Қайднома

Қидирув

Неймар: «Мбаппе энг яхши бўлиш имкониятига эга»

Неймар: «Мбаппе энг яхши бўлиш имкониятига эга»

  21.02.2020 03:58
  0
  423
Неймар: «Мбаппе энг яхши бўлиш имкониятига эга»

Пеле, Ромарио ва Робиньо кабилар бу ҳамюртлари жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлишини айтишганди. Ҳозир у 28 ёшда, хўш, бразилиялик юлдузлар тахмини оқландими? Яхшиси, бу каби саволларга Неймарнинг ўзи жавоб қайтаргани маъқул. Яқинда FIFA.com сайти вакиллари «ПСЖ» ҳужумчиси билан интервью уюштириб, Париж клубининг Чемпионлар Лигасидаги имкониятлари, Килиан Мбаппе, Лионель Мессининг ўйини ва албатта, Бразилия термасининг ЖЧ-2022да қандай кўрсаткичга эришиши мумкинлиги юзасидан саволларга жавоб олишди.

- Неймар, Америка кубоги арафасида жароҳат олдингиз. Мазкур турнирдаги иштирокдан роҳат олиш ўрнига, жамоангизни четдан қўллаб-қувватлайдиган бўлдингиз. Бу ҳақда нима дейсиз?

- Чиндан ҳам «Копа Америка»ни ўтказиб юбориш чоғида қандай ҳиссиётларни бошдан кечирганимни тасвирлаб бериш қийин. Бразилияда даволаниб, жамоадошларимнинг ўйинини кузатиш имкониятидан фойдаландим. Бошқа ҳамюртларим қатори томошабинга айландим. Ўша пайт болалик пайтларим, отам билан бирга стадионга борганим эсга тушди.

- 2018 йилдан кейин Бразилия термаси 22та баҳснинг атиги 2тасида мағлубиятга учради. Қатарда ўтадиган ЖЧ-2022 саралашидаги «селесао» бўйича фикрингиз қандай?

- Биз жуда кучлимиз. Таркибдан тажрибали футболчилар жой олган, қолаверса, ёшлар ҳам кўп. Сафимизда мен каби иккита мундиални кўрганлар бор. Ғалабаларга эришдик, баъзан ютқаздик, ижобий ва салбий натижалар қайд этилди, мазкур учрашувларда тўпланган тажрибани укаларимиз билан баҳам кўриш ниятидамиз. Боз устига, аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, мураббийлар штабида ҳам ўзгариш кузатилмади. Бу ҳол ишимизни енгиллаштириб, Қатар мундиалидаги имкониятларимизни оширади. Бугунги «селесао»нинг келажагига ишонч билан қараяпман.

- Артур, Кеболинья, Ришарлисон, Дэвид Нерес, Пакета, Габигол, Винисиус Жуниор, Родриго, Рейньер... Бразилия термасининг ушбу ёш авлодига қандай баҳо берасиз?

- Бу футболчиларнинг барчаси иқтидорли. 2022 йилгача бошқа янги ўйинчиларни ҳам кўришимиз мумкин. Бразилия истеъдодларни кашф этишни қойиллатади.

- ЖЧ-2022да қайси жамоалар сизнингча, Бразилия термасининг асосий рақобатчиларига айланади?

- Франция, Бельгия, Англия ва Аргентина.

- Лионель Месси сентябрда ФИФА талқинига кўра, яна бир бор йилнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди. У билан ёнма-ён тўп суриш қандай бўлди, Леони чиндан ҳам футбол тарихидаги тенг­сиз ўйинчи деб ҳисоблайсизми?

- Мессининг ёнида ўйнаш улкан тажриба мактабини ўтади, биз дўстлашдик. Кўп футболчиларни кўрган шахс сифатида айтишим мумкинки, Лео - тарихдаги энг яхши ўйинчи!

- 2015 ва 2017 йилларда сайёрамизнинг тенгсиз футболчилари рўйхатида учинчи бўлгандингиз. Умуман, йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш ниятингиз борми?

- Ғалаба энг ёқимли рағбат эканлигини ҳар доим таъкидлаганман, шуниси аниқки, эртага бугунгидан яхшироқ бўлиш учун астойдил шуғулланаман. Ҳам индивидуал, ҳам жамоавий ўйинни ривожлантиришга интиламан. Бир кун келиб, ушбу совринга эга чиқсам, бу машаққатли меҳнатларим маҳсули бўлади.

- Килиан Мбаппе ҳақидаги фикрингиз қандай?

- У ҳақиқий феномен. Мбаппеда футбол тарихидаги энг яхши футболчи бўлиш учун салоҳият етарли. Килиандек шеригим борлигидан фахрланаман. Биз бир-биримизни жуда яхши тушунамиз - ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида. Уни жуда яхши кўраман!

- Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги «ПСЖ» энг кучли таркибга эгами?

- Энг кучлиси, деб ўйламайман, аммо бошқа бир муҳитни ҳис қиляпман, ўзимизга ишончимиз юқори ва бу омил ҳар куни асқотяпти.

- Ўғлингиз Дэвид ҳам футболга қизиқадими?

- Албатта, дўстлари билан бирга тўп суришни ёқтиради. Аммо у менга ўхшамайди - футболга кучли меҳр қўймаган. Месси, Мбаппе ва Криштиану Роналдуни яхши кўради. Видеоўйинлар ўйнаганда, ҳужум чизиғига ушбу учлик билан бирга мени ҳам қўяди.

- Ҳаётингиз давомида сиз ўйинини мириқиб томоша қилган уч футболчини санаб беринг.

- Роналдиньо, Робиньо ва Месси.

- Футболдан бошқа спорт турида ўйнайдиган қайси уч нафар шахсни ажратиб кўрсатасиз?

- Габриэль Медина, Стеф Карри ва Леброн Жеймс.

- Қандай фильмлар ёки телевизион дастурларни томоша қиласиз?

- Сериалларни хуш кўраман. Улар жуда кўп, лекин ҳаммасидан яхшиси - «Қоғозли уй» сериали.

- Энг ёқтирган таомингиз қайси? Агар меҳмонларга овқат тайёрлаб бериш керак бўлса, нима қилардингиз?

- Гуруч, қора ловия, мол гўшти ва фри (картошка)ни севиб истеъмол қиламан. Ошпазликда эса нўноқман... меҳмонларимга яхшигина қовурилган тухум таклиф этишим мумкин!


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz