Қайднома

Қидирув

Ҳимоячи қиёфасидаги ҳужумчи

Ҳимоячи қиёфасидаги ҳужумчи

  15.02.2020 09:04
  0
  437
Ҳимоячи қиёфасидаги ҳужумчи

Яқин келажакда «Милан» ўзининг бой берилган нуфузини қайтариб олиши тахмин қилинмоқда. Йўқ, бунинг асосий сабабчиси Златан Ибрагимович эмас, агар сиз шундай фикрда бўлсангиз, янглишасиз. Жамоадаги ижобий ўзгаришларни Тео Эрнандес номи билан боғлашмоқда. Албатта, буни вақт кўрсатади. Лекин жамоа ҳозир ёрқин бўлмаган даврини бошдан кечирмоқда, десак вазиятдан устомонлик билан чиқиб кетган бўламиз. «Милан» ҳозирда давомли инқирозда, тез орада «гранд» мақоми жамоа учун ўтмишга айланиши мумкин. Футбол тарихида бундай мисоллар кўп.

Берлускони кетганидан кейин юз берган кўргуликлар сабаблари ҳам етарли. Бироқ уларнинг ҳар қайсиси айсберг чўққиларидан бири. Тўхтовсиз равишда юзага келаётган муаммолар худди шу тарзда янги жумбоқларни кўндаланг қўймоқда. Унинг қуршовидан чиқиб кетиш эса жуда қийин. Златан қудратли. «Милан» сурункали хасталикдан фориғ бўлишга яқин. Афтидан, ниҳоят, жамоа ўз орзусидаги ҳужумчига эга бўлгандек. Сўнгги йилларда таркибда шундай ўзгаришлар рўй бердики, аввалги «Милан»дан фақат номнинг ўзи қолди. Янги соҳиблар «россонерлар» афсоналарини бошқарувга жалб этган ҳолда вазиятни ўнглашга уриниб кўришди, аммо ҳанузгача қониқарли натижага эришилгани йўқ. Агар уни дон Сильвио даврига таққосласак, тафовут - ер билан осмон қадар.

Шу боис, 2017 йилдан ҳозиргача 500 млн. евро сарфланганига ишониш қийин. Ҳатто харидларнинг муайян қисми муваффақиятли дейишга арзимаса ҳам. Шов-шувли трансферлар сифатида баҳоланган Бонуччи ва Игуаин ҳам умуман ишончни оқламадилар. Ёрқин ўйинчиларни соғинган мухлислар орзулари орзулигича қолмоқда. Шу сабабли клубнинг аввалги ва ҳозирги раҳбариятини ҳатто футболга алоқаси бўлмаган кишилар ҳам уқувсизликда айбламоқдалар.

Бироқ аллақачон ёрқинлигини йўқотишга улгурган қизил-қора ранглар орасида айрим оқ доғлар ҳам йўқ эмас. Ўтган йилнинг ёзида Мальдини ва Бобан жамоага ҳозирнинг ўзида «топ» унвонига лойиқ бўлган футболчини олиб келишди. Бу - чап қанот ҳимоячиси Тео Эрнандес.

22 ёшли француз аслида «Реал»га тегишли бўлиб, ўтган мавсумни «Реал Сосьедад»да ўтказди. Хабарларга кўра, мазкур трансферни «Милан» Паоло Мальдини даъватига биноан амалга оширди. Якунда Тео 20 млн. эвазига «россонерлар» таркибига ўтди. Дастлабки ярим йилда футболчи трансфер баҳосининг ўйин сифатига нисбати миланликлар учун манфаатли кўринган бўлса, ҳозир нарх тахминан икки бараварга ошиб кетди.

«Милан» ҳанузгача (айниқса, 1-даврада) барқарорликка эриша олмаган бўлсада, ўз вазифасини аъло даражада бажараётган ўйинчилардан бири айнан Тео Эрнандесдир. Яъни, жамоа­нинг умумий савиясидан қатъий назар, у доимо юксак савияда тўп сурмоқда. Навқирон футболчи учун бу - етакчиликдан дарак берувчи бебаҳо фазилат.

Дебютантнинг ҳимоя чизиғидаги ишончли ҳаракатлари ўз-ўзидан тушунарли: кучли, тезкор, тиришқоқ ва ён бермайдиган. У тўпни рақибдан тортиб олиш бўйича 1,7, узатилган тўпларни илиб олишда эса 1,3 коэффициентни қайд этмоқда. Рисоладагидек кўрсаткич, лекин лигадаги энг юқори натижа эмас.

Тинимсиз ҳаракатлари эвазига улкан ҳажмда иш бажараётган ҳимоячи ярим ҳимоя ва ҳужум чизиқларидаги жамоадошлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу тариқа Тео қанотнинг фаоллигини оширади. Унинг асосий ва шубҳага ўрин қолдирмайдиган «кўзир»и ҳам ҳужумкорлик салоҳияти. Италияда у 2 «ассист» ва 6 голни («А» серияда - 5, кубокда - 1) ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Қанот ҳимоячилари ўртасида бу клуб тарихидаги рекорд натижа! Дебют мавсумида, албатта. Бундан ташқари, Тео жамоанинг пенальтилар ижрочиси бўлмаган ҳолда, энг яхши тўпурари бўлиб турибди.

Футболчининг жамоадаги ўрнини белгилаб берадиган муҳим мезон - унинг ўйинга ва натижага кўрсатган таъсири. Бу нуқтаи назардан қараганда, Тео - «Милан»да тенгсиз! Агар таркибни Эрнандессиз тасаввур қиладиган бўлсак, Стефано Пиоли нафақат ўзининг энг зарбдор кучидан, балки жамоа «мотори»дан ҳам жудо бўлганига гувоҳ бўламиз. Ҳимоячининг иш қобилияти чиндан ҳам ҳайратланарли.

Эрнандеснинг яна бир устун жиҳати - ташаббусни ўз зиммасига олиши. Унинг фаоллиги эвазига «Милан»нинг имкониятлари янада ортади. Тўғри, баъзан у ҳам ҳужумга берилиб кетиши оқибатида айрим хатоларга йўл қўяди. Бироқ нима бўлганда ҳам, ўзига хос услубга эга ҳимоячи жамоа манфаати учун самарали тўп сурмоқда, жамоадошларини голли вазиятларга олиб чиққан ҳолда дарвозани ишғол этишни ҳам унутмаяпти.

Айни пайт Тео «А» серияда ўз позициясининг энг яхши вакили бўлмаслиги мумкин, лекин саралар қаторида эканлиги аниқ. Сермаҳсуллиги эса юксак савиядан далолат. Хуллас, «россонерлар»нинг чап қаноти анчадан бери бундай моҳир ҳимоячини кўрмаётганди. Навқирон французнинг нуфузи тобора ошиб боришига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Ким билади дейсиз, Теонинг келишига сабабчи бўлган Мальдини балки ҳозир ўз ёшлигини қайта кўраётгандир. Факт шуки, ҳозирда Эрнандес Италия чемпионатининг энг ёрқин вакилларидан бири. Жамоа ўз савиясини кўтара олган тақдирда ҳимоячи янада сермаҳсул ўйинни намойиш этиши аниқ.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz