Қайднома

Қидирув

Инфляция даражаси ҳисобга олинса...

Инфляция даражаси ҳисобга олинса...

  21.02.2020 05:00
  0
  474
Инфляция даражаси ҳисобга олинса...

ФУТБОЛ ТАРИХИДАГИ ЭНГ ҚИММАТБАҲО 25та ТРАНСФЕР (инфляция даражаси билан). Андрей Шевченко учун 136 млн., Игорь Шалимов учун 152 млн. фунт стерлинг? Бу ҳали ҳеч нарса эмас. Тревор Френсис қачонлардир (1979 йили) тарихга трансфери 1 миллион фунт стерлингга баҳоланган биринчи британиялик сифатида кирган. Орадан чамаси 10 йил ўтгач, бу сумма бировни ҳайратлантирмай қўйди. Чунки сара футболчиларнинг стандарт баҳоси 10 млн. фунтга етди. Энди эса «100 миллиондан ортиқ» ибораси модада. Ким билади, янги 10 йилликда ҳаттоки, Неймар учун тўланган 199 млн. фунт ҳам меъёрга айланар ҳали... Қизиқ, агар йиллар давомидаги инфляция даражаси ҳисобга олинса, қимматбаҳо трансферлар рейтинги қандай кўринишга келади?

 

10. Жан-Пьер ПАПЕН (Франция)

Йўналиш: «Марсель»  «Милан»

1992 йилги сумма:10 800 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма:152 008 497 фунт

«Милан» ўтган асрнинг 90-йиллари жаҳон футболининг молиявий пойтахти эди. «Россонерлар» жумладан, 1991 йили «Олтин тўп» соҳибига айланган Жан-Пьер Папен трансфери учун деярли 11 миллион фунт тўлашни пайсалга солишмайди. Икки мавсумда 31та гол - бу французнинг Италиядаги статистикаси. Хуллас, Папен клубга 2та скудетто ва ЧЛ кубогини ютишда катта ёрдам бера олганди.

9. Ален БОКШИЧ (Хорватия)

Йўналиш: «Марсель»  «Лацио»

1993 йилги сумма: 9 900 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 153 164 269 фунт

Бокшич - футбол тарихидаги 9-қиммматбаҳо ўйинчи! Қойилмисиз? Хорватиялик ҳужумчи «Марсел»да 29та гол ургач, Рим «Лацио»си Францияга 9,9 миллион фунт юборди ва кейинги мавсум қимматбаҳо футболчиси ёрдами билан «А» серияда 2-ўринни эгаллади. 1996 йили эса Бокшич «Ювентус» либосини кийишни ихтиёр этди.

8. РОНАЛДО (Бразилия)

Йўналиш: «Интер»  «Реал»

2002 йилги сумма: 40 500 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 155 210 616 фунт

Бразилиялик тенги йўқ «сўйлоқ» «Интер»да 5 йил тўп сургач, «Реал»нинг ҳар томонлама манфаатли таклифини қабул қилди. Мадридликлар ўшанда нақ 45,5 миллион фунтдан воз кеча қолишди, лекин Роналду шундай катта харажатга арзирди. «Сўйлоқ» буни амалда ҳам исботлади - 4 йилдан кўпроқ вақт давомида 104та гол уриб, «Қироллик клуби» нуфузини анча оширди.

 

7. Зайниддин ЗИДАН (Франция)

Йўналиш: «Ювентус»  «Реал»

2001 йилги сумма: 69 750 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 157 531 382 фунт

«Галактикос» даври айни авжига чиққан паллада Зайниддин Зидан трансферига 70 млн. фунт тўлангани ҳеч кимни ортиқча ажаблантирмади. Энг асосийси, Зизу шунча пулни ортиғи билан оқлаб қўйди. Ҳар ҳолда, франциялик араб Мадридда 5 мавсум тўп суриб, клуб афсоналари қаторига кирди. Яна бир томони, «Реал» ўшанда ўзи учун келажак мураббийини ҳам топган экан...

 

6. Рио ФЕРДИНАНД (Англия)

Йўналиш: «Лидс»  «МЮ»

2002 йилги сумма: 41 400 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 158 659 741 фунт

Рио Фердинанд 2002 йили «қизил иблислар» сафига қўшилиш асносида Британия футболи тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчи мақомини олди. Самара келтирган яна бир трансфер: Рио кейинги 12 мавсум Манчестерда ўйнаб, АПЛнинг 6 карра чемпионига айланди, қолаверса, жамоа билан ЧЛ тахтига кўтарилди.

 

5. Гарет БЭЙЛ (Уэльс)

Йўналиш: «Тоттенхэм»  «Реал»

2013 йилги сумма: 90 900 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 166 605 071 фунт

Яна энг қимматбаҳо британиялик ҳақида. Гарет Бэйл 2013 йили нафақат Британия, балки бутун дунё футболининг трансферлар рейтингида 1-ўринга кўтарилди. Аммо ҳозиргача уэльсликнинг Мадриддаги фаолиятидан қандай натижа чиқиши, аниқроғи, якуний хулоса тайин эмас. Ҳа, гольфга муккасидан кетган Гаретни кўп танқид қилишади, бироқ унинг ҳисобида 104та гол ва ЧЛнинг 4та кубоги борлигини ҳам унутмаслик керак.

 

4. РОМАРИО (Бразилия)

Йўналиш: ПСВ  «Барселона»

1993 йилги сумма: 10 800 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 167 088 293 фунт

1000тадан ортиқ гол муаллифи. Ҳар ҳолда, шундай маълумот бор. «Блауграна»нинг қимматбаҳо хариди 1993 йили 33та ўйинда рақиблар дарвозасини 30 марта нишонга олганди. Ромарио кейинги йили Бразилия миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатида зафар қучди. Битта афсусланадиган томони, у Европада узоқ вақт қолмади.

 

3. Криштиану РОНАЛДУ (Португалия)

Йўналиш: «МЮ»  «Реал»

2009 йилги сумма: 84 600 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 195 166 553 фунт

Барча замонларнинг энг буюк футболчиларидан бири учун 195 млн. фунт стерлинг - бу сумма ҳозирги шароитда фантастик ёки ақлга сиғмас даражада баланд эмас. Мана, португалиялик «Реал»даги фаолиятида 438та ўйин­да 450та гол урди, клубнинг ЧЛда 4 марта зафар қучишида бош ролни бажарди. Қисқаси, ҳар томонлама муваффақият.

 

2. НЕЙМАР (Бразилия)

Йўналиш:  «Барселона»  «ПСЖ»

2017 йилги сумма:199 800 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 202 025 615 фунт

Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо трансфер ушбу ўзига хос рейтингда 2-қаторга тушиб қолади. Ўртада инфляция борда, инфляция. Неймар Францияда ўз ҳисобига 64та гол ёзиб қўйиш баробарида бир неча марта турли жанжаллар марказига тушишга ҳам улгурди. Шунинг учунми, кўпчилик ҳамон бразилиялик юлдузнинг шунча суммага муносиблигига шубҳа билан қарамоқда.

 

1. Жанлука ВИАЛЛИ (Италия)

Йўналиш: «Сампдория»  «Ювентус»

1992 йилги сумма: 14 850 000 фунт

Инфляция ҳисобига ҳозирги сумма: 209 011 684 фунт

Қаранг, рейтингнинг 1-ўрнига Жанлука Виалли жойлашди. Италиялик футболчи «Сампдория»даги 8 мавсумда Италия «А» серияси ва Клублар ўртасидаги ЖЧда ғалаба нашидасини сурди. Бу «Ювентус»ни унинг учун деярли 15 млн. фунт тўлаб, жаҳон рекордини янгилашга ундади. Туринда Роберто Баджо ва Паоло ди Канио каби юлдузлар даврасига тушган Виалли бошида ўзини кўрсатолмади (икки мавсумда атиги 10та гол), лекин кейинчалик шиддат билан ўсиб, «Юве»нинг чемпионат-1994|1995да тахтга чиқишида асосий ролни бажарди. Яна 1 йил ўтиб, Жанлука туринликлар билан ЧЛда ғалаба қозонди ва эркин агент мақомида «Челси» сафига қўшилди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz