Қайднома

Қидирув

Японча пенальти-шоу ва...

Японча пенальти-шоу ва...

  22.02.2020 09:15
  0
  222
Японча пенальти-шоу ва...

Япония суперкубоги учун кечган баҳс якунида футболчилар қаторасига нақ 9та пенальтидан самара чиқаролмадилар, якунда испаниялик Андрес Иньеста совринлар коллекциясини бойитишга эришди, барибир. Ноаниқ зарбалар, тўсин, устун, «сэйв» - ҳаммаси кузатилди. Оддий таърифлаганда, қиёси йўқ пенальти-шоу. Ҳа, Япония суперкубоги-2020 учун «Йокогама» ва «Виссел Кобе» ўртасида кечган учрашув узоқ вақт эсда қоладиган бўлди. «Барселона»да довруғ таратган ярим ҳимоячи Андрес Иньеста ҳозирги клуби - «Виссел Кобе»нинг ўз тарихида иккинчи марта соврин ютишига ёрдам бергани ўз йўлига. Асосий ва қўшимча бўлимларда кучлар тенг келгач, барчасини пенальтилар серияси орқали ҳал қилишга тўғри келди. Футбол «лотерея»сида эса ютуқ шунчаки, сарсон бўлди... Championat.com сайтининг қуйидаги мақоласи шу ажойиб томоша ва ҳамон «Кобе» сафида жавлон ураётган Иньеста ҳақида.

 

АНА ТОМОШАЮ, МАНА ТОМОША...

Ақл бовар қилмас пенальтилар серияси. Япония клублари ижросида мухлислар учун чинакам томошабоп шоу. Ўзи ўйиннинг асосий вақтидаёқ драма кузатилди - «Виссел Кобе» 3 марта ҳисобда олдинга чиқиб олди, бироқ Япониянинг амалдаги чемпиони «Йокогама» ҳар сафар мувозанатни тиклаш йўлини топди. Шу аснода асосий ва қўшимча бўлимлардан сўнг таблода 3:3 ҳисоби порлади, ҳаммаси пенальтилар сериясига кўчди. Оҳ, асаблар ўйини... Тўғриси, пенальтилар сериясига ҳам бундай сценарийни ўйлаб топиш қийин. Ҳар икки жамоа вакиллари дастлабки 2тадан уринишда гол уришди. Дарвоқе, «Виссел Кобе»дан «нуқта»га биринчи бўлиб Андрес Иньестанинг ўзи яқинлашиб, тўпни совуққонлик билан дарвозанинг пастки чап бурчагига йўллаганди.

Бешинчи зарбадан бошлаб эса, дарвозага гўёки, қулф осилди. Юз берган воқеани бошқача изоҳлаш қийин. Диққат қилинг, фатболчилар кетма-кет 9та пенальтини голга айлантиролмадилар. Бу орада мухлислар голкиперлар ижросида «сейв»лар кўришди, тўп дарвозанинг устун ва тўсини билан «ўпишди», яна ноаниқ зарбалар ҳам кузатилди. Пенальтилар сериясини «Йокогама» бошлаб берганини инобатга олсак, «Виссел Кобе» барчасига нуқта қўйиш учун нақ 5 марта ўзига хос ўйин-пойнтга эга бўлди. Фақат 9та увол кетган 11 метрли жарима зарбасидан кейингина Хотару Ямагучи тўпни ишонч билан дарвоза тўққизлигига йўллаб, жамоасига ғалаба келтирди. Қисқаси, «Кобе» бешинчи ўйин-пойнтдангина самара чиқарди.

 

ИНЬЕСТАНИНГ ЯПОНИЯДАГИ ФАОЛИЯТИ

«Барселона» клуби ва Испания миллий жамоаси тирик афсонаси  Андрес Иньеста «Виссел Кобе» сафига 2018 йилнинг май ойида эркин агент мақомида қўшилди. Ўшанда испаниялик тан олинган ярим ҳимоячи бирданига 3 йиллик шартнома остига имзо чекканди. Келишувда Андресга жами 90 миллион евро (йилига 30 «лимон») миқдорида маош тўланиши белгиланди. Савол туғилади: Иньеста нега айнан Япония чемпионатини танлади? Ахир мисол учун, Хитой ва Қатар клублари ҳам унга ўта манфаатли шартнома таклиф қилишга тайёр турганди? Ҳамма гап шундаки, «Виссел Кобе» клуби 2016 йили «Барселона»нинг бош ҳомийсига айланган Rakuten компаниясига тегишлидир. Агар Испания матбуоти тарқатган маълумотларга ишонсак, Андрес Иньестани Японияга кўчиб ўтишга Rakuten ва «Виссел Кобе» соҳиби Хироши Микитанининг шахсан ўзи кўндирган.

Иньеста «кунчиқар юрт»га боргани ҳамоно янги жамоа­сининг медиа-юзига айланди-қўйди: бутун жаҳонда «Виссел Кобе» ҳақида гапира бошлашди. Иньестанинг ўзи эса фаолиятининг охирги босқичида яхшигина пул жамғариш имкониятини ҳосил қилди. У Япония миллий чемпионатидаги дебютини 2018 йилнинг 22 июль куни нишонлади. «Виссел Кобе» учун биринчи голини эса ўша йилнинг августида урди. Эътиборли томони, Иньеста «Жубило Ивата»га қарши баҳсда еврофутболда ўзи каби роса яйраган Лукас Подольски узатмасидан сўнг дарвозани нишонга олганди. Умуман олганда, «Барса» фахрийси Япониядаги илк ярим йилликда клубининг 14та ўйинида иштирок этиб, 3та гол муаллифига айланди. Бироқ мавсум-2018 якунида ўзи учун янги ўлкада анча қийналаётганини тан олди: «Очиқ айтишим керак, ҳам спорт нуқтаи назаридан, ҳам шахсий ҳаёт масаласида Японияга мослашишим осон бўлаётгани йўқ. Биламизки, япон маданияти Европаникидан кескин фарқланади. Муҳими, қийинчиликларга қарамай, турмуш ўртоғим ёрдами билан аста-секин барчасига кўникиб, янги тажрибадан завқ оляпман. Мени қувонтираётган жиҳати, мослашув жараёни фарзандларимизда енгилроқ ўтяпти».

2019 йили Иньеста Япония чемпионатидаги биринчи тўлақонли мавсумида чакки кўринмади: 25та ўйинда рақиблар дарвозасини 7 марта нишонга олди. Мана, мавсум-2020 испаниялик фахрий учун жуда омадли бошланди. «Виссел Кобе» 1 январь куни Япония кубоги (Император кубоги) финалида «Кашима Антлерс»ни 2:0 ҳисобида енгганди. Энди эса Иньеста япон клуби билан мамлакат суперкубогини ҳам қўлга киритди. Айтиш жоиз, бу совринлар «Виссел Кобе» учун тарихдаги дебоча ютуқлар ҳисобланади. Ваҳоланки, бу жамоа 1997 йилдан буён Япония элит лигасида қатнашмоқда. Хўш, илк сов­ринлар Иньеста эффектими? Эҳтимол...

Дарвоқе, Испания ОАВда тарқалган хабарларга кўра, «Барселона» қишки трансферлар пайти Иньеста билан мавсум охиригача мўлжалланган ижара шартномасини расмийлаштиришга уринди. Бироқ Андреснинг ўзи Японияда қолишни афзал билди. Каталония грандининг амалдаги бош мураббийи Кико Сетьендан бир сафар жамоа таркибида айнан кимни кўришни кўпроқ хоҳлашини сўрашганида, у ўйламай туриб, дарҳол жавоб берди: «Клубнинг қайси афсонасини ортга қайтаришни истайман? Албатта, Иньестани. Ахир у фаолиятини ҳали якунлагани йўқ. Эҳтимол, Андресни клубга қайтариш имкониятини топармиз...». Иньеста гарчи «Барса» либосини футболчи сифатида яна кийишдан бош тортган бўлсада, келажакда ўз салоҳиятини бош мураббий ролида синаб кўриш режаси борлигини яширмаяпти. Унга машҳур дўсти Хави билан мураббийлик соҳасида ҳам тандем ҳосил қилишлари имконияти ҳақида савол беришгач, оддийгина жавоб берди: «Хави - Иньеста тандеми? Чакки янграмаяпти, аммо ҳозирча бунинг иложи йўқ. Қайси жамоада ишлашни хоҳлайман? Бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрганим йўқ, аммо маълум вақтдан кейин мураббийлик фаолиятини бошлаш ғояси чиндан ҳам, қизиқарли. Айни пайт майдонда ўзимни яхши ҳис қиляпман, асосийси, куч-қувватим бор. Аввалги мавсумда мириқиб тўп сурдим, ўйлайманки, фаолиятим кейинги йилларда ҳам шундай мароқли давом этади. Қисқаси, ҳозирги ҳолатда ҳар куни шуғулланиш, майдонга тушиб, тўп суриш ва яйрашга иштиёқим баланд. Демоқчиманки, мотивация масаласида муаммо сезаётганим йўқ. Энг муҳими шу. Ишларимнинг ривожидан мутлақо қониқяпман».

Нима бўлишидан қатъий назар, ҳар икки афсона (Хави ва Иньеста)нинг эртами-кеч «Барселона»га қайтишига ҳеч ким шубҳаланмаяпти. Фақат битта савол бор - улар яқин келажакда клубда қайси лавозимни эгаллашади?

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz