Қайднома

Қидирув

Инзагининг навбатдаги кашфиёти Луис Альберто ҳақида...

Инзагининг навбатдаги кашфиёти Луис Альберто ҳақида...

  28.02.2020 03:45
  0
  320
Инзагининг навбатдаги кашфиёти Луис Альберто ҳақида...

2019|2020 йиллар мавсуми «Лацио» учун ҳавас қилишга арзийдиган даражада муваффақиятли кечмоқда. Симоне Инзаги раҳбарлигида «бургутлар» турнир жадвалининг юқори поғоналаридан мустаҳкам жой олган ҳолда, янада юксакроқ чўққига интилмоқдалар.

Римнинг номдор клуби кўп гол уриб, ўз дарвозасини ишончли қўриқламоқда. Жамоа 24 учрашувда 56 очко тўплаб, «Ювентус»дан 1 очкога ортда бораётганди. Чемпионликка яна бир даъвогар «Интер»­дан эса шу паллада 2 очкога ўзиб кетганди. Айнан 24-тур якунларига кўра, тўплар нисбати бўйича ҳам «А» серияда етакчиликни сақлаб турганди - }34 (55-21). Агар «Лацио» 5 февраль куни ўтказилган 17-турнинг қолдирилган ўйини (0:0)да «Верона»ни мағлубиятга учрата олганида, ҳозир пешқадам ҳақида гапираётган бўлармидик.

Шунга қарамай, бу учрашувнинг кейинга қолдирилиши «Лацио»га омад келтирди, дейиш ҳам мумкин - жамоа Италия суперкубоги учун баҳс­да «Ювентус»ни маҳв этиб (3:1), икки йил ичида учинчи совринни қўлга киритди.

Умуман, Инзаги даврида бир қатор ўйинчилар ёрқин кашфиётларга айланишди. Кейта Бальде, Фелипе Андерсон ва Стефан де Врейлар кейинчалик бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Сергей Милинкович-Савич, Чиро Иммобиле, Хоакин Корреа ва Луис Альберто ҳамон «бургутлар» шарафини ҳимоя қилишмоқда. Ҳозирда Иммобиле тўпурарлар баҳсида қитъада тенгсиз ўйинчилардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Луис Альберто эса - «А» сериянинг етакчи ассистенти. Самарали ҳаракатлари эвазига иқтидорли ярим ҳимоячи Испания терма жамоасига жалб этилди. Ваҳоланки, икки йил аввал у бутсаларини михга илиш тараддудида юрганди.

Омадсиз бошланган фаолият

Луис Альберто - «Севилья» тарбияланувчиси. Асосий жамоадаги дебютини 2010|2011 йиллар мавсумида нишонлаган. Ўша даврда жамоа мураббийлар қўнимсизлигига дуч келиб, 1,5 йилда 3 нафар мутахассис раҳбарлигида фаолият юритганди. Грегорио Мансано, Марселино Тораль ва Мичел каби мураббийларнинг ҳеч бири Луисга имконият беришмади. Натижада у икки мавсум давомида атиги 9 марта майдонга тушди.

Ўйин амалиёти илинжида футболчи «Барселона-Б» жамоасига йўл олди ва Адама Траоре, Жерар Деулофеу, Рафинья Алькантара ҳамда Серхи Робертолар билан ёнма-ён тўп сура бошлади. Луис рисоладагидек ўйин кўрсатган бўлсада (38та ўйинда 11та гол ва 18та «ассист»), «Барселона» уни харид қилишни истамади. Таркибни ёшартиришга аҳд қилган «Ливерпуль» эса уни ўз сафига чорлади, «Севилья» Альберто эвазига ўз ғазнасини 8 млн. еврога бойитиб олди.

Ўшанда Брендан Рожерс 20 ёшли испаниялик ярим ҳимоячидан ташқари Мамаду Сако (23), Дэниэл Старриж (23), Фабио Борини (21), Филиппе Коутиньо (20) ва Нури Шаҳинларни (23) ҳам «Энфилд»га таклиф этганди. Мураббий Альбертони турли позицияларда синаб кўришига қарамасдан, Луис ички рақобатга дош бера олмади. Боиси, тактик схемадан келиб чиққан ҳолда, ўнг ва сўл қанотларда Стерлинг тўп сурарди, ҳужум чизиғининг чап қаноти ва «ўнлик» позицияси Коутиньо ихтиёрига берилганди. Шу сабабли, 2013|2014 йиллар мавсумида Альберто» «қизиллар» либосидаги 12 учрашув билан кифояланишга мажбур бўлди.

Кейин футболчи ўз юртига қайтишга қарор қилди: аввал «Малага», кейин «Депортиво» сафида майдонга тушди. Луис Галисия жамоасида рисоладагидек тўп суриб, 31 учрашувда 6та гол ва 8та самарали узатмани амалга оширди. Афтидан, у ўз ўйинини топиб олгандек эди. Ижара муддати ниҳоясига етгач, Альберто яна Англияга йўл олди. Бироқ у ерда узоқ ушланиб қолмади. Чунки уни «Лацио»да кечадиган янги босқич кутиб турарди.

Жароҳатлар, азоблар, депрессия

Луис Альбертонинг Римдаги фаолияти бирданига бошланиб кетмади. 2016|2017 йиллар мавсуми стартини у захира ўриндиғида, кейин машғулотлар пайтидаги жароҳатлар туфайли муолажада ўтказди. 16та ўйин­ни ўтказиб юборишга мажбур этган бу кўргуликлар унинг руҳий тетиклигига салбий таъсир кўрсатди. Оқибатда яна рақобатни жамоадошларига бой бериб, томошабинга айланиб қолди. Асосан 4-3-3 тактик услубида ўйнайдиган «бургутлар»нинг қанотларини Фелипе Андерсон ва Кейта Бальделар эгаллашганди. Нима қилишни билмай боши қотган испаниялик футболчи депрессия ҳолатига тушиб қолди: асосий таркибда унга жой қолмаган, бу ёқда жароҳатлар...

Охир-оқибат, 24 ёшли Альбертода футболдан воз кечиш истаги пайдо бўлди: «Бу фаолиятимдаги энг оғир давр бўлди. Гўё ҳамма нарса менга қаршидек туюларди. Мана шу муаммолар жонимга тегиб кетгач, футболга нуқта қўйишга қарор қилдим». Шундай ўй билан уйига қайтган футболчига оила аъзолари таниқли спорт руҳшуноси Хуан Карлос Альварес Кампильога мурожаат қилишни маслаҳат беришди. Кейинчалик Луис Альберто бир неча ҳафта давомида интенсив терапия муолажасини олганлигини эътироф этди: «Шифокор саломатлигим талаб даражасида эканлиги, лекин ҳаракат қилсам янада яхшироқ спорт формасига эриша олишимга ишонтирди. Унинг далдаси мен учун туртки бўлди. Барча муаммолар ўй-хаёлларимда экан, ўзимни тушкунликка маҳкум этган эканман».

Маълумот ўрнида, Хуан Карлос Альварес Кампильонинг доимий мижозлари сифатида қуйидаги спортчиларни келтириш мумкин:

Каролина Марин - бадминтон бўйи­ча 2016 йилдаги Олимпиада ғолиби;

Анхела Пумарьега - парус спорти бўйича 2012 йилдаги Олимпия чемпиони;

Тони Фрейша - чим хоккейи бўйича 2008 йилдаги Олимпиада кумуш медали соҳиби;

Мичу - «Суонси»даги фаолияти билан танилган Испания терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси;

Хулен Лопетеги - ҳозир «Севилья» бош мураббийи, собиқ футболчи.

Бундан ташқари, Альварес Кампильо Испания олимпия қўмитаси билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, мамлакат футбол терма жамоаси ва «Сельта» клуби ҳам унинг хизматидан фойдаланадилар. Касбини кишиларни зулматдан халос этишга қиёслаган шифокор Луис Альберто хусусида шундай деганди: «У муаммолар гирдобига ғарқ бўлганди. Чунки Луис жамоада ўз ўрнини тополмай, Италияни тарк этиш пайига тушиб қолганди. Маҳаллий футболга мослаша олмагач, ўзини топ-ўйинчи сифатида тасаввур қилолмай қолганди. Менинг асосий вазифам уни ўз олдига мақсад қўйишга мажбур этиш ва буни уддалай олишига ишонтириш эди».

Луис Альберто учун янги позиция

Ўз навбатида, Симоне Инзаги испаниялик шогирди учун қулай позиция танлаш борасида бош қотирди. «Лацио»даги дастлабки йилда Луис аввал ўнг қанотда Антонио Кандреванинг ўринбосари сифатида тўп сурди, кейин сўл қанот вингери, ҳужумкор ярим ҳимоячи ва ортдаги ҳужумчи чизиқларида имкониятларини синовдан ўтказди.

Буни қарангки, спорт руҳшуносининг саъй-ҳаракатлари воситасида Луис Альбертонинг ўйини тамоман ўзгариб кетди. 2016|2017 йиллар мавсумининг сўнгги босқичида уни асосий таркибга жалб эта бошладилар. Инзаги фурсатни бой бермаган ҳолда, 3 нафар марказий ҳимоячига асосланган (3-1-4-2 ёки 3-5-2) ишланмаларни татбиқ этишга киришди. Вингерларга эҳтиёж қолмади - қанот ҳимоячилари ўз ҳудудларини бошидан охиригача назорат қила бошладилар. Луис Альберто эса «Лацио»нинг янги тизимида марказга жойлашиб, ҳужумчилар билан ҳамкорликни ўз зиммасига олди.

Чемпионатнинг 36-турида «Лацио» «Фиорентина» билан куч синашди. Бошланғич таркибда майдонга тушган Луис Альберто ажойиб ўйин кўрсатди: 2та «ассист», 3та зарба, 6та вазиятни кескинлаштирувчи узатмани амалга оширди. Гарчи ўйин «бургутлар»нинг мағлубияти (2:3) билан якунланган бўлсада, Луис жамоага манфаат келтира олиши, қанотлар унинг жойи эмаслиги яққол аён бўлди.

Ҳа, дарҳақиқат, Альберто ҳужум чизиғининг бутун кенглиги бўйлаб тўп суришни ёқтиради, марказда ўйнаш эвазига эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди. Қанотлар унинг салоҳиятини чеклаб қўяётганди. Лекин вазият тақозосига кўра, ўнг ёки чап қанотдан рейд уюштирса, ҳеч ким эътироз билдирмайди. Аммо вингер учун тезлик - асосий қурол. Луис эса тезкор эмас. Бу камчиликни Альберто тўп назорати ва ўйин ривожини «ўқий олиш» маҳорати эвазига тўлдирмоқда.

Ана шу фазилатларидан унумли фойдаланган испаниялик ярим ҳимоячи кейинги мавсумда «бургутлар»­нинг муҳим ижрочиларидан бирига айланди. Кўпинча у ортга чекинган ҳужумчи, баъзан «ўнлик» позициясида тўп сурди. Қисқаси, янги схемада у ўзининг барча ижобий хислатларини тўла-тўкис юзага чиқара бошлади. Натижада барча мусобақаларда 12та гол ва 18та «ассист»ни амалга оширди. Италия чемпионатида эса 12та самарали узатма билан энг яхши ассистент унвонини қўлга киритди.

Луис Альберто жорий мавсумда ҳам ассистентлар рўйхатида пешқадамлик қилмоқда, ҳозиргача «А» сериянинг 24 учрашувида 12та самарали узатмани амалга оширди. Тўғри, фаолияти давомида бир қатор қийин­чиликларни енгиб ўтди, футболдан воз кечишга шайланган пайт­лари ҳам бўлди. Лекин бемаъни хаёлларга барҳам бериб, азалий орзусига эришди - Испания терма жамоаси либосида майдонга тушди. Мана шу ижобий ўзгаришларда спорт руҳшуноси Альварес Кампильонинг ҳиссаси беқиёс бўлди, албатта. У ўз вақтида ёш футболчига ишончни қайтара олди. Қолаверса, «Лацио»даги қайта қуриш ҳам худди Луис учун амалга оширилгандек айни пайтида юз берди. Симоне Инзаги ўзининг испаниялик шогирдига мос юмуш топиб, унинг энг яхши сифатларини юзага чиқарди. Натижада «Лацио» ўз таркибидаги энг яхши тўпурар ва ассистентнинг сермаҳсул фаолияти туфайли юксак чўққилар сари дадил интилмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz