Қайднома

Қидирув

Санчо супериқтидор ва у 19 ёшида Месси каби гол урмоқда, самарали «пас» бермоқда..

Санчо супериқтидор ва у 19 ёшида Месси каби гол урмоқда, самарали «пас» бермоқда..

  27.02.2020 03:10
  0
  339
Санчо супериқтидор ва у 19 ёшида Месси каби гол урмоқда, самарали «пас» бермоқда..

У 19 ёшида худи Лионель Месси каби гол урмоқда, самарали «пас» бермоқда...«Боруссия» Д. бағрида иқтидорлар кўп. Улардан бири - англиялик Жейдон Санчо «супер» таърифига муносиб. 19 ёшли йигитча айниқса, жорий мавсум ақл бовар қилмас даражада самарали ўйнамоқда. Тўғри, Санчо ижросидаги ўйинда заиф томонлар ҳам йўқ эмас. Таҳлилчилар унинг ҳар бир ўйиндаги ҳаракатини ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келишди.

 Санчо ураётган голларда ўзига хос алоҳида белги бор - у рақиб дарвозасини асосан тўпни бўш ҳудудда қабул қилганидан кейин нишонга олмоқда. Рақамларда айтсак, йигитча таҳлил пайти (14 февраль)гача урган 16та голидан 13тасини шу аснода нишонлаган. Хуллас, Санчо тўпни эркин қабул қилгач, дарҳол зарба йўллайди ёки бу ишни бир-икки ҳаракат (тўпни ўзига ўнглаб олади, тезлик билан рақиблардан ўзиб кетади)дан кейин амалга оширади. Умуман олганда, у 16та голидан 10тасини рақибнинг ҳеч қандай қаршилигисиз урган. Аксарият голлари «Боруссия»нинг қарши ҳужуми маҳсули эканлигини ҳам таъкидлаш ўринли.

Англиялик иқтидор самарали узатмаларни эса аксинча, позицион ҳужумларда амалга оширади. Яъни у рақиб тартибли ҳимояланаётган паллада жамоадошини зарба йўлига олиб чиқишга уста. Ҳар ҳолда, 17та самарали узатмасидан атиги 6тасини қарши ҳужум вақтида берган. Тўғри, шу ўринда битта муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоиз: у олдида катта бўшлиқ юзага келган ҳолатда 11та гол ассистенти бўлди - тўпни асосан қанотда ёлғиз ва хотиржам қабул қилганидан ке-йин. Демак, Санчо жорий мавсумдаги дастлабки 33та самарали ҳаракати (16та гол ва 17та самарали узатма)дан 24тасини ўз олдида бўш ҳудуд ҳосил қилган ҳолда амалга оширган. 16та самарали ҳаракати эса қарши ҳужум маҳсули эканлиги «Боруссия» ўйин услубининг натижасидир. Яна бир далил: Санчо атиги 1та вазиятда рақиб жамоа дарвозасига тескари турган ҳолатда самарали ҳаракатни амалга оширган. Қолган 32та вазиятнинг барчасида тўпни ўзига максимал даражада қулай шароитда қабул қилиб олган.

Нима, Санчо бўш ҳудудга эга бўлмаса ва тартибли ҳимояга дуч келса, ҳеч нарса қилолмайдими? Йўқ, нимадир қила олади, аммо ҳозирча юқори даражада эмас. У атиги 5та голини алдамчи ҳаракатлардан сўнг урди - бу биринчи заиф томони. 4та голи жамоадошлари билан «девор» услубида ўйнагани самараси - бу иккинчи заиф томони. Ўйиндан ташқари ҳолат чизиғида «очилган» ҳолатда эса атиги 3та гол урди, атиги 3та! Санчо дарҳақиқат, жуда кучли, айниқса, ёшини инобатга олганда. Ҳар ҳолда, кўп гол уриш баробарида ассистентлик ролини ҳам қойиллатмоқда. Асосийси, йигитча тезкор, вазиятларни тўғри баҳолайди, бутун майдонни яхши кўради ва шунинг ҳисобига идеал тарзда «очилади». Фойдаланиш коэффициенти эса шунчаки, супер!

Европанинг кучли 5та лигаси жамоалари орасида вазиятлардан фойдаланиш масаласида «Боруссия» олдига тушадигани йўқ. Дортмунд жамоасининг бу борадаги кўрсаткичи ҳаттоки, аномалия ҳисобланади: Бундеслиганинг 22та турида гол уриш учун 45та реал имконият яратди, амалда эса рақиблар дарвозасини 63 марта нишонга олди. Ушбу тенденция айнан Санчо мисолида яққол намоён: атиги 14та аниқ имкониятга эга бўлган ёш футболчи «Гол } пас» тизими бўйича деярли икки ҳисса очко йиғди (13та гол ва 13та самарали узатма). Бу нимани англатади? Санчо чиндан ҳам, вазиятлардан топ-даражада фойдаланади ва ноаниқ зарбалари жуда оз. Дейлик, Бундеслиганинг 22та тури давомида атиги 12та зарбаси ноаниқ чиқди - бу жуда оз. Шунингдек, Санчо барча голларини жарима майдони ичидан берилган зарбалар орқали урди. Хулоса шуки, Англия футболининг умиди ноқулай позицияда бўлса, камдан-кам зарба йўллайди.

Такрорлаш керак, Санчо самарали ҳаракатларидан кўпини рақибнинг алоҳида таъқибисиз, бўш ҳудудда амалга оширмоқда - ўзи учун максимал даражада қулай шароитда. «Боруссия»нинг қарши ҳужумга йўғрилган услуби ҳам Санчога айни муддао. Эҳтимол, Санчо бошқача шароит (янги лига ёки жамоа)га тушса, анча қийналар... Демак, у энг юқори савияга чиқишни хоҳласа, ўйинидаги заиф жиҳатларни секин-аста яхшилаб бориши шарт. Айниқса, тор ҳудудда ҳаракатланиш ва рақиб дарвозасига тескари турган ҳолатда тўпни қабул қилиб, ҳужумни ривожлантириш устида ҳали кўп ишлашига тўғри келади.

 

Жейдон Санчонинг жорий мавсумдаги кўрсаткичлари (14 февраль ҳолатига)

 

** 13та самарали узатма (Европанинг кучли 5та лигасида биргина Кевин де Брюйненинг кўрсаткичи баландроқ - 15та).

** Жорий мавсум Европанинг кучли 5та лигасида 10тадан гол ва самарали узатма маррасига етган биринчи футболчи (13та гол ва 13та самарали узатма). Мавсумда ҳам гол уриш, ҳам ассистентлик қилиш бўйича }10 кўрсаткичига эришган иккинчи футболчи - Лионель Месси.

** Бундеслиганинг 22та турида бутун ўтган мавсумдаги кўрсаткичини такрорлади. Аввалги мавсум «Гол } пас» тизимида 26 очко тўплаганди (12та гол ва 14та самарали узатма).

** Охирги икки мавсумда 27та голга ассистентлик қилди - Европанинг кучли 5та лигаси учун энг юқори натижа.

** Бундеслигада муваффақиятли алдаб ўтиш ҳаракатлари бобида 6-рақамли футболчи (1та ўйинда ўртача ҳисобда 2,7та алдамчи ҳаракат).

** «Боруссия»даги илк 85та ўйинида 30та гол ва 45та самарали узатма тўплади - тасанно!

** Жорий мавсум 14 февралга қадар барча турнирларда 30 марта майдонга тушиб, «Гол } пас» тизимида 33 очко тўплади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz