Қайднома

Қидирув

Ахбор Имомхўжаев – катта мактаб

Ахбор Имомхўжаев – катта мактаб

  20.02.2020 05:53
  0
  389
Ахбор Имомхўжаев – катта мактаб

Ахбор Имомхўжаев - буюк устоз! Хоҳ телевидение, хоҳ радиода миллионлаб инсонларни худди оҳанрабо каби футболга боғларди. Бир ўзи олтмиш (60000) минг мухлисни «Пахтакор» стадионига «михлаб» қўярди! Унинг футболга муҳаббати минг-минглаб мухлислар қалбида ўйиндан завқланиш-роҳатланиш туйғуларини уйғотарди. Унинг ўз халқи ва футболчиларга муҳаббати кишилар қалбида фахрланиш туйғусини уйғотарди. Муҳаббат ва фахрланиш бир бўлиб, жарангдор овозига ўзгача зеб-зийнат, жило берарди.

Ахбор Имомхўжаев аталмиш буюк билимнинг калити - айнан муҳаббат, фахрланиш ва сўз санъати. Шунинг учун ҳам устоз журналист ҳамон бетакрор ва буюкдир! МАКТАБ! Ахбор ака томонидан яратилган футбол журналистикаси мактаби ҳар қандай олий даргоҳ берадиган билим даражасидан устундир. Дейлик, журналистика олий даргоҳларида фақатгина билим, йўналиш, қоида ва услублар берилади. Аммо яратиш жараёни шахснинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ, барибир. Ахбор ака эса бу борада ягона! Ҳеч ким ҳеч қачон уни такрорлай олмайди! 

Ҳамон эсимда, кўча чангитиб, тўп тепиб юрган вақтлар майкамнинг олд ва орқа тарафига ручкада бир хил босма ҳафлар билан ярим ой шаклида «Пахтакор», ўртасига «8», остига эса Ан, деб ёзиб олардим. Асосийси, бундан фахрланиш туйғуларини ҳис қилардим. Ким билади, балки раҳматли отам, акаларим, мен ва укам Рўзиқул Бердиевга футболга муҳаббатни айнан Ахбор ака шакллантиргандир... «Ассалому алайкум, қадрли футбол мухлислари!» Бу каломни нима учундир ҳалигача соғинаман. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Китоб тумани ҳокимлиги, шахсан Жаббор ака Раҳмонов ташаббуси билан Ахбор Имомхўжаев ва «Китоб» жамоаси ўртасида учрашув ташкил қилинганди. Ахбор ака билан ўшанда учрашиб, танишгандик. Чамамда, футболчилар ичида энг кўп саволни мен бергандим. Ахбор ака шахс сифатида жуда кучли таассурот уйғотганди - етакчилик қобилияти, самимийлик, ҳозиржавоблик ва кучли аура... Нима учундир у киши худди оҳанрабо каби одамлар эътиборини ўзига тортиб турарди. 

Сўнгги йилларда Ахбор ака билан кўп бора учрашдик. Китоблар алмашишдик. Яқинда ЎФА биноси олдида тасодифан учрашиб қолдик. Футбол ва бошқа мавзуларда узоқ суҳбатлашдик. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил қилинган Ўзбекистон фахрийларининг сиҳатгоҳда дам олиш таассуротларини айтиб берди. «Роса мазза қилдик!» - дея шукр ва дуо қилди. Ўзбек футболи журналистикаси фахрийси, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, республика тоифасидаги ҳакам, «Олтин қалам» мукофоти лауреати, халк таълими аълочиси ва буюк шарҳловчи Ахбор ака Имомхўжаев эртага (19 февраль куни) 84 ёшга тўладилар! Туғилган айёмингиз муборак, азиз устоз! Сизга мустаҳкам соғлик ва узоқ умр тилаймиз. Сизни ҳамиша яхши кўрамиз ва фахрланамиз!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz