23 февраль куни янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўраётган «Шўртан» жамоаси футболчилари Муборакда «Машъал»га қарши назорат учрашувида майдонга тушишди. Ўйин якунига етгач, «оқ бўрилар» устози Асрор Алиқулов мазкур учрашув ва қишки ўқув-йиғин машғулотларининг бориши тўғрисида клуб матбуот хизматига интервью берди. Қуйида мазкур суҳбат билан танишишингиз мумкин.
- Суперлига вакили бўлган «Машъал»га қарши учрашувимиз жуда керакли эди ва айни фойдали бўлди, - дейди Алиқулов. - Бу йиғин давомида ўтказган иккинчи жиддий ўйинимиздир. Олдинроқ «Динамо» (Самарқанд) билан ҳам мана шундай муҳим баҳсда майдонга тушгандик. Кучли рақибларга қарши кечадиган ўйинлар давомида аниқ режаларни амалга ошириш имкони пайдо бўлади. Мисол учун, «Динамо» ва «Машъал» билан куч синашиш асносида ўзимизнинг уйин услубимизни амалга татбиқ этиб кўрдик. Йигитларнинг имкониятлари, жисмоний салоҳияти қанчалик даражада эканлигини синовдан ўтказдик.
- Мана шу икки учрашувдан кўнглингиз тўлдими?
- Юқорида бу иккита назорат учрашувининг аҳамиятини бежизга таъкидлаб ўтмадим. Сабаби, ҳар бир ишда кичик кичик хатолар, камчиликлар бўлиши табиий ҳол. Айнан мана шундай ўйинлар давомида нималарга эътибор қаратишимиз зарурлиги яққол кўриниб қолади. Шогирдларимнинг ҳаракатларидан кўнглим тўлди. Ҳар икки учрашувда улар ўз олдиларига қўйилган вазифа ҳамда кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Майдонда эркин ва рақибдан қўрқмасдан тўп суришди.
- Камчилик ва хатолар ҳақида гапирдингиз. Шу мавзуга янада батафсилроқ тўхталсангиз.
- Камчилигимиз иккита чизиқда яққол сезилиб қоляпти: кучли чап қанот ҳимоячиси ва ҳужумчига эҳтиёжимиз бор. Ҳеч кимга сир эмас, ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган ҳар қандай жамоа мавсум давомида максимал даражада учрашувларни муваффақиятли ўтказиши керак. Ғалаба эса айнан ҳужумчиларнинг сермаҳсуллик даражасига боғлиқ бўлади.
- Демак, таркибни шакллантириш борасида ҳали қилинадиган ишлар бор, шундайми?
- Про-лига ўйинлари бошланишига вақт бор. Шунинг учун бу йўналишда иш олиб борамиз.
- «Шўртан» мавсумга тайёргарликни бироз кечроқ бошлади. Вақт эса тезлик билан ўтиб бормоқда. Режангиздаги ишларни амалга оширишга нечоғли улгурмоқдасиз?
- Мураббийлар гуруҳидаги ёрдамчиларимиз билан вақтдан унумли фойдаланган ҳолда ҳаракат қиляпмиз. Шунинг учун тайёргарлигимиз режа бўйича кетяпти, деб бемалол айта оламан.
- «Шўртан»нинг умумий ҳолати қандай?
- Ҳозирга келиб, таркиб 90 фоизга тайёр.
- Йиғин бўйича кейинги режалар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
- Февраль ойининг охирига қадар Ғузорда машғулотларни давом эттирамиз. Шу билан бирга назорат учрашувларини ҳам ташкиллаштириб бораверамиз. Айни пайт спарринг рақиб қидиряпмиз. Агар келишувга эриша олсак, навбатдаги учрашув «Шердор» жамоаси билан бўлади.
- Жамоани Ғузордан ташқарига, дейлик, Тошкент тарафларга олиб чиқиш ҳам кўзда тутилганми?
- Бу масала бизнинг ҳам режамизда бор. Пойтахтда рақиб жамоалар топиш имконияти кўпроқ. Вазиятдан фойдаланиб, 3-4та синов-назорат учрашувларини ўтказиб олсак, яхши бўларди. Лекин ҳозирча бу ҳақда аниқ бирор-бир гап айта олмайман. Раҳбарият билан маслаҳатлашиб, бир қарорга келамиз.
«Шўртан» ФК матбуот хизмати
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20