Қайднома

Қидирув

Илҳом Мўминжонов футболдан 5 йилга четлатилганди. ЎФА эса дисквалификация муддатини қисқартирди

Илҳом Мўминжонов футболдан 5 йилга четлатилганди. ЎФА эса дисквалификация муддатини қисқартирди

  26.02.2020 22:35
  0
  225

«Навбаҳор» футбол клуби собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг дисквалификация муддати қисқартирилди, дея хабар қилмоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.

Фото: ЎФА

Мўминжонов футболчиларни ўйинни сотишга ундаги учун 2019 йилнинг апрелида ЎФА Этика қўмитаси томонидан 50 миллион сўм миқдорида жарима тортилган ва 5 йил муддатга футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилган эди.

ЎФА хабарида таъкидланишича, 2020 йилнинг 3 январида «Сурхон» футбол клуби Этика қўмитасига Илҳом Мўминжонов ишини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилган. Мазкур мурожаатда «Сурхон» футбол клуби кафил сифатида Илҳом Мўминжоновнинг дисквалификацияси бўйича қарорни қайта кўриб чиқиб, унинг мураббийлик фаолияти тикланиши сўралган.

Мурожаат ЎФА Этика қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, Илҳом Мўминжоновнинг ўзи чин кўнгилдан пушаймон эканлиги, шунингдек, уни дисквалификация қилишда асосан бир томонлама далилларга асосланганини билдирган. Бундан ташқари, Мўминжонов қўмитага вазиятни янада яхшироқ ўрганиш учун қўшимча маълумотлар ва ўзи фаолият юритган футбол клублари ходимларининг у ҳақидаги тавсифномаларини тақдим этгани айтилади хабарда.

Этика қўмитаси шулардан келиб чиқиб Мўминжоновнинг дисквалификация муддатини қисқартирган. Эндиликда бу чеклов 2020 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Шу билан бир қаторда, мазкур мураббий томонидан келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўйилган тақдирда қатъий чора кўрилиши белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш жоиз, ЎФАнинг 2019 йилдаги қарори (мазкур хабар ўчиб кетган, бу орада ташкилот сайти янгиланган) бўйича Мўминжонов умумий ҳисобда 5 йил муддатга футболга оид фаолиятдан четлатилгани маълум қилинганди. Бироқ ташкилотнинг 25 февраль кунги баёнотида муддат 4 йил деб кўрсатилган. Ташкилот қарорини қачон ўзгартиргани номаълум. Шу тариқа Мўминжоновнинг 5 йиллик дисквалификацияси 1 йилу 9 ой деганда якунига етадиган бўлмоқда.

ЎФАнинг Мўминжонов 5 йилга четлаштирилган ҳақидаги хабар, у ҳозир ўчириб ташланган

Скриншот: «Дарё»

ЎФАнинг Мўминжонов 5 йилга четлаштирилган ҳақидаги хабар, у ҳозир ўчириб ташланган

Скриншот: «Дарё»

Маълумот учун, ўзбек футболида бундай дисквалификациялар муддатини қисақртириш ҳолатларининг кузатилиши биринчи марта юз бераётгани йўқ. Хусусан, аввалроқ Самвел Бабаян ЎФФ (ҳозир ЎФА) Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилган эди. Кейинроқ мутахассис Латвияда иш бошлагач, ташкилот бу қарорнинг фақат Ўзбекистонда амал қилишини маълум қилганди.

Аммо орадан бир йил ўтиб, Бабаяннинг дисквалификацияси четлатишдан икки ҳафта ўтибоқ «Бунёдкор» клуби кафиллиги остида бекор қилингани маълум бўлди. Бу орада Бабаян Тошкентнинг «Локомотив» клуби бош мураббийига айланди.

Бабаян четлатилган даврда мамлакат футболига Умид Аҳмаджонов жавобгар эди. У эса 2019 йилнинг 13 июнь куни ташкилот биринчи вице-президентлигидан истеъфога чиқди. Аҳамджоновнинг ўрнига ФИФА ҳаками Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-презденти бўлди.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz