Қайднома

Қидирув

Ракурс: Бир тахтга уч ворис

Ракурс: Бир тахтга уч ворис

  24.02.2020 10:49
  0
  443
Ракурс: Бир тахтга уч ворис

Бундан 8 йил муқаддам, 2012 йилнинг февралида Италия «А» серияси тахтига бир йўла уч жамоа даъвогарлик қилганди. Ўшанда мамлакатнинг 3та энг йирик шаҳарлари - Рим, Турин ва Милан жамоалари таъқибчилардан анча илгарилаб кетишганди. Энди яна шундай вазиятга гувоҳ бўлиб турибмиз. Кичик фарқ шуки, «Ювентус» ва «Лацио»га «Милан» эмас, «Интер» рақобат қилмоқда. Таъқибчилардан узоқлашиб улгурган етакчи учликнинг турнир жадвалидаги ҳолатидан яхши хабардорсиз, албатта: «Ювентус»да 57, «Лацио»да 56 ва «Интер»да 54 очко бор. Қизиғи, 24-турда 2 ва 3-ўринларда бораётган жамоалар ўзаро куч синашишди ва мазкур баҳсда омад римликларга кулиб боқди (2:1)...

 

...2012 йилнинг 25 февралида Мунтари иккинчи уринишда Буффон дарвозасини забт этган, лекин бош ҳакам Тальявенто қандайдир сирли сабабга кўра уни кўрмай қолган ва ҳисобга олмаганди. Натижада «Милан»нинг «Ювентус»дан олдинга ўтиб олиш имконияти йўққа чиққанди. Охир-оқибат жамоа чемпионликни ҳам бой берди. Кейинчалик Мунтари ўзининг инобатга олинмаган голи муҳим аҳамият касб этмагани, зеро мавсум якунигача ҳали узоқ бўлганлигини айтганди. Лекин гол чиройли чиққанини ҳам қўшимча қилганди...

Ҳикоянинг айнан шу чекиниш билан бошланиши сабаби шуки, бундан 8 йил аввал скудетто учун 3 жамоа кураш олиб борганди. Тўғри, ўшанда «Лацио» қўшалоқ етакчилар дуэтидан 5 очкога ортда эди. Фарқ унчалик катта эмас, бироқ ўйин бобида Эди Рейя жамоаси «Милан» ва «Ювентус» билан баҳслаша олмасди. Амалда римликлар суръатни тушириб юборишди, «Болонья», «Катания», «Новара» ва «Удинезе»га имконият бой берилди. Натижада совринли 3-ўрин ҳам қўлдан кетди.

2020 йилнинг февралида «Лацио» яна даъвогар учликда, етакчиларга осонликча таслим бўлмоқчи эмас. Аммо вазият тамоман ўзгача: бугунги жамоа ўтмишдошидан сезиларли даражада кучлироқ, 24 учрашувдан ке-йин аввалгига нисбатан 14 очко кўпроқ жамғарди. Ҳикоямизни айнан шу жамоадан бошлаймиз.

 

«Лацио»: Инзагининг ретро жамоаси

 Ҳозирда римликларни қолоқ услуб намояндалари сифатида танқид қилувчилар етарли. Бироқ ўйинга дурустроқ эътибор берилса, бир қатор қизиқарли жиҳатлар кўзга ташланади. Иммобиле фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумини ўтказмоқда. Ваҳоланки, қандайдир қўшимча оёқ ёки бошқа воситадан фойдаланаётгани йўқ. Бу шунчаки футболдаги фокус ҳам эмас, балки мураббийнинг мураккаб қарорлари маҳсули: бутун жамоа ўзгарди. «Лацио» майдон кенглиги ва позицион ўйиндан онгли равишда воз кечди. Натижада вертикал узатмалар асосий қуролга айланиб, Иммобиле етарли бўшлиққа эга бўла бошлади. Шу тариқа жамоа қарши ҳужумлардаги голлар сони бўйича «А» серияда 2-ўринда бормоқда, зарбалар сонига кўра етакчилик қилмоқда.

Симоне Инзаги пойтахтдаги 4 йиллик фаолияти давомида қимматбаҳо трансферлар ёрдамисиз тобора яхшироқ натижаларга эришмоқда. Чиро - унинг даврида «очилган» ягона ўйинчи эмас. Депрессия таъсирида бутсасини михга илиш тараддудида бўлган 24 ёшли Луис Альберто бир йилдан кейин мавсумни чемпионатнинг энг яхши ассистенти мақомида якунлад, бу йил ҳам «ассист»лар бўйича етакчилик қилмоқда. Милинкович-Савич эса аллақачон топ-клублар эътиборини ўзига тортди. Лекин ўта қиммат нарх ва бошқа мураббий раҳбарлигида ҳозиргидек ишончли тўп суришига кафолатнинг йўқлиги Римни тарк этишига тўсқинлик қилмоқда.

Инзаги жамоадаги йўқотишлар ўрнини ортиқча муаммоларсиз тўлдирмоқда. Ачерби ўйин сифатига путур етказмаган тарзда де Врей юмушларини бажармоқда, Лейва эса мухлисларни Бильяни унутишга мажбур этди. Инзаги даврида жамоа бир марта 16 млн., кейин 5 млн.ли харажатларни амалга оширди. Кейинги трансфер мавсумидан «Лацио» 43 млн. евро даромад билан чиқди.

Ҳозирда римликлар мусобақа пеш­қадамидан 1 очкога ортда боришмоқда, мақсадлари эса ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш. 2018 йилда Инзаги охирги турдаги омадсизлик туфайли нуфузли чиптани бой берганди. Ҳозир унинг шогирдлари қишдаёқ юксак спорт формасига кириб олишди. 12 ғалабали серия - клуб тарихидаги рекорд кўрсаткич. Ҳатто чемпионлик мавсумларида ҳам «Лацио» бундай натижага эриша олмаганди. 24-турни якунлаб берган марказий беллашувда жамоа асосий рақобатчиларнинг бири - «Интер»ни қабул қилиб, муросасиз баҳсда иродали (2:1) ғалабага эришди ва мавсумда илк маротаба 2-поғонани банд этди. Шубҳа йўқки, «Лацио» ва Инзаги шу билан кифояланиб қолмайдилар. Иккинчи рақобатчи хусусида тўхталадиган бўлсак, Инзаги чемпионни маҳв этиш тажрибасига эга - Римдаги 1-давра беллашувида унинг шогирдлари «Ювентус»дан устун келишган.

 

«Интер»: Стартга чиқди ва учиб кетди

9 февраль куни бўлиб ўтган дербида Антонио Конте жамоаси сифат жиҳатидан мақташга арзимайдиган, лекин натижага интилиш бобида тенг­сиз беллашувни намойиш этган ва ўйинни ўз фойдасига ҳал қилганди (4:2). Брозовичнинг замбарак зарбаси жамоани уйғотган бўлса, бурчак тўпини амалга ошириш чоғидаги айёрона ҳаракат (зарба йўллаш арафасида де Врей алдамчи рейдни намойиш этган, жамоадошлари эса рақибларини тўп узатиладиган ҳудуддан узоқлаштиришганди) эвазига мувозанат тикланган, кейинги 2 гол қимматли ғалабани таъминлаганди. 0:2нинг 4:2га айлангани жамоанинг жорий мавсумдаги табиатини тўла-тўкис ифодалайди.

Умуман, дербида ўтказиб юборилган 2 голдан кейин Конте ҳимоядаги камчиликларга тезда барҳам берди. Охирги беллашув арафасида айнан у ҳамда Инзаги шогирдлари ҳимоя қўрғонининг мустаҳкамлиги борасида етакчилик қилишаётганди. Ўзаро учрашувдан (1:2) кейин «Лацио» 2 баллга олдинга ўтиб олди.

Нима бўлганда ҳам, де Врейнинг ҳаракатлари бутун фаолиятини шу учликда ўтказаётган футболчини эслатади. Ёш Бастони эса ҳақли равишда Годиннинг позициясига даъвогарлик қилмоқда.

Лекин иккинчи томондан, «Интер» рақибнинг юқори прессингида ўзини йўқотиб қўймоқда, тўпни жарима майдончасига етказишда қийинчиликка дуч келмоқда. Бу борада жамоа нафақат «Лацио» ва «Ювентус», балки «Милан», «Аталанта», «Рома» ва «Наполи»дан ҳам ортда қолмоқда. 7,3 коэффициенти ўртача кўрсаткичдан юқори, лекин топларга хос эмас. Хавф­ли вазиятларни вужудга келтириш бобида эса «Интер» 5-ўринда. Демак, ўйин сифати хусусида эътирозлар йўқ эмас.

Олис масофадан йўлланадиган зарбалар эса жамоанинг асосий қуролларидан бири. Бу борада жамоа 6-натижани кўрсатган бўлсада, голлар сони бўйича 2-ўринда бормоқда. Бу «Интер»нинг рақиб дарвозасини нишонга олишидан далолат беради. Шундай экан, Конте жамоасидан ҳамма нарсани кутиш мумкин: битта ўйинда бўйидан баландроқ сакраган «Интер» бу жасоратни мавсум давомида ҳам такрорлашга қодир.

Бироқ тақвим «Интер»га қарши: жамоа «Лацио»га имкониятни бой берди, олдинда «Ювентус»га қарши Туриндаги беллашув кутмоқда. Шунинг­дек, охирги 2та турда ҳам Конте шогирдлари жиддий синовдан ўтишади: уйда «Наполи», сафарда «Аталанта» билан куч синашадилар. Энди кўп нарса Эриксеннинг янги муҳитга қанчалик тез мослашишига ҳам боғлиқ. «Милан»га қарши баҳсда у бир қатор ажойиб узатмаларни амалга ошириш билан биргаликда, анчагина камчиликларга ҳам йўл қўйди. Яъни Эриксен - юксак салоҳият соҳиби. Бироқ самара ҳозирча талаб даражасида эмас.

 

«Ювентус»: сарризм ва прагматизм аро сарсонлик

Икки йилдирки, сўнгги йилларнинг танҳо ҳукмдори босқичма-босқич ривожланиб, маҳаллий бренд мақомидан «маҳаллий» атамасини олиб ташлашга интилмоқда. Шу мақсадда суперюлдузни ўз сафига жалб қилди, Осиё бозорини забт этишга киришди, бош­қарув тизгинини ҳужумкор футболни йўлга қўя оладиган мутахассисга топширди. Аммо бу ислоҳотлар ҳам камчиликлардан холи эмас.

Аллегрининг прагматик услуби ички мусобақаларда Роналду харидидан аввал қандай самара берган бўлса, Кришти таркибга қўшилганидан кейин ҳам панд бермади. «Ювентус» бош юлдуз ўйинига мослашиб, тўпни унга қулай тарзда етказиб беришни ўрганди ва одатий 90 очкони жамғариб, навбатдаги скудеттога эга чиқди.

Сарри эса анчагина тер тўкишга мажбур бўлди. Чунки мутасаддилар унинг олдига ҳужумкор ўйин услубидан фойдаланиш вазифасини қўйишди. Энди узатмалар асосан пастдан амалга оширилиши талаб этиларди. Жамоани янги услубга мослаштириш осон эмас, бунинг учун вақт керак. Роналдуни ўргатиш янада мураккаброқ, чунки у Азар эмас, масалан. Шу билан биргаликда, Сарри Аллегри уддалай олмаган юмушни, яъни Криштиану-Дибала жуфтлигини сермаҳсул дуэт даражасига олиб чиқиши лозим эди.

Сарри учун шунчаки чемпионатда ғолиб чиқишнинг ўзи етарли эмас. У гегемонлик мақомини сақлаган ҳолда, айнан Роналдунинг кўпроқ гол уришини таъминлаши керак. Бу ёқда Пауло ҳам ўз мавқеини йўқотмасликка интилади, машҳурлик ҳеч кимга ортиқчалик қилмайди. Шунақа жумбоқлар қуршовида мураббий вақти-вақти билан таркибдаги мувофиқликни йўқотиб қўймоқда.

Мавсум стартида Дибала тез-тез захирада қолиб кетди, кейин Роналду гол урмай қўйди. Ҳозир португалиялик тўпурарнинг маҳсулдорлиги ошди, Дибала доимо бошланғич таркибда. Аммо ҳамжиҳатлик талаб даражасида эмас. Худди бир пайтлари «Челси»нинг ўйини Жоржиньога боғланиб қолгани каби, «Юве»да Пьянич таъсири сезилмоқда. Агар рақиблар марказда прессинг қўллашса, чемпион ўз ҳудудида ўралашиб қолади. «Верона»га қарши баҳсда тўп кўпроқ «Ювентус» дарвозаси яқинида бўлди. Пьянич ва Бонуччи томонидан йўл қўйилган хатоликлар аввалги прагматик услубда кузатилмаганди.

Шунга қарамасдан, Турин суперклуби ғолибликка асосий даъвогар. Биринчидан, таркибнинг кенг имкониятлари эвазига Сарри услубга путур етказмаган ҳолда мос ижрочиларни топишга уринмоқда. Бунинг учун мураббий ихтиёрида савияли ярим ҳимоячилар етарли. Иккинчидан, Роналдуни қисқа узатмаларга мослаш жараёни ортда қолди. Демак, жамоа ҳеч бўлмаганда сермаҳсул ўйин кўрсатишга қодир. Учинчидан, «Лацио» ва «Интер»га қарши учрашувлар Туринда ўтади. Ниҳоят, Сарри Роналду ва Дибаладан унумли фойдаланиш йўлини топган кўринади. Португалиялик мерган охирги 10 учрашувда 13та гол урди.

«Ювентус»нинг кенг имкониятларга эга жамоа эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бироқ унинг рақобатчиларга нисбатан ҳозирги устунлиги аввалгидек ишонарли эмас. Бундан ташқари, «Лацио» ва «Интер»да ЕЧЛ босими йўқ. «Юве» ҳамда Роналду учун эса бу - олий мақсад. Айнан шу жиҳат «А» серия­да юзага келган интрига хусусида баралла гапиришга имкон бермоқда. Боз устига, у мавсум арафасида ёки октябрда эмас, мавжуд фактларга асосланган ҳолда ва февралнинг иккинчи ярмида изҳор этилмоқда. Қизиқарли интригадан завқ олинг!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz