Қайднома

Қидирув

Можаро: Номни алмаштир, Бекхэм!

Можаро: Номни алмаштир, Бекхэм!

  25.02.2020 03:48
  0
  325
Можаро: Номни алмаштир, Бекхэм!

Англия терма жамоасининг собиқ сардори Дэвид Бекхэмга тегишли «Интер Майами» клуби МЛСнинг янги мавсумида ўз иштирокини бошлайди. Катта эҳтимол билан, мазкур турнирдаги стартга бошқа ном остида кириб боради. 2018 йили «Интер Майами» клубнинг номи ва эмблемаси тақдимотини ўтказганди. Ўшандаёқ Миланнинг «Интер»и судга мурожаат этган, жавобгарлик МЛСга юклатилганди.

The Miami New Times нашрида ёзилишича, «Интер» 2014 йилдаёқ АҚШда ўз товар белгисини рўйхатга олишга ариза топширган. Клуб шу тариқа ўз брендини эксклюзив тарзда юритишни режа қилганди. «Интер Майами» эса ўз «заявка»сини 2018 йили берган ва бу мурожаат МЛС томонидан қўллаб-қувватланганди. Лиганинг фикрича, «Интер» тавсифли термин ҳисобланади («Интернасьональ», «Интер Лейпциг», «Интер Нэшвилл» сингари) ва бу номнинг Милан клуби томонидан хусусийлаштиришга интилиш чигалликни келтириб чиқаради.

Бутун дунёда (жумладан, Хорватия, Словакия, Финляндия ва ҳатто Американинг ўзида ҳам) «Интер» номли жамоалар бор. МЛСнинг таъкидлашича, агар миланликлар экскл­юзив ҳуқуқни талашадиган бўлсалар, шу номдаги бошқа клублар билан ҳам англашилмовчилик юзага келади. МЛСнинг далиллари ўтмади - суднинг дастлабки йиғилиши Италия жамоаси фойдасига ҳал бўлди.

Энди МЛС апелляция киритади. Агар ютқазса, «Интер» буёғига Бекхэмнинг клуби билан судлашади. Мазкур ҳолатда «Интер Майами»нинг номини ўзгартириши эҳтимоли ошади. «Ўйлашимча, Милан томонининг ғалабаси майамиликларнинг номни ўзгартиришларига сабаб бўлади», - деди адвокат Дэвид Винкер. Ҳозирча ушбу баҳсли вазиятда устунлик Италиянинг «Интер» жамоаси томонида.

FourFourTwo бу каби можаролар аввал ҳам рўй берганини эслаб ўтди. «Ливерпуль» шу ном билан аталувчи шаҳар устидан судга мурожаат этганди (ютқазган), UKIP партияси эса АПЛ билан судлашган, «Питерборо» жамоаси Виктория Бекхэм устидан судга арзнома тақдим қилган. Умуман, бу каби ишлар ҳар доим ҳам норозилар фойдасига ҳал бўлавермайди, шу боис, «Интер»нинг ҳолати - умумий тенденция орасида истиснодир.

AS муаммонинг бошқа бир жиҳатини ҳам очиқлади. Агар «Интер Ма-йами» номини ўзгартирса, миллионлаб доллар йўқотади. Чунки клуб логотипи остида чиқарилган жуда кўп миқдордаги маҳсулотлар дўконларга жўнатилган. Қурилиши давом этаётган янги стадион ҳам шу ном билан аталади. Демакки, суднинг бундай қарори «Интер Майами»га молиявий томондан жиддий таъсир кўрсатади.

Бекхэм тузган жамоа ҳали бирорта ҳам ўйин ўтказмай туриб, ташкилотчилик бўйича жуда кўплаб муаммоларга йўлиқди. Ўтган йилнинг ёзида янги стадион қурилаётган жойда мишяк ва қўрғошин топилди. Уларнинг миқдори белгиланган нормадан анча ошиб кетди. Бу эса Бекхэм ва унинг клубига қўшимча моддий зиён келтирди.

 

айтганча

 

БЕКХЭМСИЗ ОМАДСИЗ БОШЛАНИШ...

АҚШнинг «Интер Майами» клуби ўз тарихидаги илк ўйинда «Филадельфия Юнион»га қарши майдонга тушиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Қизиқ томони, янги жамоа соҳиби Дэвид Бекхэм турмуш ўртоғи Виктория томонидан модалар уйида ўтказилган тадқимот маросимида қатнашишни лозим топиб, илк учрашувга ташриф буюролмади. Дарвоқе, «Интер Майами» MLSдаги дебютини Бекхэмнинг собиқ клуби «Лос-Анжелес Гэлэкси»га қарши ўйинда нишонлайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz