Қайднома

Қидирув

Милов Капор: «Стартни интиқлик билан кутяпман»

Милов Капор: «Стартни интиқлик билан кутяпман»

  26.02.2020 12:05
  0
  187
Милов Капор: «Стартни интиқлик билан кутяпман»

Мана, бизга ҳам футбол баҳори етиб келди, ҳисоб. Барча клублар янги мавсумга имкон доирасида яхши тайёргарлик кўрди. Зеро, Суперлиганинг ҳар бир иштирокчиси ўз олдига муайян мақсад ва вазифаларни қўйгани аниқ. Тушунарлики, бирор жамоа аутсайдер ролига осонгина кўнмайди. Шунга яраша, клублар ўз таркибини сезиларли даражада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Бунда қайсидир иштирокчи ўз таркибини тубдан янгилаган бўлса, бошқаси жамоа ўзагини сақлаб қолган ҳолда, айрим позицияларга тажрибали маҳаллий футболчи ёки легионерларни жалб этди. Муҳсин Муҳаммадиев бошқарувидаги «Бухоро» ҳам ўтган мавсумдан хулоса чиқариб, янги чемпионатга жиддий ҳозирлик кўрди. Жумладан, легионерлар - Жаба Липартия ва Милован Капор билан ўртадаги шартнома узайтирилди. Тожикистонлик Фатхулло Фатхуллоев эса «Хўжанд» клубига кетди. Биз яқинда канадалик Капорни суҳбатга тортиб, унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

 

- Милован, янги мавсумга қаратилган тайёргарлик жараёнидан кўнглингиз тўлдими?

- Ўзбекистонда футбол мавсуми старти яқинлашаётганидан хурсандман. Очиғи, расмий ўйинлар бошланишини интиқ бўлиб кутяпман. Ўйлайманки, жамоамиз муносиб тайёргарлик кўрди. Таркибда ўзгаришлар катта - сафимизга кўплаб янги футболчилар қўшилишди. Шу аснода чизиқларда талаб даражасида рақобат юзага келди. Умуман, жамоа аста-секин яхлит куч сифатида бирлашмоқда. Чемпионат стартига қадар максимал ҳолатга чиқишимизга ишонаман. Ҳар ҳолда, машғулотларда астойдил тер тўкдик ва энди бунинг самараси ўйинларда кўриниши керак.

- Демак, йиғин ва ўртоқлик учрашувларидан яхши таассурот қолди...

- Ҳа. Ҳар куни ўйинда юзага келадиган турли вазиятлар устида ишлаяпмиз. Муҳими, машғулотлар жараё­нида қувноқ кайфият ҳукмрон. Яъни ички муҳит яхши. Қувонтирадиган томони, футболчилар тобора мукаммал спорт формасига кириб боришмоқда. Жамоа сифатида ҳам ўсиш бор, албатта. Умуман олганда, мақсадимиз катта. Биринчи навбатда, ўтган йили кузатилган хатоларни такрорламаслигимиз керак. Мухлислар ишончини қозониш ва улар олдида уялиб қолмаслик учун ҳар бир учрашувда ғалабани кўзлаймиз. «Бухоро»нинг жонкуяр мухлислари учун боримизни беришимиз шарт. Улар жамоани барқарор тарзда қўллаб-қувватлаб туришса, бас. 

- «Бухоро»га ўтган мавсум келдингиз. Маҳаллий турмуш тарзи, одатлар, таомларга анча кўникиб қолдингизми?

- Мослашиш масаласида ваҳимали муаммо йўқ - ҳаммаси жойида. Биласиз, аввалги мавсум катта ҳажмда иш бажардик, сўнгги турдагина кучлилар сафида қолиш вазифасини уддаладик. Жамоа сафига ёзда қўшилгандим, муҳими, шароитларга тезда мослашиб олдим. Ўзи бу ерга келганимда, клубнинг ҳолати мутлақо бошқача эди. Яъни «Бухоро» турнир жадвалининг охирги қаторида турганди. Энди янги мавсумда янги футболчилар - янги жамоа билан яхшироқ натижа қайд этишга уриниб кўрамиз, албатта. Ўйлайманки, кучимиз ва салоҳиятимиз чемпионатда муносиб қатнашишга етади.

- Легионер сифатида қандайдир ноқулайликни ҳис қилмаяпсизми? Атрофдагиларнинг сизга муносабатлари қандай?

- Ҳар доим интизомни биринчи ўринга қўяман. Яна табиатан меҳнаткашман, фикрлаш қобилиятим ҳам чакки эмас. Ўйлайманки, одамлар ҳурматини қозонишнинг энг оддий ва осон йўли - бу ишга жиддий ёндашиш, ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлиш. Агар кимдир ўзини ҳаммасини биладигандек тутса, у қаттиқ адашади. Бундай киши кўпинча ўзига зарар етказади. Меҳнаткашлик ва интилишда гап катта. Ўз устида тинимсиз ишлаган кишигина муваффақиятга эришади. Шахсий фикрим шундай. 

- Сизнингча, «Бухоро» янги мавсумда нечанчи ўриндан жой олишга қодир?

- Тушунарлики, мавсумни яхши бошлашни хоҳлаймиз, яна мухлисларнинг жамоамизга ишонишлари ҳам муҳим. Ҳар бир ўйин оғир кечишини билган ҳолда, жиддий шуғулландик. Бундан нима чиқишини эса вақт кўрсатади. Нечанчи ўринга жойлашишимизни ҳам.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz