Қайднома

Қидирув

Маҳмаюсуф Бердиев: «Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам ишонч фарзандидир!»

Маҳмаюсуф Бердиев: «Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам ишонч фарзандидир!»

  02.03.2020 08:06
  0
  389
Маҳмаюсуф Бердиев: «Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам ишонч фарзандидир!»

Қашқадарё вилоятида шундай оила борки, унинг аъзолари ўзбек футболида ўз ўринларига эгалар. Бердиевлар оиласини нафақат воҳаликлар, балки бутун мамлакатимиздаги футбол мухлислари ҳурмат билан тилга олишади. Бу инсонлар фақат ўз меҳнатлари билан халқ орасида иззат топганлар. Эътибор бергандирсиз, газетамизда шу оила вакили, руҳшунос мураббий, «Орзу» китоби муаллифи - Маҳмаюсуф Бердиевнинг футболчилар рущиятига оид туркум мақолаларини бериб боряпмиз. Илтимосимизга кыра, «Насаф» клуби расмий сайти мухбири Ренат Эрназаров ушбу мутахассис билан бафуржа суҳбатлашди.

- Маҳмаюсуф ака, айтингчи, футбол сиз учун нимани англатади?

- Футбол мен учун ҳаётимнинг маълум даврларида турлича аҳамият касб этган. Масалан, болалигимда завқ олиш манбаи эди. Расман футболчи сифатида ўйнаганимда, ўз иқтидоримни намойиш этиш ва шу билан бирга «қора қозон»ни қайнатиш воситаси саналган. Ҳозирги давр­да эса футболга ИЛМдек қарайман. Футболни ҳар томонлама тадқиқ қилиш керак. 

- Қизиқ, «Орзу» китобини ёзиш ғояси қандай пайдо бўлди?

- Китоб футболчиларни тезкор ўқитиш услубида ёзилди. Уни ёзиш жараёнида  ҳамиша қаршимда улкан муваффақиятларга эришишни хоҳлайдиган футболчи турганини ҳис қилдим. Яъни бу ғойибона шогирдим билан диалог кўринишида суҳбатлашдим. Табиатан яхшигина кузатувчиман. Жаҳон, Европа ва ватанимиз футболини доимий равишда кузатиб бораман. Шу кузатувларим асносида жамоалар, футболчилар, мураббийларнинг қандай муваффақиятга эришаётганлари ёки мағлубиятга нима сабаб бўлаётганини таҳлил қилишга интиламан. Якунда хулосаларни ўз футболимиздаги ҳолатга солиштираман, ўзаро таққослайман. Кўп йиллик мураббийлик фаолиятимда шогирдларим ва бош­қа кўплаб футболчиларни кузатганимда, уларнинг ўз имкониятларини қай тарзда бой бераётганларини кўриш ҳамиша жуда оғриқли бўлган.

Ҳозирги даврда 100 нафар футболчимиздан 98 нафари ўзининг ички дунёсидан норози. Аксарият йигитларимиз ўз мақсадларини қандай ҳолатда кўришни билишмайди. Ҳаётда мақсадсиз қалқиб юрган, ҳамиша норози,  саноғи йўқ тўсиқларга қарши курашаётган, ўз олдига ҳеч қандай аниқ марра қўймаган футболчилар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Айни пайт футболчиларимиз ҳаётдан нималарни исташаётганини айтиб бера оладиларми? Инсон руҳиятига оид кўплаб китобларни ўқиб чиқдим, таҳлил қилдим ва битта катта ҲАҚИҚАТни англадим. Бизда бугунги жаҳон футболини қабул қилиш ва атроф-оламни англаш нотўғри шаклланган, шакл­ланмоқда. Бунинг оқибати ўлароқ, футболчиларимизнинг онги худди ўйин майдонидай чегараланган.  Бу йилдан-йилга эриб битаётган Арктика музликларига ўхшайди. Шу чегара киши билмас даражада йилдан-йилга қисқариб бораверади, аммо уни пай­қаш ва вақтида бартараф этиш биз каби мураббийлар бурчларидир. Ўйинчиларимиз ва футболимиз савияси ҳақида кўп гаплашамиз. Савиянинг ўзи нима, у қандай ўлчанади? Савия футболчининг фикрлаш қобилияти, дунё миқёсидаги ўрни ва ўз олдига қўйган орзу-мақсадлари билан ўлчанади.

Ҳозирги кўплаб футболчиларимизнинг энг катта орзу-мақсадлари Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнаш билан чегараланмоқда. Ваҳоланки, уларнинг ақлий салоҳиятлари ва потенциал имкониятлари улкан муваффақиятларга эришиш учун етарли. Аслида ҳар бир футболчида ўзига хос ялқовлик ёки хатолар туфайли кўпчиликка расм бўлиб улгурган хатти-ҳаракатлар, ҳақиқатлар, тушунчалар исканжасида қолиб кетган БУЮК, ЗАБАРДАСТ, ДАҲО ижрочи яширинган. Инсон руҳиятини чуқурроқ ўрганганимда, футболчиларимиз учун тўсиқ бўлаётган сабаблар яққол кўзга ташланди. Уларда муваффақиятга эришиш учун барчаси бор, фақат фикрлаш қобилияти ва мақсад қўйишда хатолик бор. Шунинг учун ёзувчи бўлмасамда,  футболчиларимизга хатоларни кўрсатиб бериш, спорт ҳаётида тўғри ҳаракатланиш тадбирини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, муваффақиятга олиб борувчи йўлга ишора қилиш ва очилмай ётган кўплаб қобилиятларни ишга туширишга туртки бериш илинжида  шу китобни ёзишга жазм этдим.

- Китобнинг дастлабки бобида футболчиларимизга туртки етишмаслиги ҳақида ёзгансиз. Қандай турткини назарда тутгансиз?

- Ўзимизда бўла туриб, бошқа жойлардан қидиришга не ҳожат? Камтаргина, камсуқумгина ўзбек йигити Равшан Эрматовнинг ҳакамликида эришган муваффақиятларидан ҳайратга тушаман. Эрматов феноменини «асос»га таяниб чуқур ўрганишимиз керак. «Асос» - бу катта ФАН! Хўш, «асос» нималардан иборат? Бир четдан санайман:

У қандай фикрлаган?

У қандай орзу қилган?

У ўз олдига юксак мақсадлар қандай қўйган?

У орзу-мақсадларига эришиш режаларини қандай тузган?

У ўз қўрқувини қандай енгган?

У ўзида ишонч ва қатъиятни қандай шакллантирган?

У ўз келажагини қандай тасаввур қилган?

У Яратган томонидан берилган ИЛМдан қандай фойдаланган?

Мана шу жиҳатлар ҳар бир футболчининг келажакда эришадиган муваффақиятлари асосини ташкил қилади. Китобда юқоридаги саволларнинг барчасига жавоб бор. Фақат футболчилар китобни қунт билан қайта-қайта ўқиб чиқиб, ўрганганларини амалда қўллашса, бас.

- Спорт, хусусан, футболда ўз кучига ишониш инсон иродасининг шаклланишида қанчалик муҳим?

- Ҳар бир футболчининг юксак марраларга етиши учун битта чуқур ғоя кифоя. Муваффақият тамойилларидан бири - нимага эришишни исташни қатъий билиш. Барча омадли инсонлар аввало, биринчи чўққини белгилаб олиб, сўнгра уни забт этиш учун онгли равишда режа ишлаб чиқишган. Агар ҳар бир футболчи ўзига ҳаддан зиёд ишониб, талаб даражасида руҳланса, қўл етмас юксакликка кўтарилади. Энг муҳими - ФИКР ёки ҒОЯ! Шунга асосан ишонч­ни чорлаш ва мустаҳкамлаш мумкин. Ишонч шундай хилқатки, ҳаттоки, йўқ жойда ҳам такомиллашуви мумкин. Ишонч барча ақлий қобилиятлар учун қўзғатувчидир. Ишонч мўжизалар ва барча сир-асрорлар асоси бўлиб, фан қоидалари асосида кашф этилиши мумкин. Ботиний онгимиз универсал қонун асосида ишлайди. Унга нима берсангиз, шунга ишонади. Фақат бизга танлаш имконияти берилган.

Сиз ҳар қандай фикр, ҳаттоки, «Мен жаҳон чемпиониман!» деган фикрни ҳам ботиний онгингизга ўтказишингиз мумкин. Ҳар қандай фикр такрорлаш орқали ботиний онгга «ёпишади». Албатта, ботиний онг осонгина кириладиган аудитория эмас. Ишончни қўлга киритиш - катта жараён. Энг қизиғи шу нуқтада бошланади. Айнан шу ерда анча тер тўкишга тўғри келади. Зеро, шу нуқтада футболчи онгли равишда феъл-атвори, имкониятлари, ўзини-ўзи бир ҳолатдан бошқасига ўтказишни дастурлашни бошлайди. Энг катта тартиббузарлар, бошбошдоқликлар футболчининг онгида жойлашган.

Инсон битта микрондек келадиган нутфадан дунёга келади. Бу ҳам жараён. Инсоннинг дунёга келиши учун 9 ой 9 кун керак. Ғоя ҳам худди шундай. Ғоя - бу уруғ. Ҳар қандай ғоя футболчининг ботиний онгига «тушади» ва ишончни пайдо қилиш учун ривожланиш босқичига ўтади. Владимир Жикаренцевнинг ёзишича, фикр - орзуларнинг амалга ошиши учун 9 ой керак бўлар экан. Шу муддат ичида орзу қувват тўплайди, рўёбга чиқиш учун етилади, шаклланади. Энг муҳими, ғояга нисбатан ишонч­ни шакллантириш. Ишонч, қатъиятни  қўлга киритган футболчи гўё рудага ўхшайди, унинг воситасида пўлат қуйиб олиш мумкин. Бу тои­фа футболчиларга Одил Аҳмедовни мисол келтирсак бўлади. Одилнинг юзи, кўзи, гапириши ва майдондаги хатти-ҳаракатларида ишонч уфириб туради. Ҳеч эътибор берганмисиз, Одилнинг ўзига нисбатан ИШОНЧИ ундан олдин «жарчилик» қилиб боради. Албатта, ўзбек футболида Одил Аҳмедовга нисбатан техник салоҳияти юқори ва жисмоний жиҳатдан баркамол футболчилар кўп. Лекин улар Одилдек фикрлаш қобилиятига эга эмаслар, унингдек ИШОНЧ ва ХАРАКТЕРни бўйсиндиришмаган.

Бизда «олмос»лар бор! Уларга озроқ ишлов бериш керак, холос. Ҳар доим айтаман: «Олмосни сабзавотлар растасида сотиш мумкин эмас!» Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам ишонч фарзандидир! Аслида ғолиб бўлиш учун ўзимизнинг ақлий тўсиғимиздан бошқа ҳеч қандай ғов йўқ. Бутун олам сизнинг муваффақият ва ғалаба қозонишингизни кутади. Бизга фақат танлаш имконияти берилган. Қай бирини танлаш ҳар кимнинг ўз ҳукмига ҳавола қилинган.

- «Орзу» китоби ёш авлод, жумладан, футболга энди-энди кириб келаётган болаларга нима беради?

- Менимча, болалар футболини мураккаблаштириш керак эмас. Болажонларга шундай муҳит яратиб беришимиз зарурки, улар фақат завқ олишсин, қалбларида футболга нисбатан ишқ ва муҳаббат уйғонсин. Футболга нисбатан ИШҚ ва МУҲАББАТда катта ФАЛСАФА бор, катта ҲАҚИҚАТ яширин, катта ИЛМ мужассам. Болажонларнинг келажакдаги муваффақияти асосини шу туйғулар ташкил қилади.  Фақат битта шарти бор: мураббийлар ҳар бир болага жаҳон даражасидаги футболчи бўлиши, келажакда улкан муваффақиятларга эришишини бот-бот эслатиб туришлари лозим. Боланинг онги мисли оппоқ қоғоз. Унга нима ёзсангиз, шу шаклланади.

Китоб 15-16 ёшли ўсмирларимиз, бу чегарадан ўтганлар ва фарзандларини келажакда етук футболчи сифатида кўришни хоҳлайдиган ота-оналар учун ҳам ёзилди. Нима учун ота-оналар? Ҳозирги кунда ўзбек футболининг энг катта муаммоларидан, оғриқли нуқталаридан бири - бу ота-оналар муносабати. Албатта, фарзандларимиз биздан-да юксакроқ марраларга чиқишларини хоҳлаймиз, янада узоқроққа боришларини орзу қиламиз. Қисқаси, улар ҳар жиҳатдан биздан яхшироқ бўлишларини истаймиз. Аммо... Мисол учун, биз ҳам ёшлигимизда тўп ортидан югурардик. Кейин футбол ўйнаганимиз учун ота-онамиз олдида жавоб берардик. Бизнинг ҚАНДАЙ ўйнаганимиз эса уларни ҳеч қачон қизиқтирмаган. Улар ҳамиша тўп ортидан югуришни тақиқлашарди: «Ўқи, одам бўл! Футбол сенга нон-ош бермайди!» Лекин ҳар қандай тақиққа қарамай, қочардик, ўша завқ, лаззатни ахтарардик, барибир. Ҳозирги пайтга келиб эса ёш футболчи яхши ўйнолмагани учун ота-онаси олдида жавобгардир. Ота-оналарнинг футболга муносабати 180 даражага ўзгариб кетди. Уларнинг истак-хоҳишлари фарзандлариникидан олдинга ўтиб кетмоқда. Болалар ҳали ёш, атроф-оламни англаб етиш онги ҳали тўла шаклланмаган, ота-оналари истак-ҳоҳишларини тўлиқ тушунишмайди. Шу  тариқа майдонда ўз ҳиссиётлари билан курашиш асносида ота-оналари ҳиссиёти билан ҳам курашишга мажбурлар. Бу ёш футболчига босим юклайди. Оқибатда футбол «хоҳиш-хурсандчилик»дан «хоҳиш-азоб»га айланади. Ота-оналар ҳиссиёти ижобий бўлса, хўп-хўп. Мабодо салбий бўлса-чи? Болалар ўз ота-оналарини ҳис қилиб турадилар. Биттагина салбий муносабат болани бор иқтидори, истеъдодидан маҳрум қилиши мумкин. Йўқ, бугунги кунда юзага чиққан футболчилар ота-оналари ҳақида гапирмаяпман. Юзага чиқиш учун кўплаб тўсиқларга қарши курашаётган истеъдодларнинг ота-оналарини назарда тутяпман. Мақсадим танқид қилиш эмас, балки эътибор-диққатни шу жиҳатларга қаратиш. Ахир ҳаммамиз фарзандларимиз, шогирдларимиз жаҳон даражасидаги футболчи бўлишларини ҳоҳлаймиз.

Хуллас, китобни аввало, ота-оналар ўқиб чиқишларини хоҳлардим. Кейин мураббийлар ва футболчилар. Бу китоб ота-оналарнинг футболга муносабати, улар ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларга ойдинлик киритиб беради. Бу  жуда муҳим.

Давоми бор.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz