Қайднома

Қидирув

Трансферлар: Қишки «қайноқ» келишув

Трансферлар: Қишки «қайноқ» келишув

  01.03.2020 03:20
  0
  532
Трансферлар: Қишки «қайноқ» келишув

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси декабрь ойида қишки трансферлар ойнасини очиқ деб эълон қилганди. Шундан сўнг Суперлигада иштирок этувчи барча жамоалар таркибларини кучайтириш, янги футболчиларни таклиф қилиш ва кўрикдан ўтказиш пайида бўлишди. Келинг, қишда амалга оширилган харидларнинг энг сараларига эътибор қаратамиз.

«ПАХТАКОР»

Эрен Дердийок

Қишки йиғинлар давомида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси атрофида турли миш-мишлар тингани йўқ. Эммануэль Адебайор, Али Аднан, Вагнер Лав каби футболчиларнинг келиши борасидаги гап-сўзлар роса болалади. Клуб раҳбарияти ушбу номдор ўйинчилар билан музокаралар олиб борилаётганини айтди. Ҳатто, германиялик Марио Гомесга ҳам қизиқиш билдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ жамоа якунда швейцариялик Эрен Дердийок вариантида тўхтади. Бу форвард Германия ва Туркия чемпионатлари, миллий термаси сафидаги ўйинлари билан танилган. Умуман олганда, у Шота Арвеладзе учун бегона эмас. Айнан Дердийокнинг келиши «Пахтакор» ҳужумини кучайтириши турган гап.

Шунингдек: Анзур Исмоилов, Асад Собиржонов.

 

«ЛОКОМОТИВ»

Темурхўжа Абдухолиқов

Жамоа Самвел Бабаяндан кейин бош мураббий лавозимига Андрей Фёдоровни қайтарди. Ушбу мутахассис билан биргаликда «Локомотив»нинг собиқ футболчилари ҳам ортга қайтишди. Жумладан, бир давра БААнинг «Хорфаккан» клубида тўп сурган Темурхўжа Абдухолиқов ҳам. Сир эмаски, унинг энг ёрқин ўйинлари айнан «темирйўлчилар» сафидаги фаолиятига тўғри келган. Унинг ёрдамида жамоа ҳужумидаги муаммоллар камайса, ажабмас. Ўз вақтида муҳим голлари билан «Локо»га ёрдам берган форварддан мураббийнинг умиди катта.

Шунингдек: Марат Бикмаев, Кахи Махарадзе, Ойбек Қиличев.

 

АГМК

Санжар Турсунов

Ўтган мавсум маҳоратли мураббий ва кучли таркибга эга бўлишига қарамасдан, йилни совринсиз якунлаган олмалиқликлар ҳам жиддий мақсадларни кўзлашмоқда. Таркиб ҳам шунга яраша янада кучайтирилди, бир қатор тажрибали ва истеъдодли футболчилар таклиф этилди. Хусусан, миллий термамиздаги ажойиб ўйинлари билан барчага таниш бўлган, асосан хориж клубларида тўп сурган Санжар Турсунов ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида «Бунёдкор»да пайдо бўлганди. Миржалол Қосимов миллий жамоада ҳамкорлик қилган шогирдини ўз клубида кўришни истади, чоғи, уни АГМКга чорлади ва шу тариқа ярим ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга эришди.

Шунингдек: Мате Ватсадзе, Арслонмурат Аманов, Йован Жокич, Баҳром Абдураҳимов.

 

«БУНЁДКОР»

Ҳумоюн Муртазоев

2019 йил кашфиётларидан бири - «Насаф»да тўпурар бўлган иқтидорли ҳужумчи Ҳумоюн Муртазоев қишда жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Қонунан «Машъал»га тегишли форвард «Бунёдкор»дан тушган таклифни қабул қилди. ОЧЛ саралаш ўйини доирасида ўтказилган «Ал-Завра»га қарши учрашувда янги жамоасидаги дебютини нишонлади ва рақиб дарвозасини икки бор аниқ нишонга олди. Албатта, Муртазоев хариди «қалдирғочлар»га фойда келтиришига шубҳа йўқ. Ҳумоюн мавсум давомида ўз голлари билан жамоа жонига оро кирса, ажабмас. Бошқа томондан, агар у ўзини астойдил кўрсата олса, миллий жамоа таркибига ҳам мустаҳкам ўрнашиб олиши мумкин.

Шунингдек: Даврон Эргашев, Сардор Абдураимов, Баҳодир Пардаев.

 

«СЎҒДИЁНА»

Жавоҳир Қаҳрамонов

«Бунёдкор»да ажойиб бир йилни ўтказган ёш ва иқтидорли Жавоҳир ўз ўйини билан «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоевнинг эътиборини торта олди. Эсингизда бўлса, ушбу мутахассис «Бухоро»да ишлаган пайт­да ҳам Қаҳрамоновга ишонч билдирганди. Унинг жамоа ўйинида бурилиш ясай олиши, тезкор дриблинглари жиззахликларга қувонч улашиши турган гап.

Шунингдек: Санъат Шихов, Баҳодир Насимов, Риберио Дантас, Шавкат Муллажонов.

 

«СУРХОН»

Александр Касьян

Термиз клуби олдига 3-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилган. Табиийки, бунда юқори савияли футболчилар хизматига эҳтиёж сезилади. Шу боис, олдинги чизиқни кучайтириш мақсадида легионер Александр Касьян таклиф этилди. Агар имконият берилса, ундан кўп нарса кутса бўлади. Унинг «Навбаҳор»даги ўйинларини кўрганларда Касьяннинг юқори савиядаги ҳужумчи эканлигига шубҳа қолмади.

Шунингдек: Азиз Ибрагимов, Ҳусниддин Ғофуров, Жаҳонгир Меҳмонов.

 

«ҚЎҚОН-1912»

Ботирали Эргашев

Янги жамоа шакллантираётган Бахтиёр Ашурматов дарвоза чизиғига Ботирали Эргашевни таклиф қилди. Осиё чемпиони «Динамо»дан Қўқонга ижара асосида ўтди. Ўйлаймизки, унинг ажойиб «сейв»лари, маҳорати ва тажрибаси «Қўқон-1912»га фойда келтиради. Ҳар ҳолда, Ботирали аввалги жамоаларида мураббийлар ишончини оқлаб, уларни уялтириб қўймади.

Шунингдек: Иван Йосович, Музаффар Музаффаров, Якуба Бамба.

 

«НАВБАҲОР»

Жавлон Иброҳимов

Андрей Канчельскис жорий йил совринли ўринларни эгаллашни мақсад қилган. Оралиқ танаффусда «Нав­баҳор»ни кўплаб футболчилар тарк этишди. Уларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида жамоага бир қатор маҳорат соҳиблари таклиф этилди. Жумладан, ўтган мавсум «Сувон» клубида ўйин амалиётисиз қолиб кетган Жавлон Иброҳимов ҳам «лочинлар» сафига қўшилди.

Шунингдек: Руслан Болов, Ислом Рашидхонов, Забиҳилло Ўринбоев.

АБДУЛАЗИЗ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz