Қайднома

Қидирув

Трансферлар: Катта клубдаги кутилмаган келишув

Трансферлар: Катта клубдаги кутилмаган келишув

  02.03.2020 10:14
  0
  525
 Трансферлар: Катта клубдаги кутилмаган келишув

Ҳозирда «Барселона» муаммолар даврини бошдан кечирмоқда. Уларнинг аксарияти бевосита ўйинга тааллуқли эмас. Масалан, клуб президенти Хосеп Бартомеунинг фаолиятидан аксарият мухлислар мамнун эмаслар, Эрик Абидаль футболчиларни очиқдан-очиқ танқид қилмоқда, Месси эса унга жавоб қайтариш билан овора. Энди бу бошоғриқлар етмаётгандек, жамоанинг етакчи ўйинчилари таъқиб остида эканликлари ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Эмишки, амалдаги президентнинг нуфузи ва таъсир кучини ошириш мақсадида клуб 13 Ventures гуруҳини ёллаган. Гуруҳ зиммасидаги 2-вазифа - «Барселона»га алоқадор бўлган таниқли шахслар обрўсига путур етказиш. Бу ерда Месси, Хави, Пике, Гвардиола, Пуйоль ва собиқ президент Хуан Лапорталар назарда тутилмоқда. Мазкур афсоналар 13 Ventures тасарруфидаги юзлаб аккаунтлар томонидан аёвсиз танқид қилиндилар. Клуб мутасаддилари бу фактларни инкор этишаётган бўлсада, юз берган воқеа ҳақиқатдан йироқ эканлигига кафолат йўқ. Аниғи шуки, сўнгги пайтларда «Барселона»да жуда кўп тушунарсиз ва мантиққа зид ишлар амалга оширилмоқда.

 

Трансферлар - яққол мисол

Ҳа, ҳозирда жамоанинг жароҳатлар жафоси туфайли ўта мураккаб вазиятга тушиб қолгани айни ҳақиқат. Луис Суарес ва Усмон Дембеле мавсум охиригача майдонга туша олмайдилар. Суарес 33ни уриб қўйган ҳужумчи, унинг ёшида шикастланишлар эҳтимоли юқори бўлади. Дембеле эса сурункали жароҳатлар қурбонига айланиб бормоқда. Бу жиҳат ҳам мутассаддиларга аввалдан маълум эди. Хуллас, каталонияликлар бирданига шок ҳолатига тушиб қолишди, дейишга асос йўқ.

Ва мана, «Барселона» «қўққисдан» шошилинч тарзда трансфер бозори томон йўл олди. Бартомеу ва бошқа амалдорлар мавсум бошланиши арафасида таркибнинг ҳолатидан яхши хабардор эдилар, Суареснинг ўрнини тўлдира оладиган ўйинчининг йўқлиги, Дембеле эса мунтазам равишда ишончни оқлай оладиган футболчи эмаслиги уларга маълум эди.

Бироқ шунга қарамасдан, клуб раҳбарияти сўнгги пайтларда тушуниб бўлмайдиган, истеҳзоли қарорларни қабул қилмоқда: «Мухлислар Вальверденинг фаолиятидан қониқишмаяптими, жамоа барқарорликка эриша олмаяптими? Ҳечқиси йўқ, топ-клубда ишлаш тажрибаси бўлмаган Сетьен вазиятни ўнглашга қодир». Шу тариқа жамоанинг бир қатор беқарор ўйинларига гувоҳ бўлдик - «Барса» «Валенсия»га имкониятни бой берди, кубок беллашувида «Атлетик» тўсиғидан ўтолмади.

«Суарес ва Дембеледан умид йўқми? Афсус-надоматли нигоҳ билан дунёнинг барча клубларига ҳужумчига зор эканлигимизни маълум қиламиз». Аммо бу муаммони бартараф этиш осон эмас: мавсумнинг ҳал қилувчи палласида ҳеч қайси жамоа етакчи ҳужумчисини қўйиб юборишни истамайди. Шу боис, «Барса» қишки трансфер дарчасида бирорта харидни амалга ошира олмади. Бу Дембеле жароҳатидан аввал бўлганди, кейин Ла Лига каталонияликларга истисно тариқасида ҳужумчи харид қилиш ҳуқуқини берди. Натижада «Валенсия» вакили Родриго, «Сосьедад»­дан Виллиан Жозе, «Бетис»дан Лоренцо Морон, ҳатто Лаутаро Мартинес ва Виссам Бен-Йеддер ҳам номзодлар рўйхатидан жой олишди. Аммо фақат Ла Лига вакиллари гранд сафига ўтишга жуда яқин эдилар - жамоа улар билан музокарага киришганди. Лекин улар самарасиз якунланди.

Таъкидлаш жоизки, мутасаддилар номзодлар рўйхатини ўта шошма-шошарлик билан тузишганди. Мартин Брейтуэйт бу рўйхатда биринчи, иккинчи, ҳатто бешинчи ҳам эмасди. Аммо Родриго, Виллиан Жозе ва Моронлар билан келиша олмаган жамоа «бирор-бир» футболчини харид қилишга мажбур бўлиб қолди.

28 ёшли Брейтуэйт ана шу бирор-бир ҳужумчи бўлиб чиқди. У расман «Леганес»дан «Барселона»га ўтди. Дания терма жамоаси аъзоси каталонияликлар билан 2024 йилгача шартнома имзолади. Ҳужжатда унинг товон пули 300 млн. евро миқдорида белгиланди. Ваҳоланки, баҳоси 10 млн. бўлган ҳужумчини «Барса» 18 млн.га сотиб олди. Хуллас, жамоа янги форвардга эга бўлди. Яхшими, ёмонми, ҳар ҳолда ҳужумчи бор.

Хўш, Брейтуэйт ким ўзи?

Ҳужумчи, аммо унчалик номдор эмас, топ-клубларда ўйнамаган. Кучли лигалар вакиллари - «Валенсия» ёки «Эвертон» каби савияли жамоаларда тўп суришга улгурмаган. Ҳозирча, «Леганес» Брейтуэйт фаолиятининг чўққиси бўлиб турибди. 2020 йилнинг 19 февралигача бўлган маълумот шундай.

Даниялик ҳужумчининг меҳнат дафтарчасидан ўрин олган бошқа жамоалар орасида ҳам мухлисларни ҳайратга соладиган номлар йўқ: «Эсбьерг», «Тулуза», «Мидлсбро», «Бордо»... Ҳужумчининг ўз эса ҳатто Дания чемпионатида ҳам сермаҳсул ўйин кўрсата олмаган, 89 учрашувда 17та гол. Энг юқори натижани (136та ўйин, 35та гол) у «Тулуза»да қайд этганди. Бу ҳам мақташга арзийдиган натижа эмас. Шунингдек, ҳужумчи Дания терма жамоасида ҳам камтарона (40 - 7) тўп сурмоқда.

Мартин «Леганес» таркибида 24 марта майдонга тушиб, 6та гол урганди. Бироқ клубдагилар унга ишонч билдиришди - ижара шартномаси асосида келган футболчини «Мидлс-бро»дан сотиб олишди. Боз устига, қўйиб юбориш нияти ҳам йўқ эди. Чунки уни «Барселона»га чақиришларини ҳеч ким кутмаганди.

Брейтуэйт - универсал футболчи. У ҳужум чизиғининг исталган нуқтасида тўп сура олади. Мартиннинг чапақайлиги кўпроқ сўл қанотда ўйнашига сабаб бўлганди. Терма жамоада ҳам шу чизиқда ўйнайди. Қисқаси, Брейтуэйт бир вақтнинг ўзида Суарес ва Дембеле ўрнини тўлдириши мумкин. Тўғри, сифат борасида жамоа жиддий йўқотишларни четлаб ўтолмаслиги аниқ.

Боиси, «Леганес»га қадар Мартин Чемпионшипда тўп сурган. Турнир савияси юқори. Лекин даниялик ҳужумчи «Мидлсбро»да ўйнаган, холос. Ҳозирда бу жамоа мухлислари ижтимоий тармоқларни «Тавба, наҳотки, Мартин «Барселона»да?» қабилидаги саволларга кўмиб ташлашди. Йўқ, ҳужумчига нисбатан уларда хусумат йўқ, шунчаки, кутилмаган трансфер ҳамма қатори уларни ҳам ажаблантириб қўйди.

Таъкидлаш жоизки, Брейтуэйт Англияда британияликларга хос услубда тўп сурмаган. «Мидлсбро» - Чемпионшипдаги комбинацияларга ўч, тезкор жамоа. Таажжубки, унинг услуби «Барса»никига яқин. Мартин дебют мавсумида ўз вақтида «Реал»да ўйнаган, кейинчалик бош мураббий ёрдамчиси сифатида ишлаган Айтор Каранка раҳбарлигида тўп сурди. «Барселона» эмас, албатта. Аммо Каранка азалий рақибга қарши муваффақиятли ўйнаш учун унинг услубини ўргангани аниқ.

Лекин нима бўлганда ҳам, ношуд ҳужумчининг гранд сафида пайдо бўлиши, барибир, ажабланарли бўлиб қолаверади. Буни фақат «Барса»да савияли ҳужумчини харид қилиш имконияти бўлмагани билан изоҳлаш мумкин. Ёзги трансфер мавсумида бунақа имконият бўлади, ҳозир эса таркибдаги бўшлиқни тўлдириш зарур. Брейтуэйт учун эса тақдир ўта муҳим имкониятни совға қилди. Тасаввур қилинг: кеча камтарин «Леганес»да ўзи қатори футболчилар билан ҳамкорлик қилган ўйинчи энди Месси, де Йонг, Бускетс каби афсоналар билан ёнма-ён тўп суради, уларнинг узатмаларини голга айлантиришга уриниб кўради. Балки у маҳоратли жамоадошлари кўмагида ўзининг очилмаган қирраларини юзага чиқариб, Суарес ва Дембелелар сафга қайт­ганларидан кейин ҳам «Барса»да самарали ўйин кўрсатар? Лекин Кевин-Принс Боатенг воқеасининг такрорига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Ўшанда мухлисларни «Бу йигит «Барселона»да нима қиляпти?» деган савол ўйлантириб қўйганди. Агар Мартин ҳеч нарсага эриша олмаса, уни ҳеч ким танқид қилмайди. Шунчаки, Бартомеунинг навбатдаги самарасиз қарори, деб қўя қолади.

Брейтуэйт ҳақида нималар маълум?

1. Топ-жамоада ҳеч қачон ўйнамаган. «Тулуза»даги 4 йиллик фаолиятида «Рома»дан таклиф олган, аммо негадир «Мидлсбро»ни афзал кўрган;

2. Брейтуэйт ўзи ҳақида саҳифа очган. Унинг биография бўлимида қуйидаги сўзлар битилган: «Футбол оламининг буюк иқтидорларидан бири». Сайт Мартиннинг «Тулуза»даги давридан бери янгиланган эмас;

3. Брейтуэйт фаолиятидаги йирик можаро «Мидлсбро»да кузатилган. Гари Монк раҳбарлигида у мунтазам равишда майдонга тушарди, Тони Пюлис эса унга ишонч билдирмади. Натижада 2 марта («Бордо» ва «Леганес») «сургун»да юрди. Кейин «Твиттер» орқали устозини танқид қилди;

4. Брейтуэйт - шаънига доғ туширмаган (Мидлсбро можаросини инобатга олмаганда) покдомон йигит. Уни дискотекалар, барларда учратмайсиз, намунали, оилапарвар инсон: «Ўз жуфтимни Францияда топдим. Ҳаётимдаги энг муҳим воқеа шу. Ўша даврда 2 нафар жажжи фарзандлари борлиги мени барвақт улғайишга мажбур этди»;

5. Мартин спортчилар оиласида дунёга келган. Отаси - спринтер, ке-йинчалик ярим профессионал мақомида футбол ўйнаган. Синглиси «Барселона» ва Дания аёллар терма жамоаларида тўп суради;

6. Мазкур келишув, умуман, Брейтуэйтнинг футболчилик фаолияти юз бермаслиги ҳам мумкин эди. 5 ёшли пайтида шифокорлар унинг бел суягида муаммо борлигини аниқлашган ва болакай 2 йилни ногиронлар аравачасида ўтказганди: «Аравачада ўтириш чинакам азоб эди. Фаолият хусусида гап бўлиши мумкин эмасди. Бироқ умид билан муолажани давом эттирдим, 2 йилдан кейин оёққа турдим. Аста-секин тўп суришни бошладим».

 

«Чиқинди»дан чиққан манфаат

«Мидлсбро» Брейтуэйтни АПЛга қайтишни режалаштирган ҳолда ўз сафига жалб этганди. Футболчи эса шу жамоа орқали топ-чемпионатга чиқиб олишни мақсад қилган ва «Рома» таклифини рад этганди. Бироқ «Мидлсбро» элитага кўтарила олмади, ҳужумчи эса инглиз футболи лаззатидан баҳраманд бўлолмади. У жамоани 2018 йилнинг ёзида тарк этмоқчи эди. Аммо қишда раҳбариятга мурожаат қилди. Айни ўша паллада «Леганес» ижараси муҳокамада эди. Ҳужумчи бу ҳуқуқни талаб қилганида, «Леганес»га бутунлай ўтишини хаёлига келтирмаганди.

Айнан шу жамоа ҳужумчи билан бош мураббий ўртасидаги келишмовчиликка барҳам берди - 2019 йилнинг ёзида футболчини 5 млн. евро эвазига сотиб олди.

«Барселона» ва «Леганес» ўртасидаги савдода бир қатор эътиборли жиҳатлар мавжуд. Брейтуэйт каталонияликлар танловида етакчи бўлмасада, жамоа у учун 18 млн.дан воз кечди. Хабарларга кўра, маблағнинг 4,5 млн.и «Мидлсбро» ғазнасига тушар экан.

Фаолият нуқтаи назаридан олганда, келишув Брейтуэйтга кўпроқ манфаат келтирди. У «Барса»дек номдор жамоа сафидан жой олди, «Мидлс-бро» эса ҳамон Чемпионшипда. Лекин 4,5 «лимон»ни қуртдек санаб олганини ҳам унутманг.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz