Қайднома

Қидирув

Фрэнк Лэмпард: «Ҳали эрталигини билардим, аммо «Челси»да ишлашни жуда хоҳладим»

Фрэнк Лэмпард: «Ҳали эрталигини билардим, аммо «Челси»да ишлашни жуда хоҳладим»

  27.02.2020 01:37
  0
  356
Фрэнк Лэмпард: «Ҳали эрталигини билардим, аммо «Челси»да ишлашни жуда хоҳладим»

«Челси» бош мураббийининг юзидан тер оқиб турибди, у ҳозиргина ҳар куни Жоди Моррис ва Крис Жонс ҳамроҳлигида ўтадиган навбатдаги 45 дақиқалик югуришдан қайтди. Лэмпардни хонасида Sportsmail муаллифи Жейми Реднапп кутиб турганди. Икковлон футболчиларнинг тамаддихонасидаги тушлик пайти ва Фрэнкнинг кабинетида ўзаро суҳбат қуришди. «Кўклар» устози «Челси», ёшлардан фойдаланиш, «ҳақиқий» ва «сохта» мураббийлар, еврокубоклар ва Жозе Моуриньо ҳақида гапирди.

- Фрэнк, сиз телеэксперт бўлишингиз, бошқаларнинг қарорини муҳокама қилишингиз мумкин эди. Аммо бунинг ўрнига, ушбу офисдасиз, «Челси» мураббийи сифатида «зарба»ларни ўзингизга қабул қиляпсиз. Нега?

- Чунки шунга интилганман. Ҳа, бу кўп куч талаб этади, мураккаб. Лекин шуни яхши кўраман. «Дерби Каунти» - ўзгача олам. Футболчилик давримда мураббийлик ҳақида ўйлардим. Кейин Харри Реднапп қўнғироқ қилиб, мени «Дерби» хўжайини Мэл Моррис билан учраштирди. Ўша учрашувга қандайдир эҳтиёткорлик билан йўл олдим, рости: «Ҳозир шуни хоҳлаяпманми? Бу ўзим, оилам ва фаолиятим учун тўғри қарорми? Таваккал қилмаяпманми?..» Қайсидир жамоада мураббийлик қилишни хоҳлардим ва олдимда шундай йўл пайдо бўлди. Умуман, ушбу соҳада нимагаки эришган бўлсам, бунинг учун Реднапп ва Моррисдан миннатдорман.

- «Челси»дан таклиф тушганда, асабийлашгандирсиз? Кўп маротаба ўйлаб кўришга тўғри келгандир?

- Буни жуда хоҳлагандим. Ўқидим, эшитдим, маслаҳатлар олдим. «Шу ишни бошлаб нима қиласан?», «Ҳали жуда эрта», деганлар ҳам топилди. Вазиятни тўғри тушуниб турардим. Бироқ олдимда имконият пайдо бўлганди. «Челси»да ўтказган 13 йилим мобайнида ҳамиша юракдан қарор чиқарганман. Бу клуб қалбимда ва мураббийлик фаолиятини бошлаганимдан кейин мазкур жамоада ишлаш ниятим йўқлигини айтсам, ёлғон гапирган бўлардим. Юрагим ҳам «Ҳали эрта, лекин бу айнан мен истаган нарса», дерди. Ҳаммасини ўйлаб кўрганимдан кейин тегишлича қарор чиқардим.

- Обрўйингизни таваккалга қўйишингиз мумкинлигини сезмадингизми?

- Ёшим ўтгани сари, бу ҳақда камроқ ўйлайдиган бўлдим. Гап бунинг муҳимлигида эмас, шунчаки, футболчилик давримда эришганларимни - Чемпионлар Лигасидаги муваффақият, жамоадошларимни, фанатларни, нишонланган ғалабаларни ҳеч ким мендан тортиб ололмайди. Қайсидир мухлиснинг бу борадаги фикри бошқача бўлса, майли, кўнаман. Лекин бир четда юришни ўзимга эп кўрмадим.

Лэмпарднинг жорий мавсум «Челси»даги фаолиятида кузатилган муҳим жиҳат -Фикайо Томори, Мэйсон Маунт, Рис Жеймс ва Тэмми Абрахам сингари футболчиларга имконият бергани бўлди. Фрэнк клубга келганида, трансферлар тақиқи сабаб жамоа ҳеч кимни сотиб ололмасди, Эден Азар эса «Реал»га кетганди. АПЛнинг жорий мавсумида 21 ёшгача бўлган футболчиларнинг майдондаги ўйин вақти бўйича фақат «Норвич» «Челси»дан устунроқ бўлиши мумкин.

- «Болакайлар»дан фойдаланишга мажбурлигингизни ҳис этдингизми?

- Ушбу мавсумдаги трансфер тақиқи бўлмаганда, Маунт яна ижара асосида бошқа клубга кетармиди? Эҳтимол. Томори аниқ шундай қиларди. Фикайони олиб қолиш фикри мендан чиққан, чунки у билан «Дерби»да бирга ишлаганмиз, унинг ишга муносабатини ёқтираман. Абрахамни эса майдонга туширишга мажбур эмасдим - Тэммининг ўзи нега уч ҳужумчидан айнан у таркибга киришга ҳақлироқ эканини исботлади. Трансферлар тақиқи имкониятларимни қисман чеклади, аммо мухлислар ёш футболчиларни кўришни хоҳлашларини билардим. Бу йигитларга академия қанча кўп нарса берганини тушуниб турардим. Муҳаммад Салоҳ ёки Кевин де Брюйнеларни-ку гапирмаяпман - уларнинг номини эсласангиз, тайёр сарлавҳага эга бўласиз. Сўнгги 10 йил ичида академиядан бошқа иқтидорлар ҳам етишиб чиқишди. Мазкур таълим масканига йиллар давомида раҳбарлик қилган Нил Баф ва Жим Фрейзернинг ишига юксак баҳо бериш мумкин.

- Лекин тан олайлик, ёшларга имкон бериш учун жасорат бўлиши керак.

- Менда у бор, аммо ўз имкониятини ҳамон кутиб турган бошқа ёшлар ҳам мавжудлигини унутмаслик лозим. Билли Гилмор захирада ўтирибди. Дейлик, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган бўлсак, уни майдонга тушираман. Асосий жамоа билан бирга шуғулланиш, Лига кубогида «МЮ» сингари рақибга қарши майдонга тушиш футболчига ишонч бағишлайди. Гап академиядан қанча футболчи чиққанида эмас. Ўз имкониятига эга бўлишга лойиқ иқтидорлар борлигини биламан. Аммо ёшларга ишониш орқали натижаларни хавф остига қўёлмайман.

Трансфер тақиқи қисқартирилганига қарамай, «Челси» қишки «ойна»да ҳеч кимни сотиб олмади. «ПСЖ» форварди Эдинсон Каванини қўлга киритиш ҳаракатлари омадсиз якунланди. Ёзда «кўклар»да харид учун маблағ бўлади: «Реал»нинг Азар учун тўлаган пули 150 млн. фунтга етиш мумкин. «Аякс»дан Ҳаким Зиеш келади. Қолаверса, Рубен Лофтус-Чик ҳам машғулотларга қўшилди.

- Трент Александер-Арнольд - жаҳоннинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиси. Рис Жеймс ҳақида нима дейсиз?

- Уни 2019 йилнинг январида «Дерби»га ижарага олмоқчи эдим. Бу футболчининг жарима майдончаси томон узатмалари ҳар доим хавфли чиқади. Рис «Челси» учун ажойиб ижрочи сифатида ўсишга эришмоқда. Трент қанчалик яхши бўлмасин, Жеймс тез орада терма жамоанинг асосий таркибидаги жой учун унга кучли рақобат туғдиради.

- Яна Каллум Хадсон-Одои бор. У 19 ёшда ва жуда иқтидорли.

- Ҳозирги футболчилар билан бизнинг давримиздагилар орасидаги фарқ шундаки, бу йигитлар 10 ёшиданоқ ўз ўйинлари видеоёзувини қайта кўриб чиқишади. Ўзларининг кучли ва кучсиз томонларини таҳлил қилишади. Яқинда «Бернли»га қарши баҳс арафасида вингерларнинг жарима майдончасига ёриб кириши тасвирланган видеоларни кўрдик. Каллум ижросидаги гол - жорий мавсумдаги энг чиройлиларидан. Раҳим Стерлинг, Садио Мане, Муҳаммад Салоҳнинг ҳаракатларига бир қараб, ўзингизга савол беринг: «Нега улар шундай кўрсаткичларга эришмоқдалар?» Агар сен топ-клубда вингер вазифасини ўтасанг, голлар уришинг шарт.

- Мавсум бошидаги шароитни инобатга олсак, турнир жадвалидаги ҳозирги ҳолатдан кўнглингиз тўляптими?

- Барча ўйинларимизни кўриб чиққач, янада кўпроғини хоҳлаётганимни тушундим.

- Машаққатли меҳнат ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳатто шу интервьюни ҳам ёрдамчиларингиз билан югуриб келганингиздан кейин ўтказ­япмиз.

- Шунга ўрганганман. 10 ёшимдан отам билан бирга югурардим. Ушбу жараёнда ёрдамчиларим билан кўп нарсани муҳокама қилиб оламиз - ўйин­чилар, иштирок, кейинги ўйинлар...

- Декабрдаги «Тоттенхэм»га қарши сафар учрашувида «Челси» 2:0 ҳисобида зафар қучганди. Уч ҳимоячи тактикасини танлаб, кўпчиликнинг ажабланишига сабабчи бўлгандингиз...

- Жозе ўйиндан аввал мен ва «Челси»ни мағлубиятга учратмоқчилигини айтди. Ўзимда ҳам шундай интилиш бор эди. «Тоттенхэм»га қарши баҳсда мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини кўрсатдик. Ўшанда бор кучимизни сарфлашимиз талаб этиларди. Моуриньо бошчилигидаги жамоага катта босим уюштирмасангиз, рақибнинг хавфлилик даражаси ортиб кетади.

- «Беназир» ва бошқа мураббийлардан нималарни ўргангансиз?

- Жозедаги ўзига бўлган ишончнинг юқорилиги маъқул. Карло Анчелотти эса анча оғир-босиқ эди, худди отадек - у бошқарган жамоа ҳам ёқарди. Авраам Грант ажойиб мутахассис, у ишлаган пайтлари онам вафот этганди ва мураббийнинг мададини ҳис этганман. Бошқа ҳамкасб­ларидан андоза олишга интиладиган кўплаб мутахассисларни кўрдик - улар шарф тақишар, овозни ўхшатишга уринишар, мураббийлик курсларидаги бир хил гапларни ишлатишарди. Лекин ҳар биримизнинг ўз ғояларимиз бўлиши даркор.

- Собиқ футболчи сифатида мураббийларга нима қилиш керак эмаслигини яхши биласиз.

- Шундай паллалар бўлардики, мураббийлар хонасидан чиққанимда, ўзимни бошқача сезардим. Бу тафаккур ўйиними? Уни ҳар бир мутахассис турлича ишлатади. Ҳамма гап унинг самимийлигида. Сохталикни аниқлай билиш жуда муҳим.

- Эътибор берсам, суҳбатимизни ҳеч ким узиб қўймади. Умуман, эшигингиз ҳар доим очиқми?

- «Дерби»даги илк куним ёдимда. Янги мураббий эдим, эшиклар очиқлигини маъқул кўришимни айтгандим. «Истаган пайт мурожаат этаверинг, йигитлар!». Улар эса доим ёнимга киришарди. Бу ҳол терма жамоаларнинг ўйинлари сабаб юзага келадиган дастлабки ФИФА кунларигача давом этди ва чарчадим. Шу боис, вазиятни ўзгартирдим: «Қулоқ солинг, йигитлар, эшикларим ҳар доим очиқ, аммо ҳузуримга киришдан олдин машғулотлар, ўйинларда яхшироқ ишланг, кўрсаткичларингизни яхшиланг». Шундан сўнг уларнинг ташрифи камайди! Ўша воқеалар мен учун дарс бўлган. У пайтлари мураббий шундай йўл тутиши керак, деб ўйлардим. Баъзан футболчини ҳар куни машғулотларда кўрасиз, унга хайрли тонг тилайсиз, қўлини сиқасиз. Бироқ унинг ҳаётида нималар рўй бераётгани ҳақида ҳеч нарса билмаслигингиз мумкин. Шундай экан, эшикларни очиб қўйиш билан чекланиб қолмаслик керак. Баъзан шогирд­ларингиз қалбига кириб боришни ҳам билишингиз лозим. Машғулотлар пайти ёнига бориб ҳазиллашиш, қандайдир телешоуларни муҳокама қилиш мумкин. Нафақат шунчаки мураббий, балки менежер, дўст бўлиш муҳим. Шунингдек, тартиб-интизомни ҳам унутмаслик даркор.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz