Қайднома

Қидирув

Юлдуз футболчиларнинг болалиги ва...

Юлдуз футболчиларнинг болалиги ва...

  19.02.2020 03:03
  0
  611
Юлдуз футболчиларнинг болалиги ва...

Жаҳон футболи юлдузларининг болалиги ҳақида нималар биласиз? Кимдир қашшоқлик ва очликни бошдан кечирган, айримлар эса касаллик ва жиноятчиликка дуч келган. Бугунги мақолада уларнинг ўтмишлари билан боғлиқ бўлган кўпчиликка номаълум фактларга тўхталамиз. Демак, айни пайт АПЛда тўп сураётганлардан бошлаймиз.

Cерхио Агуэро («Манчестер Сити»)

«Манчестер Сити» юлдузи Серхио Агуэро жуда қашшоқ оилада туғилган: онаси Адриана ва отаси Лионель молиявий қийинчиликларни бошдан кечиришган. Серхио икки ёшга тўлганда, оила Буэнос-Айреснинг жанубий қисмига кўчиб ўтиб, янги қўшнилар - жаноб Четти ва унинг оиласи билан танишди. Айнан Хорхе Четти кичкинтой Агуэрога Кун тахаллусини берган. Манба сифатида Серхио болалигида ёқтириб томоша қилган Япония мультсериали - Wanpaku Omukashi Kumu Kumu сабаб бўлган. Кум - мазкур мультфильм бош қаҳрамони яшаган тоғнинг номи. Серхио бу сўзни жуда кўп такрорларди, қўшни Хорхе эса уни бироз ўзгартириб, болакайни ҳар кўрганида, Кун деб чақиришга одатланди.

Давид Сильва («Манчестер Сити»)

Давид болалигидаёқ футболга меҳр қўйган. «Набирам икки ёшлигида ҳовлида картошка ва апельсинларни тепиб юрарди, - дея ҳикоя қилади унинг бувиси Антония. - Шу боис, унга эски-туски кийим бўлакларидан тўп ясаб берардим ва уй ичида бемалол ўйнайверарди». Сильва 8 ёшидан футбол билан шуғуллана бошлади... дарвозабон позициясида. Кейинчалик уни ҳужумга ўтказишди, академиядагилар эса кўзи қисиқроқ бўлгани учун хитойлик деб аташарди. Гап шундаки, онасининг аждодлари япониялик бўлишган. Болакайни «Валенсия» академиясига олишгач, клуб раҳбарияти унинг отасини «Мес­талья» стадионида қўриқчиликка таклиф қилди. Кейинчалик, 11 ёшида, Сильва Мадрид «Реал»ида кўрикдан ўтди, аммо клубдагилар унинг жисмоний имкониятларини паст ҳисоблашди. Бир неча йиллардан кейин «Қироллик клуби» шу футболчи учун 25 млн. евро беришини билдиради, бироқ «Валенсия» Давидни қўйиб юбормайди.

Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль»)

Салоҳ болалигида ўқиш ва машғулотларга улгуришга интилган, аммо буни ҳар доим ҳам амалга оширишнинг имкони бўлмаган. У паст баҳоларга ўқиган, футбол ўйнамаганда эса уни телевизор орқали томоша қилган. Салоҳ Мисрнинг қашшоқ қишлоқларидан бири - Нагригда туғилган. Оиласининг пули кўп эмасди, шу боис у шарга эски пайпоқларни ўраб, тўп ясарди. Машғулотларга бир кунда 5 соатгача вақт ажратишига тўғри келар, бунинг оқибатида дарсларни ўтказиб юборарди. «Машғулотларга эрталабки соат 9да борардим, бир неча соатдан ке-йин эса клубдан тушунтириш хати олардим. Унда дарсларни бошқалардан аввалроқ тарк этишимга рухсат берилиши ёзилганди». Шунча уринишларга қарамай, қайсидир паллада, у бошланғич таркибга кирмай қўйди, ҳаттоки, футболни ташлаш ҳақида ҳам ўйлаганди. Отаси уни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундади, вақт ўтгани сари вазият ўнглана бошлади. «Эраб Контракторс» клубида Салоҳ ҳужумчи позициясида ўйнашни хоҳлар, аммо мураббий уни ярим ҳимоянинг чап қанотига қўярди. Иттифоқо, унинг жамоаси 4:0 ҳисобида олдинда бораётганди, аммо Салоҳ йиғлади. «Кийиниш хонасида ҳамма хурсанд, Салоҳ эса кўз ёш тўкарди. Мазкур баҳсда гол уришни жуда хоҳлаган экан. Ҳужумга астойдил қўшилди, лекин рақиб дарвозасини ишғол қилолмади», - дея йиғини изоҳлаганди унинг болаликдаги мураббийи Саид ал Шешени.

Садио Мане («Ливерпуль»)

Мане кўча футболида улғайган. Унинг ота-онаси шунчалик камбағал бўлишганки, ҳатто ўғилларини мактабга жўнатишга қурбилари етмасди. Шу тариқа Садио қадрдон қишлоғи Бамбали кўчаларида тонгдан то оқшомгача тўп тепиб юрди. «Ҳар куни эрталаб ва кечки пайт дўстим билан кўчада футбол ўйнардик. Болалигимда фақат АПЛ ҳақида ўйлардим, ушбу чемпионат ўйинларини телевизор орқали кузатардим. Англияда тўп суришни орзу қилардим», - дея эслайди Мане. Айниқса, кичкинтой Садиони Сенегал термасининг ЖЧ-2022даги иштироки завқлантирган, ўшанда ҳамюртлари чорак финалгача чиқишганди, гуруҳда французларни енгишганди. Мане футболга қанчалик жиддий ёндашмасин, ота-онаси унинг бу соҳада фаолият юритишига қарши бўлишган. Улар ўғиллари таълим олиб, муаллим сифатида ишлашини хоҳлашган. Шу боис, Мане уйидан қочиб чиқиб кетарди, тўн­ғич акаси уни бир неча марта ортга қайтарганди. Вақт ўтгани сари ота-она фарзандларини ниятидан қайтаришга уриниш бефойда эканини тушуниб, Садиони Дакардаги футбол академиясига жўнатиш учун пул йиға бошлашди. «Академияга борганимда, ёши катта бир одамга тўқнаш келгандим. У менга қараб туриб, сўраганди: «Бу ерга кўрикка келдингми?». Мен «Ҳа» дедим. Суҳбатдошим яна савол берди: «Шу пойабзалдами? Унда қандай ўйнайсан?». Болакайнинг оёқ кийими чиндан ҳам жуда эски эди.

Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»)

Бельгиялик футболчи жуда бадавлат оилада туғилган ва болалигидаёқ Англия ва Африкага сафар қилишга улгурганди. Отаси нефть бизнеси билан шуғулланар, шу боис оила бекаму-кўст яшарди. Бу пайтда Бельгия футболи инқирозни бошдан кечираётганди, шу боис де Брюйне мамлакатда ушбу спорт турини янги босқичга олиб чиқишни орзу қиларди. Кевин 14 ёшга тўлганида «Генк» академиясига кирди, матбуот эса унга алоҳида қизиқиш билдира бошлади. Ёш де Брюйне тез-тез телевизор экранларида кўриниш берар, ундан доимо интервью олишарди. Кевин дастлабки профессионал шартномасини имзолагач, ўз аравасини ўзи тортадиган бўлди. «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси болалигида «Ливерпул»га мухлислик қилган, Майкл Оуэн кумири бўлган. «Кевин 12 ёшга тўлганида, синфдошлари чанғи учиш учун тоққа кетишганди, лекин ўғлим уйда қолди. Нега? Шунчаки, Майкл Оуэннинг шартномасида экстремал спорт турлари билан шуғулланишга тақиқ қўйилганди», - дея эслайди де Брюйненинг отаси.

Виржил ван Дейк («Ливерпуль»)

Асли келиб чиқиши Суринамдан бўлган голланд болалигида миттигина эди, тезлиги юқори эмасди. Бир сафар уни қорнидаги яллиғланиш сабабли шифохонага жойлаштиришганди. Виржил операция қилинди, тиббий амалиётдан сўнг қорнида чандиқ қолди. Ван Дейк ул-ғайгач, бўйи ўсди, вазни ошди, бу эса ота-онаси учун ҳақиқий мўъжиза эди. Болакай ўша кезлари отаси билан чиқишолмасди. Оилабоши уйни тарк этгач, ван Дейк ва отаси ўртасида алоқа узилиб қолди, бироқ маълум вақтдан кейин яна муносабатлар тикланди. Виржил унинг фамилиясини қолдиришни маъқул кўрган ягона фарзанди эди. «Ливерпуль» юлдузининг мактабдаги мураббийи Рик Клейн нидерландиялик айнан отаси сабабли машҳур футболчига айланди, деб ҳисоблайди. Рон ван Дейк қаҳвахонада идиш ювиш билан шуғулланган ўғлини маш­ғулотларга доимо ўзи олиб борарди. Виржил Oncle Jean кафесида соатига тахминан 3 евро ишлаб топарди.

Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити»)

Раҳим Ямайканинг энг хавфли, гиёҳванд моддалар савдоси авж олган ҳудудида туғилган. Болакай икки ёшга тўлганида, отасини отиб кетишган. Эътиборлиси, «Сити» ҳужумчисининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида отасининг исми йўқ. Стерлинг - онаси Надиннинг аввалги қаллиғининг фамилияси. Кейинчалик улар Англияга кўчиб ўтишди, Раҳим эса 11 ёшидан Лондондаги футбол мактабида ўйнай бошлади. У тонгги соат 5да туришга мажбур бўлган, чунки туманли ўлка пойтахтидаги меҳмонхона ҳожатхонасини тозалашда онасига кўмаклашарди. Стерлинг болалигида шўх бўлган, ўқишни хоҳламаган, хулқи ёмон эди. Бу характери футбол майдонига ҳам кўчган. «Агар ўзимни болаликдагидек тутишда давом этганимда, ҳар бир ўйинда «қизил» олишим аниқ эди. Баъзан майдонни ғазабланган ҳолда тарк этардим, ҳакамларга тош отардим, шу сабабли дисквалификацияга учрардим. Умуман, ножўя қилиқларим кўп бўлган. Жуда жаҳлдор бола бўлганман, гап футболга бориб тақалса, ҳиссиётларга берилардим», - дейди Стерлинг. Раҳимнинг ҳозирги даражага етишида футболни жуда яхши тушунадиган онаси Надиннинг ҳиссаси катта. У ўғлини мунтазам қўллаб-қувватлаган, келажаги ёрқин эканлигига ишонган. Энди Стерлинг футбол юлдузи, мураккаб болалик ва отаси билан рўй берган фожиани эса оёғидаги татуировка эслатади, холос.

Жейми Варди («Лестер Сити»)

Жейми ҳам болалигида ўқиш борасида муаммоларга йўлиққан. Унинг ҳам асосий вақти футбол майдонида ўтган. Маҳаллий «Шеффилд Уэнсдей» таркибида тўп суришни орзу қиларди, аммо клуб раҳбарияти уни етарли даражада яхши футболчи деб ҳисобламаган. Шу сабабли Жейми орзусидан воз кечишга қарор қилган. Бундан ташқари, ота-онаси билан мунтазам тортишавериш оқибатида уйидан кетиб, мустақил яшаган. Варди ўнг келган ишни қилиб кетаверар, чунки хонадон тўловлари учун пул топиши керак эди. Бўшаган пайтида эса футболдаги кўникмаларини мукаммаллаштиришни давом эттирган. Фақатгина камтарона «Стоксбридж Парк Стилс» жамоаси сафига қўшилганидан кейингина бошқа юмушларни ташлаган. Мазкур клубда у ҳафтасига 30 фунтдан камроқ пул топарди, шунга қарамай, ўзини бахтиёр сезарди - ахир Жейми шу тариқа катта футболга қайтганди-да.

 Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz