Қайднома

Қидирув

«Сиздан угина, биздан бугина» ёхуд «ПСЖ» раҳбари коррупцияга алоқадорми?

«Сиздан угина, биздан бугина» ёхуд «ПСЖ» раҳбари коррупцияга алоқадорми?

  02.03.2020 03:08
  0
  204
«Сиздан угина, биздан бугина» ёхуд «ПСЖ» раҳбари коррупцияга алоқадорми?

Швейцария бош прокуратураси (OAG) «ПСЖ» клуби президенти, УЕФА ижроқўми вакили Носир ал Хелайфи ва ФИФА собиқ бош котиби Жером Валькени коррупцияда айблади. Ҳуқуқ-тартибот органи таъкидига кўра, француз 2018-2030 йиллар даври учун жаҳон чемпионати ҳамда Конфедерациялар кубоги телевизион трансляциялари ҳуқуқини beIN MEDIA GROUP медиахолдингига бериш эвазига пора олган. Қатарлик бизнесмен ўзига қўйилаётган айбловларни рад этиб, суд прокуратуранинг қарорини асоссиз деб топишидан умидвор эканлигини билдирди. Ушбу ишга алоқадор яна бир ишбилармоннинг номи ошкор этилмаган.

«Швейцария бош прокуратураси Валькега нисбатан пора олиш, мансабни суиистеъмол қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш айбини қўйди. Ушбу айбловда келтирилган фактлар фирибгарлик сифатида баҳоланмайди. Ал Хелайфи ва учинчи айбланувчи Валькени хизмат ваколатини суиистеъмол қилишга ундаганликда айбланишади. Учинчи фигурант шунингдек, порахўрликда ҳам айбланади», - дейилади OAG баёнотида.

Айтилишича, Вальке Греция ва Италиядаги турнирлар трансляция ҳуқуқини ал Хелайфига тегишли beIN MEDIA GROUP медиахолдингига тақдим этиш учун хизмат ваколатидан фойдаланган. Бунинг эвазига жиноий ишнинг бошқа иштирокчиларидан 1,25 млн. евро миқдорида пул мукофоти олган. Бундан ташқари, «ПСЖ» президентининг Сардиния ороли (Италия)даги вилласидан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлган.

Қайд этилаётган жиноят содир этилган пайт Вальке ФИФА бош котиби ҳисобланган, лекин четдан ундов бўлаётгани ҳақида хабар бермаган. Мазкур ҳолатда унинг ал Хелайфидан қимматбаҳо соат кўринишида пора олгани билан боғлиқ айблов олиб ташланган.

Бундан ташқари, ФИФА учала айб­ланувчига нисбатан 2026 ва 2030 йилги жаҳон чемпионатлари трансляция ҳуқуқини сотиб олишда расмий кишиларни сотиб олишга уриниш бўйича билдирилган эътирозини қайтариб олган. Бир ой аввал ташкилот қатарлик бизнесмен билан халқаро келишувга эришганди.

Ал Хелайфи ўз манзилига йўлланган айбловларни тўлиқ рад этиб, суд тез орада прокуратура қарори асоссиз эканини тан олишидан умидвор эканини билдирди. «Гарчи мен юридик жараёнда барча тегишли органлар билан ҳамкорлик ўрнатган бўлсамда, уч йиллик тергов-суриштирувларда камчиликлар, дезинформация кузатилди. Афтидан, нотўғри фактларга таяниб, менинг ОАВ олдидаги обрўйимни тўкишни хоҳлашди. Шу сабабли Швейцариянинг айрим органларига мурожаат этиб, мазкур тергов жараёни бўйича суриштирувлар ўтказишни сўрадим», - деди ал Хелайфи журналист Роб Харрис билан суҳбатда.

«ПСЖ» президенти ва Валькега нисбатан дастлабки айбловлар 2017 йилнинг октябрида пайдо бўлганди. Швейцария прокуратураси трансляциялар ҳуқуқини ноқонуний бериш бўйича тергов бошлади, ФИФА собиқ бош котибининг кўчмас мулкида тинтув ўтказди, гумондорларни сўроқ қилди. Ўшандаёқ қатарлик функционер айбсиз эканлиги, ҳеч нимани яширмаётганини таъкидлаганди.

Ўтган йилнинг мартида The Sunday Times нашри Вальке ва ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер бошчилигидаги шахсларнинг beIN MEDIA GROUP медиахолдингига алоқадор бўлган «Ал-Жазира» телеканалига медиаҳуқуқларни сотиш бўйича тузган шартномасини чоп этганди. 300 млн. долларга баҳоланган келишув 2015-2022 йиллар мобайнида ФИФА тасарруфида ўтадиган барча мусобақаларга тегишли эди. Қолаверса, ҳужжатга, агар Қатар 2022 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритса, ташкилот яна 100 млн. доллар қўшимча пул олиши тўғрисида банд киритилганди.

Аввалроқ ОАВда ал Хелайфи билан Вальке ўртасидаги ёзишмалар эълон қилиниб, улар ўртасида молиявий келишув борлиги исботланганди. Хусусан, ФИФА бош котиби «ПСЖ» президентидан Италиядаги виллада олиб борилаётган ишлар бўйича ҳисобни тўлашни сўраган.

Франция прокуратураси эса ал Хелайфини енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўтказиладиган жойни аниқлаш жараёнида пора берганликда айблаганди. Ҳукумат вакилларининг талқинига кўра, ишбилармон мазкур турнир мезбонлиги Қатар пойтахти Дохага тегишини таъминлаш мақсадида Халқаро енгил атлетика федерацияси (IAAF) собиқ президенти Ламин Диакка 3,5 млн. доллар берган.

Вальке коррупция билан боғлиқ можаролар туфайли 2016 йилнинг январида ФИФА бош котиби лавозимини тарк этганди. 2015 йилнинг сентябрида этика қўмитаси уни вақтинчалик лавозимидан четлатган. Сабаб: 2010 йилги мундиал мезбонлигини ноқонуний тарзда ЖАРга бериш, Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионати чипталари олиб-сотарлигини йўлга қўйиш эвазига 2 млн. евро олган. Ушбу айбловлар исботлангач, Вальке 12 йилга футболга алоқадор ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилган.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz