Қайднома

Қидирув

«Реал» сайти ўзига мос ва...

«Реал» сайти ўзига мос ва...

  23.02.2020 07:44
  0
  371
«Реал» сайти ўзига мос ва...

АЛОҲИДА ТАҲЛИЛ НИТИЖАЛАРИ. Футбол клубларининг расмий сайтлари орасида энг машҳури «Реал»ники, албатта. Обуначилари энг кўп 10 сайтнинг 5та АПЛ иштирокчиларига тегишли. Замонавий ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш имконсиз, ҳисоб. Жадал тараққиётдан ортда қолмасликка интилаётган футбол клублари янги юлдузлар топиш ёки тарбиялашга катта эътибор қаратиш баробарида ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ривожини ҳам назардан қочираётгани йўқ. Зеро, мухлислар севимли жамоалари ва ёқтирган футболчиларига дахлдор энг сўнгги хабарлар билан тезкор равишда танишиб боришни исташади. Қолаверса, ОАВда баъзан тасдиқланмаган маълумотлар берилади. Шунинг учун бўлса керак, фанатлар клубларнинг расмий сайтларига кўпроқ ишонишади. Хуллас, жамоаларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари шунчаки, расмиятчилик учун очилмаган, улар мухлислар билан ишлашда реал ва муҳим восита саналади.

 

Comscore таҳлил компанияси яқинда дижитал ва медиа бозорини ўрганиб чиқиб, 2019 йили энг кўп ўқувчиларни жалб этган футбол клублари расмий сайтлари ҳақидаги маълумотларни ҳам эълон қилди. Хулоса сифатида берилган баёнотда қизиқарли фактлар етарли. Демак, клублар сайтлари орасида «Реал» саҳифаси мутлақ етакчи. Умуман олганда, Мадрид грандининг расмий сайти 4 йилдан буён байроқдор бўлиб келмоқда. Хуллас, интернет оламининг футбол бўлимида  «Қироллик клуби»никидек кенг оммалашган бошқа саҳифа йўқ. Рақамларда айтсак, ўтган йили ўқувчилар «Реал»нинг саҳифасига бир ойда ўртача ҳисобда 2 006 000 марта мурожаат қилишган. Ҳа, ҳаммаси тўғри - 2 миллиондан ортиқ ташриф. Бу бир ойлик кўрсаткич. Эҳ, шу-да машҳурлик, оммалашиш...

Рейтингнинг иккинчи қаторида жорий мавсумнинг чин қаҳрамони «Ливерпуль» сайти бормоқда. Лекин «қизиллар» саҳифаси пешқадамдан анча ортда қолмоқда. Мерсисайдликлар сайтига бир ойлик ташриф сони 1 миллионга ҳам етмади. Хуллас, «Ливерпуль» кўрсаткичи «Реал»ники олдида ҳеч нарса эмас, лекин бошқа клубларники билан таққослаганда, шунчаки, супер! Ойига 863000 марта ташриф. «Реал»­нинг футбол масаласидаги бош рақобатчиси — «Барселона» саҳифаси эса ҳозирча 3-ўринда. Каталония клуби йўлга қўйган сайтни ойига 812 минг марта кузатишади. Оддий айтганда, «Ливерпуль» ва «Барселона» сайтлари кўрсаткичи ўртасидаги фарқ жуда кам. АПЛ вакилининг бу борада олдинга чиқиб кетганида, ЧЛ-2018|2019да кузатилган ўша ақл бовар қилмас «камбэк»нинг ўрни ҳам катта бўлса керак.

Ҳа, рўйхатни Испания жамоаси бошқариб турибди, ҳа, кучли учликда Ла Лиганинг икки вакили бор. Бироқ интернет оламида ҳам АПЛнинг мавқеи баланд, барибир. Ҳар ҳолда, энг кўп фойдаланувчига эга 10та клубнинг 5таси айнан Англиядан. Бунда ажабланадиган томони ҳам йўқ. Демак, «Ливерпуль» сафиҳасидан ташқари, «МЮ», «Манчестер Сити», «Арсенал» ва «Тоттенхэм» сайтлари ҳам етарли «мижоз»­га эга. «Шпорлар» икки йилча олдин ҳам ҳаттоки, кучли 20таликдан ташқарида эдилар. Факт шуки, атиги икки мавсумда Лондон клубининг ижтимоий тармоқлардаги машҳурлиги кескин ошди. Англия пойтахтини ҳимоя қилувчи яна бир гранд клуб — «Челси» эса аксинча, бу борада кучли 10таликка ҳам киролмади. Шунингдек, «Интер», «Милан», «Боруссия» Д. ва «Атлетико» каби машҳур жамоалар расмий саҳифалари ҳам топ-10дан ташқарида. 

Рейтингнинг дастлабки 10та қаторида атиги 5та лига вакили бор: АПЛ - 5та жамоа, Ла Лига - 2та жамоа, Бундеслига, «А» серия ва Лига 1 - 1тадан жамоа. Энг асосий факт: «Реал» сайти шу қадар баланд­даки, ҳаттоки, «МЮ», «Манчестер Сити», «Тоттенхэм» ва «Арсенал» клублари саҳифалари «мижоз»ларини қўшиб ҳисобласак ҳам, умумий миқдор «Мадрид»га ошуфта фойдаланувчилар сонига етмайди, барибир. Адолат юзасидан айтиш керак, футбол жамоалари учун асосий тармоқ ҳисобланган «Инстаграм»да «Реал» ва «Барселона» ўртасида деярли тенглик мавжуд. Яъни бу «майдон»да мадридликлар 84 миллион фолловерга эгалар, каталонияликлар эса 83,1 миллион обуначини ўзларига қаратишган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz