Қайднома

Қидирув

Оқланаётган ишонч ёхуд Эдегор «Реал» даражасига яқинлашди

Оқланаётган ишонч ёхуд Эдегор «Реал» даражасига яқинлашди

  18.02.2020 15:16
  0
  192
Оқланаётган ишонч ёхуд Эдегор «Реал» даражасига яқинлашди

2014 йил ўрталарида футбол олами Норвегияда 15 ёшли вундеркинд Мартин Эдегор борлигидан хабар топди. «Стремсгодсет»нинг катталар жамоасида ўйнаган йигитча ёши катта рақибларини бирма-бир алдаб ўтарди. Ушбу футболчига Европанинг кўплаб клубларидан қизиқишлар борлиги айтилди, Мартин эса бўлажак юлдуз сифатида грандлар таркибига экскурсия уюштирди: «Ливерпуль», «Реал», «Аякс», «Бавария» ва «Манчестер Юнайтед» каби жамоаларда кўрикдан ўтди. 2015 йилнинг январида турфа вариантлар орасидан бирини танлаб, «Реал» сафига қўшилди ва кейинчалик асосий вақтини ижарада ўтказди. Айни пайт Эдегор «Қироллик клуби»га қайтишга тайёрдек, чунки яқинда ўтказилган Қирол кубогида «Реал Сосьедад»да тўп сураётган норвегиялик «Реал» дарвозасини ишғол қилиб, уни нишонламади. Умуман, ўйин пайти кўплаб самарали ҳаракатларни амалга оширди. Мартин эндигина 21га тўлди - ҳамон навқирон, лекин беш йил аввалгидан фарқли равишда, гранд жамоада ўйнашга тайёр. Афтидан, кейинги мавсум Лука Модричнинг ўрнини ким тўлдириши аниқдек. 2014 йили Эдегорнинг ёрқин келажагини тахмин қилган эксперт ва профессионаллар эса адашмаган эканлар. Ўшандан буён то ҳозиргача янграган фикрлар билан танишсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

2014 йил

Пер-Матиас Хегмо (Норвегия термаси бош мураббийи. 15 ёшли Эдегорнинг термадаги дебюти ҳақида): - Унга клубида ўзига яхши таниш бўлган ролни топширдим. Мартин майдонга тушишидан аввал «Стремсгодсет»да қандай ўйнаган бўлса, шундай ўйнаши кераклигини айтдим. Унинг ўйинини қандай баҳоладим? Ўртачадан юқорироқ.

Франк де Бур («Аякс» бош мураббийи): - Бундай ёш ўйинчи «Реал»да етарли ўйин амалиётига эга бўлолмасди, «асосий»даги имкониятини узоқ кутиши аниқ эди. Аммо Мартин «Аякс»га ўтишни хоҳлаганда, дарҳол биринчи жамоада ўйнаб, ўсишда давом этарди.

Карл-Хайнц Румменигге («Бавария» клуби бошқарув раиси):- Эдегор жуда иқтидорли футболчи. Уни қўлга киритишга уриняпмиз ва бу борадаги имкониятимиз яхши. Аммо Мартин ҳозир «совчиси кўп чиройли келин» кабидир. «Бавария»нинг ушбу масалада омади келади, деган умиддамиз.

2015 йил

Криштиану Роналду (Эдегор «Реал»га ўтганидан кейин): - Бу ёш йигитча кейинчалик ўсишга эришиши мумкин. У эндигина 16га тўлди, келажаги порлоқ. Унга ривожланиши учун вақт беришимиз керак, Эдегорнинг салоҳияти юқорилигини кўриб турибман.

Эмилио Бутрагеньо («Реал» вице-президенти): - Мартинга ҳаммамиз ишоняпмиз. Бу ерда ўзини уйидагидек ҳис этиши учун барчасини қиламиз. У ва оила аъзолари Мадриддаги ҳаётдан мамнун бўлишидан умидвормиз.

Карло Анчелотти («Реал»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи): - Эдегорнинг дарҳол асосий жамоада ўйнашини тасаввур қилиш қийин. У жуда ёш, демакки, сабрли бўлишимиз лозим. Аммо ишончимиз комилки, келгусида Мартин клубимизнинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланади. Мартин - «Реал»нинг келажаги.

Серхи Агуста («Кастилья» сардори): - Мени ташвишлантираётган асосий масала пуллар эмас, аммо Эдегор каби (2 миллион евро) маош олишни хоҳлайман. Клуб ўзидан талаб қилинаётган ишни бажаряпти, биз эса Мартинни илиқ қарши олиб, уни ўйинимизга мослаштиришимиз керак.

Хорхе Вальдано («Реал»нинг собиқ бош директори): - Эдегор бир қарашда ҳам жасур профессионал ва эрта етилган иқтидор сифатида таассурот уйғотмоқда. Умуман, бугунги футбол олами шундай: истеъдодли йигитлардан тезроқ улғайиш талаб этилади.

Златан Ибрагимович (Швеция - Норвегия ўйинидан кейин): - Бу ҳақда гапириш осонмас, аммо унинг отаси барчасини назоратига олган. Биринчи навбатда, Эдегор ўсиши, ке-йин эса мустақил бўлиши даркор. Ўйлашимча, у бизга қарши жуда яхши ўйнади. Асосий эътиборини дарвозани ишғол қилишга қаратди, тўпни йўқотмасликка интилиб, кўп ҳолларда буни уддалади. Бунданда самаралироқ ўйнаши учун Мартинда етарлича вақт бор.

2016 йил

Маттиас Заммер («Бавария» спорт директори): - Албатта, воқеалар ривожини кузатиб боряпмиз. Аммо Эдегорнинг «Реал» билан шарт­нома тузиш қарорини ҳурмат қилишимиз лозим. У ажойиб футболчи, лекин уни сафимизга қўшиб олишга уриниб кўрмадик.

Карло Анчелотти («Реал»дан кетганидан кейин): - Перес норвегиялик футболчини сотиб олса, буни тўғри қабул қилишингиз керак. Президент жамоатчилик эътиборини тортиш мақсадида Эдегорнинг асосий таркиб билан шуғулланишини истади. Балки у дунёнинг энг яхши футболчиси бўлар, менга фарқи йўқ, чунки ҳеч қачон Мартинни сотиб олишни сўрамаганман. Бу шунчаки пиар юриш бўлган.

Зайниддин Зидан: - Яқин келажакда Эдегор билан нима бўлишини билмайман, унинг тақдири келгуси йили ҳал этилади. Мартин 18 ёшда, яхши ишлаяпти, ўзига халақит бераётган омиллардан қутулди. Унда характер борлиги менга ёқди.

2017 йил

2017 йил бошида Мартин 1,5 йиллик ижара шартномаси асосида Нидерландиянинг «Херенвен» клубига йўл олди. Норвегиялик ҳақидаги гап-сўзлар анча тинди, футбол олами Эдегорни диққат марказидан чиқарди. Кимдир уни ёдга олса, атрофда бир савол пайдо бўларди: Мартинга ҳаддан зиёд катта баҳо бериб юборилмадимикан? Ўша йилнинг ўрталарида «Реал» ушбу футболчи билан шартномани узайтириш орқали ёш иқтидор соҳибига ўзига хос тарзда мурожаат қилгандек бўлди: «Ҳаммаси жойида! Шу йўсин давом эт!».

Андре Бергдольмо («Аякс»нинг собиқ футболчиси): - Мартин «Херенвен»га ўтиб тўғри қилди, Голландияда яхши ўйнаяпти, агар янада ривожланишни хоҳласа, «Аякс»ни танлаши лозим. Бир пайтлари у катта пуллар ва машҳур номга учганди, лекин ҳақиқатни тан олайлик: у ҳеч қачон «Реал»да ўйнаб кетолмайди.

Мартин Эдегор: - «Реал»дагилар менинг ўсиш жараёнимдан мамнунлар, ўз ишимни аъло даражада бажараётганимни кўришмоқда. Бу яхши. «Реал»га январда эмас, июнда қайтаман, кейин нима бўлишини кўрамиз. Ўйлашимча, бир неча йиллардан сўнг ўйинимни юқори чўққига кўтара оламан, бинобарин, фаолиятим ҳали олдинда. Мен каби профессионал фаолиятини эрта бошлаганлар кўпинча буни унутиб қўйишади.

2018 йил

Эдегор ўзи айтганидек, июнда «Реал»га қайтди, лекин таркибга муқим жойлаша билмади. 2018 йилнинг ёзида унга Чемпионшип клубларидан таклифлар бўлди, аммо танлов Голландиянинг бошқа бир жамоаси - Леонид Слуцкий бош мураббийлигидаги «Витесс»ни танлади.

Леонид Слуцкий: - Мартин - ўзига хос индигодир. Бу йигитча 15 ёшида ўз мамлакати термасида дебют қилди, 16 ёшида уни Мадрид «Реал»и сотиб олди, ваҳоланки, даъвогарлар рўйхатида жаҳоннинг бошқа кўплаб кучли клублари ҳам бор эди. Шу боис, ҳамма унинг тўпни эгаллаб, 10 кишини алдаб ўтиб, гол уришини кутади. Бутун фаолияти шундай ўтади. Ундан ушбу психологик юкни олиб ташладим. Умуман, унинг ўсишга эришаётганидан хурсандман. Мартиннинг салоҳияти чиндан ҳам юқори. Бутун дун­ёнинг у ҳақидаги эътирофлари ҳақиқат. Бироқ айни пайт Эдегор бу сифатларини ҳар бир ўйинда намойиш этолмайди. Ундан буни кутмайман, чунки бунақаси имконсиз. Голландия лигаси 19 ёшли футболчининг ривожланиши учун ёмон вариант эмас.

2019 йил

Слуцкий қўл остида Эдегор чиндан ҳам янги даражага кўтарилди, лекин шу ҳам «Реал»нинг асосий таркибига кириши учун етарли бўлмади. Аммо «Реал Сосьедад» мазкур ўсишни тўғри баҳолай олди. Мадридликлар норвегиялик футболчи билан шартномани яна бир бор узайтириб, уни Сан-Себастьян клубига жўнатишди - «Мадрид»нинг тўлақонли аъзосига айланиш йўлидаги сўнгги имтиҳон. Ҳозирча Мартин бу синовни муваффақиятли ўтамоқда: Ла Лига даражасида ёмон кўринмаяпти, 2019 йилда Норвегиянинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Иманол Альгвасил («Реал Сосьедад» бош мураббийи): - Эдегорнинг нечоғли яхши ўйинчи эканлигини биламиз. У ёш, ўз навбатида, анча чиниқишга улгурди. Эндиликда қандай йўл тутишдан хабардор. Ла Лигада савияли ўйин кўрсатишга қодир. Жумладан, Мадриднинг «Реал»ида ҳам.

2020 йил

Мартин Эдегор 2020 йил бошида кубок беллашувларида ўзини кўрсатди: «Эспаньол» билан ўйиндаги самарали узатма, «Осасуна»га қарши баҳс­даги гол ва иккита «ассист», ке-йин эса «Сантьяго Бернабеу»даги ғалабали учрашувда киритган тўпи. Ҳа, бу «Реал» учун сўнгги томчи бўлиши керак: Эдегор узоқ саёҳат қилди, уни Мадридга қайтариб, унга жиддий ишларни топшириш вақти етди. Боз устига, «Реал»­нинг ҳамон орзусидаги жамоа эканини айтяпти, кейинги мавсум тўп суриши мумкин бўлган «Қироллик клуби» иштирокидаги барча ўйинларни кузатиб боряпти.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz