Қайднома

Қидирув

Крауч – Клоп суҳбати

Крауч – Клоп суҳбати

  17.02.2020 05:37
  0
  681
Крауч – Клоп суҳбати

АПЛда чемпионлик масаласини мағлубиятга учрамасдан ҳал қилиш йўлида дадил одимлаётган «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп - ҳар ким учун яхши суҳбатдош. Мана, германиялик эҳтиросли мутахассис клубнинг собиқ ҳужумчиси, Питер Крауч илтимосига кўра, BT Sport наш­рига чиройли интервью берди. Ўйлаймизки, кечагина майдонда голлар уриб, робот рақсини намойиш этиб юрган Краучнинг «Ливерпуль» устозига қандай саволлар берганию, уларга нечоғли жавоб олгани кўпчиликни қизиқтирса керак.

- «Ливерпуль» базасига қайтиш мен учун ҳамиша ёқимли. Охирги марта бу хонага кирганимда, мени Рафа (Рафаэль Бенитес) қарши олганди. Энди ҳаммаси анча ўзгариб кетибди. Сиз эса ғалабали серия билан барчани ҳайрат кўчасига етаклаяпсиз. Ҳа, «Энфилд» ҳақиқий қалъага айланиб бормоқда. Айтингчи, ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш учун футболчиларда жанговар руҳни қандай сақлаб турибсиз?

- Очиғини айтсам, буни қандай уддалаётганимни ўзим ҳам билмайман. Демоқчиманки, ғолибона юришимиз замирида қандайдир ўйлаб топилган ва йигитларга махсус кўрсатилган режанинг ўзи йўқ. Жамоамга тинимсиз машғулотлар, футболчилар ўртасидаги дўстона алоқа, ички муҳит ва албатта, стадионнинг қайноқ ҳолати ёрдам бермоқда. Агар сиз шу омилларни жамласангиз, ажойиб жамоага эга бўласиз, шубҳасиз.

- Тушунарлики, ҳозир жамоада мутлақо хотиржамлик ҳукмрон. Тўғрисини айтинг, АПЛда қаторасига 3 мавсум ғолиб чиқиш миссиясини уддалай олмаганингиз туфайли озгина бўлсада, босимни ҳис қилмаяпсизми?

-  Йўқ, асло. Умуман, ҳеч қачон босимни яққол сезмаганман. Зеро, биз учун чемпионлик рутбасини қўлга киритадиган давр келишини билардим. Бошиданоқ буни англаган ҳолда ҳаракат қилганмиз. Дейлик, клубимиз билан шартнома тузган барча футболчилар ҳам келажакда чемпионлик тахтига кўтарилишимизга ишонишган. Ҳаммамиз жамоа мухлислари орзусини рўёбга чиқариш ҳаракатидамиз. Биласиз, биздан олдин не-не буюк футболчилар ва мураббийлар чемпионликка эришишга уринишган, аммо бунга етишолмаганлар. Шунга қарамай, улар қалблардан афсона сифатида жой олишди. Футболда ҳар бир мураббий ва футболчи чемпион бўлиш орзусида яшайди, шунга яраша ҳаракат қилишган, бироқ натижа ҳамиша ҳам чиқавермайди. Энг асосий факт шуки, «Ливерпуль» мухлислари ҳар қандай ҳолатда ҳам, жамоа меҳнатини юқори баҳолашади.

- Вақтида «Ливерпуль» сафида кетма-кет 18та ўйинда гол уролмаганман. Ўша вақт мухлисларга қарасам, улар мени ўлдириб қўйишга ҳам тайёрдек кўринишарди, гўё. Ҳар ҳолда, вужудимни шундай туйғу чул­ғаб оларди. Лекин амалда омадсизликларимга қарамай, клуб менга ишониб, таркибда олиб қолганди.

- Очиқ гапираман, агар менинг жамоамда ўйнаганингда, зинҳор 18та ўйинда гол уролмаслигингга имкон қолдирмасдим.

- Ўйлашимча, аллақачон «Ливерпуль» афсоналари қаторидан жой олишга улгурдингиз. АПЛнинг олтин медали эса янги даражага кўтарилишингизни таъминлайди. Шундайми?

- Нима дейишга ҳайронман. Аслида ғалаба қозонганимизда, унча қувонмайман. Фақат енгил тортганимни ҳис этаман, холос. Лекин мени мақташса, ўз-ўзидан ғалати ҳолатга тушаман. Яхшиси, мени мақтаманглар...

- Сир бўлмаса, совринларингизни қаерда сақлайсиз?

- Совринларни сақлашнинг энг яхши йўли - уларни уйга худди китоб­лар каби териб қўйиш. Ҳар ҳолда, бир қаторда турган совринлар менга ўзгача завқ бағишлайди. Шу йўсинда улардан қандайдир наф чиқариш мумкин. Аслида эса совринни қўлга киритишингиз билан у ўз кучини йўқотади.

- Бугунги «Ливерпуль» сиз бошқарган жамоалар ичидаги энг кучлисимикан?

- Ўзим ишлаган жамоаларни бир-бирига таққослашни ёқтирмайман. Сабаби, уларнинг ҳар бирига меҳр берганман, барчасини бирдек яхши кўрганман. Жамоаларимнинг барчаси тараққиёт бобида олдинга катта қадам ташлагани қувонарли ва бу фахр уйғотади. Жумладан, қўл остимда тўп сурган аксарият футболчилар ўйинида ҳам кескин ўсиш кузатилгани рост. Масалан, Мане ҳозир умуман бошқа савиядаги футболчи. Трент-Александер ва Робертсон ҳақида ҳам шундай дейишга ҳақлиман.

Кўз олдингизда гавдаланаётган ҳозирги «Ливерпуль» - узоқ муддат олиб борилган катта ҳажмдаги меҳнат маҳсули. Соддароқ ифода этсам, ихтиёримдаги барча футболчиларда зарур тажриба ва иқтидор бор эди. Энди улар бу тажриба ва иқтидордан мукаммал тарзда ўсиш ва майдонда ўзларини янада яхши ҳис этиш учун фойдаланишмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz