Қайднома

Қидирув

«Сити» ўзи нега четлаштирилди?

«Сити» ўзи нега четлаштирилди?

  20.02.2020 03:49
  0
  327
«Сити» ўзи нега четлаштирилди?

Англиянинг «Манчестер Сити» клуби Европа Чемпионлар Лигасининг кейинги икки мавсумидан расман четлаштирилди. УЕФА қарорига энг муҳим қўшимча: дис­квалификациянинг жорий турнир «плей-офф» раундларига умуман таъсири йўқ. Демакки, «шаҳарликлар»да бу йил «шалпангқулоқ» совринни ютиш имконияти йўқ эмас, аммо жамоа АПЛда кейинги икки мавсум қандай натижа қайд этмасин, ЧЛда қатнашолмайди. 30 миллион еврога тенг жарима эса - жазо чорасига «кичик» қўшимча.

Савол туғилади: «Манчестер Сити» қайси айби туфайли кескин жазога тортилди? Ҳаммаси, 2018 йили бошланган эди. Дисквалификация хавфи борлиги ҳақида ҳаттоки, «Сити»нинг расмий сайтида ҳам ёзилганди. Ўшанда мустақил фаолият юритувчи Football Leaks гуруҳи текширувлари натижаси эълон қилинган. Қисқаси, «Манчестер Сити» ва «Норшелланд» клублари яширин тизимдан фойдаланиб, «Орзу қилиш ҳуқуқи» академиясидан африкалик иқтидорларни ўз ихтиёрига олган. Аниқроқ айтсак, «Сити» африкаликларни «Норшелланд»га юбориб, футболчилар ҳуқуқининг маълум фоизига эгалик қилган ёки уларни ўзида олиб қолган. Айблов моҳияти шуки, «шаҳарликлар» ушбу қаллобликда учинчи томон ролини бажаришган. Бундай қилиш эса мумкин эмас.

Иккинчи асос: ўша вақтдаги бош мураббий Роберто Манчини «Манчес­тер Сити»да икки ҳисса маош олган. Шартлашувга кўра, италиялик мутахассисга белгиланган иш ҳақидан маълум қисмини «Сити»нинг ўзи тўлаган. Қолган суммани эса «Ал-Жазира» клуби ўз зиммасига олган (Манчини бу клубда қандайдир лавозимга қўйилган - номига). Икки клуб бир кишига тегишли эканлигини ҳам айтиш ўринли. Қолаверса, Манчини мао­шига сохта (офшор) компаниялар орқали пул ажратилган - бу соф қонунбузарлик.

Яна клубнинг футболчиларга мукофот пули тўлаш тизими шубҳа уйғотган. Бежиз жамоага аввалига биринчи чора сифатида 20 миллион евро миқдорида жарима солинмади. Шайх Мансур амалга оширган молиявий «Фэйр-плей» қоидаларини четлаб ўтиш тизими эътиборга молик. Қисқача айтганда, «Сити» соҳиби пулни ўзига қарашли икки шўъба компания ор­қали айлантирган. «Сити» оладиган ҳомийлик тўловларидан катта қисми ҳам шу компанияликлар чекига тушган. Ҳужжатларда эса маблағ Etihad авиакомпаниясидан тушгани қайд этилган - алдов.

«Манчестер Сити» ва молиявий «фэйр-плей» қоидалари ўртасидаги муносабат шу, холос. УЕФА томонидан изоҳ берилишича, «Сити»нинг 2012 ва 2016 йиллардаги молиявий ҳисоботида ҳомийлик даромади кўпайтириб кўрсатилгани четлатиш ҳақида қарор чиқарилишида муҳим фактор сифатида хизмат қилган. Қолган барча қоидабузарликлар иш очилишига таъсир этган, холос. «Сити» раҳбарияти ҳеч қачон айбловларни тан олган эмас. Клуб хўжайинлари фаолияти илк марта 2014 йили текшириб кўрилган эди. Ўшанда ҳам манчестерликлар 20 миллион евро миқдоридаги жарима билан қутулишган. 2019 йилнинг баҳорида эса клубнинг текширув қўмитасига нотўғри маълумотлар тақдим этгани ошкор бўлди. Шу тариқа Football Leaks хулосаларига асосан янги жараён бошланди. Ўтган йилнинг май ойидаёқ Англия матбуотида «Сити» ЧЛдан четлатилиши мумкинлиги ҳақида ёзилди. Мана, энди жамоага жиддий жазо хавф солгани ўз тасдиғини топди.

 

«Манчестер Сити» раҳбарияти қарор юзасидан Спорт арбитраж судига шикоят ёзмоқчи. Клуб вакиллари бутун текширув жараёнини катта хатолик сифатида баҳолашмоқда. Фанатлар эса бу вақтда «Сити»нинг «Инс­таграм»даги саҳифаси устидан кулишмоқда. Четлатиш ҳақидаги қарор эълон қилинишидан олдин саҳифада Etihad авиакомпанияси ёзуви берилганди. Бунга мухлис муносабати: «Афсус, ке­йинги икки мавсумда ЧЛга учолмайсизлар-да...».

The Sun нашрида ёзилишича, «Сити» раҳбарияти қарорни бекор қилиш йўлида 50 нафар ҳуқуқшуносни ишга ёллади ва уларга 10 йиллик шартнома асосида 35 млн. фунт тўлайди. Зеро, клуб ЧЛдан четда қолса, 350 млн. евро йўқотади.

Дарвоқе...

Англия Премьер-лигаси раҳбарияти ҳам «Манчестер Сити» фао­лияти юзасидан текширув жараё­нини бошлаб юборди. Daily Mail хабарига қараганда, агар клубнинг қоидаларга зид иш тутгани тасдиқланса, у 2013|2014 йиллар мавсумида қўлга киритилган АПЛ чемпионлигидан маҳрум этилиши мумкин. Ўша мавсум 2-ўринга «Ливерпуль» жойлашганди. Қолаверса, «Сити»нинг жорий мавсумдаги очколаридан олиб ташланиши ҳам ҳеч гап эмас.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz