Қайднома

Қидирув

Эътироф: «Биринчи»ликка даъво ёхуд яна "кипер"лар ҳақидаги навбатдаги мақола

Эътироф: «Биринчи»ликка даъво ёхуд яна "кипер"лар ҳақидаги навбатдаги мақола

  02.03.2020 01:59
  0
  372
Эътироф: «Биринчи»ликка даъво ёхуд яна

«Манчестер Сити»га қарши кечган баҳсда «Шеффилд Юнайтед» посбони Дин Хендерсон Габриэл Жезуснинг «нуқта»дан йўллаган зарбасини қайтарди ва бир неча сониядан кейин «Брэмолл Лейн»да янги ҳайқириқлар эшитила бошлади: «Англия термасининг биринчи рақами, Англия термасининг биринчи рақами!». Ҳа, «шаҳарликлар» якунда Серхио Агуэронинг голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди, шунга қарамай, «МЮ»дан ижарага олинган Хендерсон сўнгги 20 дақиқагача ўйиннинг тенг боришига катта ҳисса қўшди.

14 ёшигача «Карлайл» сафида тўп сурган Дин «Олд Траффорд»га кўчиб ўтишдан олдин Раҳим Стерлинг ва Николас Отамендининг зарбаларини қайтарганди - афсуски, қуруқ ўйин ўтказиш унга насиб қилмади. Умуман олганда эса, Хендерсон ўз ҳаракатлари билан Ливерпуль ёзги чемпионатида қатнашадиган Англия термаси «заявка»сига кириш имкониятини ошириб олди.

«Ливерпуль» билан  ўйиндаги хатодан ишонч тимсоли маҚомигача

«Шеффилд Юнайтед»нинг АПЛ жорий мавсумидаги кутилмаган муваффақияти қанчалик ёрқин таассурот қолдираётган бўлса, Хендерсоннинг Премьер-лига дебютантидан то Англия термаси посбонлигига даъвогарликкача босиб ўтган йўли бунданда ёрқинроқ кечди. Албатта, бу йўлда ўзига яраша нотекисликлар ҳам учради.

Муҳим ҳолат сентябрда ўтказилган «Ливерпул»га қарши баҳсда кузатилди. «Шамширлар» Премьер-лига етакчиси билан дуранг қайд этишга яқин туришганди, аммо Жоржиньо Вейналдумнинг унча кучли бўлмаган зарбасини оёқлари орасидан ўтказиб юборган Дин жамоасининг 0:1 ҳисобидаги мағлубиятига сабабчи бўлиб қолди.

Ўйиндан кейин «Шеффилд Юнайтед» бош мураббийи Крис Уайлдернинг фикрлари бироз қўполроқ чиқди: «Агар у топ-клублар ва Англия термасида ўйнашни хоҳласа, янада яхшироқ ўйнаши, диққатини жамлаши керак. Ҳозир Динни бўғмоқчи эмасман, аммо у бунданда тузукроқ тўп суриши лозим». Кейинроқ, ВВС ушбу мутахассисга «Ўша хато Хендерсоннинг ҳозирги даражага чиқишига туртки бўлдими?» қабилида савол берганда, Уайлдер шундай деди: «Жонли эфирда «Ливерпуль» билан баҳсда шундай «қовун» туширгандан кейинги даврда вазиятни ўзгартириб, бир маромда тўп суриш Диннинг характеридан далолат бериб турибди. Баъзан муваффақиятлар сари ундайдиган хатолар ҳам учрайди, Хендерсон ўша куни шундай ҳолатга тушди. Клубга илк келган куниёқ унинг етук дарвозабон эканлигини билганман. Дин хатолардан ҳимояланмаган, лекин унда ўсишда давом этиш имконияти бор, камчиликларини бартараф қила олиши руҳияти бақувват эканлигини кўрсатмоқда».

Премьер-лиганинг ортда қолган 27 тури давомида Хендерсон 9та қуруқ ўйин ўтказган. Бу борада у Ник Поуп («Бернли»), Каспер Шмейхель («Лестер») ва албатта, Алиссон Беккер («Ливерпуль») каби етакчилар қаторида.

Диндаги ўсиш Уайлдерни беэътибор қолдирмади. Унинг ҳайратига сабаб бўлаётган биргина жиҳат - нега Хендерсонни Англия термасининг биринчи рақамли дарвозабони бўлишга номзод сифатида кўришмаяпти? «Ҳа, иерархия деган нарсалар бор, улар Хендерсондан юқорироқда эканларми, демак энг яхши киперлар бўлишлари керак, - деди Крис. - Ҳозир дунёда Диндан яхшироқ дарвозабон борлигини кўрмадим. Бу йигитнинг келажаги порлоқ. «Манчестер Сити»га қарши кечган баҳс ҳам унинг ўзи, ҳам клубимиз учун катта воқелик бўлди».

Терманинг бошҚа  посбонларига  солиштирганда...

Жордан Пикфорд икки йилдан ўтдики, «уч шерлар»нинг биринчи рақамли кипери ҳисобланиб келмоқда, «Эвертон» посбони ЖЧ-2018да термасининг ярим финалга чиқишига катта ҳисса қўшди. Бироқ Пикфорд­нинг Евро-2020га қандай формада бориши ноаниқ. Унинг миллий жамоа асосий таркибидаги жойи ўтган йилнинг мартидаёқ шубҳа остига олинган, ўшанда «Эвертон»нинг ишлари юришмаётганди.

Жордан жорий мавсумнинг 27та ўйинида 41та гол ўтказиб юборди, 6та учрашувни қуруқ якунлади. Солиштириш учун, Хендерсон 26та ўйинда дарвозасидан 22 марта тўп олиб чиққан. Диннинг статистикаси бошқа бир рақобатчи - «Бернли»даги Ник Поуп билан таққослаганда ҳам ёмон кўринмаяпти. «Тўқ қизиллар»ни кўпинча мудофаадаги уюшқоқлик учун мақташади, лекин бу мавсум улар учун осон кечмаяпти - АПЛнинг жорий кампаниясида шундай дамлар бўлдики, улар ҳатто турнир жадвалининг хавфли ҳудудида ҳам боришди. Поуп 27та ўйинда 39та гол ўтказиб юборган.

Дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш кўрсаткичи бўйича Хендерсон ҳам Пикфордни, ҳам Поупни ортда қолдирмоқда. Аммо Англия термаси мураббийлар штаби оёғи билан нисбатан яхшироқ ўйнайдиган «Эвертон» посбонини танлашмоқда - Дин айнан «тепиш»да қи-йинчиликка учрамоқда. АПЛнинг ушбу мавсумида Хендерсондаги паслар аниқлиги 34,3 фоизга тенг - Поуп (37,5) ва Пикфорд (56,3)никидан кам.

Англия термаси дарвозабони бўлишга яна бир даъвогар - «Астон Вилла»даги Том Хитон мавсумнинг қолган қисмини жиддий жароҳат сабаб ўтказиб юборади, шу боис, уни Евро-2020 «заявка»сига киритиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаслиги турган гап. «Уч шерлар» дарвозасини эгаллаши мумкин бўлганлардан яна бири Бен Фостер эса 7 йилдан буён термада кўриниш бермаяпти.

Ўтган йилнинг октябрида Евро-2020 саралаш баҳсларида Англия термасига айнан жароҳатланган Хитоннинг ўрнига Динни чақиришди. Аммо унинг миллий жамоадаги дебюти амалга ошмади, Чехия, Болгария, Черногория ва Косово термаларига қарши баҳсларни у захира ўриндиғида кузатди.

Де Хеани «МЮ» асосий  таркибидан сиҚиб чиҚара оладими?

Хендерсоннинг юқори формада эканлиги нафақат Англия термаси, балки «Манчестер Юнайтед» учун ҳам айни муддао. Де Хеадан фарқли равишда, ёш голкипернинг жорий мавсумдаги «сэйв»лари фоизи яхшироқ - 75га 69. Лекин шунда ҳам Динга паслар кўрсаткичи панд беради - Давидда у 72,7 фоизни ташкил этмоқда.

Хендерсонни ишончли захира вакили ва яқин келажакда де Хеага муносиб ворис сифатида кўриш мумкин. Бироқ Крис Уайлдернинг ишончи комилки, бундай ўсишга эришаётган Дин бу мавсумдан кейин ҳам «Шеффилд Юнайтед»да қолади: «У мунтазам равишда асосий таркибда тушишни хоҳлайди ва кимнингдир ўринбосари бўлишига кўнмаса керак. Агар у яна бир йил сафимизда қолса, яхши бўларди - биз бу борада «Манчестер Юнайтед» билан музокараларни бошлаганмиз».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz