Қайднома

Қидирув

ЕВРОТУР: Бундай спектакль топларга хос

ЕВРОТУР: Бундай спектакль топларга хос

  20.02.2020 00:07
  0
  245
ЕВРОТУР: Бундай спектакль топларга хос

Марра чизиғи бўй кўрсатган ҳал қилувчи паллада етакчи бешлик вакиллари иштирокидаги ҳар қайси беллашув чинакам спектакль мақомида ўтмоқдаки, энди уларни ҳаяжонли лавҳаларга бой сериалларга қиёсласак, муболаға бўлмайди.

Англия. Узоқ чўзилган тур

Турли шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда тузилган тақвим туфайли, АПЛнинг 26-тури 8-17 февраль оралиғида ўтказилди. Шунда ҳам турни якунлашнинг иложи бўлмади - «Манчестер Сити» - «Вест Хэм» баҳси 19-санага кўчирилди.

Бўлиб ўтган учрашувларнинг бирида еврокубоклар ҳудудини мўлжаллаётган «Эвертон» ўз майдонида «Кристал Пэлас»дан тўлиқ 3 очкони тортиб олишга муваффақ бўлди - 3:1. «Брайтон» элитадан умидини узмаган «Уотфорд»ни енга олмади (1:1) ва жанговар дурангга рози бўлди. Ўта муросасиз тарзда кечган «Шеффилд» - «Борн­мут» беллашуви мезбонларнинг кичик (2:1) устунлиги билан ниҳоясига етди. «Вулверхэмптон» - «Лестер» қарама-қаршилигида эса ҳисоб очилмади.

Кейинги дам олиш кунларидаги беллашувлар янада қизиқарлироқ тарзда ўтди. Жумладан, «Саутгемптон» ўз майдонида «Бёрнли»га имкониятни бой бериб (1:2), қўшнисига 3 очкони совға қилди. Деярли янги чемпион мақомидаги пешқадамни қабул қилган «Норвич» ҳеч бўлмаганда 1 очко олиш учун бор имкониятларини сафарбар этди. Бироқ Садио Маненинг аниқ зарбасини қайтара олмади - 0:1.

Бирмингемдаги «Астон Вилла» - «Тоттенхэм» баҳси ҳам муросасиз табиати билан ажралиб турди. Ўйинни фаол бошлаган мезбонлар лондонликлар ҳимоячиси Алдервейрелднинг автоголи эвазига олдинга чиқиб олишганди. Аммо айбини ювиш учун ҳужумга қўшилган меҳмонлар ҳимоячиси тез орада мувозанатни тиклади. 1-бўлимнинг қўшимча вақтида «шпорлар» 11 метрли жарима зарбаси эвазига 2-голни уришди. Тўғри, тажрибали Пепе Рейна Сон Хюн Миннинг зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. Лекин қайтган тўпга ҳимоячидан аввалроқ етиб келган кореялик ҳужумчи такрорий зарба билан дарвозани забт этди.

Танаффусдан кейин пенальтининг сабабчиси бўлган мезбонлар ҳимоячиси Энгельс ҳам Алдервейрелд каби олдинга интилди ва 53-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Аммо хатосини ювганидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилиш унга насиб этмади - қўшимча вақтнинг сўнгги сонияларида тиниб-тинчимас осиёлик тўпурар мезбонлар дарвозасига ғалаба келтирувчи тўпни йўллади - 3:2.

Шу оқшом Лондонда «Ньюкасл»га қарши майдонга тушган «Арсенал» ҳам, ниҳоят, ғалаба нашидасини сурди. 4:0 ҳисоби «тўпчилар»нинг яққол устунлигидан далолат берсада, аслида меҳмонлар тенгма-тенг ўйнашди. Буни 54-дақиқага қадар ҳисобнинг очилмагани бемалол исботлайди. Қизиғи шундаки, «Ньюкасл» қандайдир 10 дақиқага етмаган вақт ичида (54 , 57, 90 ва 95) ҳушёрликни йўқотиб, йирик ҳисобдаги мағлубиятини тан олди.

Ниҳоят, душанба оқшомида майдонга тушган «Челси» «МЮ»дан 2та жавобсиз гол қабул қилиб, ўз мухлислари ва Лэмпардни ранжитди. Сульшер жамоаси эса 7-поғонага кўтарилди.

Испания. Фаворитлар учун омадсиз тур

Ла Лиганинг 24-турида ғалаба қозониши тахмин қилинган жамоалар муҳим очколарни бой беришди. Фақат «Барселона» бундан мустасно, лекин «Камп Ноу»да «Хетафе»дан қимматли 3 очкони тортиб олиш осон кечмаганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Гарчи ўйин майдон эгаларининг назорати остида ўтган бўлсада, меҳмонлар ҳам бир нечта қулай вазиятларни юзага келтира олдилар, ҳатто ҳисобни очишга ҳам улгуришди. Бироқ ҳакам лавҳани такроран томоша қилгач, Аллан-Ромео Ньомнинг голи ўйин қоидасига хилоф тарзда амалга оширилганини қайд этди. Хорхе Молина ва Марк Кукурельянинг хавфли зарбаларини эса тер Штеген ва ҳимоячилар бартараф этишди. Ўз навбатида, мезбонлар ҳужумлар шиддатини ошира бориб, танаффусга қадар 2та гол уришди. Аввалига Мессининг узатмаси эвазига Гризманн ҳисобни очди. Бироздан сўнг Серхи Роберто сўл қанотдан йўлланган тўпни дарвозага тўғрилаб қўйди.

Танаффусдан кейин ўйин моҳияти ўзгармади, томонлар навбатма-навбат ҳужумлар уюштириб туришди. Вақт ўтгани сайин ташаббус «Хетафе» томонига ўтди, икки тўп фарқи билан олдинда бораётган майдон эгалари эса бироз суръатни пасайтиришди. Натижада меҳмонлар жавоб тўпини киритишди. Кейинчалик ҳисобни тенглаштиришга ҳам жуда яқин келишди. Аммо тер Штеген бир ҳужум ичида 3 марта ўз дарвозасини муқаррар голдан асраб қолди. Шу тариқа чемпион муҳим ғалабани сақлаб қолди.

Мавсумни ҳеч бўлмаганда етакчи квартетда якунлашга интилаётган «Атлетико» айнан шундай режага асосан тўп сураётган «Валенсия» майдонида жиддий қаршиликка дуч келди. Льорентенинг 15-дақиқадаги голига мезбонлар бўлим якунига яқин жавоб қайтаришди. Лекин Томаснинг голи «матрасчилар»ни яна олдинга олиб чиқди.

Танаффусдан кейин табиийки, «Валенсия» фаолликни оширди ва тез орада мувозанатни тиклади. Шундан кейин жамоалар насия 3 очкодан кўра нақд 1 очкони афзал кўришди. Албатта, ҳужумлар тўхтаб қолгани йўқ, хавфли вазиятлар ҳам бўлди. Бироқ ярим соатдан кўпроқ вақт ичидаги уринишлар самара бермади - 2:2.

Қизиғи шундаки, бу турни қуйи поғоналар соҳиблари нисбатан яхши ўтказишди. «Мальорка» ўз майдонида Эрнандеснинг ягона голи эвазига «Алавес»дан устун келди ва очколари сонини 21тага етказиб олди. «Эспаньол» эса сафарда «Севилья»дан муҳим очкони «юлиб» олди. Натижада Андалусия клуби «Атлетико»ни қувиб ўтиш имкониятидан фойдалана олмади. Шунингдек, «Леганес» ўз уйида «Бетис»ни нурсиз (0:0) дурангга имзо чекишга мажбур этди.

Аввалги турда якка пешқадам бўлиб олган «Реал» ҳам кутилмаганда «Сельта»ни енгишга ўзида куч топа олмади. Эътиборлиси, «Сантьяго Бернабеу»да қўлга киритилган очко виголиклар жамоасига 17-ўринда қолиш имконини берди.

Германия. Етакчилардан йирик  Ғалабалар

Бундеслиганинг навбатдаги турини юқори ўринлар соҳиблари муваффақиятли ўтказишди. Дортмунднинг «Боруссия»си «Айнтрахт» дарвозасига 4та, «РБ Лейпциг» «Вердер»га 3та жавобсиз гол уришди, «Бавария» «Кёльн»ни, «Боруссия» Менхенгладбах эса «Фортуна»ни сафар учрашувларида бир хил - 4:1 ҳисобида маҳв этишди. «Байер» Берлинда «Унион» дарвозасига қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида учинчи голини уриб (3:2), навбатдаги 3 очкони расмийлаштирди. «Шальке» Майнцдан (0:0), «Фрайбург» Аугсбургдан (1:1) мағлубиятсиз қайтишди.

Италия. Вазият ҳамон кескин

24-тур натижалари «А» серия турнир жадвалига сезиларли ўзгаришлар киритди. Жумладан, Римда «Интер» устидан иродали (2:1) ғалабага эришган «Лацио» мавсумда илк бор 2-ўринга кўтарилди. Шу тариқа Антонио Конте жамоасининг 17 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серияси ниҳоясига етди. Римликлар эса қаторасига 12 учрашувни ўз фойдаларига ҳал этишди. Аслида учрашув эҳтиёткорлик билан бошланган ва хавфли вазиятлар унчалик кўп бўлмаганди. Лекин бўлим охирида меҳмонларнинг ўнг қанотдан йўлланган тўпини қайтаришда Томаш Стракоша ишончли ўйнай олмади ва Эшли Янг совғадан унумли фойдаланди.

Иккинчи бўлимда майдон эгалари ҳужумкорликка зўр беришди ва тез орада пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Чиро Иммобиле эса уни голга айлантириб, тўпурарлик мавқеини мустаҳкамлаб олди. Римликларга 3 очкони тақдим этган ғалаба голи ҳам стандарт вазиятдан кейин амалга оширилди. Бурчак зарбасидан сўнг тўп «Интер» жарима майдончасида бир неча футболчилар орасидан ўтиб, Милинкович-Савичга етиб келди. Сергей эса узоқ ўйлаб ўтирмасдан, уни дарвозага йўллади. Қолган 20 дақиқадан кўпроқ вақт асосан меҳмонлар ҳужумлари билан ўтди, Лаутаро Мартинес дарвозани ишғол этишга ҳам улгурди. Лекин ҳакам офсайд ҳолатини қайд этиб, голни инобатга олмади.

«Ювентус» эса бу турда Роналдуга дам бериб, «Брешия»ни унинг кўмагисиз маҳв этди - 2:0. Мезбонлар назорати остида кечган ўйинда аввал Дибала, кейин Куадрадо ўз номларини таблога ёздириб қўйишди.

Турнинг кутилмаган натижаси Болоньяда қайд этилди - аввалги турда пойтахтда «Рома»ни енгган (3:2) жамоа ўз майдонида аутсайдер «Женоа»га йирик ҳисобда (0:3) имкониятни бой берди. «Аталанта» Бергамода «Рома»дан устун келиб (2:1), ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. Ваҳоланки, 1-бўлим меҳмонлар устунлигида ўтиб, танаффусга улар ҳисобни очган ҳолда йўл олишганди.

Франция. Князлик клуби квартетни кўзламоқда

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, Лига 1нинг етакчи квартети секин-аста асли ҳолига қайтмоқда. Тўғри, сўнгги йилларнинг фаворитларидан бўлган «Лион» 1-давра охирида ўз ўйинини топгандек эди. Бироқ яна пастга шўнғий бошлади. Аввалги қўшалоқ турда «Амьен»ни енга олмаган (0:0) ва «ПСЖ»га мағлуб бўлган (2:4) жамоа энди «Страсбур» билан дурангга (1:1) имзо чекди. «Монако» эса бу турда «Монпелье»ни маҳв этиб (1:0), 5-ўринга чиқиб олди. Князлик клубини 4-ўриндан атиги 2 очко ажратиб турибди.

«ПСЖ» кутилмаганда «Амьен»га қарши сафар учрашувида сермаҳсул (4:4) дуранг билан кифояланишга мажбур бўлди. Қизиғи, 1-бўлим майдон эгаларининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етганди. Аммо танаффусдан кейин чемпион 14 дақиқа ичида 3та гол уриб, олдинга ўтиб олди. Кейин мезбонлар қўшимча вақтда ҳисобни тенглаштириб олишди. «Лилль» - «Марсель» беллашуви меҳмонларнинг камтарона (2:1) зафари билан якунланди. Натижада майдон эгалари 3-ўринга чиқиб олиш имкониятини йўққа чиқаришди, «Марсель» эса таъқибчилардан анча узоқлашиб олди. Чунки «Ренн» ҳам «Реймс» майдонидан мағлубият (0:1) билан қайтганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz