Ливерпуль», 17,52 миллион), Жозе Моуриньо («Тоттенхэм», 17,52 миллион) ва Зайниддин Зидан («Реал»,16,8 миллион) боришмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz