Қайднома

Қидирув

Одион Игало: «Қишлоқдошларим энди «МЮ»га мухлислик қилишади»

Одион Игало: «Қишлоқдошларим энди «МЮ»га мухлислик қилишади»

  18.02.2020 13:29
  0
  192
Одион Игало: «Қишлоқдошларим энди «МЮ»га мухлислик қилишади»

Нигериялик тажрибали ҳужумчи Одион Игало ўтган мавсумни Хитойнинг «Шанхай Шенхуа» клубида ўтказганди. 31 январь куни у Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоасига ўтди ва Премьер-лиганинг 2019|2020 йиллар мавсуми якунига қадар «қизил иблислар» таркибида ижара асосида ўйнайдиган бўлди. Шу муносабат билан Одион Игало «МЮ» расмий сайти учун интервью берди.

- «Манчестер Юнайтед» таркибига қўшилиш сиз учун қандай аҳамият касб этади?

- Жуда бахтиёрман! Бу менинг орзум эди. Кўплаб футболчиларнинг шундай сўзларни айтишга одатланганликларини биламан. Аммо бу менга хос нарса эмас. Чиндан ҳам болалигимдан «Манчестер Юнайтед»га мухлислик қиламан. Нигерия термаси ва «Уотфорд» клубида мени яхши танийдиганлар «қизил иблислар»га меҳрим ўзгача эканлигини билишади. Англия Премьер-лигасида тўп сурганимда, «МЮ»ни ўз жамоамдек ҳис этганман. Буларнинг барчаси амалга ошганлигидан мамнунман. Ушбу жамоадаги дебютимни сабрсизлик билан кутяпман!

- «МЮ»га нима учун меҳр қўйгансиз? Ўйин услубигами ёки сизда ўзгача таассурот қолдирган алоҳида учрашув ёки футболчи борми?

- Нигерияда, одатда, телевизор орқали Премьер-лига баҳсларини томоша қилардик. Ўшанда манкунианликлар сафида Энди Коул ва Дуайт Йорк ўйнашарди, айнан уларнинг ўйинлари учун ҳам кўпчилик «МЮ»га ишқибозлик қиларди. Жумладан, менда ҳам ўша даврдан бошлаб аста-секин «қизил иблислар»га мухлислик шаклланган. Ака-ука ва опа-сингилларим ҳам «Юнайтед» ишқибози. Қачонлардир манкунианликлар сафидан жой олишим борасида ҳаттоки, ўйлаб ҳам кўрмагандим. Лекин орзулар албатта амалга ошаркан! «МЮ»да ўйнаш футболчилик фаолиятимдаги энг ёрқин лаҳзалар бўлиб қолади.

- Ушбу трансфер сўнгги паллада амалга ошди...

- Умуман, бу келишув бутун бошли драмани эслатиб юборди. Трансфер ойнаси ёпилишига бир кун қолганида агентим қўнғироқ қилди. Унга «МЮ» таркибига қўшилсам, бахтиёр бўлишимни таъкидладим. Бошқа клублар ҳам менга қизиқиш билдиришди, аммо агентимга имкон қадар фақат «қизил иблислар» билан музокара олиб бориши кераклигини уқтирдим. Ўша куни кечки соат 23:00да агентим қўнғироқ қилиб, «МЮ» битимни амалга оширишни истаётганлигини маълум қилди. Шу заҳоти таржимон излашга тушдим. Сўнгра «Шанхай Шенхуа» клуби директорига вазиятни тушунтирдим, буни агентим билан муҳокама қилишларини айтдим, ушбу трансферни амалга оширишда ёрдам беришларини сўрадим. Якунда улар бу билан шуғулланадиган бўлишди. Ўша тун умуман ухламадим. Боиси, Шанхай вақти билан тонгги соат 7:00да Англияда трансфер ойнаси ёпиларди. Шунинг учун кечки соат 23:00дан бошлаб музокара олиб борилди. Бошқа жамоалардан ҳам таклиф олгандим, аммо агентимга «МЮ»да ўйнамоқчилигимни билдирдим. У эса «қизил иблислар» сафига қўшиладиган бўлсам, оз маошга қаноат қилишим лозимлигини уқтирди. Шунда унинг сўзини кесиб: «Менга барибир! Ушбу битимни амалга ошир! Ойлигимнинг қанчалиги мени хавотирга солмайди, шунчаки, трансфер амалга ошса, бас!», дедим. Шанхай вақти билан тонгги соат 5:00да агентим «Шанхай Шенхуа» директори билан келишиб, ҳужжатларимни «МЮ» вакилларига жўнатди. Уларнинг барча ҳужжатлар жойида эканликларини тасдиқлашлари қолганди, холос. Шундай бўлди ва трансфер амалга ошди. Бундан беҳад хурсанд бўлдим. Мазкур янгиликни айтиш учун онамга қўнғироқ қилдим, у эса суюнганидан йиғлаб юборди, чунки «МЮ»да ўйнаш орзум эканлигини биларди ва унинг рўёбга чиққанлигидан жуда хурсанд бўлди. Ушбу янгилик ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунё бўйлаб тарқалганидан сўнг, уяли телефоним қўнғироқларга тўлиб кетди. Ахир ҳамма менинг «Манчестер Юнайтед» мухлиси эканлигимни биларди-да! Мазкур трансфер шундай драматик тарзда амалга ошди. Албатта, ўша тун ухлай олмадим, чунки бахтиёр эдим.

- Манкунианликлар таркибида жорий мавсум якунига қадар ўйнайсиз. Ушбу давр ичида қандай муваффақиятга эришишни хоҳлайсиз?

- Жамоа билан бирга астойдил меҳнат қиламан, «МЮ» жорий мавсумни турнир жадвалининг юқори поғонасида якунлаши учун барча имкониятимни ишга соламан. Албатта, турнир жадвалига назар солдим ва жамоамиз мавсумни ҳозиргидан кўра юқорироқ ўринда якунлашини хоҳлайман. «Манчестер Юнайтед»нинг ўз номига эга клуб эканлигини биламан, у ҳамиша юксак поғоналардан ўрин олиши лозим, деб ҳисоблайман. Тўғри, айни пайт ишлар кўнгилдагидек кечмаяпти.

- 25-рақамни танлабсиз. Олдин у «МЮ» шарафини жуда яхши ҳимоя қилган Антонио Валенсияга тегишли эди. Мазкур танловни қандай изоҳлайсиз?

- Менга 25 ва 19-рақамлар мос эди. Боиси, «Уотфорд»да тўп сурганимда «24» остида ўйнаганман. Бироқ у «МЮ»да банд экан. «Шанхай Шенхуа»да «9»ни танлагандим, лекин ўша пайт у бошқа футболчига тегишли эди. Шунга қарамай, истисно тариқасида ўша рақамни менга беришганди. Манчестерга келгач, шунчаки, 24га 1ни қўшдим ва «25»ни маъқул кўрдим.

- «МЮ» шарафини ҳимоя қилган биринчи африкалик футболчи Квинтон Форчун ҳам шу рақамда ўйнаганди. Балки бу омил ҳам қарор қабул қилишингизда роль ўйнагандир?

- Ҳа, албатта, у маҳоратли футболчи эди ва Форчуннинг ушбу рақам остида тўп сурганлигини яхши эслайман. Майли, ўзим истаган рақамни ололмагандирман, аммо «25» ҳам чиройли.

- «Манчестер Юнайтед»даги илк нигериялик футболчисиз. Бундан фахрланасизми?

- Албатта, ғурурланаман. Танишларим ҳамон «СМС» хабарлар жўнатиб, манкунианликлар сафига қўшилганим муҳим воқеа эканлиги, «МЮ» сафида ўйнайдиган биринчи нигериялик футболчи бўлишимни таъкидлашда давом этишмоқда. Уларнинг айтишларича, буни ҳозир эмас, фаолиятим якунлангандагина тушунар эканман. Айни пайт кўплаб ҳиссиётларни бошдан кечиряпман. Шу боис, бу ҳақда кўп ўйламаяпман. Айни пайтдаги ниятим - тезроқ майдонга тушиб, жамоага ёрдам бериш.

- Оила аъзоларингиз ва дўстларингиз «МЮ»га ўтишингизни қандай қабул қилишди?

- Сўнгги кунларда барча шу ҳақда гапирмоқда. Мен туғилиб-ўсган кўчада эса бунинг шарафига одамлар базм уюштиришмоқда. Улар ҳаттоки, ўша базмнинг видеолавҳасини менга жўнатишди ҳам. Бу эса мени қувонтирди. Улар қувончдан еттинчи осмонда учишмоқда, чунки аксарияти «МЮ»га мухлислик қилишади-да! Тўғри, Англия Премьер-лигасининг бошқа клублари ихлосмандлари ҳам бор эди, лекин мен туфайли улар энди «қизил иблислар» ишқибозига айланишади. Мен эса бундан жуда хурсандман!

- «МЮ» ҳужумчилари - Маркус Рэшфорд, Антони Мартиаль ҳамда албатта, Мэйсон Гринвуд билан бирга майдонга тушишга ошиқаётгандирсиз?

- Албатта. Улар аъло даражадаги ўйинчилар. Гринвуд - жуда яхши ўйнайди, боз устига, ҳали ёш. Унинг иштирокидаги ўйинларни кўрдим, чап оёғида маҳорат билан ўйнашига гувоҳ бўлдим. Мартиаль тўп билан хоҳлаган усулда муомала қила олади. Шунингдек, техникаси ҳам аъло даражада. Рэшфорд эса айни пайт Европанинг энг яхши футболчилардан бири. У жорий мавсум жуда ёрқин ўйин намойиш этмоқда: голлар урмоқда, яхши техникага эга ва жуда тезкор. Афсуски, Маркус айни пайт жароҳат олиб, сафдан чиққан. Лекин тезроқ у билан бирга ўйнагим келяпти. Ушбу йигитлар ҳамроҳлигида тўп суриш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Таркибда шундай ҳужумчиларнинг борлиги - жамоа учун катта ютуқ. Биз барчамиз бирлашиб, мавсумни муносиб равишда якунлашга ҳаракат қиламиз.

- Кўплаб мухлислар «Уотфорд» клуби, шунингдек, Италия ва Хитой жамоаларида намойиш этган ёрқин ўйинларингизга гувоҳ бўлишган. Аммо майдондаги ҳаракатларингизни кўрмаганлар ҳам бор. Уларга ўзингиз ҳақингизда нима дея оласиз?

- Ўзим ҳақимда кўп гапиришга ҳожат йўқ. Тезкорман, яхши техникага эгаман, жисмоний жиҳатдан кучлиман. Техникам сабабли майдондаги тор ҳудуддан ҳам имконият топиб, чиқиб кетишим мумкин. Ўйинга қўшилсам, жамоага қўлдан келганича ёрдам бериш пайида бўламан.

- Турли сифатларни олиб қарайдиган бўлсак, ҳужум чизиғида қандай ёрдамингиз тегиши мумкин? Албатта, жисмоний ҳолатингиз ва «МЮ»га меҳрингиз ўзгачалигини таъкидладингиз. Аммо жамоага қандай янгилик олиб кира оласиз?

- Менимча, марказдан жой олиш борасида тажрибали эканлигимга тўхталсам бўлади. Мартиаль ва Рэшфорд қанотлардан ҳужум уюштиришда кучлилар. Аммо марказда тўпни ушлаб тура оладиган футболчи ҳам керак-ку! «Қизил иблислар» иштирокидаги кўплаб баҳсларни томоша қилдим ва тўпни ўзида сақлаб, ҳужумни ташкил эта оладиган жисмоний жиҳатдан кучли бўлган ҳужумчи керак, деган фикрга келдим. Барчаси кўнгилдагидек кечса, ушбу вазифани бажара олишимга ишонаман.

- «Уотфорд» клубида Трой Дини билан биргаликда ҳужумда яхши тандем ҳосил қилгандинглар. Сизга майдонда шерик билан ўйнаш ёқадими ёки ягона ҳужумчи сифатида тўп суришми?

- Шу кунгача кўплаб позиция­ларда ўйнашимга тўғри келган. Икки нафар ҳужумчи билан тўп суриш яхши. Дини билан бир-биримизни жуда яхши тушунардик, Чемпионшипдан бошланган йўлни биргаликда босиб ўтгандик. «Шанхай Шенхуа»да эса, худди терма жамоада бўлгани сингари, ягона ҳужумчи сифатида майдонда ҳаракатланардим. Буларнинг барчаси мураббийнинг футболчиларни майдонда қандай жойлаштиришига боғлиқ. Ҳар икки вариант ҳам мени қониқтиради.

- «Манчестер Юнайтед»нинг Хитойда ҳам машҳурлигини биламиз. У ерда жамоанинг ўйинларини кузатишда давом этдингизми?

- Бўлмасам-чи! Мен мулоқот қилган таржимонлар, шунингдек, оддий инсонлар олдимга келиб, манкунианликларга мухлислик қилишлари, ушбу жамоада яхши тўп суришим лозимлигини таъкидлашди. Уларга хавотир олмасликларини, шунга ҳаракат қилишимни уқтирдим.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz