Қайднома

Қидирув

"Бухоро" клуби - ўртамиёналар қироли-ми?

"Бухоро" клуби - ўртамиёналар қироли-ми?

  24.02.2020 03:40
  0
  380

1992 йилдан буён ўтказиб келинаётган Ўзбекистон миллий чемпионати баҳсларида жуда кўплаб жамоаларнинг номлари порлади. Қайсиларидир ҳалиям мавжуд, баъзилари эса аллақачон тарих саҳифаларида қолиб кетган. Жумладан, турнирнинг дастлабки мавсумида «Нурафшон» номи остида иштирокни бошлаган клуб ҳам ўзига хос мавқега эга эди.

Бухоро вилояти шарафини ҳимоя қилган мазкур жамоа ҳисоб бўйича биринчи чемпионатда якуний жадвалда тўртинчи ўринни эгаллади, кейинги 4 мавсум давомида ҳам кучли бешликдан тушмади. 1993 йилги баҳсларда 5-поғонани банд этган бўлса, 1994 йилги лига ўйинлари клуб тарихида ёрқин из қолдирадиган бўлди - совринли 2-ўрин!

Аммо 1995 йилги чемпионат аксинча, «Нурафшон»нинг фаолиятида «қора доғ» бўлиб қолди. «Янгиер»га қарши кечган учрашувдан кейин бўлиб ўтган кетма-кет 11та ўйинда Бухоро жамоасига техник мағлубият ёзилиши оқибатида клубнинг юқори ўринларга даъвогарлик қилиш имконияти йўққа чиқди. Шунга қарамай, кейинги йили бухороликлар яна бешинчи ўринни эгаллашди. Айнан мана шу мавсум «Нурафшон» учун етакчилар қаторидаги охиргиси бўлди.

1997 йили жамоа номи «Бухоро»га ўзгартирилди. Аммо стадионларда ҳамон мухлисларнинг «Нурафшон», «Нурафшон» деган ҳайқириғи янграрди. Ахир, қисқа фурсатда янги атамага кўникиш осон эмасди-да. Ушбу ном жамоага оғирлик қилди, шекилли, кейинги мавсумларда «бешлик»ка қайтиш орзуга айланди. Ўтган асрнинг охирги тўрт йилида «Бухоро» дастлаб еттинчи, кейин эса қаторасига уч мавсум олтинчи ўринни эгаллади.

Янги асрнинг дастлабки йилларида мўъжиза рўй бермади: 2001 йилда 8-ўрин, 2002 йилда 7-ўринни банд этган клуб том маънода ҳақиқий ўртамиёнага айланиб бўлганди. Аммо мавсум-2003 янада омадсизроқ чиқди ва жамоа йилни 12-поғонада якунлади! Бу Бухоро футболи тарихидаги дастлабки энг ёмон натижа эди. Шу тариқа бошланган муваффақиятсизликлар кейинчалик ҳам давом этди.

2004-2007 йиллар давомида жамоа чемпионатда беқарор ўйин кўрсата бошлади: 2004 йилда 7-, 2005 йилда 12-, кетма-кет икки мавсум - 2006-2007 йилларда эса «Бухоро» 9-ўрин билан кифояланди. Мухлисларнинг юрак юриши ҳам жамоанинг натижалари каби гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб борарди. Аммо мухлислар ва «Бухоро» учун кейинги уч йил ҳақиқий «қора» мавсумларга айланди.

2008-2009 йилги чемпионатларда бир хил - 15-ўрин қайд этилганидан клуб вакиллари тегишли хулоса чиқармадилар, оқибатда, бухороликлар мавсум-2010ни қуйи лигада ўтказишга мажбур бўлишди. Бу Бухоро футболи учун ҳақиқий фожиа эди, вилоят жамоаси инқироз исканжасида қолганди...

Биринчи лигада рақобатнинг деярли йўқлиги, жамоаларнинг молиявий аҳволи ҳаминқадар эканлиги «Бухоро»га қўл келди ва жамоа навбатдаги мавсумдаёқ кучлилар сафига қайт­ди. Лекин ўртамиёналик мақоми жамоа «қон»ига сингиб кетганми, билмадик, аммо «Бухоро» 2011 йилда 9-, 2012 ва 2013 йилларда 7-ўринни эгаллади. Бунданда юқорироққа силжишдан дарак йўқ эди. Аксинча, кейинги икки мавсумда жамоа элитада қолиш учун курашди: 2014 йилда 12-, 2015 йилда эса 14-поғонадан жой олди!

Ишлар яна орқага кетаётгандек туюлган бир паллада, ниҳоят, «Бухоро» ўзига келиб олгандек тасаввур уйғонди. Навбатдаги мавсумда узоқ йиллик орзу амалга ошиб, жамоа 1992 йилги натижасини такрорлади: 4-ўрин! Яъни 23 йил деганда жамоа бешликка қайтди. Кейинги кетма-кет икки мавсумда эса «Бухоро» олтинчи ўрин била кифояланди. Ўтган йилги натижалардан эса хабардорсиз: бухороликлар охирги турдагина элитада қолишни уддалашди.

«Бухоро»нинг миллий чемпионатимиз бошланганидан буён то ҳозиргача лигада қайд этган натижаларини сарҳисоб қилиб, унга мактаб дастури бўйича баҳоласак, зўрға «4»га тортади. Хўш, клуб «аълочилар» сафига қўшилишини яна қанча кутиш керак? Янги имтиҳонлар бошланаверсин-чи, уёғини вақт ўтгани сари кўраверамиз.

Эркин СОДИҚОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz