Қандайдир сабабларга кўра, бир умр юртма-юрт кезиб юришга мажбур одамлар бор дунёда. Уларга ачинасан ва «Қисмат шу-да», дея тақдирдан юпанч излайсан киши. Қўнимсизликни ким ҳам ўз-ўзича ихтиёр этади ахир?! Шу маънода айтсак, бир мавсумга мўлжалланган қисқа муддатли шартнома тузишдан мақсад нима ўзи? Дейлик, «Сурхон» ва АГМК жамоаларнинг янги мавсум олдидан футболчилар билан расмийлаштирган шартномалари билан танишгач, ғалати аҳволга тушдик. Асосий таркибда майдонга тушиши назарда тутилган аксарият ўйинчилар 2020 йилнинг декабрь ойигача мўлжалланган келишув остига имзо чекишибди. Футболимизни ривожлантириш ҳақидаги шунча гап-сўздан сўнг амалга ошириляпти бу каби келажаги ва самараси нотайин «иш»лар. Юзакилик шамоли қачонгача эсади?
Роппа-роса 10 йил муқаддам «Сайёрлик синдроми» номли мақола ёзиб, кўчиб юрувчи мураббийлар ва уларнинг қаноти остидан паноҳ топгувчи футболчилар фаолияти хусусида мулоҳаза билдирган эдик. Қаранг, муаммо ўша-ўша. Миллий чемпионатимиз эса 10 йил давомида аста-секин савиясини йўқотди, холос. Назаримизда, бу ўринда атиги бир йилга мўлжалланган шартномаларнинг ҳам салбий таъсири катта. Баъзан футболимиздаги ҳолатларни яхлит ЖАРАЁН сифатида кўз олдимизга келтириб, шафқатсиз ва инкор этиш мушкул ҳақиқатлар гувоҳига айланамиз. Аввалига «Бунёдкор», кейин «Локомотив» катта маблағ эвазига «Пахтакор»нинг истеъдодли футболчилари кучидан фойдаланди. Энди эса «насафчилар» «шерлар» таркибини кучайтиришмоқда. «Бунёдкор» йиллар мобайнида мухлисга зор бўлди. Жамоа ёшларга таяна бошлагачгина вазият ижобий томонга ўзгарди. Бугун эса мухлислик масаласида «Локомотив»га ҳавас қилиб бўлмайди. Лекин жамоада молиявий муаммо йўқ. Шунинг учун футболчилар Андрей Фёдоров қўл остида шуғулланишдан бош тортишмайди. Айни чоғда «Истиқлол»дан енгилиш у қадар фожеа саналмайди. Улар учун энг муҳими - «Локомотив»нинг мавжудлиги. Бир ўйлаб кўринг: «Сурхон» Суперлигага қайтмаганида, шунча футболчи қаерга борарди? «Динамо»нинг сочилиб кетишидан бошқа жамоалар манфаатдорми? Бошқача айтганда, шу жараён таъсирида клублар ички муҳитида рақобат шаклланадими? Агар шундай бўлганида, дўппимизни осмонга отардик. Афсуски, бундай эмас. Олдига катта мақсадлар қўйган жамоалар бағрига сиғмаган футболчилар бир йиллик шартнома тузиш йўлига ўтишди ёки клублар уларга узоқроқ муддатли келишув таклиф этишга чўчимоқда.
Хўш, нима сабабдан бир йиллик шартнома ҳар икки томон учун бирдек маъқул? Маъқуллиги шундаки, натижадан қатъий назар, шартнома муддати якунлангач, футболчилар озод агентга айланишади. Кейинги мавсум бир гап бўлар. Асосийси - бу мавсум маош нақд. Шартномага кетма-кет иккинчи мағлубият ёки учинчи дуранг учун ҳақ тўланмаслиги ҳақида банд киритилмайди. Чунки унда умумий эмас, балки шахсий манфаат кўпроқ ўз ифодасини топади. Қисқаси, бир йилга мўлжалланган ҳамкорлик ҳужжатининг асосий қисми футболимиз ва мухлислар устидан кулишдир. Кимларгадир оғир ботишидан истиҳола қилмай, шундай ёзмоқдамиз. Негаки, мавжуд ҳолатнинг тарихи узун. Оқибати ҳам барчага аён. Энг даҳшатли томони, ўзига хос «тизим» орқали устингдан кулишаётганини биласан, бироқ буни исботлаб беролмайсан. Ўйлаб қаралса, муаммога ягона даво чораси - кучли футболчилар сонини кўпайтириш. Қачонки улар Про-лигада тўп суришдан ийманишмасин. Шу жараён одат тусига кирса эди, собиқ «лочинлар»нинг анча-мунчаси водийдаги Про-лига клубларида ўйнайверарди. «Динамо» ҳам ўтган мавсумдаги таркибини сақлаб қоларди. Ҳозирги ҳолатда футболчилар буни исташмайди. Истамаслик таъсирида бир йиллик шартнома имзоланади ва бундан футбол жабрланади. Энг катта жабрланувчи эса, албатта, мухлис аҳли... У қайси футболчига кўниксин?! Мухлис кўникиши ва яхши кўриб қолиши учун футболчи битта жамоада узоқ муддат тўп суриши даркор. Кеча Александр Касьян, бугун Руслан Болов эртага яна бошқаси... Бунақада жамоанинг келажаги бўлармиди?!
Инкор этмаймиз, янги мавсум анчайин қизғин кечади. Айниқса, «Навбаҳор»нинг шашти ўзгача. Лекин бир йиллик шартномалар мавсум якунида, сўнгги турларда натижаларга таъсир ўтказиши мумкинлиги кишини хавотирга солади. Ишқилиб, хавотиримиз ўринсиз бўлиб чиқсин-да...
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20