Қайднома

Қидирув

Жулио Сезар Бангладеш сафари ҳақида...

Жулио Сезар Бангладеш сафари ҳақида...

  15.02.2020 03:20
  0
  396
Жулио Сезар Бангладеш сафари ҳақида...

Бразилиялик машҳур собиқ дарвозабон Жулио Сезар яқинда ФИФА афсонаси мақомида Бангладешга сафар уюштирди ва ортга кучли таассуротлар билан қайтди: «Жойларда футбол кучини кўриш жуда ёқимли». Собиқ кипер сафар давомида Бангладеш футболидаги истиқболли ёш ўйинчилар билан учрашди, турли тадбирларда қатнашди ва кўрганларидан хулоса сифатида Осиёда 1-рақамли спорт турининг тараққиёти сезиларли эканлигини алоҳида таъкидлади. Маълумот ўрнида айтиш керак, Сезар нақ 20 йилга чўзилган профессионал фаолияти давомида 5та мамлакатда яшаган, жуда кўплаб юртларда бўлган. Мана, Сезар кўрган мамлакатлар қаторига Бангладеш ҳам қўшилди. Собиқ дарвозабон Жанубий Осиёнинг футболи унча ривожланмаган ушбу мамлакатида Bangabandhu «Олтин кубоги» турнири ярим финал ўйинини бевосита стадионда кузатди, майдонга тушиб, маҳаллий клублар ҳамда аёллар жамоалари дарвозабонларига мастер-сабоқ ҳам ўтказди. Сезар якунда fifa.com сайтига интервью бериб, Бангладеш сафари таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Жулио, Бангладешга сафар чоғи биринчи навбатда, айнан нимадан ҳайратландингиз?

- Тўғриси, келишдан олдин одамлар футболга шу қадар ошуфта эканликларини хаёлимга ҳам келтирмагандим! Мамлакатда футболни жуда яхши кўришлари яққол сезилди. Барчаси худди Бразилия ва Аргентинадаги фанатлик даражасида! Афсуски, Даккада кўп қололмадим, лекин қисқа вақтда шаҳардаги фаол ҳаёт тарзини яққол ҳис қилдим. Бундан ташқари, йўналиш кучли таассурот қолдирди, шубҳасиз. Қисқаси, гўзал саёҳат.

- Сафар давомида мамлакат футбол федерацияси президенти Қози Салоҳуддин билан ҳам учрашдингиз.

- Ўзаро суҳбатимиз узоқ давом этмади. У мендан мамлакат миллий жамоаси футболчиларининг жисмоний ҳолатини қандай яхшилаш ҳақида маслаҳат сўради. Ўз навбатида, унга футбол билан шуғулланаётганларга кўпроқ сармоя ажратиш кераклигини айтдим. Жумладан, ишга савияси баланд мураббийларни жалб этиш зарурлигини таъкидладим. Бунинг учун аввало, мураббийлар талаб даражасида таълим олишлари керак. Оддий айтганда, уларни ўқитадиган кучли мутахассисларни чақириш муҳим.

- Бангладешда яна мамлакатнинг турли ёш тоифасидаги жамоалари, хусусан, аёллар термаси вакиллари билан ҳам кўришдингиз, уларга маш­ғулот ўтадингиз. Бангладешлик ўйин­чилар иқтидори ва иштиёқига қандай баҳо берасиз?

- Жойларда футбол кучини яққол кўриш жуда ёқимли. Болалар қайси мамлакатда яшашларидан қатъий назар, келажакда профессионал футболчи сифатида ном қозонишни орзу қилишади - миллионлар ўйинининг сеҳри ва кучи шу. Жумладан, бу ерда футбол билан шуғулланаётган кўплаб қизларни кўриб, роса қувондим. Зеро, айни пайт бутун дунёда аёллар футболига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

- Тушунарлики, ёшлар сиздан янада яхшироқ ўйнаш учун қайси жиҳатларга кучлироқ ёндашиш хусусида сўрашган ва ниманидир ўрганишган. Қизиқ, ёшлар билан учрашувдан ўзингиз нима олдингиз?

- Нафақат болалар, балки катта ёшли кишилар ҳам ҳар кунлик қийинчилик ва муаммоларга қарамай, қувноқ ҳаёт тарзига амал қилишларини айтишди. Бу ибратли ҳолат. Умуман олганда, сафар давомида қаерга борсам, мени юзда самимий табассум билан қарши олишди. Ажойиб дарс!

- Миллий федерация ташаббуси билан клублар дарвозабонларига мастер-сабоқ кўрсатдингиз. Бангладешлик киперлар қайси жиҳатларни яхшилашлари керак?

- Ўйлайманки, қисқа машғулотларимиз жуда фойдали бўлди. Бунда асосан дарвозабон ўйин давомида тушадиган турли ҳолатлар, хусусан, эътиборни жамлаш устида ишладик - энг муҳими шу.

- Умрингизни футболга бағишлашда давом этяпсиз. Янги роль - FIFA Legends мақоми ёқяптими? Халқаро фаолиятга боғлиқ қайси юмуш барчасидан маъқул бўлмоқда?

- FIFA Legends дастурининг бир қисмига айланиш - катта шараф. Биринчидан, бу роль менга айрим собиқ жамоа­дошларим билан узилиб қолган алоқаларни қайта тиклаш имкониятини яратяпти. Иккинчидан, энди тараққиятга юзланган мамлакатларда футбол ўрнини мустаҳкамлашда ФИФАга ёрдам бериш жуда қизиқарли. Бинобарин, Осиё ва Африкада футболни мутлақо янги даражага кўтариш учун катта потенциал мавжуд. Агар тараққиёт сари озгина туртки берилса, кутилган натижага эришилади, албатта.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz