Ҳаким Зиешнинг сотилиши - «Аякс» клуби тарихидаги энг қимматбаҳо трансферлардан бири бўлди. Мазкур ҳолатда нафақат якуний харидорга белгиланган нархни, балки футболчини Нидерландия пойтахтига олиб келиш учун кетган харажатларни ҳам эътиборга олиш даркор. «Аякс» ҳамон футболчилар етиштиришда илғор, улар орқали ажойиб бизнесни йўлга қўйган. Soccer.ru тақдим этган қуйидаги мақола билан танишсангиз, Амстердам клуби тарихидаги бешта рекорд даражадаги трансфер ва унинг жамоа ғазнасига деярли чорак миллиард евро келтиргани ҳақида билиб оласиз.
5-ўрин. АРКАДИУШ МИЛИК (Польша)
Келган: 2015 йили «Байер»дан 2,8 млн. еврога
Кетган: 2016 йили «Наполи»га 32 млн. еврога
Ҳам майдонда фойда келтириб, ҳам ғазнани тўлдирадиган футболчини тарбиялашга ҳар доим ҳам кўп вақт кетмайди. Баъзан унга ишониб, имконият беришнинг ўзи кифоя қилади. Польшалик форвард 18 ёшида Германияга кўчиб ўтганди, бироқ «Байер» унинг иқтидорини тўлиқ очолмади. Туғма тўпурардаги салоҳият фақат Амстердамда намоён бўлди, «доришунослар» уни голландлар ўлкасига ижара асосида жўнатишганди. «Аякс» «Байер»га 2,8 миллион евро таклиф қилди, мазкур сумма леверкузенликларга Милик бўйича барча харажатларни қопларди. Прагматик немислар ушбу таклифни муаммодан осонгина қутулиш йўли деб билишди: гўёки, польшалик форвард умуман келмаган, пуллар ўз жойида эди. Аркадиуш расман «Аякс» аъзосига айланганидан бир йил ўтиб, «Байер»дагилар ушбу трансферга йўл қўйишганидан афсусланишди: Милик чемпионатда 24та гол урди ва амстердамликлар уни «Наполи»га 32 миллионга сотишди. Ҳаммаси адолатли тарзда кечди: ким футболчига ишонган бўлса, ютуқ ўшаники. Ахир «Байер» ижара шартномасини яна бир мавсумга узайтирганида, неаполликларнинг пуллари «доришунослар» ғазнасига тушарди. Лекин ундай бўлмади ва «Аякс» ўз тарихидаги бешинчи йирик сотувни амалга оширди.
4-ўрин. ҲАКИМ ЗИЕШ (Марокаш)
Келган: 2016 йили «Твенте»дан 11 млн. еврога
Кетган: 2020 йили «Челси»га 40 млн. еврога
Сизга мўлжал бўлиши учун айтиб ўтамиз - «Аякс»нинг барча даврлардаги энг қимматбаҳо хариди 16,25 млн. еврога баҳоланган, худди шу суммага Миралем Сулаймони сотиб олинган. Умуман, ушбу футболчи ишончни оқламаган ва жамоани эркин агент сифатида тарк этган. Зиеш - «Аякс»нинг қимматбаҳо харидлари рўйхатида саккизинчи, тўрт йил аввал у Амстердамга «Твенте»дан кўчиб ўтганди. Ҳаким Нидерландиянинг бош клубида ўсиш билан бирга пасайишни ҳам бошдан кечирди, ўтган мавсум эса унга машҳурлик, шараф ва совринлар келтирди. Марокашлик «Аякс»даги 4та тўлиқ бўлмаган мавсумда голландлар ўлкасидаги барча совринларни қўлга киритди, клуби билан Европа Лигаси финали ва Чемпионлар Лигаси ярим финалигача чиқди. Статистикаси ҳам ажойиб: 160та ўйинда 48та гол ва 82та «ассист». Зиешни АПЛ грандларидан бири сотиб олганига ажабланмаса ҳам бўлаверади, тўғрими? 40 миллион евро - бу «Челси» тўлайдиган асосий сумма. Агар Ҳаким туманли ўлкада муваффақиятли тўп сурса, «Аякс»нинг мазкур трансфердан оладиган миллионлари янада ортади.
3-ўрин. ДАВИНСОН САНЧЕС (Колумбия)
Келган: 2016 йили «Атлетико Насьонал»дан 5 млн. еврога
Кетган: 2017 йили «Тоттенхэм»га 42 млн. еврога
Ушбу футболчи «Тоттенхэм»даги ўйини билан «Аякс»га бонуслар келтиришга улгурди. Амстердамликлар ижросидаги намунали савдо. Албатта, колумбияликнинг нархи 8 марта ўсиши ортида катта меҳнат (аввал уни қидириб топиш керак - скаутлар йиллаб ишлашади; шартнома имзолаш, бадавлат рақобатчиларни ортда қолдириш; бошқа қитъадан келган йигитни ўз ўйинига мослаштириш) ва футболнинг ажралмас қисми бўлган бахтли тасодифлар ётибди. «Аякс»га бу борада омад кулди: Санчес мавсумни ажойиб тарзда ўтказди, мудофаадаги ишини қойиллатишдан ташқари, мунтазам равишда ҳужумга кўмаклашди (7та гол}2та «ассист»). Натижада, «Тоттенхэм» харидни пайсалга солмай, «Аякс» рад этмайдиган таклиф билан чиқди.
2-ўрин. ФРЕНКИ ДЕ ЙОНГ (Нидерландия)
Келган: 2015 йили «Виллем II»дан 10,13 млн. еврога
Кетган: 2019 йили «Барселона»га 75 млн. еврога
«Аякс» 18 ёшли Френки учун 10 миллион евро сарфлаганидан заррача афсусланмади. Де Йонг Амстердам клуби тарбияланувчиси ҳисобланмайди. Унинг иқтидори Тилбургда кашф этилган, «Аякс» эса ушбу ярим ҳимоячини жаҳон даражасига олиб чиққанди. Мазкур ҳолатда «қизил-оқлар» гегемонлик ҳуқуқидан фойдалангандек туюлиши мумкин, аслида эса бундай эмас, ҳамкорлик ҳар икки томон учун фойдали бўлган. «Виллем» футболчини ҳеч қачон 75 миллион еврога сотолмасди. «Аякс» ҳам бундай йирик суммани ўтган мавсум Европада порлаб, Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққан Эрик тен Хаг бошчилигидаги жамоанинг ажойиб иши туфайли қўлга киритди. Шу тариқа «Аякс» ва бизнесда асосий ролни ўйновчи футболчиларнинг катта вазифаларни бажара олишлари ўз исботини топди.
1-ўрин. МАТИЙС ДЕ ЛИГТ (Нидерландия)
Келган: клуб тарбияланувчиси
Кетган: 2019 йили «Ювентус»га 85,5 млн. еврога
10 яшарлигида «Абкауде» болалар жамоасидан «Аякс» академиясига кўчиб ўтган Де Лигт кейинчалик амстердамликлар сафида шуғулланган. Шу муддат ичида у нимжонгина болакайдан футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячилардан бирига айланди. Худди де Йонг билан бўлганидек, «Аякс»нинг «сотувдан олдинги тайёргарлиги»га фақат ҳавас қилса арзийди. Албатта, ЕЧЛ ярим финалини режалаштириш мумкин эмас, аммо бу ютуқ ҳар тарафлама асқотди. Агар «Аякс» жорий мавсумда бўлгани каби гуруҳ босқичидаёқ турнирни тарк этганида, икки иқтидорли футболчиси учун 160 миллион евро ундириши амримаҳол эди.
Сарҳисоб
«Аякс» Аркадиуш Милик, Ҳаким Зиеш, Давинсон Санчес, Френки де Йонг ва Матийс де Лигтни ўз сафига қўшиб олиш учун жами 28,93 млн. евро сарфлади. Ушбу суммани 29га ўзгартириш ҳам мумкин, ахир де Лигтни тарбиялаш учун ҳам қандайдир воситалар ишлатилган, гарчи бу қўлга киритилган сумма олдида денгиздан томчи бўлса ҳам. Хуллас, сарфланган 29 миллион евро эвазига 274,5 млн. евро даромад олинди. Шу тариқа, бешта келишувдан тушган соф фойда 245,5 миллион еврони ташкил этди ва бу сумма бонуслар ҳисобига янада ошиши мумкин. Бунинг учун Зиеш, де Йонг ва де Лигтдан янги жамоаларида муваффақиятли тўп суриш талаб этилади.
Юқорида номи келтирилган бешлик - «Аякс»нинг чегара билмас кадрлар сиёсати маҳсулидир. Эътибор беринг, рўйхатда сайёрамизнинг учта турли қитъасидан (Африка, Жанубий Америка, Европа) футболчи бор. Де Лигт тарбияланувчи ҳисобланади, де Йонг ёшлигидаёқ маҳаллий бозорда қўлга киритилган, Зиеш «Твенте»да ўйинга мослашиб улгурганди, Санчесни океан ортидан олиб келишди, Миликни эса футболчи учун мураккаб бўлган даврда қўлга киритиб, бунинг учун совринга эга бўлишди. «Аякс» - ўзгача клуб, ундан бошқа жамоалар ўрнак олишса арзийди.
О.АТАБОЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20