Қайднома

Қидирув

Мавсум қаҳрамонлари: Захирадаги посбон

Мавсум қаҳрамонлари: Захирадаги посбон

  01.03.2020 09:33
  0
  252
Мавсум қаҳрамонлари: Захирадаги посбон

Декабрдан буён «Валенсия» ўйинларини кузатиб борганлар бир ўзгаришни пайқаган бўлишлари аниқ: Яспер Силлесен захирага «михланди», унинг ўрнини эгаллаган Хауме Доменек қаторасига 14та ўйинни «асосий»да ўтказишга улгурди. Доменек - соядаги персонаж: унинг қачон ва қаердан пайдо бўлгани тушунарсиз.
Ёши 29да, фаолиятининг катта қисмини «Валенсия»га бағишлаган бўлсада, деярли ўйин амалиётига эга эмас. Бирдан «Барса»нинг собиқ посбонини четга суриб, ўйинларнинг бирида ҳатто сардорлик боғичини ҳам тақди. Хўш, ким ўзи бу йигит? Яхшиси, бу саволга ўзи жавоб бера қолсин.

 

- Фаолиятимни «Альменаре»да - шаҳар провинциал жамоасида бошлаганман. 16 ёшимда мени «Вильярреал»га олиб кетишган. Кейинчалик Испаниянинг тўртинчи ва учинчи лигаларида тўп сурдим. 22 ёшимда клубсиз қолдим ва мени «Месталья»га - «Валенсия»нинг иккинчи жамоасига таклиф қилишди. У ерда асосий таркибда 2 йил тўп сурдим, кейин «кўршапалаклар»нинг бош жамоасига ўтказишди.

Эсимда, 2015 йилнинг 12 сентябрида «Валенсия»даги дебютимни нишонлагандим. Бунга икки асосий дарвозабоннинг жароҳат олгани сабаб бўлганди. Ўша мавсум фаолиятимда муҳим аҳамият касб этди - Нуну Санту (ўша пайтдаги бош мураббий) менга ишонч билдирди. Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда майдонга тушдим, январгача маҳаллий чемпионатда ҳам асосий кипер ҳисобланардим. Декабрга келиб Ла Лигада «сэйв»лар бўйича энг яхши фоиз (83) менда эди, бу борада ҳатто Ян Облак ва Кейлор Навасни ҳам ортда қолдиргандим.

Кейин Гарри Невилл келиб, дарҳол мени захирага ўтқазиб қўйди. Алам қилди, ҳеч кўниколмадим. Невилл муваффақиятсизликка учрагач, тез орада уни истеъфога чиқаришди. Фанатларимиз ижтимоий тармоқлар орқали махсус «хештег» чиқаришди - #JaumeTitular (Хаумени асосийга қайтаринг). Умуман, мухлислар мени яхши кўришади - ҳамиша «Валенсия»га содиқ бўлганман, клуб учун курашганман. Нуну Санту қўл остида мавсумнинг ярмини яхши ўтказдим, жамоадошларимга ҳам майдонда, ҳам кийиниш хонасида жуда кўп ёрдамим теккан. Ёзда ишқибозлар мени мавсумнинг энг яхши ўйинчиси деб топишди (гарчи ярим мавсум ўйнаган бўлсам ҳам) - бу жуда ёқимли эди.

Аммо кейинги мавсумларда захирадан муқим жой олдим. Ла Лига ўйинларида қачонки, дарвозабонларимиз жароҳатланишса ёки мураббий билан урушиб қолишса, майдонга тушардим. Шунга қарамай, Испания кубогида барқарор тўп сурдим. Рақобатчиларим ҳар доим жиддий бўлган: Диего Алвес, Нето, Силлесен. Захира варианти ролини қабул қилдим, бошқа клублар билан алоқага чиқмадим.

Ўтган мавсум, одатдагидек, Испания кубогида асосий дарвозабон вазифасини ўтадим. Финалгача бориб, «Барселона» устидан ғалаба қозондик, бутун ўйинда дарвозамни муносиб қўриқладим. Бу менинг дастлабки совриним эди.

Жорий мавсум - фаолиятимдаги энг яхшиси. Декабрдан бошлаб жамоанинг асосий дарвозабонига айландим. Шундан буён жуда кўплаб ўйинларни юқори савияда ўтказдим, «сейв»лар фоизи (75га 70) бўйича ҳам Силлесендан устунман. Шунинг­дек, «Валенсия» билан 2023 йилгача давом этадиган янги шартнома имзоладим. Келишувдаги товон пули 50 миллион еврога тенг.

 

Ўзинг ҳаҚингда яна нима дейсан, Хауме?

v Болалигимда Андрес Палоп ва Виктор Вальдесни кумир ва намуна сифатида тан олганман, айниқса, Вальдесни тарихдаги энг яхши дарвозабон деб биламан. Палоп эса яқинда машғулотимизга ташриф буюриб, мен билан суратга тушди ва уни «Твиттер»даги саҳифасига жойлади.

v Ўтган ёзда «Валенсия» тарбияланувчилари шуғулланадиган академияга бордим. Буни нега гапиряпман билмадиму, лекин улар билан тушган суратларимиз чиройли чиқди.

v Мени уялтирадиган битта ҳолатни ҳам тилга олмоқчиман. «Реал» билан ўйинда, рақиб бурчак зарбаси тепиш ҳуқуқини қўлга киритган пайтда, шерикларимни тўғри жойлаштириш мақсадида дарвозамдан узоқроққа чиққандим. Байроқ ёнида турган Кроос буни сезиб, тўғри зарба билан тўпни тўрга йўллаганди. Гол инобатга олинган.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz