Қайднома

Қидирув

22 ёш, олти лига, олти клуб

22 ёш, олти лига, олти клуб

  21.02.2020 09:04
  0
  263
22 ёш, олти лига, олти клуб

Шотландиялик Оливер Берк атиги 22 ёшда. У маълум вақт ўз мамлакатининг энг қимматбаҳо футболчиси мақомида юрди. Энг ажабланадиган томони, йигитча қисқа фаолиятида профессионал футболда 6та клуб либосини кийишга улгурди. Уларнинг 6та лига иштирокчиси эканлигига нима дейсиз? Қисқаси, Оливер ҳозирга қадар 6та жамоа ва 6та лигани кўрди:

«Ноттингем Форест» (Англия, Чемпионшип)

«Брэдфорд» (Англия, Биринчи лига,  савия бўйича учинчи дивизион)

«РБ Лейпциг» (Германия, Бундеслига)

«Вест Бромвич» (Англия, АПЛ)

«Селтик» (Шотландия, Премьер-лига)

«Алавес» (Испания, Примеро)

Кўриниб турибдики, Беркнинг энг машҳур клуби - бу «РБ Лейпциг». Шотландиялик иқтидор Бундеслигада атиги бир мавсум ушланиб турди, тўғри, 25та ўйинда иштирок этиб, 1та гол урди. Фақат шуниси борки, Оливер бу ўйинларнинг деярли барчасида захирадан майдонга тушди. Шунинг учун ҳам, 1та ўйинига ўртача ҳисобда атиги 25 дақиқа тўғри келди...

 

Савол туғилади: нега Оливер Берк тақдирига эътибор қаратиляпти? Гап шундаки, у Испания Примероси 23-туридан ўрин олган «Алавес» - «Эйбар» ўйини (2:1)да гол урди. Бу шотландиялик учун «Алавес» таркибидаги 18та учрашув ҳисобидан биринчи гол бўлди (фақат Ла Лига доирасидаги баҳслар инобатга олинган). Ўйиндан сўнг «Твиттер»даги Gracenote Live саҳифасида дарҳол битта маълумот берилди - шотландия­лик футболчилар Испания чемпионатида узоқ 1987 йилдан буён гол уролмай келаётдилар. Хуллас, 22 ёшли Оливер ушбу «қуруқ»ликка чек қўйди. Маълумот ўрнида айтиш керак, Шотландия футболи вакиллари орасида Примерода рақиб дарвозасига йўл топиш охирги марта «Барселона»да тўп сурган Стив Арчибальдга насиб этганди. Хуллас, Берк «Эйбар» дарвозасини нишонга олган ҳолда, шотландиялик мухлисларга алоҳида қувонч бағишлаганини таъкидлаш мумкин.

Ҳа, 18та ўйинда 1та гол - бу Оливер учун жуда паст статистика. Зеро, ундан ҳамиша анча кўпроғини кутишган, кутишади. Дейлик, иқтидори юксак баҳолангани ортидан трансфер суммаси кўтарилиб кетганди. Аниқроқ айтсак, «РБ Лейпциг» 2016 йили Берк учун  «Ноттингем Форест»га нақ 15,2 миллион евро тўлади. Германияликлар роппа-роса бир йилдан кейин уни «Вест Бромвич»га айнан шу нархда сотишди. Хуллас, Берк маълум вақт Шотландия футболи тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчи мақомини ўзида сақлаб турди. Фақат 2019 йилнинг августига келиб, «Шеффилд Юнайтед» сафига қўшилган Оливер Макберни нарх бобида Беркдан ўзиб кетди. Ўшанда АПЛ дебютанти шотландиялик футболчига 19 миллион евро тўлаганди. Беркнинг ушбу рейтингдаги мавқеини тўлароқ англатиш учун яна бир маълумот - Шотландия футболининг бош юлдузи Эндрю Робертсон «Ливерпуль» сафига атиги 9 миллион евро эвазига қўшилган.

Оливер Беркнинг трансфер ҳуқуқи айти пайт «Вест Бромвич»га тегишли (ўртада 2022 йилгача мўлжалланган шартнома бор), бироқ Чемпионшип вакили унга эҳтиёж сезаётгани йўқ. Ижара келишуви эса, лоақал тузукроқ спорт формасига қайтиш учун имкониятдир. «Унинг қандай ўйнаётганига қараш ақлга сиғмас даражада аламли ва оғриқли. Атлетик томондан олсак, Оливерда ҳаммаси мужассам - куч, тезлик, чидам. Бироқ шу билан ҳаммаси тугайди...», - деб ёзди Берк ҳақида 67 Hail Hail портали. Оливернинг ўзи эса фаолиятидаги муаммолар айнан «Вест Бромвич»да бошланганини кўп бора таъкидлайди. «Машғулотларда талаб даражасида ишлайсан, аммо ҳар сафар уйга бўшашган ҳолда қайтасан. Жамоанинг муайян ўйин учун қайдномасида номингни кўрмаслигингни билганингдан кейин мотивация ўз-ўзидан қаергадир йўқолади. Ҳар қандай ҳолатда...», - дея клубдаги умумий ҳолатини тушунтирганди Берк. Шунинг учун ҳам, у ўтган ёз навбатдаги ижара вариантини қидирди. Якунда «Алавес» таклифи маъқул кўринди. Берк Испанияда ўйнаш имкониятини омади чопгани сифатида баҳолаганди: «Агентим аввалига менга қайси жамоа қизиқаётганини айтгани йўқ. Кейинроқ клуб номини тилга олгач, ёзим дарҳол ёришди - бу идеал вариант. Шундан сўнг «Алавес» таркибидаги вингерлар билан танишиб чиққач, ўйин амалиётисиз қолмаслигим ҳақида ўйладим. Зеро, шунчаки, ўйнаш ва футболдан завқланишни истайман. Яъни севимли ишимга кучли муҳаббатни қайта ҳис қилсам, бас». Мана, Оливер ниятига аста-секин эришяпти, гарчи камтарона статистика қайд этаётган бўлсада...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz