Қайднома

Қидирув

Искандар ШАЙҚУЛОВ: «Машъал» билан ўйин осон кечмайди»

Искандар ШАЙҚУЛОВ: «Машъал» билан ўйин осон кечмайди»

  25.02.2020 05:50
  0
  101
Искандар ШАЙҚУЛОВ: «Машъал» билан ўйин осон кечмайди»

Nasafnews мухбири яқинда «Машъал»нинг собиқ ҳимоячиси Искандар Шайқулов билан қисқача суҳбатлашди. Гап шундаки, муборакликлар Суперлига-2020 1-турида Шайқуловнинг ҳозирги жамоаси - «Сўғдиёна» билан ўйнашади.

 — Искандар, Суперлиганинг янги мавсумига ташланган қуръа ҳақида нима дейсиз? Жамоангиз - «Сўғдиёна» 1-турда Муборакда меҳмон бўлади...

— Ҳа, чемпионатни сафар ўйини билан бошлаймиз. Муборак мен учун бегона шаҳар эмас - «Машъал»да нақ 5 йил тўп сурганман. Ўйинга келсак, дастлабки турдаёқ бизни мураккаб синов кутмоқда. Ҳар ҳолда, «Машъал» айниқса, ўз майдонида жуда зўр ўйнайди.

— «Машъал» охирги икки мавсум Про-лигада қатнашди. Авалги жамоа ва ҳозиргиси ўртасида фарқ борми?

— «Машъал» қандайдир сабаблар туфайли икки йил қуйи лигада сарсон бўлди. Муҳими, жамоа ўз жойига қайтди. Билишимча, айни пайт «газчилар» йиғинларида кўплаб тажрибали футболчилар иштирок этишмоқда. Менимча, шу йилнинг ўзида «Машъал»дан яхши натижа кутсак бўлади.

— Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси, истиқболи баланд баҳоланаётган ёш мураббий қўл остида тўп сурмоқдасиз. Бақоевнинг кучли-кучсиз томонларини айта оласизми?

— Улуғбек ака катта тажриба эгаси. У ҳар қандай ҳолатда ҳам, жамоа руҳиятига ижобий таъсир кўрсата олади. Кучсиз томони? Ҳозиргача пайқаганим йўқ. Кучли томонлари эса кўп. Дейлик, ёш футболчиларни захирада ушлаб турмайди. Табиатан анча босиқ ва хушмуомала инсон. Қисқаси, «Сўғдиёна» ўзига мос мураббий қўлига тушган, менимча.

— «Сўғдиёна» ҳимоясида худди «Машъал»да бўлгани каби ишончли тўп суряпсиз, ёш бўлишингизга қарамай, тажрибангиз анча ошди. Айтингчи, бошқа клублардан ҳам таклифлар олдингизми?

— Ҳа, чорловлар бўлди. Аммо ҳозир «Сўғдиёна» билан амалда шартномам бор, қолаверса, бошқа жамоа­га кетишга шошмадим. Зеро, Жиззахда ҳаммаси мени қониқтирмоқда. Ўйлайманки, бу йил ҳам яхши натижа қайд эта оламиз.

— Сизнингча, янги мавсумда «Пахтакор»га Суперлига ғолиблиги йўлида қайси клублар жиддий рақобат тақдим этиши мумкин?

— «Пахтакор» чиндан ҳам, жуда кучли таркибга эга. Мана, «шерлар» ОЧЛда ҳам кетма-кет икки ғалабани қўлга киритишди. Шундай бўлсада, назаримда, «Навбаҳор» ва «Локомотив» жамоалари «Пахтакор»га бош оғриқ бўлишга қодир. Тўғри, мавсум бошланмай туриб, аниқ фикр билдириш мушкул. Шундай экан, барчасини мавсум стартидан кейин билиб оламиз.

Дилшод САФАРОВ суҳбатлашди



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz