Қайднома

Қидирув

Андрей Канчельскис феномени ҳамда...

Андрей Канчельскис феномени ҳамда...

  26.02.2020 11:02
  0
  183
Андрей Канчельскис феномени ҳамда...

«НАВБАҲОР» БОШ МУРАББИЙИНИНГ ФУТБОЛЧИЛИК ФАОЛИЯТИГА НАЗАР. «Навбаҳор»ни Суперлига-2020га ўзгача иштиёқ билан тайёрлаётган Андрей Канчельскис вақтида собиқ иттифоқ футболи тарихига Англия чемпионатини маҳлиё қилган ўйинчи сифатида кирган. Бежиз ҳозирга қадар Россия матбуоти юртимизда фаолият юритаётган мураббийнинг туманли ўлкадаги муваффақиятини бот-бот эътироф этмайди. Мана, Фёдор Смолов «Сантьяго Бернабеу»да «Реал» дарвозасини нишонга олгач, footballhd.ru сайти Европада ўзгача донг таратган Канчельскис феноменига яна бир бора тўхталди. Яна бир сабаб шуки, Андрей Антанасович 23 январь куни 51 ёшга тўлди.

 

Собиқ иттифоқнинг чекка ҳудудида туғилган Андрей Канчельскис Анг­лияга нотаниш йигит сифатида бориб, тезда «МЮ» фанатлари ёқимтойига айланди. Мана, Андрей Антанасович 10 йилдан ошдики, мураббийлик соҳасида ишламоқда. Ҳа, унинг янги йўналишдаги фаолияти ҳозирча унча ёрқин эмас, ҳар ҳолда, футболчилик давридаги каби ҳамманинг кучли эътиборини тортганича йўқ. Лекин журналистлар, таҳлилчилар ва мухлислар ўтган асрнинг 90-йиллари бошида собиқ иттифоқдан Англияга бориб, у ерда тезкор равишда ёрқин из қолдирган собиқ футболчининг ўша вақтдаги муваффақиятларини ҳалигача тез-тез ёдга олиб, муҳокама марказига ташлашади. Чунки ҳамма-ҳамма Канчельскис ниманинг ҳисобига қисқа фурсатда нафақат «Олд Траффорд» ёқимто­йига айлангани, балки талабчан менежер Алекс Фергюсон ишончига кирганини тушунишни истайди. Шунингдек, яна бир савол бор - Анд­рейдан кейин собиқ иттифоқ ҳудудидан чиққан футболчилар нега туманли ўлкада ўзларини кўрсатишга қийналишмоқда?

Эҳтимол, Канчельскиснинг футболдаги ёрқин тарихида ўша вақт Михаил Горбачёв томонидан собиқ иттифоқ тизимига татбиқ этилган ва «Қайта қуриш» номини олган кенг қамровли ислоҳотлар катта ўрин тутгандир. Хавбекнинг фаолияти 1986 йили жонажон шаҳри - Кировоградда бошланди, лекин иқтидорли йигитни Киевда тезда пайқаб, уни «Динамо»га таклиф этишди. Моҳиятан олганда, Канчельскис «оқ-кўклар» сафида ҳарбий хизмат муддатини ўтади. Умуман, ўша даврда кўплаб футболчилар «аскар»лик бурчини Украина марказида адо этишарди. Ҳарбий хизмат муддати тугагач, Анд­рей Украинанинг бошқа клуби - «Шахтёр» (Донецк) сафига қўшилишни ихтиёр қилди. Муҳими, футболчи «кончилар» таркибида тезда ўзини яхши томондан кўрсатиб, ҳаттоки, собиқ иттифоқ терма жамоасида дебют қилиш имкониятини қўлга киритди. Йигитча айнан терма жамоа­даги ўйини билан «МЮ» бош мураббийи Алекс Фергюсон эътиборини қозонди. Мутахассис жумладан, Шотландия ва собиқ иттифоқ термалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинида Канчельскис ҳаракатини алоҳида кузатди. «Қизил иблислар» устози ўша пайт айнан ўнг қанот ярим ҳимояси учун савияли футболчи қидираётганди. Хуллас, у Канчельскис ижросидаги ўйин­ни кўриб, ҳайратланди ва дарҳол трансфер пайига тушди.

Собиқ иттифоқдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар «МЮ»га жуда қўл келди ва клуб олдинроқ соф фантастика сифатида қабул қилинадиган харидни амалга оширди. Эркинлик сиёсати кучайиб боргани сари собиқ иттифоқ ҳукуматининг фуқароларга нисбатан талаби пасая бошлаганди. Жумладан, спортчиларга мамлакатдан чиқиб, фао­лиятларини «темир парда» ортида давом эттиришга рухсат берилди. Зеро, иқтисодий ҳамда ҳаётнинг бош­қа соҳаларига боғлиқ муаммолар спортни ўз-ўзидан иккинчи, учинчи, ҳаттоки, янада паст масалага тушириб қўйди. Натижада футбол мустақил тарзда фаолият юритишга мослашишга урина бошлади, аммо бу ишни барча клублар ҳам бирдек уддалай олмади. Айни шу нарса Европанинг профессионал клублари фойдасига ишлади. Оддий айтганда, кучли жамоалар ниҳоят, олдин катта бозор юзини кўрмаган иқтидорли футболчиларни арзон гаровга сотиб олиш имкониятини ҳосил қилди.

Айтишларича, «МЮ»га Андрей Канчельскисни ўша даврнинг энг машҳур агентларидан бири - норвегиялик Руне Хауге тавсия қилган экан. Дарвоқе, у кейинчалик пора олиш, пул «ювиш»га боғлиқ ёқимсиз можаро марказига тушганди. Тахмин қилиш мумкинки, Хауге аввало, ўз манфаатини ўйлаган, яъни Канчельскиснинг «қизил иблислар» ўйинига мос тушиш-тушмаслиги уни унча қизиқтирмаган. Тўғри, Алекс Фергюсон футболчига агент тавсиясидан олдинроқ эътибор қаратган ва «Шахтёр» хавбеки ҳақида барча маълумотларни йиға бошлаган эди. Интернет ҳали дунё юзини кўрмаган даврда VHS-кассеталари англиялик мураббийлар учун хорижлик футболчиларни кўриб чиқишнинг асосий воситаларидан бири саналган. Фергюсон ҳам Канчельскис иштирокидаги бир неча ўйинларни кўриб чиқиб, футболчининг ҳаракатларини обдон ўрганади. Шундан кейингина келишувни амалга ошириш учун 650 минг фунт ажратишни маъқуллайди. Бу сумма ҳозир кимларгадир арзимас чақадек туюлар, бироқ ўтган асрнинг 90-йиллари ўлчови, боз устига, футболчини ҳеч ким танимагани нуқтаи назари билан қараганда, бинойидек баҳо эди. Фергюсон эса таваккал қилишдан чўчимади ва адашмади.

Канчельскис «МЮ»нинг асосий таркибига тезда ўрнашиб, ўнг қанот ярим ҳимоясида бемалол тўп сура бошлади. У 1992 йили йўлга қўйилган АПЛда 3 мавсум барқарор тўп суриб, «қизил иблислар» билан 2 марта чемпионликни тантана қилди. Диққатга сазовор факт: 1992 йили Англия чемпионатида атиги 13 нафар легионер бор эди! Яна бир эътиборли далил: «МЮ» мавсум-1992|1993га қадар нақ 26 йил бадалига лига тахтига чиқолмай, жамоа мухлисларини чинакам азобга қўйганди... Андрей Канчельскис Англия­да мутахассис ва мухлисларни айниқса, ғайритабиийдек туюладиган тезлиги билан ҳайратлантиришдан чарчамади. У ўнг қанот бўйлаб гўёки, учарди ва ўша пайтлар Англия чемпионати учун мутлақо ноодатий футболчи ҳисобланарди. Дейлик, Ра­йан Гиггз, Ли Шарп ва Дэвид Бекхэм олдида тўпни майдоннинг иккинчи ярмида рақибдан тортиб олиб, бир неча 10 метр олдинга юриши, кейин йўналишини тезликда марказ томон буриб, рақиб дарвозасига кучли зарба йўллаши билан ажралиб турарди. Айнан Канчельскисни Англия замонавий футболи тарихида қанот ярим ҳимоясининг янгича кўринишини очиб берган етук ижрочи сифатида таърифлаш мумкин, гарчи камдан-кам ҳолда шундай эканлигини эътироф этишсада. Зеро, ўша даврлар Англия клубларининг қанот ярим ҳимоячилари зиммасига тушадиган асосий вазифа бошқа эди - марказий зонада ўйнайдиган ҳужумчилар томон сифатли тўп ошириш. Канчельскис эса меҳнаткашлиги билан ўзи ҳам жарима майдонида бўш ҳудуд топиши, у ерга ёриб кирганча дарвозага зарба йўллай олишини амалда исботлади. Тўғри, айни пайт бундай хусусиятга эга ўйинчилар билан кимнидир ҳайратга солиш қийин, аммо Канчельскис ўша вақт чиндан ҳам, худди бошқа дунёдан келган футболчидек кўринган. Умуман, у қайсидир маънода Англия учун тўғри маънода ҳам ўзга олам вакили ҳисобланган. Ҳар ҳолда, собиқ иттифоқда улғайган Андрей Канчельскиснинг ўйин услуби ва британияликлар кўрсатадиган футбол ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ эди. Оддий ифода этганда, Канчельскис ҳужумкор ўйини билан бутун дунё­га танилган, Олег Блохин, Игорь Беланов, Олег Протасов, Андрей Шевченко каби иқтидорли ижрочиларни тарбиялаган футбол мактабида таҳсил олганди. Тақдир ҳукмини қарангки, қаҳрамонимизга 3та миллий термада ўйнаш насиб этди, аммо ўзи туғилган юрт - Украинанинг бош жамоаси либосини кийгани йўқ, барибир... Андрей аввалига собиқ иттифоқ термасида тўп сурди, ушбу давлат парчаланиб кетганидан кейин эса МДҲ жамоаси сафида бир неча марта майдонга тушди, жумладан, омадсизлик билан якунланган 1992 йилги Европа чемпионатида. Қитъа биринчилиги якунига етганидан сўнг Канчельскисга амалда деярли собиқ иттифоқ жамоаси вориси бўлган Россия термасида ўйнашни давом эттириш ҳақида мурожаат қилишди. Таклифга розилик берган Канчель­скис кейинчалик Евро-96 турнирида Россия бош жамоаси таркибида 2та ўйин ўтказди, жаҳон чемпионатида ўйнаш эса унга насиб қилгани йўқ. Андрей 1994 йили ўша «14 кишининг хати»га имзо чекканлардан бири бўлди ва бу унинг учун АҚШ мундиали эшигини ёпди. 1998 йили Францияда ташкиллаштирилган ЖЧ саралаши эса Россия термаси учун ўта муваффақиятсиз кечди. Энг қизиғи, Канчельскис халқаро аренадаги охирги ўйинини 1998 йилнинг 5 сентябрь куни қайсидир «бегона» эмас, балки Украина термасига қарши ўтказди. Ўшанда россияликлар Киевдаги «Олимпийский» стадионида 2:3 ҳисобида мағлубиятга учрашган, Канчельскис эса ўйиннинг 71-дақиқасида ўз ўрнини Валерий Карпинга бўшатиб берганди.

Канчельскиснинг клуб футболидаги ишларига келсак, у 1995 йили Фергюсон билан муносабатлари ёмонлашгани туфайли «МЮ»дан кетди. Дарвоқе,  ўзаро можаро ўтмишда қолган. Ҳар ҳолда, Фергюсон ва Канчельскис ҳозирда бир-бирларига ўта ижобий баҳо беришади, фақат яхши фикр билдиришади. Андрей «Олд Траффорд» билан хайрлашганидан кейин «Эвертон» ва «Рейнжерс» клубларида ҳам муваффақиятли тўп сурди. Шунингдек, «Фиорентина», «Манчестер Сити» ва «Саутгемптон»да ўз кучини синаб кўрди. 2003 йили эса Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасига борди, лекин ўйинчи сифатида фаолиятини Россияда якунлади - 2006 йили «Крилья Советов»да.

Нима бўлишидан қатъий назар, «МЮ»нинг катта ёшли мухлислари Андрей Канчельскисни ҳамон илиқлик билан эслашади. У кўпчилик учун «Олд Траффорд»да ҳаттоки, «Синф 92»нинг афсонавий тарбияланувчиси Дэвид Бекхэмдан ҳам қадрлироқ меҳмондир. Умуман олганда, Андрей Канчельскис феноменини тўлиқ анг­лаш имкони йўқдир, балки. Зеро, у нафақат футбол, балки барча соҳалар учун анча мушкул давр ва но­одатий жараёнлар авж олган даврда порлаганди...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz