Қайднома

Қидирув

Фойдасиз фаоллик ва...

Фойдасиз фаоллик ва...

  26.02.2020 09:55
  0
  456
Фойдасиз фаоллик ва...

Футболда мухлислик стажининг аҳамияти катта. Шанба куни Москвада «Спартак» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида ташкиллаштирилган учрашувни томоша қилишар экан, ёши улуғ мухлислар кўз ўнгида 60 йиллик тарих гавдаланди, гўё. Улар камида «Пахтакор»нинг «Спартак»ка қарши тўп сурган уч авлодини эслашди. Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкий, Владимир Фёдоров ва Михаил Ан, Марат Кабаев ва Игорь Шквирин, Миржалол Қосимов ва Геннадий Денисов, Андрей Пятницкий ва Валерий Кечинов... Бу ўринда барча машҳурларни эслашнинг иложи йўқ. Аслида наинки машҳурлар, балки Виталий Жилкин, Суръат Салимжонов каби бир порлаб-сўнган футболчиларни ҳам мухлислар яхши билишади. «Спартак»нинг эса Ринат Дасаев, Юрий Гаврилов, Сергей Шавло, Сергей Родионов, Фёдор Черенков тўп сурган таркиби бизнинг авлод хотирасида кўпроқ муҳрланган. «Пахтакор» гўёки, собиқ шўро терма жамоасига қарши ўйнаётгандек тасаввур уйғонарди ўша вақтлар. Чунки Константин Бесков айнан шу футболчиларга таянса, Валерий Лобановский жонажон «Динамо»сига кўпроқ ишонарди. Кайфияти чоғ бўлса, «Пахтакор» собиқ шўро терма жамоаси ўзагини ташкил этадиган Киев ва Тбилиси «Динамо»сига, «Спартак»ка қарши аёвсиз курашарди, донгдор рақибларини терлатиб ташларди. Айрим ҳолатларда эса шунчаки, ўйнашни истамасди ва имкониятни бой берарди. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам мухлислар стадионни тўлдириб жамоани курашга ундашарди.

 

Шанба куни яна ўша кунлар ёдга тушди. Энг муҳими - ўртоқлик учрашувининг ташкиллангани! Шундай ўйин керак эди «Пахтакор»га ва мухлисларга, албатта. Савия бобида фарқ яққол кўзга ташлангани - аччиқ ҳақиқат. Аммо «Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон». Балки кимдир йирик ҳисобли мағлубиятни ҳазм қилолмас... Бу каби шармандали ҳисобдан жаҳли чиқар... Нима ҳам дердик, мағлубият ўз номи билан мағлубият. Тоқатсиз мухлисга фақат ва фақат сабр тилаймиз. Тузим берсин Сиздек мухлисга! Сизни тушунамиз! Бироқ «Ал-Ҳилол» билан учрашувдан аввал «Пахтакор»нинг шундай синовдан ўтгани яхши бўлди. Фақат бир жиҳат кўнгилни хира қилди: «шерлар» гол уролмадилар. Ҳолбуки, ҳисобни бемалол қисқартириш мумкин эди. Қисқартириш имконини тополмадими, демак, жамоада нимадир етишмаяпти. Эътибор беринг, лоақал битта гол уриш имкони ҳақида мулоҳаза юритяпмиз. Шу иш бажарилмади ва бу ҳол ўйлашга арзигулик жиддий муаммодир.

Хўш, «Пахтакор» гол уришни билмайдими? Кулгули савол, тўғрими? Келинг, ўша кулгуни бир четга сурайлик ва «Пахтакор»га нима халақит бераётгани хусусида жиндак ўйлаб кўрайлик. Бир қарашда, жамоада ҳаммаси яхши йўлга қўйилган. Назаримизда, мураббийнинг ўзи ҳам бунга ортиқча ишониб юборган, шекилли. Акс ҳолда, туғилган кунида ўртоқлик учрашуви ўтказилишига рози бўлмасди. Эски аламларни ювиб, таваллуд айёмида бир байрам қилишни ўйлаган кўринади ғалабага ишонган, ғалабани орзу қилган Шота Арвеладзе. Майли, ҳечқиси йўқ: хом сут эмган банда-да у ҳам! Энди кўзи очилди. Асл ҳолатни билди. Аёнки, «Пахтакор» ҳужум чизиғи кучли рақибнинг мустаҳкам ҳимоясини ёриб ўтолмайди. Бунга футболчилар техникасидаги муаммолар сабабми? Бизнингча, унчалик эмас, техник қобилият ҳар доим ҳам панд беравермайди. Футболчи бир адашади, икки адашади. Учинчисида албатта, уради. Бу ўртамиёнадан савияси салгина юқори ҳужумчи ҳақидаги хулоса. Дейлик, Бобур Абдухолиқов бу тоифага кирмайди. Ўнлаб қулай вазиятларни кўкка совурган футболчи ҳақида бошқа нима ҳам дейиш мумкин?! Бош жамоа тақдири, «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги иштироки ҳақида сўз борар экан, кўнгилчанлик кетмайди. Мураббий футболчини маш­ғулотлар жараёнидаги жонбозлиги ва фавқулодда намойиш этган техникасига алданиб қолмаслиги лозим. Машғулотлар пайти баъзи футболчиларни Лионель Месси ёки Криштиану Роналдуга қиёслайсиз. Аммо улар ҳал қилувчи паллада ўз сўзларини айтишолмайди. Эрлинг Холанд ва Бобур Абдухолиқовнинг фарқи шу.

Нима сабабдан «пахтакорчилар» «Спартак» ва Вадим Абрамов шогирдлари Беларусь терма жамоаси дарвозасига гол уролмадилар? Камтарона хулосамиз оддий: ҳужум жараёни жуда жўн, яъни тўп қанотлардан оширилаётган пайт рақиб жарима майдонидаги вазият ҳисобга олинмайди. Ҳужумчиларимиз эса бу каби узатмалардан самарали фойдаланишолмайди. Негаки, уларда зарур малака ва маҳорат тўлиқ шаклланмаган. Малака ва маҳоратнинг миқёси футбол техникасидан кенгроқ ҳисобланади. Техникани ўзлаштирган билан ундан фойдаланиш малакаси шаклланмаса, ўзига хос маҳорат сирлари мавжуд бўлмаса, бундан нима наф? Мураббийнинг бош вазифаси - шу муаммо устида бош қотириш, яъни тафаккурни ишга солиш, гол уриш тадбирини ишлаб чиқиш...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИНтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz