Қайднома

Қидирув

Неймар ва Мбаппе ўрнида Куасси...

Неймар ва Мбаппе ўрнида Куасси...

  29.02.2020 03:53
  0
  421
Неймар ва Мбаппе ўрнида Куасси...

«ПСЖ»НИНГ НЕЙМАР ВА МБАППЕСИЗ БИТТА ЎЙИНИ. 8та гол, ёш қаҳрамон ва аутсайдер билан оғир дуранг. Франция чемпионати 25-туридан ўрин олган «Амьен» - «ПСЖ» учрашувига аслида қизиқарли тўқнашув сифатида қаралмаганди. Ҳа, Париж гранди Лига 1 аутсайдерларидан бирининг майдонида ортиқча қийинчиликсиз 3 очко олиб, миллий биринчиликдаги мағлубиятсиз одимини 13та ўйинга етказиши керак эди, ҳар ҳолда, шундай якун кутилди. Қаранг, ҳеч ким назарига илмаган баҳс бир қатор кутилмаган воқеликларни тақдим этди. Тўғри, «ПСЖ» чиндан ҳам, мағлубиятсиз сериясини давом эттирди, аммо якунда таблода 4:4 ҳисоби порлади. Боз устига, «ПСЖ» 40-дақиқагача жавобсиз 3та гол қўйиб юборди. Муҳими, парижликлар кейинчалик қандайдир 29 дақиқага тенг ўйин вақтида мезбонларни 4 марта жазолашди. Аммо бу якун эмасди, «Амьен» сўнгги лаҳзаларда 4-голини уриб, муҳим бир очкони қўлга киритди. Учрашув қаҳрамонларидан бири - Гаэль Какута (ҳа, «Челси»га тегишли бўлган, Хитой ва «Севилья»да ўйнашга улгурган ўша йигит) «Амьен»нинг 1та голига муаллифлик қилишдан ташқари, 2та самарали узатма амалга оширди. «ПСЖ» сафида эса 17 ёшли ҳимоячи Танги Куасси қаҳрамон ролида гавдаланди - «дубль». Эътиборлиси, у Франция чемпионатида «ПСЖ» либосини атиги 5-марта (3-марта бошланғич таркибда) кийганди.

Гап шундаки, Неймар ва Килиан Мбаппе ўйинда иштирок этишгани йўқ. Дарвоқе, «ПСЖ» ўша баҳсда Лига 1 доирасидаги голли сериясини 32та ўйинга етказиб, 1957 йил ноябрь - 1959 август оралиғида «Седан» томонидан ўрнатилган рекордни такрорлади. Тўғриси, бундан ярим йилча олдин ҳам кўпчилик Танги Куасси ҳақида ҳеч нарса эшитган эмасди. Мана, «Амьен»га қарши кечган «олов»ли биргина ўйин билан 17 ёшли парижлик овоза бўлди-қўйди. Ўзи шунчалик ёш йигитчанинг Франция футболидаги энг кучли жамоада марказий ҳимоячи ролида майдонга тушишиёқ - катта натижа. Мураккаб тус олган учрашувда 2та гол уриши эса - шубҳасиз, қаҳрамонлик. Умуман, ёш ҳимоячининг голи ҳам битта воқелик. Унинг ижросидаги «дубль» - ноёб ҳодиса. Кечаги мактаб ўқувчисининг тезлиги ҳаммани шу қадар ҳайратга солдики, кўпчилик шунчаки, ёқа ушлаган бўлса, ажабмас. Хуллас, шундай воқеалардан кейин Тангига эътибор қаратмаслик мумкин эмасди.  

Ёш парижликнинг исм-фамилияси ҳам, ташқи кўриниши ҳам унинг аждодлари Африкадан эканликларини кўрсатиб турибди. Худди шундай. Тангининг ота-онаси Франция пойтахтига Фил Суяги Қирғоқларидан кўчиб ўтишган. Замонавий талқинда айтсак, Африканинг Кот-д~Ивуар мамлакатидан. Танги эса айнан Парижда туғилган - 2002 йилнинг 7 июнида. Яъни у Франция миллий жамоасининг жаҳон чемпионатидаги омадсиз иштироки бошланганидан бир неча кун ўтиб, дунё юзини кўрган. Эсласангиз, ўша вақт сайёрамиз ва Европанинг амалдаги чемпиони саналган Франция термаси Осиё мундиалида гуруҳ босқичидаёқ ўз мақомини топширганди, боз устига, 3та ўйинда лоақал 1та гол урмаган ҳолда...

Танги 6 ёшга тўлгач, «ПСЖ» футбол академиясига кирганида, ўз кумири - Дидье Дрогба каби ҳужум чизиғида тўп суришни хоҳларди. Аммо мураббийлар болакайда марказий ҳимоя­чига хос хислатлар борлигини пайқаб, уни орқа позицияга қўйишади. Танги эса беихтиёр устозлари кўрсатмаларига амал қила бошлайди. Ахир футбол жамоасида кимдир ҳимоячи ролини ҳам бажариши керак-ку. Ёш Куасси гарчи қунт билан ҳимоявий ҳаракатларни ўзлаштиришга киришган бўлсада, ҳужумга қўшилиб туришни ҳам унутмайди. Дейлик, рақиб жамоалар жарима майдони яқинида стандарт вазият туғилиши ҳамоно олдинга интилади ва шу аснода қатор голлар уради. Хуллас, у болалар ва ёшлар жамоалари таркибидаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилишга иштиёқи баланд эканлиги ва бу иш қўлидан келишини амалда кўрсатиб улгурганди. Шуларни назарда тутиб, ёш йигитчанинг «Амьен»­га «дубль» тортиқ этганидан унча ажабланмасак ҳам бўлаверади. Бўйдор ва сакровчанлик қобилиятига эга Танги «иккинчи қават»даги курашларда устун келиб, дарвоза томон зарба йўллашни яхши ўзлаштирган. Бунда унга тезкор ҳаракатланиши ҳам роса қўл келади. Оддий айтганда, Куасси рақиб билан тенг ҳолатда яккама-якка курашга киришса, кўпинча осонгина устун келади.

Умуман, мутахассислар Куасси ноёб иқтидор эгаси эканлигини вақтида пайқашган. Ҳар ҳолда, у ҳозирга қадар Франциянинг турли ёш тои­фасидаги терма жамоаларида ўйнашга улгурди ва катталар футболига омадли қадам ташлаш учун ҳам барча хислатларга эга. Бироқ Парижда битта тушунарсиз тенденция мавжуд - «Пари Сен-Жермен» академияси тарбияланувчилари азалдан дуч келган жойда яхши ўйнаб кетишадию, жонажон клублари сафига қўшилишда анча қийналишади. Николя Анелька ва Тьерри Анри - энг ёрқин икки мисол. Куассини ҳам гоҳ «РБ Лейпциг», гоҳ «Монако»га «юборишаётганди». Ҳаттоки, мутахассислар ҳам «ПСЖ»да Танги учун келажак йўқлигини таъкидлашдан чарчашмади. Бинобарин, Франция футболининг охирги йиллардаги мутлақ етакчиси фалсафаси кўпчиликка тайин - парижликлар ҳозирда ўз тарбияланувчиларини сабр билан катта саҳнага олиш чиқишдан кўра, тайёр футболчиларни харид қилишни маъқул кўришмоқда. Куасси эса шундай «хира» истиқболга қарамай, жамоада қолиб, асосий таркибга илиниш ҳаракатини давом эттиришни истади. Оддий айтганда, ўз соати келишини кутди. Бу масалада унга қойил қолиш керак. Ахир бразилиялик икки етук ҳимоячи Тьяго Сильва ва Маркиньос, жаҳон чемпиони Преснель Кимпембе, 35 миллион еврога сотиб олинган германиялик ёвқур Тило Керер бор жойда «нон» топишга уриниш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Боз устига, таркибда Тангининг деярли тенгдоши, ўта иқтидорли Лоик Мбе Со ҳам навбат кутиб ўтирибди. Хуллас, Куассини захирада ўтириб, иқтидорини йўқотишдек жиддий хавф чўчитолмади. «Эсимни танибманки, айнан «Пари Сен-Жермен»га мухлислик қиламан. Тўғриси, ҳозирча бошқа жамоада ўйнашимни тасаввур ҳам қилолмайман», - деганди Тангининг ўзи.

Куасси сабр билан кутди ва мана, бунинг илк самарасини ҳам кўра бошлади. Париж клуби ҳимоя чизиғи марказида муаммолар туғилгач, бош мураббий Томас Тухель машғулотларда терга ботиб ишлайдиган Тангига бирин-кетин имконият берди. Дейлик, у «Монако»га қарши кечган баҳсда тўлиқ 90 дақиқа фаол ҳаракатланган эди. Германиялик мутахассис «Амьен» билан ўйин арафасида ҳам йигитчага яна бошланғич таркибдан жой берди. Учрашувнинг биринчи бўлими аутсайдер жамоа фойдасига ҳал бўлди - 3:1. Алоҳида таъкидлаш керак, Кейлор Наваснинг дастлабки 45 дақиқаликнинг ўзида 3та гол қўйиб юборганида, ёш ҳимоячиларни айблаш жоиз эмас. Зеро, на Куасси ва на ўша куни асосий таркибда илк марта майдонга тушган нидерландиялик Митчел Баккер алоҳида вазиятларда яққол хатога йўл қўйди. «Амьен»нинг биринчи голи Леандро Паредес виждонига ҳавола. Иккинчи гол Кейлор Наваснинг вақтида реакция кўрсатолмагани оқибатида юзага келган бўлса, учинчиси тажрибали Тьяго Сильва хатосидан кейин урилди (Томас Тухель танаффусда бежиз жамоа сардорини Маркиньос билан алмаштирмади). Ҳа, нима бўлишидан қатъий назар, айб бутун ҳимоя зиммасига тушиши аниқ. Жамоа 40-дақиқага қадар 3та гол қабул қилгач, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Энг муҳими, парижликлар танаффусдан кейин фаолликни оширишди ва Танги қандайдир 6 дақиқа ичида 1:3 ҳисобини 3:3га айлантирди. 17 ёшли ўсмир ҳар икки ҳолатда рақиб жарима майдони ичида ҳаводаги тўп учун курашда яққол устунлик қилиб, чиройли зарба йўллади - дарвозабон Режис Гюртнерда тўпни қайтаришга имконият йўқ эди. «ПСЖ» кейинчалик Мауро Икарди томонидан урилган гол эвазига ҳисобни ўз фойдасига ўзгартирди ҳам, бироқ ғалабани сақлаб қололмади, барибир. Қисқаси, чемпион ва аутсайдерлардан бири ўртасидаги тўқнашув кам кузатиладиган 4:4 ҳисоби билан хотима топди. Париж гранди 4та гол қўйиб юборган бўлсада, Томас Тухель марказий ҳимоячи ролини бажарган Куассига қандайдир эътироз билдиролмаган бўлса керак. Аксинча, ўсмир ўта оғир паллада ташаббусни қўлга олгани, чемпионнинг кутилмаган омадсизликдан қутқаргани учун мақтов эшитгандир... Асосийси, энди 17 ёшли футболчида «ПСЖ»нинг асосий таркибига тез-тез кириш имконияти кескин ортди.

Айни пайт «Пари Сен-Жермен» айнан Куассига ўхшаш ўйинчиларга эҳтиёжманд. Бундайлар Франциянинг энг кучли клубида нафақат катта пул эвазига ўйнашади, балки жонажон клуб равнақи йўлида чинакамига жон ҳам куйдиришади. Парижда жамоа тарбияланувчилари орасида охирги марта Клеман Шантом юзага қалқиб чиққанди, бироқ кейин­чалик унга етарли эътибор қаратилмади, йигитчани ўз ҳолига ташлаб қўйишди, якунда кераксиз ўйинчига чиқаришди. Бундан ташқари, яқинда «Манчестер Сити» билан юз берган воқеалар футболчилар харидига беҳисоб маблағ ажратиш баъзан ёмон оқибатларга олиш келиши мумкинлигини кўрсатди. Аслида «ПСЖ» яхшигина академияга эга ва унинг самарасидан фойдаланмаслик катта хато ҳисобланади. Танги Куасси учун эса ҳозирда энг муҳими - илк ютуқ туфайли талтайиб кетмаслик ва ўз устида янада жиддийроқ ишлаш. Зеро, у ҳали анча ўсиши керак. Агар Куасси барчасига тўғри ёндашса, яқин келажакда ўз амплуадошлари орасида бош юлдуз даражасига чиқиши мумкин. Ҳар ҳолда, иқтидори шунга далолат бермоқда. Бордию, ишга муносабатини ўзгартирса, «Амьен» дарвозасига урилган 2та голи билан қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳозирча ҳаммаси унинг ўз қўлларида. Қолаверса, Куассининг Франция миллий жамоаси даражасига етишига ҳали анча бор. Уни бўлажак Европа чемпио­натида кутиш ноўрин. Ҳали жуда ёшлик қилади, қолаверса, Дидье Дешам ихтиёрида ҳимоячиларнинг ажойиб гуруҳи бор. Лекин «ПСЖ» бағридаги йигитча машғулотлар жараёнига тўғри ёндашиб, клуб сафида ўзини намоён этиб борса, шубҳасиз, Қатар-2022 мундиалида чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш миссиясида қатнашиш имкониятига эга бўлади.

Дарвоқе...

Куасси нафақат ўйин бобида, балки тўғри маънода ҳам тобора ўсмоқда. Дейлик, ўтган йилнинг ёзида йигитчанинг бўйи 184 сантиметр эди, энди бу кўрсаткич 187 сантиметрга етди. Жаҳон чемпионати-2022гача 1,9 метрни  «урса» ажабмас. Ахир ўсаётган организм...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz