Ўзбек футболи - бамисоли бир кино. Биласизми, томошабин битта фильмни қайта-қайта кўраверса, ундаги қаҳрамонларни, актёрларни, воқеларни, сценарийни ёдлаб олади. Кейинги сафар эса уни кўргиси келмайди. Чунки воқеалар ривожи аниқ-равшан. Мактаб пайти янги фильм чиқиши ҳамоно ўқитувчиларимиз билан бирга кўргани борардик. Барчамиз кинонинг бошланишини орзиқиб кутардик. Бироқ орадан вақт ўтгач, ундаги қаҳрамонлар, воқеалар аввалгисига ўхшашини тушуниб етардик. Бизнинг Суперлига ҳам худди шунақа.
Ҳар йили мавсум бошланишини интиқлик билан кутаман. Бу сафар бари бошқача бўлади, чемпионат ўтган йилгисидан қизиқарлироқ тус олади, деб ўзимни ишонтираман. Илк турларда стадионларга ташриф буюрадиган мухлислар ҳам мендек ўйлашлари аниқ. Дастлабки беш тур, боринки, баҳорнинг икки ойи айни кўринишда ўтади. Кейин эса эски кинода бўлгани каби, таниш воқеалар ва қаҳрамонлар кўз олдингизда гавдаланади.
Эсланг, аввалги йилларда илк турларда стадионлар гавжум бўларди, аутсайдер деб қаралган жамоалар кутилмаган натижаларни қайд этишарди, турнир жадвалида кутилмаган ўзгаришлар кузатиларди. Бироқ мавсум ўрталарига келиб, кимнинг қандай эканлиги ўз-ўзидан намоён бўлади-қолади. Томошабинлар ташрифи ҳам кескин камаяди. Чунки улар ҳам аҳмоқ эмас. Билишади - «Пахтакор» ва «Машъал» учрашувида усутунлик қайси жамоа томонида, ким ғалаба қозонади - олдиндан аниқ. Чемпионат бошидаги шовқин-сурон, улкан мақсадлар учрашувдан-учрашувга ўзгариб боради. Айрим жамоалар мавсум бошида кучли олтиликни мўлжаллашади-да, иккинчи даврада уларнинг элитада «жон» сақлаш учун курашаётганликларига гувоҳ бўламиз. Умумий қилиб айтганда, чемпионатимизда биринчи ўрин учун курашадиган тўрт-бешта клуб йўқ, ҳисоби.
Бир дўстимни «Пахтакор» жамоаси иштирокидаги чемпионат ўйинига таклиф қилгандим. У эса мазкур учрашувда интрига йўқлиги, мезбон жамоанинг ғалабаси аниқ эканлигини таъкидлаб, яхшиси, телевизор орқали «Уотфорд» - «Манчестер Сити» ўйинини кўришни маъқул кўрди. Бир томондан олиб қаралса, бу учрашувда ҳам Гвардиола шогирдлари яққол фаворит эдилар, лекин ўша куни «Уотфорд» «шаҳарликлар»ни енгди. Ҳозир, қуйи ўринлардаги жамоалардан бири «Пахтакор»ни мағлуб этади, деса ҳеч ким ишонмайди. Чунки бу футболимиздаги одатий ҳолат. Даражаси пастроқ клублар ва футболчилар майдонга ишончсизлик руҳида тушадилар. Худди шу омил терма жамоаларимизга ҳам бевосита таъсир ўтказмай қолмайди. Кучли рақиблар билан учрашувларда футболчиларимиз рақибнинг кучи ва даражасини олдиндан тан олишади. «Барибир, улар кучли, ғалаба қозона олмаймиз», деган фикр уларни тинч қўймайди. Ҳимояга эътибор қаратиб, кам гол ўтказиш пайида бўлишади. Худди клубларимиздек. Бу муаммонинг келиб чиқиши эса, ўз-ўзидан, болалар футболидаги ҳолат, уларнинг мураббийларига бориб тақалади. Муҳим паллаларда, кучли рақиблар билан ўйиндан аввал асосан жисмоний ҳолат, турли тактик ишланмалар устида бош қотиришади. Назаримда, бундай учрашувлардан олдин футболчиларни босимдан халос этиш, руҳиятини кўтаришга эътибор қаратиш лозим.
Англия Премер-лигасининг 2014|2015 йилги мавсуми эсингиздами? «Лестер» - «Манчестер Юнайтед» баҳси-чи? Луи Ван Гал бошчилигидаги «қизил иблислар» биринчи бўлимда ва ҳатто 60-дақиқада ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган эдилар. Якунда таблодаги кўриниш 3:5га ўзгарди - «Лестер» зафар қучди. Мураббий томонидан амалга оширилган иккита ўзгариш, Камбьяссонинг кутилмаган голи барчасини ўзгартириб юборди. Ёки узоққа бормайлик-да, яқиндагина бўлиб ўтган «Интер» - «Милан» баҳсидаги икки бўлимнинг турлича ўтганига эътибор берайлик.
Гапнинг индаллоси, клубларимиз ва терма жамоаларимиз олдиндан ғалабани тантана қилиш ёки аксинча, аввалдан «оқ байроқ» кўтаришни бас қилишлари керак. Футбол ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгунча давом этишини ҳамма билади. Олдин ҳам айтгандим, яна такрорлайман: ҳозирги вақтда Ўзбекистонда фақат Шота Арвеладзе ўз шогирдларига курашувчанлик, характер кўрсатиш, охиргача курашиш сифатларини сингдиришни уддалади. Демак, маҳаллий мураббийлар ундан ишлаш сирини ўрганишлари лозим. Грузиялик мутахассис керакли пайтда тўғри қарорлар чиқариши, самарали ўзгаришларни амалга ошириши, футболчиларнинг майдондаги жойлашувини буткул ўзгартириб юбориши билан бошқалардан ажралиб туради.
Юртимизда янги футбол мавсуми бошланишига ҳам оз фурсат қолди. Одатдагидек, стартда умидлар бисёр бўлади, ҳам мухлислар, ҳам жамоаларда. Асосийси, шундай кайфият йил охиригача сақланиб қолсин. Шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Акс ҳолда, нохуш анъана давомийлиги сақланиб, гранд жамоалар рақобатбардошлик йўқлиги сабабли, турнир жадвали юқорисида ёлғизланиб, зерикиб қолаверадилар.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20