Қайднома

Қидирув

Футбол кемаси лоцманлари

Футбол кемаси лоцманлари

  29.02.2020 01:49
  0
  600
Футбол кемаси лоцманлари

Футбол мураббийи... Мураккаб ва ғаройиб касб. Москвада чоп этиладиган «Футбол» нашрининг кўп йиллик муҳаррири, миллионлар ўйини ҳақидаги бир қатор китоблар муаллифи Лев Филатов мураббийлик қисматини ажойиб тарзда таърифлаганди: «Мураббийликда «ҳаёт йўли» ҳеч қачон тўғри бўлмайди. «Тайинлов», «истеъфо», «эътироф», «танқид» - бундай кетма-кетлик шунчаки, одатий эмас, балки кузатилиши муқаррар жараён ҳисобланади. Мураббийлар қандай ишга қўл уришаётгани, хизмат қисмати уларга салбий таъсир этиши мумкинлигини яхши билишади. Умуман, юқо­рида санаб ўтилган воқеалар кетма-кетлигида на мураббийларнинг ўзлари ва на уларнинг тақдирини кузатиб келаётган биз учун қандайдир ғайритабиийлик бор. Оддий айтганда, мураббийларнинг битта иш жойидан иккинчисига кўчиб ўтишлари ҳеч кимни ортиқча ҳайратга солмайди. Яна истеъфо алами ўта оғир эмаслиги, қўлидан иш келадиган кишининг йўқолиб қолмаслиги ҳам маълум. Ҳар ҳолда, кўпчилик кўчиб ўтишларни чин юракдан яхшиликка йўяди - худди матоҳ алмаштирилгани каби...».

 

Ҳозир бунга ишониш қийин, лекин биз - ўтган асрнинг 50-йиллари футбол мухлислари ҳаттоки, жаҳон чемпионати ҳақида ҳам деярли ҳеч нарса билмаганмиз. Менга эса бу борада омад кулиб боққан - мутлақо тасодифан «Футболнинг олтин кубоги» китобини топиб олганман ва шу сеҳрли топилмадан ЖЧ 1930 йилдан буён ўтказилаётганини билиб олганман, яна турли статистик кўрсаткичлар билан танишганман. Ҳозир жаҳон чемпионатига бағишланган китобларнинг саноғи йўқ, қолаверса, интернет орқали ҳар қандай маълумотни жойида топиш имкони бор.

Анчадан буён Ўзбекистон футболи тарихига дахлдор маълумотларни йиғиб келяпман. Жумладан, бисотимда олинганига 100 йилдан ҳам ошган бир қизиқарли фотосурат бор. 1914 йили Тошкент ва Қўқон жамоалари ўртасида ўйин ташкил этилган. Тошкентда ўтказилган учрашувдан сўнг ҳар икки жамоа вакиллари бирга суратга тушишган. Суратнинг орқа томонига каллиграфик ҳусни хат билан барча иштирокчилар исм-шарифи тартибли тарзда ёзиб қўйилган. Энг қизиғи, сурат ўртасида бў­йинбоғ тақиб турган киши жамоа бошлиғи сифатида қайд этилган. Ҳайратланарли! 1930 йилги биринчи жаҳон чемпионатида айрим иштирокчиларда ҳаттоки, мураббий бўлмаган, бизда эса 1914 йилиёқ жамоа бошлиғи лавозими бор эди. Шундай экан, мамлакатимиздаги футбол мухлислари буюк ўйиннинг Ўзбекистондаги тарихи билан фахрланишса, арзийди.  

Мана, тез орада Ўзбекистон чемпионатининг ҳисоб бўйича 29-мавсуми старт олади. Бундан 10 йил олдин Ўзбекистон чемпионати юқори лигаси ва мамлакат кубогида клубларни майдонга олиб тушган бош мураббийлар ишига дахлдор умумий статистик манзара билан таништиришга урингандим. Бугун ўша маълумотларни охирги 10 мавсум кўрсаткичлари билан тўлдиришга қарор қилдим.

1992-2019 йиллар оралиғида ташкиллаштирилган 28та мустақил чемпионатда элит лига клубларида 200 нафардан кўп мутахассис бош мураббий сифатида ишлаган. Аниқ соннинг йўқлигига сабаб шуки, баъзан айрим жамоаларда мураббийлар алмашгач, айнан кимнинг бош ролда эканлиги мавҳум қолган. Бундай ҳолатлар иштирокчилари билан бевосита суҳбатлашганимда, маълум бўлдики, бош мураббий ишдан четлаштирилгач, фавқулодда вазият туфайли жамоаларни кўпинча икки, ҳаттоки, 3 нафар мутахассис биргаликда бошқарган. Лекин Ўзбекистон чемпионати ва кубоги доирасида ўтказилган жами 70 мингдан зиёд ўйиннинг кичик фоизида шундай ҳолат кузатилган. Аслида мавсумлар бўйича бош мураббийлари кўрсатилган чемпионат иштирокчилари жадвалини ҳам тузиб чиққанман. Унга фақат расмий маълумотлар киритилган, мураббийларнинг айтиб бўлмас миграцияси туфайли бундай жадвал тузиш осон эмаслигини ҳам айтиш жоиз. Афсуски, жадвал ҳажми ўта катталиги боис, уни мақолага илова қилишнинг иложи йўқ. Шунинг учун энг қизиқарли маълумотларни баҳам кўриш билан чекланаман.

Ўзбекистон чемпионатида энг кўп - 20 мавсумдан ортиқ бош мураббийлик қилган мутахассис - бу Юрий Сар­кисян. 1987 йилдан «Нефтчи» (Фарғона) бошқарувини қўлга олган Саркисян ҳали кўплаб номинацияларда узоқ вақт етакчиликни қўлдан чиқармаса керак. Бош мураббийлар ишини баҳолашда, уларнинг қўл остиларида ўйнаган клубларнинг 2та асосий ички мусобақа - чемпионат ва кубок турнирида қайд этган натижаларига қараймиз. Яъни бош мураббийлар фаолиятини статистика ёрдамида алоҳида критериялар бўйича кўриб чиқамиз:

Чемпионатдаги ғалаба учун - 3 балл

Чемпионатдаги 2-ўрин учун - 2 балл

Чемпионатдаги 3-ўрин учун - 1 балл

Кубок турниридаги ғалаба учун - 2 балл

Кубок турнири финали учун - 1 балл

Чемпионатнинг 28 ва кубок турнирининг 27 мавсуми (1999 йили кубок мусобақаси ўтказилмаган) натижаларини шу аснода ҳисоб-китоб қилсак, 36 нафар бош мураббий номига балл ёзилади. Улар чемпионатни ўз жамоаларида якунлашган ва кубок финалида иштирок этишган.

Шубҳасиз, «Нефтчи»нинг кўп йиллик устози Юрий САРКИСЯН бу борада рақобатдан холи. Унинг ҳисобида 5та чемпионлик унвони (1992-1995, 2001) бор - 5 х 3 қ 15 балл. Юрий Вазгенович шунингдек, 9та кумуш медаль (9 х 2 қ 18 балл), 1та бронза медали (1  балл)га эга. «Нефтчи» унинг бошқарувида кубок турнирида 2 марта зафар қучган (2 х 2 қ 4 балл) ва финалда 5 бора ютқазган (5 х 1 қ 5 балл). Хуллас, Саркисян жами 43 баллга эга.

Ўзига хос жадвалнинг 2-ўрни Виктор ЖАЛИЛОВга тегишли. Виктор Романович 2 марта чемпионликни тантана қилган (1996 йили «Навбаҳор» ва 2002 йили «Пахтакор» билан), 3 бора кумуш медаль ютган («Машъал» - 2005, «Пахтакор» - 2008, 2009) ва Наманган жамоаси билан 5 марта 3-ўринни эгаллаган. У шунингдек, кубок финалида 5 марта («Навбаҳор» ва «Пахтакор» билан) қатнашган - 4та ғалаба ва 1та мағлубият (2018 йили «Пахтакор» билан Зико бошқарувидаги «Бунёдкор»дан). Жами 26 балл.

Рўйхатнинг 3-қаторида Миржалол ҚОСИМОВ  - «Бун­ёдкор» билан 3та чемпионлик,  2та «кумуш», 4та кубок ва 3та финал.  Якун - 24  балл.

4-яхши кўрсаткич соҳиби Равшан ҲАЙДАРОВдир - 17 балл. Равшан Акмалович 2005-2007 йилларда «Пахтакор»ни 3 марта чемпионлик сари етаклаган, яна 1 марта «кумуш» олган (2010 йили). Қолаверса, Ҳайдаров жамоаси кубок турнирида кетма-кет 3 бора зафар қучган (яна 2005-2007 йиллар).

Давом этамиз. Навбатдаги мураббий Андрей МИКЛЯЕВ ҳисобида «Локомотив» билан қаторасига ютилган 3та олтин медаль (2016-2018 йиллар), 1та «кумуш» (2015 йил) ва 2та кубок (2016-2017 йиллар) бор. Демак, Микляев 15 баллга эга.

Кейинги номзод Рўзиқул БЕРДИЕВ («Насаф») - 11 балл. Унда жумладан, 1та кумуш медаль (2017 йил),  4та «бронза» (2013-2016 йиллар), 1та кубок (2015 йил) ва 3та финал (2012-2013, 2016 йиллар) бор.

Туркманистонлик Тачмурад АГАМУРАДОВ 10 балл­га эга («Пахтакор» билан 2 марта «олтин дубль»). У 2003-2004 йилларда «шерлар»ни ҳам чемпионат, ҳам кубок турнирида зафар қучишларини таъминлаган эди.

«Пахтакор»нинг амалдаги бош мураббийи Шота ­АРВЕЛАДЗЕ ҳозирча 8-ўринда. Грузиялик мутахассис Ўзбекистондаги 3 йиллик фаолиятида ўтган мавсум илк марта чемпионликни тантана қилди, унинг ҳисобида 1тадан «кумуш» ва «бронза» ҳам бор. Арвеладзе мавсум-2019да миллий кубок соҳибига ҳам айланди. 2018 йили эса «Пахтакор» финалда енгилган эди. Қисқаси, айни пайт Арвеладзеда 9 балл бор.

Марҳум Александр ИВАНКОВни ёд оламиз. У фао­лияти давомида 8 балл йиққан:  2та «кумуш» (1994 йил - «Нурафшон», 1995 йил - МҲСК), 1та кубок (1997 йил - «Пахтакор»), 2та финал (1995 йил - МҲСК ва 1996 йил - «Пахтакор»). 

Кучли 10таликка якун ясаб берган Рустам МИРСОДИҚОВ коллекциясида 2та чемпионлик (1997 йил - МҲСК ва 1999 йил - «Дўстлик»)дан ташқари, пойтахт «армиячилари» билан ютилган 1та бронза медали (1996 йил) бор - 7 балл.

«Бунёдкор»нинг ҳозирги устози Вадим АБРАМОВ 4та кўрсаткич ортидан 6 балл тўплаган - 1та «кумуш» (2014 йил -  «Локомотив»), 1та «бронза» (2019 йил - «Бунёдкор»), 1та кубок (2014 йил - «Локомотив») ҳамда 1та финал (2004 йил -   «Трактор»). Қаранг, Вадим Карленович илк баллни 16 йил муқаддам олган эди.

Рўйхат бўйича кейинги поғонага Мурод  ИСМОИЛОВ жойлашади. У жами 6 балл тўплаган: 1та чемпионлик (2012 йил - «Пахтакор»), 1та бронза медали (2011 йил - «Пахтакор»), 1та кубок (2011 йил - «Пахтакор»).

Кейинги поғоналар соҳиблари (4 нафар мураббий)нинг натижалари тенг - 5 балл. Самвел БАБАЯН - 1та «олтин» (2014 йил - «Пахтакор») ва 5 йилдан кейин қўлга киритилган «кумуш» («Локомотив» билан). Баҳром ҲАКИМОВ эса «Насаф»ни 3 марта 3-ўринга олиб чиққан (2000-2001 ва 2006 йиллар), яна 2 бора финал юзини кўрган: «Темирйулчи» - 1992 йил (биринчи финал) ва «Насаф» - 2003 йил. Россиялик Леонид ОСТРОУШКО «Дўстлик» (2000 йил) билан «олтин дубл»га эришган бўлса, бразилиялик машҳур ЗИКО бу ишни 2008 йили «Бунёдкор»да такрорлаган.

Яна 5 нафар мураббий ҳисобида 4  баллдан бор. «Пахтакор»нинг ўтмишдаги ажойиб ҳужумчиси Баҳодир ИБРОҲИМОВ 1993 йили жонажон жамоаси билан чемпионатда 2-ўринни эгаллаш баробарида миллий кубок соҳибига айланган. Бразилиялик яна бир машҳур мутахассис - жаҳон чемпиони Луис Фелипе СКОЛАРИ 2009 йили «Бунёдкор»ни олтин медаль ютишини таъминлади, аммо кубок финалида омадсизликка йўлиқди. Украи­надан келган Киев «Динамо»си афсоналаридан бири Анатолий  ДЕМЬЯНЕНКО «Насаф» тарихида ўзига яраша из қолдирди:  2-ўрин (2011 йил), 3-ўрин (2010 йил) ва кубок финалидаги иштирок (2011 йил). Россиялик Сергей БУТЕНКО эса «Пахтакор»даги фаолиятида кумуш медаль ва кубок соҳиби бўлди (2001 йил). Тожикис­тонлик мураббий Ҳаким ФУЗАЙЛОВ ҳисобида «Локомотив» билан ютилган 1тадан «кумуш» (2013 йил) ва «бронза» (2012 йил) бор, у шунингдек, 2000 йили «Самарқанд-Д.» («Динамо»)ни кубок финалига олиб чиққан.

3 баллга эга мураббийлар сони ҳам ҳам 5 нафар. Аҳрол ИНОЯТОВ - Ўзбекистон чемпионати 1-мавсуми (1992 йил) ғолиби («Пахтакор» билан). Бразилиялик мутахассис Вега да СИЛВА эса «Пахта­кор»ни 1998 йили «олтин марра»га етаклаган. Нўъмон ҲАСАНОВ - 2015 йилги чемпион («Пахтакор» билан). Сергей ЛУШАН ҳисобида «Бунёдкор»да ютилган 1та кумуш медали (2016 йил)дан ташқари, кубок финали (2014 йил) ҳам бор. Виктор КУМИКОВ (Россия) -  бронза медалининг икки карра соҳиби (2007 йил - «Машъал» ва 2009 йил - «Насаф»). У яна муборакликларни мавсум-2006да кубок финалига олиб чиққан.

3 нафар мураббийда 2  баллдан бор. Булар - Ўзбекис­тон кубогининг биринчи соҳиби Биродар АБДУРАИМОВ (1992 йил - «Навбаҳор»), 1997 йили «Навбаҳор» билан 3-ўринни эгаллашдан ташқари, 2015 йили «Бун­ёдкор»ни кубок финалига бошлаб тушган Бахтиёр БОБОЕВ ҳамда Усмон АСҚАРАЛИЕВ (1993 йил - «Нав­баҳор» билан бронза медали ва финал).

Энг катта гуруҳдан ўрин олган 7 нафар мутахассис шарт бўйича 1 баллга эга: Юрий ХРИСТОФОРИДИ (Ўзбекистон чемпионати 1-мавсумида «Сўғдиёна» билан 3-ўрин), Равиль БОГАУТДИНОВ (1994 йили «Янгиер» бошқарувида кубок финалчиси), тожикистонлик Шариф НАЗАРОВ (1994 йили «Навбаҳор» билан 3-ўрин), россиялик Сергей ШЕВЧЕНКО (2002 йили «Қизилқум» билан 3-ўрин), Зоир ТЎРАҚУЛОВ (2005 йили «Насаф» билан 3-ўрин), Эдгар ГЕСС (2010 йили «Шўртан» билан кубок финали), Илҳом МЎМИНЖОНОВ (2018 йили «Навбаҳор» билан 3-ўрин).         

Одатда статистика юритишда хатодан қочиш учун рақамларни ҳисоблаб чиқишга тўғри келади. Демак, рўйхатга кирган мураббийлар томонидан тўпланган баллар йиғиндиси 250га тенг бўлиши керак. Кўриб чиқамиз. Орт­да қолган 28та мавсум - 28 х  6 (3}2}1) қ 168 балл ва 27та кубок финали - 27 х 3 (2}1) қ 81 балл. Жами 249 балл. Нега 250 балл эмас? Гап шундаки, 1992 йилги 1-мавсумда 2та жамоага чемпионлик мақоми берилган ва кумуш медаль эгасиз қолган. Албатта, ҳар қандай шартлар субъектив нуқтаи назарга эга. Таъкидлаш керак, бу таҳлилда фақат Ўзбекистон клублари бош мураббийларининг ички турнирлар (чемпионат ва кубок)даги натижалари эътиборга олинди. Ўйлайманки, ушбу қизиқарли маълумотлар яқин тарихга назар солиш ва ўтган йиллар қаҳрамонларини эслаш имкониятини беради. Менимча, бу футбол ихлосмандларини етарлича қизиқтирса керак.

Қўшиламан, тузилган рўйхат тўлиқ тасаввурга етарли эмас. Ҳар ҳолда, четда қолган яна бир қатор ажойиб мураббийлар борки, улар Ўзбекистонда футболнинг тараққиёти ва мукаммаллашишига муносиб ҳисса қўшишган ёки қўшишмоқда. Фамилияларни келтирмайман, чунки кимнидир ранжитмасликни ўйласак, газетанинг бир саҳифаси ҳам етмайди. Лекин яқинда 91 ёшини қаршилаган Евгений Борисович Валицкийни айтмасликнинг иложи йўқ. Ахир оддий ифода этганда, юқорида тилга олинган мураббийларнинг кўплаб ютуқларида унинг қўли бор. Яна ҳаётдан кўз юмишган мутахассисларни эътироф этиш керак - Виталий Иванов, Мирзоҳид Ғуломов, Валерий Василенко, Акмал Азизхўжаев, Алексей Степанов, Зафар Расулов, Валерий Любушин, Виктор Борисов... Умуман, 50 нафардан кўп мураббий Ўзбекистон футболи энциклопедиясининг «Шуҳрат зали»га киритилган. Бу мавзу - махсус китоб учун. Демак, муаллифларни Ўзбекистон футболи тарихининг ушбу ўта қизиқарли саҳифасини ёритишга чорлаб қоламан.

 Владимир САФАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz