Қайднома

Қидирув

Отабек ШУКУРОВ: «ИСЛАМХАН КЎПРОҒИГА ҚОДИР»

Отабек ШУКУРОВ: «ИСЛАМХАН КЎПРОҒИГА ҚОДИР»

  20.02.2020 08:57
  0
  398
Отабек ШУКУРОВ: «ИСЛАМХАН КЎПРОҒИГА ҚОДИР»

БАА чемпионатидаги қозоғистонлик биринчи футболчига ўзбекча нигоҳ. Яқиндагина БААга йўл олган қозоғистонлик биринчи футболчи - Бауржан Исламхан «Ал-Айн»нинг «Шаржа»га қарши ўйинида янги клубида дебют қилди. Қозоғистонда Исламханга қизиқиш катта. Зеро, у мамлакат миллий жамоаси аъзоси саналади. Шуни инобатга олган sports.kz интернет-портали мухбири «Шаржа» етакчиларидан бири - 23 ёшли Отабек Шукуровдан махсус интервью олди. Трансфер қиймати 2 миллион еврога тенг легионеримиз билан суҳбатда табиийки, асосан БАА футболи ва Бауржан Исламханнинг янги чемпионатдаги истиқболи хусусида гап борди.

 

— Отабек, икки йилдан буён БАА­да «Шаржа» шарафини ҳимоя қиляпсиз. Амирликлар ва маҳаллий футбол ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳа, «Шаржа» сафига қўшилганимга икки йилдан ошди. Чемпионат савияси чакки эмас, менга маъқул. Жамоаларда легионерлар катта роль бажаришади. Ҳар бир клубда савияси баланд 4 нафар хорижликни кўриш мумкин. Энг қизиқ томони, ҳар мавсум 7-8та жамоа чемпионлик учун чинакамига кураш олиб боради. «Ал-Айн», «Ал-Ваҳда», «Ал-Жазира», «Ал-Аҳли», «Ал-Наср», «Ал-Васл» каби кучли жамоалар бор, ҳозир «Шаржа» ҳам чакки эмас. Бу клубларнинг барчаси 1-ўринни кўзлайди. Қисқаси, чемпионат жуда қизиқарли.

— Дейлик, ўзбек футболи билан фарқли жиҳатлар каттами?

— Айтганимдек, бу ерда маҳаллий ўйинчилар эмас, легионерлар бош ролда. Ҳар бир клубда учрашув тақдирини ҳал қилишга қодир хорижликлар бор. Ўзбекистонда бошқачароқ. Ҳар ҳолда, легионерлар унча кўп эмас. Асосий фарқ шу.

— Янги турмуш тарзига мослашишингиз қийин бўлмадими?

— БААда яшаш қулай - ҳамма мусулмон, масжидлар кўп. Бу ерда ўзимни яхши ҳис қиляпман, оилам ҳам муаммо сезаётгани йўқ. Тўғри, орада жароҳат туфайли анча қийналдим, лекин ҳозир ҳаммаси жойида.

— Бауржан Исламханни биласизми?

— Ҳа, у яқинда «Ал-Айн» сафига қўшилди. Айтишича, 6 ойга келибди. БААда чемпионатнинг иккинчи давраси кетмоқда. У билан майдонда тўқнашишга ҳам улгурдик. Бауржан бизга қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида майдонга тушди ва чакки ўйнамади. Менимча, салоҳиятли футболчи. Ёзда Россия ёки Европага кетмоқчи экан. Қозоғистоннинг кучли футболчиларидан бири. 6 ойга келибдими, демак, савияси баландроқ чемпионатни кўзламоқда. Унга омад ва жароҳатсиз ўйнашини тилайман, албатта.

— «Ал-Айн» - «Шаржа»нинг принципиал рақиби. Майдонда қозоғистонлик футболчига душмандек қаршилик кўрсатдингизми?

— Тўғри, «Шаржа» ҳозир «Ал-Айн» учун ашаддий рақиб ҳисобланади. Ҳар икки клуб чемпионлик учун курашмоқда. Биринчи давра доирасидаги учрашувда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Иккинчи баҳсда кучлар тенг келди - 1:1. «Ал-Айн» - яхши жамоа, шунга қарамай, ундан 4 очко олдик. Исламханга келсак, у чакки таассурот уйғотмади. Ҳар ҳолда, захирадан ­ўйинга қўшилиб, жамоасининг гол уришига ҳисса қўшди. Биринчи бўлимдан кейин биз 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олгандик. У БААда бемалол ўйнаб кетиши мумкин, фақат чемпионатга тезроқ мослашса, бас.

— Умуман, «Ал-Айн» қандай жамоа, у нечоғли бақувват?

— «Бунёдкор» сафида ҳам бу клубга қарши ўйинларда қатнашгандим. БАА ўлчови бўйича яхши ва бой клуб. Олдин жуда зўр даврларни бошдан ўтказган, лекин айни пайт ҳам бинойидек иштирок этяпти. Тўғри, ўтган йили клубнинг ишлари бироз юришмади, ҳозир эса ҳаммаси яхши.

- Авваллари БААда кўплаб ўзбекистонлик футболчилар ўйнашарди. Энди эса ягонасиз. Нега, сабаби нима, сизнингча?

— Билмадим. Эндиликда легионерлар танловига масъулият билан ёндашишмоқда. Олдин хорижликларга нисбатан «3}1» лимити бор эди. Чекловнинг «4}»га ўзгартирилганига 2 йил бўлди. Шунинг учунми, клублар кўпроқ европалик, бразилиялик ва африкалик футболчиларни таклиф этмоқда. Бу ерда футбол шунақа - агар 4 нафар легионердан қайсидир бири ёқмаса, уни дарҳол алмаштиришади. Насиб қилса, БААда ҳали кўплаб юртдошларимиз ўйнашади.

— Сизнингча, айни паллада фао­лиятингиз учун қай бири яхши - БАА­да барқарор ўйнашингизми ёки Европа томон кетишга уриниш?

— Аслида Европага йўл олишни истайман, албатта. Шу мақсадда кўп ишлаяпман - ҳар куни, ҳар бир ­ўйинда тер тўкяпман. Афсуски, охирги йили жароҳат туфайли четда қолдим. Ўзбекистон миллий жамоаси сафида China Cup турнири доирасида хитойликларга қарши кечган баҳс­да жиддий жароҳатга йўлиқиб, 5 ой ўйнолмадим. Майдонга қайтганимдан кейин ҳам 2-3 ой оғриқ қийнади. Ўтган йили ёзда шу туфайли Европага кетолмадим. Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман, ўйнаяпман, спорт формасини тиклаяпман. Худо хоҳласа, ёзда Европага йўл олиш учун бор имкониятларни ишга соламан. Қайтараман, ниятим шу. «Кўҳна қитъа» футболи қандайлигини эса ўзингиз яхши биласиз...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz