Қайднома

Қидирув

Владислав Лютин: «Пахтакор»да дарвозабон бўлишга ҳам тайёр эдим»

Владислав Лютин: «Пахтакор»да дарвозабон бўлишга ҳам тайёр эдим»

  23.02.2020 09:15
  0
  406
Владислав Лютин: «Пахтакор»да дарвозабон бўлишга ҳам тайёр эдим»

Киев футболи тарбияланувчиси Владислав Лютийни «Пахтакор»даги иштироки орқали яхши таниймиз. Яқинда у «ИнтерФутбол» нашрига берган интервьюсида Тошкент клубидаги фаолияти ҳақида сўзлади.

- Владислав, «Пахтакор»га ўтиш варианти қандай пайдо бўлганди?

- Жамоага тажрибали ижрочилар керак эди. Уларнинг вакиллари Киевдаги агентлар билан боғланишди ва «Пахтакор»га биздан уч кишининг номзоди кўрсатилди - мен, Костя Сосенко ҳамда Серёжа Майборода. Ростини айтаман, Ўрта Осиёнинг энг ёрқин клубларидан бирида кучимни синаб кўриш мен учун қизиқ эди. Бу фаолиятимдаги янги чақирув эди. Жамоа билан Ўзбекистон кубогида ғалаба қозонганимдан хурсандман.

- Сизни Тошкентда қандай қабул қилишди?

- Ҳар тарафлама илиқ қарши олишди. Қандайдир тушунмовчиликлар юзага келмади. Ташкилотчилик юқори даражада эди, шу боис биздан ҳам ўз ишимизни сифатли бажариш талаб этиларди - ҳам машғулотларда, ҳам ўйинда. Рост айтишган экан: Тошкент - нон шаҳри. У ерда ҳеч ким оч қолмайди. Шарқона бозор! У ерда ҳамма нарса бор! Қовунларни айтмайсизми!

- «Пахтакор» олдида Ўзбекистон чемпионати ва кубогида қандай мақсад бўлган?

- Фақат энг юқориси - ҳар икки мусобақадаги ғолиблик. Ўзбек футболи грандида бошқача мақсад бўлиши мумкин эмас.

- У ердаги чемпионат ва жамоалар савияси ҳақида нима дейсиз?

- Рақобатбардошлик бор. Ўша кезлари ўзбек клубларида собиқ иттифоқнинг турли мамлакатларидан келган йигитлардан ташқари, болқонликлар ва жанубий америкаликлар ҳам етарли эди. Ўзбекистонда футболни яхши кўришади ва етакчи жамоаларнинг муайян даражадан пастга тушишига йўл қўйишмайди. Имидж - асосий омиллардан бири, айниқса, бой анъаналарга эга бўлса.

- Ўзбек ва украин футболи ўртасида қандай фарқ бор?

- Украинаники Европаникига яқинроқ. Кураш кўп, тезкор қарор чиқариш лозим. Шунчаки олдинга интилмай, комбинацион ўйин ташкил этиш керак. Бизда тактик ишланмаларга катта эътибор қаратилади. Ўзбекистонда эса футбол нисбатан юмшоқроқ, техникага асосланган. Футболчилар тўпни ўзларида кўпроқ сақлаб туришга интилишади. Ваҳоланки, Украина ва Ўзбекистон термалари ўртасидаги баҳсни кўрганимда, бизнинг йигитлар аранг ғалаба қозонишганди (2:1. 2007 йил 22 август. Голлар: Гладкий (30), Ротань (65) - Гейнрих (90}2).

- Об-ҳаво шароити ўйинлар натижасига кучли таъсир ўтказармиди?

- Маҳаллий йигитларга осонроқ эди, бизга эса ноодатий жазирамага кўникишга тўғри келарди.

- Жамоа бош мураббийи, россиялик Сергей Бутенко сизни қайси позицияга қўярди?

- Асосан ярим ҳимояда. Умуман, керакли пайтда исталган нуқтада ўйнашга тайёр эдим.

- Дарвозабон позициясида ҳамми?

- Муаммосиз (кулади)!

- «Пахтакор» чемпионатда 2-ўринни эгаллади, кубок баҳсларида эса ғолиб чиқди. Ютуқни қандай нишонлагандинглар?

- Қизиғи, чемпионатда Фарғонанинг «Нефтчи» клубини олдинга ўтказиб юборгандик, Ўзбекистон кубоги финалида эса фарғоналикларнинг «олтин дубль» қилишларига йўл қўймай, муросасиз курашлар остида 2:1 ҳисобида зафар қучдик. Ўшанда Лёня Кошелев «Пахтакор»нинг иккита «олтин» голига муаллифлик қилганди. Умуман, Тошкентга борган учликдан фақат Костя Сосенко финалда қатнашганди...

- У пайтлари клуб етакчиси ким эди?

- Жамоа ҳар тарафлама шаклланганди. Дарвозани Ўзбекистон термаси посбони Олег Беляков қўриқлаган, ҳимояда - Бахтиёр Ашурматов, ўрта чизиқда машҳур футбол устаси Игорь Шквирин тажрибасини ишга соларди, ҳужумда ҳам жуда кўп фойда келтирарди. Шунингдек, у ўйин пайти жамоани майдонда бошқариб турарди. Худди ўйновчи-мураббийдек эди. Бундан ташқари, Леонид Кошелев, Анвар Солиев ҳамда Неъматилла Қутибоев ҳам конструктив ҳаракатлари билан бошқалардан ажралиб туришарди.

- «Пахтакор» бош мураббийи Сергей Бутенко нимаси билан ёдда қолган?

- Айтиш қийин. Деярли ҳамма мураббийлар собиқ иттифоқ вакиллари эди, ўқув-машғулот ўтказиш услуби ўхшаш бўлган. Чемпионатда иккинчи ўринни эгалладик - бу эса клуб раҳбарияти томонидан муваффақиятсизлик сифатида баҳоланиб, Сергей Александрович истеъфога чиқарилди, «пахтакорчилар» эса кейинги олти мавсум кетма-кет чемпионликни қўлга киритишди.

- Нега кейинги фаолиятингизни ҳам «Пахтакор»да давом эттирмадингиз?

- Мураббийлар таркибни ёшартиришга киришдилар, мен эса ўша пайт 32га тўлгандим...

- Ҳозир тошкентликларнинг ўйин­ларини кузатасизми?

- Телевизор орқали имконсиз, чунки трансляция қилинмайди, интернетда баъзан ўқиб тураман. Уч мавсумлик танаффусдан кейин «Пахтакор» ўтган йили яна олтин медалларга сазовор бўлганидан хурсандман. Чин дилдан табриклайман!

- Бугунги «Пахтакор»даги ривожланиш шундоққина кўриниб турибди. Бунга мураббий Шота Арвеладзе сабабчими ёки клубнинг молиялаштирилаётганими?

- Ҳаммаси муҳим. Футбол олами рақамларга бой. Бу рақамлар - нафақат таблодаги якуний ҳисоб ёки урилган голлар, ғалабалар сонини, балки инфратузилма, ҳомийлик шартномалар, трансферлар, клуб бюджетига кирим-чиқиб масалаларига ҳам тааллуқли. Шота Арвеладзе ажойиб футболчи бўлган, мураббийликда ҳам муваффақиятга эришмоқда, лекин стабил молиявий таъминотсиз ҳеч қайси мутахассис футболда ҳеч нимага эришолмайди.

- 2001 йилда бирга тўп сурган собиқ жамоадошларингиз билан алоқалар сақланиб қолганми?

- Кўплаб йигитлар айрим сабабларга кўра турли ҳудудларга тарқаб кетишган. Ҳар кимнинг ўзига яраша иши бор... Маълум муддат Костя Сосенко билан гаплашиб турдим, аммо у яқинда Словакиянинг «Нитра» клубига кетди, Серёжа Майборода эса 2017 йилнинг декабрида вафот этди.

- Ҳамон футбол соҳасидамисиз?

- Бу тажрибам билан бошқа нима ҳам қилардим? Болалар мураббийиман. Айни пайт «Киевская Русь» гимназияси ҳамда «Победитель» БЎСМда болаларга миллионлар ўйинидан сабоқ беряпман.

- Ишлар яхши кетяптими?

- Ҳа. Шогирдларим кўплаб нуфузли мусобақаларда ғолиб чиқишди. Айниқса, Валерий Васильевич Лобановский номидаги турнирни алоҳида эътироф этмоқчиман. Унда муносиб қатнашгандик.

- Ихтиёрингизда иқтидорли болалар кўпми?

- Етарлича. Аслида, футбол менсиз ҳам аксарият болакайларнинг севимли ўйини ҳисобланади. Менинг вазифам нафақат уларга футболда сабоқ бериш, балки қалбларидаги миллионлар ўйинига бўлган меҳрни «ўлдирмаслик»дан ҳам иборат. Машғулот жараёнида позитив муҳитни сақлашга интиламан, «Мураббий - болаларнинг дўсти ва шериги», деган нақлга амал қиламан. Ўзимнинг кичкинтойлар билан ишлаш принципимга таянаман - машғулот ўтказиш эмас, болага футбол ўйнашни ўргатиш керак.

- Мароқли суҳбат учун ташаккур, Владислав. Кейинги фаолиятингизда омад ёр бўлсин!

- Сизга ҳам раҳмат! Ўзбекистонликларга менинг номимдан салом айтиб қўйинг!

- Албатта.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

 

Владислав Лютий, 1970 йилнинг 25 августида Украина пойтахти Киев шаҳрида туғилган. Киевнинг СКА клуби тарбияланувчиси. Ярим ҳимоячи позициясида тўп сурган.

Ўйнаган жамоалари

1988|1991 - СКА (Киев); 1991|1995 (танаффус билан) - «Кривбасс» (Кривой Рог, Украина); 1991|1992 - «Торпедо» (Запорожье, Украина); 1995 - «Металлург» (Запорожье, Украина); 1996|1997 - «Нефтехимик» (Нижнекамск, Россия); 1998 - «Прикарпатье» (Ивано-Франковск, Украина); 1998 - «Тисменица» (Тисменица, Украина); 1999 - «Женис» (Астана, Қозоғистон); 2000 - «Акмола» (Кокчетав, Қозоғистон); 2000 - «Полиграфтехника» (Александрия, Украина); 2001 - «Звезда» (Кировоград, Украина); 2001 - «Пахтакор» (Тошкент, Ўзбекистон); 2002|2003 - «Динамо» (Маҳачқалъа, Россия).

Барча расмий турнирларда 416та (жумладан, «Пахтакор»да 18та) ўйин ўтказиб, 52та («Пахтакор» сафида 2та) гол урган.

ЮтуҚлари

** 2001 йилги Ўзбекистон кубоги соҳиби

** 2001 йилги Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби

** 2001 йилги Украина Биринчи лигасида бронза медали соҳиби

** 2003 йили Россия Иккинчи дивизиони («Жануб» минтақаси) ғолиби


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz