Ҳамон футбол оламининг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлиб турган аргентиналик ноёб иқтидор соҳиби Лионель Мессига қаратилган мақтовлар шу қадар кўпки, беихтиёр ёқа ушлайсиз. Леонинг ўзи эса ҳеч нарса бўлмагандек, камтарлик билан тўп суришда давом этмоқда. Қанчадан-қанча совринлар, сон-саноқсиз рекордлар унга етарли эмасдек. Яқинда Soccerbible.com сайти футбол оламининг тирик афсонасини суҳбатга тортди. Леонинг камдан-кам интервьюларидан навбатдагисида ҳам беқиёс голеадорга хос кўплаб фазилатлар яширин...
- Ўйлашимча, энг кўп мақтовларга сазовор бўлган футболчисан. Бу ҳолатга муносабатинг қандай?
- Мақтовларга ортиқча эътибор қаратмасликка ҳаракат қиламан. Ахир асосий мақсадим - тобора самаралироқ тўп суриш. Майдонга тушдимми, айрим ҳаракатларни янада яхшироқ бажара олишимни ҳис этаман ва буни амалда кўрсатишга интиламан. Албатта, омманинг илиқ фикрларини эшитиш ёқимли. Чунки бу маҳоратингизга берилган баҳо ҳисобланади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, мақтов ёки танқид кундалик ҳаётимга катта таъсир кўрсатишига йўл қўймайман.
- Ўйинингга маҳлиё мухлислар учун тамоман ўзгача, ягона ижрочисан. Хўш, ўзинг қандай фикрдасан? Шунчаки, вазифангни адо этяпсанми ёки...?
- Ҳа, айнан ўз зиммамдаги ишларни бажаряпман. Ўзим ёқтирган юмуш билан профессионал даражада шуғулланиш борасида омадим чопгани аниқ. Футболга кучли муҳаббатим туфайли бошқаларга нисбатан кўпроқ имтиёзга эгаман, менимча. Афсуски, ҳаммага ҳам севимли касби билан шуғулланиш эвазига пул топиш насиб этавермайди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, ҳамиша ўз ишимни иложи борича сифатлироқ бажаришга уринаман.
- Майдонда ўзингни ўзинг ҳайрон қолдирадиган лаҳзалар ҳам кузатиладими?
- Фаолиятимнинг ҳозирги босқичида жамоавий ўйинга кўпроқ эътибор қаратяпман. Умуман, олдинлари ҳам жамоа натижаларини биринчи ўринга қўйганман. Ҳа, вақти-вақти билан айрим учрашувларни юксак савияда ўтказганимиз, ҳамма ўз вазифасини аъло даражада адо этганидан ҳайратланишим мумкин. Шундай паллаларда чинакам лаззат туясан! Бундай ўйинлар қўшимча иштиёқ бағишлайди. Жамоа муваффақиятига ҳисса қўшган сайин иштиёқ ўз-ўзидан кучайиб боради.
- Голларингни қайта томоша қилганингда, баъзан «Ўша лаҳзада нима қилишни ўйлаганимни эслолмайман, ҳаммаси шунчаки, амалга ошди» қабилида фикр уйғонмайдими?
- Қандай ўйнашимни таърифлаш ўзим учун жуда қийинлигини аввал ҳам айтганман. Майдонда доимо энг маъқул вариантни топишга уринаман, лекин тан олишим керак, кўп ҳолларда гол табиий равишда юзага келади. Ахир қандайдир қарор қабул қилишга 1 сониядан камроқ вақт сарфланади. Шунга қарамай, футболчидан ҳар қандай вазиятга тайёр туриш талаб этилади.
- Ўтмиш хотираларига қайтиб, «Барселона»даги дебютингни ёдга олсак, 17 ёшли Месси ва ҳозиргиси ўртасида қандай тафовут бор?
- Шахсан ўзим катта фарқ бор, деб ўйламайман. Эҳтимол, 17 ёшли йигитнинг унча-мунча оғриқни сезмаслиги, оз ухлаши, тамадди қилиши ўзига билинмаслиги мумкин. Умуман, мен ўша-ўшаман. Бу гап жумладан, жисмоний ҳолатимга ҳам тааллуқли, йиллар давомида ўзимни асраб-авайлашга етарли эътибор қаратиб келяпман.
- Фаолиятинг давомида бирор марта муайян даврда ўзингни дунё миқёсидаги ўйинчи сифатида ҳис этганмисан?
- Йўқ, чунки ҳаммаси жуда тез ва табиий равишда ривожланди. Вақт ўтиши билан тобора яхшироқ ўйнай бошладим. Хуллас, қачон ўзимни етук футболчи сифатида ҳис эта бошлаганимни ҳам эслолмайман. Ҳаммаси кўпроқ табиий жараёнга ўхшайди.
- Нуфузинг ва ҳурматинг ошиб борган сари рақибларинг сенга нисбатан мулойимроқ ва меҳрибонроқ муносабатда бўла бошламадиларми? Ҳозиргача йўлингга ўта қўполлик билан пешвоз чиқадиган футболчилар ҳам борми?
- Ўйлашимча, касбдошларим қандай муносабатда бўлишса, уларга нисбатан якка тартибда мен ҳам шундайман. Ўйинга боғлиқ сифатларим ва позициямни инобатга олсак, табиийки, улар мени тўхтатиб қолишга уринадилар. Жамоа миқёсида эса рақиблар қўшимча мотивацияга эга ҳолда қаршилик кўрсатишади. Чунки Ла Лигада ҳам, ЕЧЛда ҳам фаворитлар сафидамиз. Бироқ аминманки, барча номдор жамоалар вакилларига шундай муносабатда бўлишади.
- Баъзи ўйинлардан сўнг рақиб жамоа мухлислари сени олқишлар остида кузатиб қўйишади, ҳаттоки, исмингни айтиб, куйлашади. Бу ғайритабиий ҳиссиёт самарасими?
- Ҳа, ҳар доим. Рақиб жамоа мухлисларининг сен томонга ўтишлари нотабиий ҳолат, албатта. Шундай вақтда уларга раҳмат айтаман, аммо мени олқишлашгани эмас, балки ишимиз сифатини тан олишгани учун.
- Рекордларингни нечоғли кузатиб борасан? Улар ҳақида ўйин арафасида маълумотга эга бўласанми ёки ўйиндан кейин кимдир хабардор қилади?
- Кўпинча қайсидир рекордни янгилаганим ёки бунга яқин эканлигимни ўзим билмайман. Индивидуал кўрсаткичларга ортиқча эътибор бермайман. Маълумотларни асосан матбуот орқали билиб оламан ёки кимдандир эшитаман. Лекин одатда ўзим бу борада сўрамайман ва қизиқмайман ҳам.
- Кўпчилик АПЛни тенги йўқ чемпионат даражасига кўтарган жиҳатлар хусусида баҳслашади. Сенингча, Ла Лиганинг ўзига хос жиҳати нима?
- Менимча, ҳар икки чемпионат рақобатбардош лигалар мақомида, Англияда ҳам, Испанияда ҳам юксак савияли футболчилар тўп суришади. Профессионал фаолиятимни «Барселона»да бошлаганимни ҳисобга олсак, Испанияга келганим заҳоти доимо Ла Лигада ўйнашни орзу қилганман ва ўйинларни диққат билан кузатганман. Гарчи охирги йилларда деярли енгилмас жамоа мақомига эришган бўлсакда, бутун эътиборни ўйинга қаратмасак ва юксак стандартлар талабига жавоб бермасак, истаган рақиб бизни маҳв этиши мумкин. Қолаверса, бизга жиддий қаршилик кўрсатишга қодир жамоалар етарли. Ла Лиганинг ўзига хос жиҳати? Албатта, биринчи навбатда, бутун футбол олами назарини тортадиган «Эль-класико»ни тилга олиш мумкин.
- АПЛ ҳақида гап кетганида, «Манчестер Сити»га клуб тарихидаги энг ёрқин даврни тақдим этаётган Хосеп Гвардиолани эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Унинг муваффақиятга эришиш қобилиятига қойилмисан?
- Бунинг ҳайратланадиган томони йўқ. Пеп мураббий сифатида тенгсиз! Дейлик, ўйинда қандай вазиятлар юзага келишини олдиндан кўра олади. Шу фазилати қаерда ва қанча вақт устозлик қилишидан қатъий назар, салмоқли муваффақият келтиради.
- Футболчилик - давомийлиги қисқа касб. Кун келиб, «Барселона» футболчиси мақоми билан хайрлашасан. Уйғониб, машғулотга бормаслик... Буни нимага қиёслаш мумкин?
- Тўғриси, билмайман. Боз устига, бу мен ўйлаётган мавзу эмас. Чунки ҳозир шу ердаги ҳаёт, мавжуд имкониятлардан лаззатланишни ўйлаш билан бандман. Юксак савияда тўп суриш учун жисмоний ва руҳий ҳолатим ҳам, спорт формаси ҳам талаб даражасида.
- Кўпчиликни битта савол қизиқтиради: «Месси кетгач, «Барселона» қандай ҳолатда бўлади?»
- «Барса»да ҳамиша жаҳон миқёсидаги ўйинчилар тўп суришган ва вақти келиб, нафақага ёки бошқа клубларга йўл олишган. Жамоа эса ўз йўлида давом этган. Демоқчиманки, клуб ҳар нарса ва ҳаммадан устун. Доимо шундай бўлган, мендан кейин ҳам бу қоида ўзгармайди. Асосий таркибда узоқ вақт тўп сурган футболчининг кетиши қолганларни ноқулай ҳолга солиб қўйиши - рост. Пуйоль, Хави, Иньеста, Роналдиньо, Деку, Маскерано, Вальдес, Дани Алвеш каби юлдузлар кетишгач, биз шундай ҳолатни бошдан кечирдик. Лекин олдимизда тинимсиз ишлаш, иложи борича яхшироқ тўп суришдан бошқа йўл йўқ. Шундай экан, мен кетсам, ажойиб жамоадошларим қолишади, янгилар сафга қўшилиб, ҳамма «Барса»ни энг кучли клублардан бири сифатида қолиши учун курашади. Бошқа гап йўқ! Ҳарқалай, мен учун «Барса» дунёнинг энг кучли клуби бўлиб қолаверади.
- Қачондир футболдан четга чиқиш сени хавотирга солмайдими?
- Бу борада кўп ўйламасликка ҳаракат қиламан, шу фикр хаёлимдан ўтган тақдирда эса, ажабтовур ҳиссиётлар оғушида қоламан. Эсимни таниганимдан буён майдонда тўп суряпман. Барчасидан бир кечада жудо бўлиш осон эмас. Умид қиламанки, жудолик ҳали анча олисда...
- Нафақага чиқишнинг ижобий жиҳатлари ҳам бордир...
- Дарҳақиқат, оилам, 3 нафар фарзандимга кўпроқ вақт ажратиш имконияти - айни муддао. Рафиқам, ўғлонларим, ота-онам ва яқинларим даврасида ўзимни бахтиёр сезаман. Қатъий кун тартиби мажбуриятидан қутулиш улар билан кўпроқ мулоқот қилиш имконини беради.
- «Барселона» сенинг уйингми ёки иш жойинг? Фаолиятингдан кейинги мақомингни қандай тасаввур қиласан?
- Клуб - ҳам уйим, ҳам иш жойим. Ҳаётимнинг кейинги босқичида қаерда бўлишимни аниқ билмайман, аммо Барселонада имкони борича узоқроқ қолишни режалаштираётганимни кўп бора такрорлаганман. Тўғри, футболдан кейин етарли бўш вақт юзага келишини инобатга олсак, унинг асосий қисмини Аргентинада ўтказишим ҳам мумкин.
- Дунёнинг турли бурчакларида Месси футболкаларида юрган кишиларга дуч келасан. Ҳозир ҳам уларни кўрганингда, ғаройиб ҳиссиётларни сезасанми?
- Ҳа, албатта. Айниқса, футбол оммавий спорт тури даражасига кўтарилмаган ҳудудларда шундай кишиларга дуч келиш қизиқ.
- Охирги 20 йил ичида футбол қанчалик ўзгарди? Кейинги 20 йилда нималарни кутиш мумкин, сенингча?
- Барча йўналишларда сезиларли ўзгаришлар юз бергани айни ҳақиқат. Шахсан мен майдондаги янгиликларга кўпроқ эътибор бердим. Назаримда, футболчилар жисмоний тайёргарлик борасида тобора кучайиб бормоқдалар. Шунингдек, тактикаси ҳам тинимсиз ривожланишда, янги технологиялардан унумли фойдаланилмоқда.
- Фаолиятинг давомида бутун дунёга танилдинг. Машҳурликка қандай баҳо берасан?
- Имкони борича табиий ёндашишга ҳаракат қиламан. Баъзан кўпроқ эркинликка эга бўлиш, ёлғиз қолишни ўйлаб қоламан. Лекин футболчи ҳаётининг бир қисми шундай ўтишини тушунаман.
- Ҳозирда Жастин Клюйверт ва Тим Веа сингари футболчилар ўз саҳифаларини ёзишга ҳаракат қилишмоқда. Фарзандларинг футбол билан шуғулланишса, Месси фамилияси уларга кучли таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрдингми?
- Бу борада тушунчага ҳам эга эмасман. Улар ҳали жуда ёш, футболни ёқтиришадими ёки бошқа соҳани танлашади - маълум эмас.
- Футболдан бошқа мусобақаларга тобинг қалай? Сен учун ноқулай жабҳалар ҳам борми?
- Ноқулайлик туғдирадиган соҳалар ўзимни эркин ҳис этадиган ишларга нисбатан анча кўп. Бироқ барчасида рақобатлаша оламан. Чунки мағлубликни ёқтирмайман.
- Кўпчилик лоақал бир кун Лео Мессидек ҳаёт кечиришни орзу қилади. Агар сенга оддий киши билан бир кунингни алмаштириш имкони берилса, уни қандай ўтказардинг?
- Ўша кунни тўлиқ Барселона ва Росариодаги севимли гўшаларни зиёрат қилишга сарфлардим. Ҳозир бундай имкониятга эга эмасман, саёҳатни эса роса соғиндим...
Ў.УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20