Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболида Бразилия ҳавоси

Ўзбек футболида Бразилия ҳавоси

  28.02.2020 09:03
  0
  596
Ўзбек футболида Бразилия ҳавоси

Янги мавсум бошланиши арафасида Суперлига жамоалари ўз олдиларига мақсад қўйишади ва шунга яраша таркибларини кучайтиришга зўр беришади. Кимдир асосан маҳаллий футболчилар хизматига таянса, кўпчилик легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланиш тарафдори бўлади. Одатда, Ўзбекистонга Болтиқбўйи давлатларидан ўйинчилар келишади. Шунингдек, ўз сафига бразилиялик иқтидорларни қўшиб олганлар ҳам учрайди. Масалан, Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби янги мавсум аввалида Эливелто Рибейро Дантосни қўшиб олди. «Сурхон» эса аксинча, ўтган йили жамоа шарафини ҳимоя қилган Лукас ва Дугласга чиқиш эшикларини кўрсатди. Шу воқеалар баҳона мамлакатимизда тўп сурган бошқа бразилиялик футболчи ва мураббийларни бир эслаш истаги туғилди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида «Пахтакор» клуби ва миллий жамоамизда бразилиялик мутахассис Убиража Вега да Силва(суратда) ишлаганидан хабардорсиз. У 1997 йили Тошкент клубидаги фаолиятини бошлаганди. Ушбу мутахассис бошчилигида жамоа яна совринли ўринлар учун курашни давом эттирди. Орадан бир йил ўтиб, Убиража «шерлар»ни чемпионлик шоҳсупасига етаклади. Қўл остида ажойиб футболчилар тўп суришарди: Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов тўпурарлар пойгасида биринчилардан бўлишди. Кўп ўтмай, бразилиялик мураббий миллий терма бош мураббийлигини ҳам ўз қўлига олди. Куз ойида ўтказилган Осиё ўйинларида бош жамоа­мизни бошқарди. Афсуски, амалдаги чемпион сифатида мусобақага борган вакилларимиз Али Даи бошчилигидаги Эронга ютқазишди.

Тошкентнинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қилган илк бразилиялик футболчи - Эвертон Кавальканте 2006-2007 йиллар оралиғида пойтахтимизда тўп сурган. Кейинчалик «Хоразм» ва «Динамо» клубларида ҳам ўйнаган.

2008 йиллардан кейин «Бунёдкор» таркибини бразилияликлар ҳисобига кучайтириш анъана тусини олди. Ривалдо, Денилсон, Жоао Виктор, Эдсон Рамос, Луизао, Родригес...

Дастлаб ёш ва иқтидорли Луизао келди. Ҳимоя чизиғидаги ҳаракатлари билан кўпчиликнинг ёдида қолган футболчи ўша пайт 23 ёшда эди. Мудофаа марказида Хайрулло Каримов билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилган Луизао 2010 йилда аксарият ҳамюртлари қатори жамоани тарк этди. Бунгача Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳибига айланишга улгурганди.

2008 йилнинг иккинчи ярмида, кутилмаганда, «Бунёдкор»да 1999 йилги «Олтин тўп» соҳиби Ривалдо пайдо бўлди. Бир кун келиб, футболимизда жаҳон даражасидаги шундай юлдузнинг тўп суриши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Ривалдо даражасидаги футболчилар билан «қалдирғочлар» ОЧЛда ярим финалгача боришди, бразилияликдаги тажриба ўзбек футболига фойда келтирди, у билан елкама-елка тўп сурган маҳаллий ўйинчилар ўсишга эришдилар, янги даражага кўтарилдилар. «Бун­ёдкор» иштирокидаги марказий ўйинлар пайти стадионларда ҳақиқий аншлаг кузатиларди. Ўзбекистонда уч йилга яқин вақт мобайнида тўп сурган Ривалдо бир қатор жамоавий ва индивидуал совринларга эга чиқди.

Шунингдек, ўша пайтлари «Бунёдкор»да ўйнаган Жоао Виктор ҳам кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирган. Тўғри, у Ривалдо сингари кўплаб голлар урмаган, лекин керакли ва зарур паллаларда катта саҳнага чиқарди. Унинг «Бунёдкор»дан кейин «Мальорка»га кетиши ҳам нечоғли катта салоҳиятига эга эканлигидан далолатдир.

Қанотда тезкор ҳаракатларни амалга ошириб, дриблинглари билан рақибларини довдиратиб қўйган Эдсон Рамосни ҳам унутмаганмиз. У ҳимоячи бўлишига қарамай, голлар ҳам уриб турарди. Рамос ҳам Жоао Виктор сингари кейинчалик «Мальорка»дан қўним топди. Умуман, 2010 йили «Бунёдкор»­да молиявий муаммолар бошлангач, бразилиялик юлдузлар бирин-кетин пойтахтимизни тарк этишди.

Дарвоқе, 2010 йил бошида «Бун­ёдкор» яна бир бразилиялик футболчи Леомар Родригес билан шарт­нома имзолади. Бироқ у бор-йўғи икки учрашувда майдонга тушди, холос.

Оралиқдаги катта танаффусдан кейин жамоаларимиз яна бразилияликларга қизиқишни бошлашди. Бу ишни «Пахтакор»нинг янги раҳ-бария­ти амалга оширди. 2017 йилнинг иккинчи давраси арафасида янги мураббий Шота Арвеладзе билан биргаликда Тьяго Безерра ҳам «шер»га айланди. Бир ярим йилни юртимизда ўтказган футболчи мавсум-2018ни юқори нотада якунлади. Чемпионатнинг тенгсиз тўпурари бўлди, рамзий термадан жой олди. Суперлиганинг энг яхши футболчисига аталган мукофот ҳам унга насиб қилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барқарор тўп сурган саноқли легионерлардан бири ҳисобланган Безерра айни пайт Қатарнинг «Ал-Хор» клубида ўйнаяпти.

Тошкентнинг яна бир жамоаси - «Локомотив» 2018 йил аввалида таркибини кучайтирди. Сардор Рашидов, Шерзод Каримов билан биргаликда «Динамо Брест» клубидан Нивалдо ижарага олинди. Мақсад ОЧЛда муваффақиятли қатнашиш эди. Аммо вазифа бажарилмади. Боз устига, Нивалдо жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди. Иккинчи даврада эса ижара шартномасига асосан, ўз жамоасига қўйиб юборилди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz